1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Биз ҳам ўша узумдан тановул қиляпмиз

17:30 / 22.12.2022 3929 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мисрлик Халил Саййид бўйра тўқиш билан шуғулланарди. Шунинг учун «Бўйрачи» лақабини олган эди. У бўйра солинмаган ёки шолипоя солинган масжидни кўриб қолса, дарҳол янги бўйра тўқиб, ўша ерга тўшаб қўярди. Кунларнинг бирида ажойиб туш кўради. Тушида умутқа поғонасига бир бош узум осилиб турганини, одамлар жамоа-жамоа бўлиб келиб, ўша бир бош узумдан еяётганларини, узум боши эса тугамаётганини кўради. Бу туш бир неча бор такрорлангач, шайхлардан бирининг олдига бориб, унга кўрган тушини гапириб беради. Шайх ундан «Фарзандинг борми?” деб сўрайди. Халил “Икки яшар ўғлим Маҳмуд бор» дейди. Шунда шайх «Уни Азҳарга бер, у ерда шаръий илмларни ўрганади. Келажакда у катта инсон бўлади» дейди. Воқеликда ҳам шундай бўлди. Маҳмуд катта инсон бўлди. Айтгандек, биз бўйрачи деб таржима қилган сўз арабчада «ҳусарий» бўлади.

Хўш, бўйрачи Халил ва унинг ўғли Маҳмуд ким?

Бу инсон дунёга машҳур қорилардан бўлмиш Шайх Маҳмуд Халил Ҳусарий раҳимаҳуллоҳдир.

Шайх Маҳмуд Халил Ҳусарий раҳимаҳуллоҳ 17 сентябрь 1917 милодий, 1 зулҳижжа 1335 ҳижрий санада Мисрнинг ғарбий қисмидаги Танта вилоятининг Шибро аннамла қишлоғида таваллуд топганлар.

У киши туғилишларидан олдин отаси Халил Файюм вилоятидан Маҳмуд туғилиб ўсган Шибро аннамла қишлоғига кўчиб ўтади. Маҳмуд 4 ёшга етганида, отаси уни Қуръони Каримни ёд олиши учун масжид қошида очилган мактабга беради. Маҳмуд 8 ёшида Қуръони Каримни тўла ёд олади. У қишлоқдан Тантадаги Аҳмадий масжидига Қуръони Каримни ёд олиш учун қатнарди. 12 ёшга етганда, Тантадаги диний маъҳадга киради. Сўнгра Азҳарда ўнта қироат бўйича таълим олади.  

Шайх Маҳмуд ўнта қироат бўйича шаҳодатнома олганларидан сўнг Қуръон илмларини ўрганишга киришадилар. Чунки у кишида ажойиб овоз ва тажвидни гўзал адо этиш қобилияти бор эди.

1944 йилда радио орқали тиловат қилиш бўйича ўтказилган танловда иштирокчилар орасида Маҳмуд раҳимаҳуллоҳ биринчи ўринни эгаллайдилар.

1950 йилда Тантадаги Аҳмадий масжидига қори этиб тайинланадилар.

1955 йилда Қоҳирадаги Ҳусайн масжидига қори этиб тайинланадилар.

Шайх Маҳмуд ёшлигиданоқ Қуръони Каримнинг маъноларини тўғри тушуниш ва тўғри етказишда Қуръони Каримни тажвид билан ўқишнинг аҳамияти катта эканлигини англаб етган эдилар. Қуръони Каримни қироат қилиш у кишининг наздида илм ва усул эди. У киши Қуръони каримни тартил билан қироат қилинса унинг калималарига жон киради, ўқилаётган калималарнинг маъноси қорининг кўз ўнгида гавдаланади, дер эдилар. Шунинг учун, Қуръони карим уни тартил билан ўқиётган қорига Қуръон оятларига ақлий ёндашмоғини, зиммасида катта масъулият бор эканлигини доимо ҳис қилдириб туради, деб таъкидлар эдилар.

