1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон

Рамазон сабр ойидир, сабрнинг савоби эса жаннатдир

17:00 / 11.04.2022 2143 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рамазон сабр-бардош ойидир. Рўза тутиб, бир қатор ноқулайликларга, машаққатларга қарамай, ўзининг энг муҳим эҳтиёжларини тийган киши сабр ва чидамнинг энг юқори даражаларини ўзлаштиради. Абу Фазл келтирган ҳадисда: «У (Рамазон) сабр ойидир, сабрнинг савоби эса жаннатдир», дейилган.

Рамазон ризқларга барака бериладиган ойдир.

Салмон розияллоҳу анҳунинг ҳадисида: «У (Рамазон) мўминнинг ризқи зиёда қилинадиган ойдир», дейилади.

Рамазон саломатлик ойидир.

Қадимда ҳам, ҳозирда ҳам очлик билан даволаш муолажалари табиблар ўртасида кенг тарқалган даволаш услубларидан ҳисобланади. Мусулмон бўлмаган мутахассисларнинг таъкидлашларича, инсон жисмонан соғлом юриши учун бир йилда 28, 29 кун ихтиёрий оч юриши керак экан. Рамазон ойи эса 29, 30 кун давом этади. Аллоҳ таоло сиз билан биз мўмин-мусулмонларга соғлигимиз гарови бўлган ушбу муолажани ибодат қилиб бериб, улкан ажру савобларни, яхшиликларни ваъда қилган экан.

Рамазоннинг биринчи кечасининг ҳам алоҳида фазилати бор. Имом Термизий, Насоий ва Ибн Ҳиббонлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазоннинг биринчи кечаси бўлганда шайтонлар ва бебош жинлар кишанланади, дўзах эшиклари беркитилади, улардан бирортаси ҳам очиқ қўйилмайди ва жаннат эшиклари очилади, улардан бирортаси ҳам ёпилмайди. Ҳар кеча бир жарчи: «Эй яхшилик талабгори, келгин! Эй ёмонлик талабгори, тўхтагин!», дейди», деганлар.

Рамазонда ҳар куни жаннат безатилади. Жаннат ўзи таърифига тил, фикрлашга ақл ожиз даражада гўзал. Аммо Рамазон кунлари у янада безатилар экан. Ҳадисда: «Аллоҳ таоло Рамазонда ҳар куни жаннатини безатади», дейилган.

Имом Аҳмад ва Байҳақий ривоят қилган.

Рамазон рўза ибодати ойидир.

Рамазон ойининг энг буюк хусусияти, фазилати – унинг рўза ойи эканидир. Рўзанинг дунёвий ва ухровий, руҳий, жисмоний, ахлоқий, ижтимоий, иқтисодий ва бошқа кўплаб фойдалари барчага маълум. Биз ушбу ойнинг шарофати билан ана шундай буюк ибодатга сазовор бўламиз. Рўза ибодатига тегишли барча фазилатлар бевосита Рамазон ойига боғлиқдир. Ислом динининг беш рукнидан бири бўлган рўза ибодати учун айнан Рамазон ойининг танланиши бу ойнинг фазли учун етарлидир.

Қиёмул-лайл ва таҳажжуд фазилати.

Қиёмул-лайл – кечани ибодат билан бедор ўтказишнинг фазилати жуда ҳам кўп. Аммо Рамазон кечаларида ибодат қилишнинг алоҳида фазилати бор. Шу боис, бунга ҳадисларда қайт-қайта тарғиб қилинган.

Барча саҳиҳ тўпламларда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазоннинг кечасини иймон билан, савоб умидида ибодат билан ўтказса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», деганлар.

Ифторлик фазилати.

