Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳаммамизга маълумки, олий ўқув юртларига кириш учун 3-4 та фандан имтиҳон топширилади. Ана шулар орасидан биттасига бошқаларига нисбатан юқорироқ баҳо берилади. Шу сабаб абитуриентлар ўша фанга кўпроқ таёргарлик кўришади. Бошқаларига ҳам ҳозирлик кўрилади, лекин катта балл бериладиганига алоҳида эътибор билан тайёрланилади. Чунки қолган фанлардан тушадиган саволларнинг барчасига тўғри жавоб берса ҳам, имтиҳондан муваффақиятли ўтишга етмай қолиши мумкин.
Рамазонда ҳам ана шундай юқори баҳо бериладиган амал бор. Бу – Қуръон хатми. Рамазон – Қуръон ойи! Шундай экан, бу ойда Каломуллоҳнинг тиловатига, хатмига кўпроқ вақт ажратайлик!
Азиз биродарим, Рамазон ҳам шиддат билан ўтиб бормоқда. Ўтган вақт ичида Сиз Қуръонга етарли вақт ажрата олдингизми?! Ғанимат онларни қўлдан бой берманг!
Рамазон – Қуръон ойи. Бундай дейилишига сабаб, аввало, бу ойда унинг нозил қилинганлиги бўлса, иккинчидан унинг тиловати, хатми билан Рамазонни жонлантиришга тарғиб бор.
Шу ўринда бир нарсани таъкидлаш жоизки, ушбу муборак ойда шошилиб, тажвид қоидаларига амал қилмай, ҳарфларни бир-бирига қориштириб, бирор оятини тадаббур, тафаккур қилмасдан кўп марта хатм қилгандан оятлардаги мазмун-моҳиятни англаб, янги маълумотлар кашф қилиб, илоҳий чақириқлар ва қайтариқларни ҳис этиб, ҳаётга татбиқ қиламан, деган мақсаду ниятларни қалбга туккан ҳолда ўқиладиган бир дона хатм афзалдир.
Зеро, барчамиздан кўра, Аллоҳни яхшироқ таниган, У Зотга яқин бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умрлари мобайнида Рамазонда бир марта хатм қилганлар, фақат ҳаётларининг сўнгидагина икки марта хатм қилган эдилар!
Аллоҳнинг каломи кимўзарга, тезлик билан ўқиб чиқиладиган китоб эмас! У шунчаки кўз югуртириб чиқиш учун бизларга юборилмаган! Унинг нозил қилинишидан мақсад – ундаги кўрсатмаларнинг ҳаётга татбиқ қилинмоғидир!
Шундай экан, Қуръонга ошуфта, Аллоҳнинг каломини хатм қилаётган азиз биродарлар! Унутманг, мақсадингиз Қуръонни англаш, унга амал қилиш бўлсагина вақтингизни унумли ўтказган бўласиз ва асл саодат – Аллоҳнинг розилигига эришасиз, иншаАллоҳ!
Қуръони Каримни ўқишни билмайдиганлар диққатига!
Қуръони Каримни ўқишни билмайсизми? Унда ўрганишга киришинг. Бугунги дамлар – карантинни ғанимат билинг!
Ҳозирда, алҳамдулиллаҳ, интернет деган мўъжиза ривожланган, унга уланиш ҳар кимнинг қўлидан келади. Интернетда Қуръонга оид ҳар қандай маълумотни топиш мумкин: ҳарфларнинг махражларидан тортиб тажвид қоидаларигача. Яхши ўзлаштирганингиздан сўнг Қуръон ўқишни яхши биладиган бирор кишига ёки устозларга мурожаат қилиб, текширтириб оласиз. Имконсизман деманг, интилганга Аллоҳ ёр бўлади!
Қуръони Каримни энди ўқишга тушганлар диққатига!
Агар аввал хатм қилмаган бўлсангиз, интернетда жуда кўп қориларнинг Қуръони Каримни ўқиган аудиолари мавжуд. Буни билмайдиган одам деярли бўлмаса керак. Шуларни топиб, кўчириб олинг. Бир бошидан эшитишга киришинг! Қори бир оятни ўқийди, сиз китобдан у ўқиган оятни кузатиб турасиз. Оят тугагач, тўхтатиб, ўзингиз ўқийсиз. Сизга яна ҳозирги кунда кенг тарқалаётган ручкали Қуръонлар ҳам ёрдам беради. Ундан ҳам худди шундай фойдаланасиз.
Астойдил бўлсангиз, кунига бир порадан, яъни 20 саҳифадан эшитиб борсангиз, бир ойда энг камида Роббимизнинг Каломини бир маротаба хатм қилиш бахтига муяссар бўласиз. Агар ғайрат қилиб, кунига 2 пора, яъни 40 саҳифа ўқисангиз, бир ойда 2 маротаба хатм қилар экансиз. Агар вақтингиз кўп бўлиб, савоб умидида, вақтингиздан унумли фойдалансангиз ва кунига 3 пора, яъни 60 саҳифадан ўқисангиз, бир ойда Қуръони Каримни 3 маротаба тугатишга муваффақ бўлар экансиз. Ҳар 10 кунда 1 маротаба Қуръон хатм қилинган бўлади. Машааллоҳ! Бу нақадар бахт! Албатта бошланишида бундай бахтга қориларнинг тиловатлари билан эришасиз. 2-3 марта эшитиб тугатсангиз, иншаАллоҳ, 4-5-марталарида ўзингиз хатм қиласиз!
Муҳим эслатма
Мен ўқишда қийналаман, хатога йўл қўяман, бу Аллоҳ таолонинг Каломига нисбатан одобсизлик бўлади, деб қайғурманг! Сизнинг ўқишдан мақсадингиз нима? Уни бузиб ўқишми? Йўқ, албатта. Шундай экан, хато қилишдан қўрқманг!
Тўғри ўқиш учун хатолардан йироқ бўлишингиз керак. Хатолардан холи бўлиш учун Қуръони Каримни қайта-қайта ўқишингиз керак! Қуръон бардавомлик билан ўқиб бориш, аудиолардан фойдаланиб, диққат билан кузатиш, эшитиш натижасида илк ўқишда йўл қўйилган хатолар камайиб боради. Қанча кўп ўқиб, хатм қилиб борганингиз сари моҳир ўқувчига айланиб борасиз. Бироқ, хато қиламан, ўқий олармиканман деб ўтирсангиз, йиллар ўтаверади, бироқ сиз ҳали ҳам Роббингиз Каломини бирор марта хатм қилмаган бўласиз. Шундай экан, ҳозироқ ўқишга киришинг!
Унутманг! Қуръондан бир саҳифа ўқисангиз, ўрта ҳисобда, 5000 ҳасанот ёзилади. Агар бир пора ўқисангиз, 100 000 ҳасанот ёзилади. Бордию, Қуръонни хатм қилиб чиқсангиз 3 миллион ҳасанот ёзилар экан! Бу айтилган гап Рамазон ойидан бошқа ойларда бериладиган савоблар эди, ана энди Рамазон ойида қанчалик савоб берилар экан-а?! Бошқа ойда бир амалга 10 баробар савоб ёзилса, Рамазон ойида 70 баробар қилиб ёзилади. Ихлосингизга қараб у зиёда бўлаверади. Субҳаналлоҳ!
Қадрдоним, дангасаликни бир четга суриб савоблар ишлаб олишга киришинг!
«Рамазон соғинчи» китобидан олинди
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2021 йил 11 февралдаги 03-07/905-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.