1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Бу ҳақида нима дейсизлар?

14:31 / 09.04.2022 4747 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саҳобалар буюк бир дарс арафасида туришганини билишмас эди. Набий алайҳиссалом улар билан бирга ўтирган эдилар. Ҳаммаси оддий эди. Дунё ишларида бирор-бир янгилик йўқ эди. Дин ишларида эса бугунчалик ҳали ваҳий ҳам тушиб улгурмаган эди. Шу пайт уларнинг олдидан бир киши салом бериб ўтиб кетди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сўрадилар:

- Бу киши ҳақида нима дейсизлар?

Саҳобалар дейишди:

- Қавмининг улуғ ва бой кишиси. Аллоҳга қасамки, у бировга совчи бўлса унга қиз берса бўлади. Бировга шафоатчилик қилиб ўртага тушса шафоатчилиги қабул қилинади!

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сукут сақлаб ҳеч нарса демадилар. Озгина вақт ўтиб фақир мусулмонлардан бир киши у ердан салом бериб ўтиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан сўрадилар:

- Бу киши ҳақида нима дейсизлар?

Саҳобалар дейишди:

- Бу киши камбағал, мусулмон бир киши. Аллоҳга қасамки, у бировга совчи бўлиб борса унга қиз беришмайди. Бировга ўртага тушса ўртакашлиги қабул қилинмайдиган кишидир!

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

- Аллоҳга қасамки, мана шу фақир киши ер юзи тўла нариги кишига ўхшаганлардан яхшироқдир!

Инсонлар ҳамма даврда ҳам инсонлигича қолаверади. Уларни ташқи кўриниш алдайди. Уларнинг қалбини кўраётган ва эшитаётган нарсалари сеҳрлайди. Чунки инсонлар дунёга дунё кўзи билан боқишади. Агар дунёга охират назари ила боқишганда аниқки, бошқача ҳукм қилган бўлишар эди!

Ташқи кўринишимизнинг гўзал бўлиши яхши нарса. Аммо сиз кўраётган мана шу чиройли кийим остида чириган қалб яширинган бўлсачи. Сиз буни қаердан биласиз?! Балки бу бежирим бренд куйлак остида бузуқ нафс бордир?!

Бойлик яхши нарса. Аммо сиз қаердан биласиз, балки бу бойлик ортида ўзгаларнинг молини ейиш, хиёнат, зулм, рибо орқали топилган ҳаром мол бордир?!

Ширин тил инсонни мафтун қилади. Аммо мана шу ширин тилнинг ортида йиртқич бўри ёки чақишни кутиб турган заҳарли илон турган бўлса, сиз қаердан биласиз?!

Тўғри, биз зоҳирга қарашга амр қилинганмиз. Инсонларнинг ботинини Аллоҳга ҳавола қиламиз. Аммо бу дегани банда содда бўлиши керак, кўрган нарсасига ишонавериши лозим, дегани эмас.

Ҳақиқий қаҳрамонлик спорт саройларида оғир тошларни кўтариш эмас, бомдод намозига етиш учун устингиздаги кўрпани кўтаришдир!

Ҳақиқий чирой расмий костюм-шим ёки зеб-зийнатли кийимларда эмас. У чиройли қалбда, покиза нафсда ва инсонларга яхшиликни соғинишдадир!

Инсонларга Аллоҳга яқинлиги ёки Ундан узоқлигига қараб ҳукм қилинг. Инсонларга уларнинг кишиларга яхшилик қилиши ёки ёмонлик қилишига қараб ҳукм қилинг!

Ҳақиқий қаҳрамон Аллоҳнинг шариати олдида тўхтайдиган кишидир. Гарчи ҳар куни битта жангда ғалаба қозонсада, Аллоҳнинг чегараларидан тажовуз қиладиган кишилар қўрқоқ кишилардир!

Бир йигит бир қизга совчи юборди. Қизнинг отаси йигит билан гаплашиши лозимлигини айтди. Учрашишганда ундан унинг иш жойи, маскани ва маоши қанчалигини сўрамади. У йигитдан битта савол сўради:

- Бомдодга соат неччида азон айтиляпти?

Йигит жавоб бера олмади.

Қизнинг отаси деди:

- Бизнинг турмушга берадиган қизимиз йўқ!

Абдулқодир Полвонов

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шаъбон ойи ndash ҳижрийқамарий тақвимнинг саккизинчи ойи бўлиб, Ражаб ва Рамазон ойлари ўртасида жойлашган. Бу ой тўғрисида келган маълумотларни ўрганиб кўрсак, давоми...

2449 13:35 / 19.02.2024
Бир кун аввал ухлашга кеч ётганим учунми, саҳарда вақтли уйғонишим қийин бўлди. Масжидда жамоат билан бомдод намозини адо этганимдан сўнг, уйга қайтдим. Бироз давоми...

3740 16:27 / 04 февраль
Мусулмон киши, эркак бўлсин, аёл бўлсин, кийим Аллоҳ таолонинг неъматларидан бири эканини доимо эсга олиб, бу неъматга шукр қилиб туриши лозим.Кийим кийишда давоми...

6098 12:28 / 12.04.2017
КИТОБ ndash ахборотларни, ғоя, образ ва билимларни сақлаш ҳамда тарқатиш, ижтимоийсиёсий, илмий, эстетик карашларни шакллантириш воситаси билимлар тарғиботи ва давоми...

7031 11:39 / 13.10.2021
Аудиолар

210889 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130153 14:35 / 11.08.2021