Шайх Маҳмуд 1938 йилда уйландилар. Илм билан машғул бўлганлари ва кўп сафарларда юрганлари боис фарзандлар тарбияси борасидаги кўпроқ масъулият аёлларининг елкасига тушарди. Фарзандларидан бири шундай деган “Отам қайси биримиз Қуръони Каримдан бир қатор ёд олсак, ўшанга кунлик харажатларига қўшиб бир танга берардилар. Агар кўпроқ бермоқчи бўлсалар, Қуръондан қанча ёд олганини сўрардилар. Агар у яна ёд олган бўлса ва буни исботлаб берса, кўпроқ пул берардилар. Отамнинг Қуръон ёдлаш борасида бир фалсафалари бор эди, буни доим таъкидлардилар: “Ким Қуръонни ёд олса, Аллоҳ таолонинг ва ота-онасининг розилигига эришади”. Ҳамма фарзандларга Қуръони Каримни ёд олишни вазифа қилиб топширдилар. Эсимда бор, 1960 йилда Қуръони Каримдан ёдлаган ҳар бир сатримиз учун бизга 15 қирш (танга), ёдлаган ҳар бир порамиз учун 10 жунайҳдан пул берардилар. Бизнинг Қуръони Каримни ёд олишимизни кўп кузатиб борардилар. Натижада ўғил-қиз барча фарзандлар Қуръони Каримни тўлиқ ёд олдилар. Алҳамдулиллаҳ”.

1965 йилда Шайх Маҳмуд ўн куниларни Париждаги масжидда ўтказдилар. У ерда ўн нафар франциялик у кишининг ҳузурида Исломга кирганини эълон қилди. Яна 18 нафар америкалик Исломга кирганини эълон қилдилар. Уларнинг орасида 2 та шифокор ва 3 та муҳандис бор эди.

Сан Франциско шаҳрида америкалик бир насроний аёл келиб, шайхнинг қироатлари унинг юрак-юрагига етиб борганини, Қуръони Каримнинг чуқур оҳангларидан, гарчи сўзларнинг маъносини тушунмаган бўлса ҳам, унинг ҳақ китоб эканини ҳис қилганини айтди. Мана шулар боис у аёл Шайх Ҳусарийнинг қўлларида Исломга кирганини эълон қилди ва араб тилини ўрганиш учун Исломий марказлардан бирига киришга ваъда берди.

Шайх Маҳмуд Имом Осимдан Имом Ҳафс ривояти бўйича Қуръони Каримни тартил билан ўқиб, ёздирган биринчи қори бўлдилар. Бу ишлари учун ҳақ олишдан бош тортдилар. Аллоҳ таоло у кишининг хизматларини тақдирлади ва инсонлар томонидан у кишининг тиловатларини, сўзларини қабул қилдириб қўйди. Шундай қилиб, Шайх Маҳмуд раҳимаҳуллоҳ:

1961 йилда Имом Осимдан Имом Ҳафс ривояти бўйича Қуръони Карим тиловатларини ёздирган биринчи қори бўлдилар.

1964 йилда Имом Нофеъдан Имом Варш ривояти бўйича Қуръони Карим тиловатларини ёздирган биринчи қори бўлдилар.

1967 йилда бутунжаҳон қорилар уюшмаси раиси бўлдилар.

1968 йилда Имом Абу Амр Басрийдан Имом Қолун ва Имом Дурий ривоятлари бўйича Қуръони Карим тиловатларини ёздирган илк қори бўлдилар.

1969 йилда Қуръони Каримнинг таълим услубидаги тиловатини илк бор ёздирган қори бўлдилар.

1973 йилда Шайх Маҳмуд раҳимаҳуллоҳ АҚШга иккинчи марта ташриф буюрдилар. Ўша ерда Қуръони Каримни тиловат қилганларидан сўнг бу тиловатдан таъсирланган 18 нафар америкалик эркак ва аёллар шаҳодат калимасини айтиб, мусулмон бўлдилар.

1977 йилда Қуръони Каримни АҚШда тартил ила тиловат қилган ва ўша ерда пешин намозига азон айтган қори бўлдилар.

