1447 йил 26 ражаб | 2026 йил 15 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Намозга эътиборли бўлинг!

13:00 / 13.12.2021 2859 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Солиҳ салафларимиздан бири Аллоҳ таолонинг: «Эй иймон келтирганлар! Маст ҳолингизда-то айтаётган гапингизни биладиган бўлмагунингизча, намозга яқинлашманг» оятини эшитди ва шундай деди: «Қанча намозхон бор, ароқ ичмаган, лекин намозида нима деяётганини билмайди. Чунки уни дунё машғулотлари маст қилиб қўйган».

Дарҳақиқат, бошқа пайт хаёлимиз чалғимаса ҳам, намозга киришимиз билан дунё фикри, унинг ташвиш ва муаммолари вужудимизни қамраб олади. Намозда эканимизни, унинг зикрларини ва ҳатто ракатларини унутамиз.

Айрим аҳли илм бунинг ечими осон, намозда хушуъ ва қалб ҳузурида бўлиш учун дунё муаммоларини ҳал қилиб, ихлос билан дуолар ўқиб намозни бошлаш керак ва намоз ичида Аллоҳнинг буюклигини ҳис қилиб туриш керак, дейишади. Бу тавсия ҳеч ҳам бундай манфаат бера олмайди. Балки бу тавсиянинг ўзи битта муаммо.

Чунки қалб ҳам бир идишга ўхшайди. Бир нарса билан тўлса, бошқа нарсани сиғдира олмайди. Дунё муҳаббати билан лиммо-лим қалб, ўзида Аллоҳнинг муҳаббатини, Унинг азамати ва буюклигини ҳис қила олмайди. Бундай улуғ мартабани қозониш учун «Аллоҳ таолони кўриб тургандек ибодат қилиш» мақоми бўлган эҳсон рукнини ўрганиб, амал қилиш лозим. Яъни, мусулмон руҳий тарбия олиши керак.

Буни бутун бошли тасаввуф илми таълим ва тарбия беради. Бу мақомни чала-чулпа тавсиялар билан эмас, солиҳ салафларимизнинг қадам изларига қадамимизни қўйиб юриш билан эришамиз.

Аллоҳ таоло: «Намозни Менинг зикрим учун қойим қилинг»! дейди(Тоҳа сураси, 14-оят). