1446 йил 2 рабиъус сони | 2024 йил 05 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Марианонинг Исломга келиш қиссаси

11:00 / 25.05.2022 3672 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 «Улар иймон келтирган ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлардир. Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топур!» (Раъд сураси, 28-оят).

«Исмим Мариано Рикардо Калле. Мен Аргентинанинг Буэнос-Айрес шаҳрида яшайман. Пойтахтнинг ўзида эмас, четроғида истиқомат қиламан. Исломни қабул қилишимдан аввал мен Рим Апостол Черковининг католик эътиқодида эдим. Чўқинтирилган эдим, парафиал жамиятга аъзо эдим ва диний эътиқодим кучли эди.

Менинг онам ва бувим ёшлигимданоқ менга динни таълим беришган эди. Етти ёшимдаёқ Инжилни ўқир эдим. Мен ўқиган илк китоб диний адабиёт бўлиб, у испан тилидаги болалар учун Инжил эди.

Довуд, Нуҳ ва Айюб пайғамбарлар менинг қаҳрамонларим эди. Ёшим ўн бирда эканида мен ҳар оқшом ибодат қилардим. Баъзида Худога муножот қилиб йиғлардим.

Йигитлик чоғимда гиёҳванд моддаларга ҳам ўралашиб қолдим ва бу мен 21 ёшга тўлиб, ҳаётимдаги ҳал қилувчи паллага қадар давом этди. Мен ҳамиша ҳақни излаб келгандим.

24 ёшимда мен кўп-кўп ибодат қила бошладим, кунига йигирма тўрт маротаба «Отче Наш», «Аве Мария» ва «Иймон рамзи» ва «Глория» каби дуоларни ўқирдим. Ҳаммомга кириб, оқиб турган совуқ сув остида чўкка тушганча дуо ибодатлар ўқирдим. Шу тарз бир йилга яқин ибодат қилдим. Лекин, бу нарсалар ҳам менга ёрдам бермасди, хотиржамлик туймасдим.

Ундан сўнг мен Майя халқларининг (қадимги мезоамерика цивилизацияси) қадимги қўлёзмаларини, Атлантида тарихини, Мисрнинг Хеопс эҳромларини ўргана бошладим.  Шу билан бирга, шунчаки қизиқишга араб тилини ўргана бошладим. Мақсадим- қўшиқларда нима куйланаётганини билиш эди.  Араб тилини интернет орқали мустақил ўрганардим. Икки ҳафта ўтиб мен бу тилда бир нималар дейишни билиб олдим ва коллежда араб тилида тест ёздим. Ўқитувчим менга юқори балл қўйди ва магистратурага ўтказди.

Шу тарзда Аллоҳга шукрки, мен қўшимча тўрт ойга эга бўлдим ва университетга ўқишга кириб олдим. Ўқишга кирганимдан кейин ҳам коллеждаги ўқитувчим билан алоқани узмадим ва биз электрон почта орқали хабарлашиб, ёзишиб юрдик.

Бир куни онам китоб ярмаркасидан икки дона Ислом дини ҳақида сўзловчи унча катта бўлмаган рисола олиб келдилар. Мен уларни ўқиб чиқдим ва илмий нуқтаи назардан китобчалар менга жуда қизиқ туюлди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар ҳақида ўқир эканман, бу инсон менинг руҳониятимга жуда яқин инсон сифатида гавдаланди ва мен қайсидир маънода ундан ибратландим. Бир кун келди ва мен спиртли ичимликлар ичишни ва чекишни ташладим. Алкоголга муккасидан кетмаган бўлсамда, лекин бу сафар бу ишлардан буткул воз кечдим. Бу менинг мустақил қарорим эди.

Шаҳодат калимасини («Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳ») айтганумга қадар мен Исломни қабул қилиш ҳақида асло ўйламагандим.

Мен араб тилида бирон нарсани ўқиш ва тилни ўрганиб олиш мақсадида Қуръони Каримни сотиб олишга қарор қилдим. Менинг араб тили устозим Буэнос-Айресда жойлашган Палермо масжидида уни бепул олишим мумкинлигини айтди.

Мен ўша куниёқ масжидга Қуръон учун бордим ва у ерга кирганимда шунчалик катта бўлишига қарамасдан у ерни бўш эканига ҳайрон бўлдим. Тушундимки, Аргентина мусулмон мамлакати эмаслиги аниқ. Чунки бу масжид Лотин Америкасидаги энг катта масжид эди.

Менинг олдимга бир киши яқинлашди, унинг исми Иброҳим экан. Кейинчалик у менинг Исломдаги биродарим бўлди. У менга Қуръонни нашр қилиб олишим учун интернетдаги ҳаволанинг манзилини берди. Мен у сайтга кириб саҳифаларни қоғозга чиқариб олдим ва бир соат ўтибоқ қўлимда Қуръони Каримни ушлаб турардим.

Мен Қуръони Каримдан араб тилида ва испан тилидаги маъноларининг таржималарини чоп қилиб олдим. Шу йўсин мен араб тилида, испан тилидаги маъно таржимасига қараб ўқий олардим.

Ёшлик чоғимда Инжилни икки марта ўқиб чиққандим, кейинчалик ҳиндларнинг ҳиндуийлик фалсафасига оид «Бхагават Гита» китобини ҳам икки маротаба ўқиган эдим. Мен энди Қуръонни асл ҳолида ўқиб чиқишни истардим. Бошида мақсадим фақат тил ўрганиш эди, лекин Қуръон ўқий бошлагач эса қалбим аста-секин уйғона бошлади. Эҳтимол, оятларни араб тилида, аслича ўқиётганим менга шундай таъсир қилаётган эди.

Аллоҳга ҳамд бўлсинки, мен Қуръонда Инжилда изсиз йўқолган ўринларни топдим. Кўрдимки, Қуръонда келтирилаётган барча нарсалар мен излаётган ҳақиқатга батамом мос келар эди.

Менга ҳеч ким Ислом ҳақида сўзлаб бермаганди, фақатгина Яратган менинг онгу шууримга жо айлаган ҳақ йўлни излашим айнан унга олиб борди. Мен бу учун Аллоҳдан миннатдорман. Қуръонни қанча кўп ўқиганим сайин ушбу Китоб Инжил каби Яратгандан нозил бўлган Илоҳий Китоб эканига ишонч ҳосил қилиб борардим.

Ўша вақтдан бошлаб мен масжидга қатнай бошладим ва орадан икки ҳафта ўтиб, бу ўн тўртинчи июл куни эди, мен шаҳодат калимасини айтдим. Бу вақтга келиб мен Муҳаммад худди Исо ва Мусо каби Аллоҳнинг пайғамбари бўлганига аниқ ишончим бор эди.

Мен Ислом ҳақдиа нима топсам ўқий бошладим, араб тилини масжидда ўргана бошладим. Ақида, тавҳид каби билимларни ҳам ўзлаштира бошладим. Шу билан бир қаторда, Қуръони Каримни ўқишни ҳам тамомладим. Лекин бу ўринда тезроқ ўқиб чиқиш учун давомини Қуръони каримнинг испан тилидаги маънолар таржимасини ўқирдим. Мусулмон бўлгунимга қадар, аввал айтганимдек, икки ҳафта давомида масжидга қатнадим.

Ўша фурсат асносида мен у ерда тинчлик осойишталикни, одамлар билан бирликни ҳис этдим. Ҳали мусулмон бўлмаган бўлсамда, мусулмонлар билан ибодатларда қатнашдим. Мен Худонинг олдида юзингни ерга қўяркансан, (намоздаги саждани айтмоқчи. Изоҳ таржимонники.) киши бу ҳолда нимани ҳис этишини, қандай кечинма, кайфият рўй беришини билишни жуда-жуда истардим.

Шу тарзда масжидда ўтган икки ҳафтам давомида мен исломий ибодат ва дуоларни кўпини ўрганиб олдим ва кўпчилик инсонлар билан жумладан, у ерда хизмат қиладиган инсонлар билан танишиб олдим.

Мен араб тилини яхши кўраман ва Аллоҳ таоло уни яхшилаб ўрганиб олишимга мадад беришини сўрайман. Мен шаҳодат калимасини Саудия Арабистонидан келган шайх Нозир ҳузурида айтган эдим. Кейин яна масжидга қатнашда давом этдим. Ундан сўнг Рамазон ойи бошланди. Мен ажойиб инсонлар билан танишдим ва ўйлашимча, 2007 йил менинг ҳаётимдаги алоҳида аҳамиятга эга йил бўлиб қолди. Мусулмон бўлганимдан сўнг мен бирон ибодат ва намозларни асло қолдирмасдан адо эта бошладим.

Ҳаётимда бироз мураккаб вазиятлар ҳам бўлди. Менинг яқин аёл “дўстим” бор эди, у билан алоқани узишимга тўғри келди. Сабаби, муносабатлар (оила қуриш даражасида) жиддий эмасди. Мен у билан орани очдим ва Аллоҳдан менга муносиб жуфти ҳалол насиб этишини дуо қилиб сўрадим.

Сўнг, ота-онамга ўзимни мусулмон бўлганимни айтдим. Онам аввалига бироз чўчидилар, кейин мен уларга нисбатан янада меҳрибонроқ бўлиб қолган, муомалам янада яхшиланганига эътибор қилдилар.

Акаларим бўлса бу борада ҳеч нима дейишмади, сабаби, мени жиддий қабул қилишмади. Мен бироз ҳазилкашроқ бўлганим учун бир-икки ҳазиллашишди, шу билан бу мавзуга қайтмадик. Мен ишга жойлашдим ва иш бошлаганимнинг биринчи куниёқ раҳбардан кундалик ибодатларимни адо этиш учун жой ажратишини сўрадим. Ҳайратланарлиси, бу ҳеч қандай муаммо туғдирмади, алҳамдулиллаҳ. Буларнинг баридан сўнг менинг ҳаётим бутунлай ўзгариб кетди, кўпроқ табассум қиладиган бўлдим, атрофимдаги барча билан яхши, хушмуомала бўла бошладим. Қисқаси, мен бахтиёр эдим.