1978 йилда Қуръони Каримни Лондондаги қироллик саройида илк бор тиловат қилган қори бўлдилар. Лондондаги Темза дарёси бўйида жойлашган Ҳейворд ҳоллда Аллоҳ таолонинг Каломини тиловат қилдилар.

Қуръони Каримни АҚШдаги оқ уйда илк бор тиловат қилган, Қуръони Каримни АҚШ конгресс биносида илк бор тиловат қилган қори бўлдилар.

Қуръони карим қориларининг ишини ташкил этадиган, уларнинг маиший аҳволига кўмаклашадиган бошқармаси ташкил этиш таклифи билан чиққан биринчи шахс ҳам Шайх Маҳмуд Халил Ҳусарий раҳимаҳуллоҳ бўладилар. Шунингдек, барча шаҳар ва қишлоқлардаги масжидлар қошида Қуръони Каримни ёдлатиш мактаблари ташкил этишга чақирдилар. Шахсан ўзлари Қоҳирадаги битта масжид ва мадрасани таъмирлаш ишларига бош бўлдилар.

Бугунги кунда дунё бўйлаб Шайх Маҳмуд раҳимаҳуллоҳнинг тиловатлари тингланади. Жумладан, биз ҳам у кишининг тиловатларидан баҳраманд бўламиз. Ҳа, оталари Халил Ҳусарийнинг умуртқасидаги бир бош узумдан барча диндошларимиз қаторида биз ҳам тановул қилмоқдамиз. Ҳар қанча тановул қилсак ҳам, узум тугамайди.

Аллоҳ таолонинг уйларига бўйра солиб юрадиган Халилга “Ҳусарий” лақаб бўлиб қолган эди. Аллоҳ таолонинг фазли, ўғиллари Маҳмуд раҳимаҳуллоҳнинг Қуръони Каримга қилган хизматлари сабабли бу лақаб дунёда машҳур бўлди. Машҳур қорининг овози Ҳусарий номи ила барчага етиб борди.

Шайх Маҳмуд раҳимаҳуллоҳ умрларининг сўнггида молларининг учдан бирини Қуръони Карим ва унинг ҳофизлари хизматига, шунингдек, турли хил хайрия ишларига сарф этишни васият қилдилар.

Шайх Маҳмуд раҳимаҳуллоҳ 24 ноябр 1980 мелодий, 16 муҳаррам 1401 ҳижрий санада 63 ёшларида вафот этдилар. Аллоҳ таоло у кишини раҳматига олсин, қилган хизматларининг ажрини кўпайтириб берсин, Фирдавс жаннатига киритсин ва зурриётларимиздан у кишига ўхшаб Қуръони Каримга хизмат қиладиганларни кўплаб чиқарсин!

Фойдаланилган манбалар

old.muslim.uz

www.elbalad.news

ar.wikipedia.org

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаддис, фақиҳ, усулий, мантиқий, мутакаллим, тарихчи, тадқиқотчи, танқидчи олим, шайх Абулҳасанот Муҳаммад Абдулҳай алАнсорий алЛакнавий алҲиндий бўлиб, аллома давоми...

4532 22:02 / 27.04.2017
Маълумки, иккинчи жаҳон уруши даврида Наманган вилоятидан ҳам минглаб кишилар фронтга сафарбар қилинди. Афсуски, қирғинбарот жангларда кўплаб ҳамюртларимиз давоми...

1287 12:54 / 09 март
Ўша пайтларда Учқўрғонда 13 та гузар, 13 та масжид, 2 та мадраса ва 1 та аёллар мадрасаси ҳамда 1 та хонақоҳ фаолият кўрсатган экан.Маълумотларга кўра, Ҳожимат эшоннинг давоми...

2146 17:00 / 17.11.2021
Шайх Зокиржон Исмоилов ndash муфтий муовини 1989 ndash 1993, Шайх ҳазратларининг сафдоши хотираларидан Дўстимиз Муҳаммад Содиқ билан илк бор, тахминан, 1969 йили, у киши Мир давоми...

2058 16:35 / 25 февраль
Аудиолар

137641 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7544 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57707 14:35 / 11.08.2021