Ифторлик бир қараганда кечки таомланиш. Аммо шу оддий таомланиш рўзадор шахс учун буюк фазилатлар, хурсандчилик ва хайру барака омилига айлантирилган. Ҳатто барча пайғамбарлар ифторлик қилишга буюрилганлар. Имом Табароний Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биз – пайғамбарлар жамоаси ифторни эрта қилишга ва саҳарликни кечга суришга буюрилганмиз», деганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Рўзадорга икки хурсандчилик бордир. Улар ила суюнгай. Ифтор қилганда ва қачон Роббисига йўлиққанда, рўзаси ила суюнгай».

Имом Бухорий ривояти.

Сaҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудaн ривoят қилинaди:

«Рaсулуллoҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Oдaмлaр мoдoмики ифтoргa шoшилaр эканлар, яхшиликдa бўлиб бораверaдилaр», дeдилaр».

Имом Бухорий ривояти.

Имом Табароний Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар ифторлик вақтида Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиганлари бўлади», деганлар.

Ифторлик бериш фазилати.

Бу ҳам Рамазонга хос амаллардан саналади. Ибн Можа Зайд бин Холид розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир рўзадорга ифторлик берса, унга ўша рўзадорларнинг ажрича ажр бўлади, уларнинг ажрларидан бирор нарса камаймайди», дедилар.

Салмон Форсийдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир рўзадорга ифторлик берса, бу унинг учун бир қул озод қилиш ва гуноҳлари учун мағфират бўлади», дедилар. Шунда: «Эй Аллоҳнинг Расули, ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб берадиган нарса топа олмаймиз-ку?», дейилди. У зот: «Бу савобни Аллоҳ рўзадорга бир татим сут ё хурмо ёки бир қултум сув билан ифторлик қилиб берган кишига ато этади. Аммо ким рўзадорни тўйдирса, бу унинг гуноҳлари учун мағфират бўлади ва Аллоҳ унга менинг Ҳавзимдан ичимлик ичиради, у то жаннатга киргунича чанқамайди. Унга рўзадорнинг ажрича ажр бўлади, у(рўзадор)нинг ажридан ҳеч нарсани камайтирилмайди», дедилар».

Ифторлик пайтидаги дуонинг фазилати.

Ифторликдаги дуонинг ҳам алоҳида фазилати бор. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бисмиллаҳ (Аллоҳнинг номи билан). Аллоҳим, Сенинг учун рўза тутдим. Сенга иймон келтирдим. Сенинг ризқинг билан ифторлик қилдим. Бас, менинг олдингию кейинги гуноҳларимни мағфират қилгин. Ўзинг мендан қабул қилгин. Албатта Сен ўта эшитгувчи ва билгувчисан», деб дуо қилардилар.

Ифторлик пайтидаги дуонинг қабул бўлиши ҳам Рамазоннинг фазилатидандир.

Ибн Можа Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч киши бор, уларнинг дуолари қайтарилмайди: одил раҳбар, рўзадор ифтор қилгунича ва мазлумнинг дуоси», деганлар.

Фойдаланилган манба:

Islom.uz сайти

Хуршид Маъруф тайёрлади

Муаллиф
Хуршид Маъруф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Нафс тарбиясида рўза асосий ўрин тутадиган ибодатдир. Рўза нафсни ўз ҳолига қўймай, уни маҳкам жиловлаш деганидир. Унда иймон ва эътиқод бир тараф, хоҳишистак ва давоми...

1154 03:30 / 08.04.2023
Рамазон имкониятлар ойи. Уни муносиб шаклда ўтказган кишига жуда кўп эшиклар очилади. Бу борада эса сизга ушбу тавсиялар асқотади деган умиддамиз23. Намозларни ўз давоми...

1997 17:00 / 18.04.2022
Инсон бир нарсани қаттиқ соғинса, у яқинлашгани сари соғинч кучлилигидан, ўша нарсанинг ифорини сеза бошлайди...Юсуф алайҳиссаломнинг оталари фарзандларини давоми...

2016 17:00 / 04.04.2022
Рўзанинг бошланиши ва уни тугатиш ҳилолни кўриш билан амалга ошади. Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Ибн Умар давоми...

2910 18:48 / 18.04.2023