Имконим бўлди дегунча масжидга борардим. Коллежга қайтиб олганим ва нуфузли ишга жойлаганимдан сўнг мен қийинчилик билан вақт топардим. Лекин шунда ҳам мен кўп китоб ўқирдим. Масалан, “Саҳиҳи Муслим” ҳадис китобларини ўқишни бошлаб юборгандим.

Аллоҳга шукр, мени кўплаб турли дўстларим бўлди, сабаби ҳар бир инсондан ҳам ниманидир ўрганса бўлади. Мени авваллари энг яқин дўстларим католиклар эди, қачонлардир биз бирга черковга қатнардик. Улар ҳали ҳам ҳар якшанба черковга боришади. Мени мусулмон бўлганимдан хабар топишгач, менга кўплаб саволларни ёғдириб ташлашди, мен бўлсам батафсил жавоб қайтаравердим. Ҳозир ҳам менга кўпчилик саволлар билан юзланади.

Айниқса, Бразилияда яшайдиган дўстим ва унинг хотини. Улар адвентистлардир. (Еттинчи кун адвентистлари; инг: Seventh Day Adventists, ўн тўққизинчи асрда юзага келган протестантликнинг бир йўналиши. Изоҳ таржимонники. Б.А). Яна бир оила бор: улар католиклар.

Мен ҳар доим Аллоҳга дуо қиламан ҳамда ота-онам ва яқинларимни тўғри йўлга йўллаб, уларнинг ҳидоятида мени сабабчи қилишини сўрайман. Мени тушкунликка тушишим ва қайғуришим тўғри бўлмайди, ахир барча нарса Аллоҳнинг хоҳиш иродаси ва тақдири ила амалга ошадику.

Бундан ташқари, мени кичик укам агностикдир. (Агностицизм (юнончадан; а – инкор қўшимчаси, gnosis — билиш) — борлиқни, воқеликдаги нарса ва ҳодисаларни, уларнинг моҳиятини билиш мумкинлигини қисман ёки мутлақо инкор этувчи назария. Агностиклар борлиқнинг чексизлиги, ниҳоясизлиги ва мураккаблиги, инсон сезги аъзолари имкониятларининг чекланганлигига асосланиб борлиқни билиш мумкин эмас деб ҳисоблайди. Изоҳ таржимонники. Б.А).

У мени ёмон одам деб ҳисоблайди, лекин мен оилам ҳаққига дуо қилишдан тўхтамайман. Мени энг яқин тушунадиган инсоним бу - онамдир. Уйда егулик ҳозирласалар, менинг овқатимга умуман чўчқа гўшти қўшмасдан тайёрлайдилар. Шуни тан олишим керакки, оиламдаги кўп нарсаларни қабул қилолмайман, лекин начора, ахир улар менинг оилам!

Мен Аллоҳни бу оламдаги жамики нарсалардан ортиқроқ севаман ва бу севги оиламга бўлган севгимдан устунроқдир. Мен пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни севаман ва у зотни бу оламдаги ҳар кимсадан ортиқроқ севмоғим кераклигин биламан.  Шунингдек, мен диним Исломни севаман, чунки мен амалга оширишим мумкин бўлган энг яхши нарса бу  - Аллоҳга ибодат қилмоғим, бандаликни адо этмоғимдир.

Аслини олганда, орзу қилишим мумкин бўлган барча нарсани қўлга киритдим, эга бўлдим. Менинг севимли ишим бор, мен яна университетда таълим оляпман. Шу билан бирга Аллоҳ менга юборган ажойиб бир қизга уйланиш, тўй қилиш тараддудидаман”.

Манба: islamreligion.com

Таржимон ва муҳаррир Бобур Аҳмад

21.05.2022

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кўпчилик англаб олиши лозим бўлган ҳақиқатлардан бири шулки, бир шахсдан содир бўлган ҳар бир зулмга қарши унга ҳам ўшанча мислда жавоб қайтариш жоиз эмас. Мисол давоми...

2414 05:00 / 02.03.2017
Одатдагидек, ўқишдан қайтаётган эдим. Мен чиққан машинада бир онабола ҳам бор эди. Болакайнинг серсаволлигини кўриб тўғриси ҳайрон қолдим. .Машина қандай юради,, давоми...

2619 20:00 / 30.06.2021
Инсоннинг бу дунёдаги умри жуда қисқа. Абадият билан таққослаганда ҳеч нарса эмас. Умр шунчалик тез ўтадики, ўлим бўсағасига келиб қолган одам гўё бир эшикдан давоми...

6659 16:52 / 28.09.2017
Аллоҳнинг охирги дини Исломнинг ҳар замон ва ҳар маконга салоҳиятли эканини ҳозирги давримиз муаммоларини ҳал қилиш учун бўлаётган ҳаракатлар жараёнида яққол давоми...

3588 05:00 / 01.03.2017
Аудиолар

131065 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51589 14:35 / 11.08.2021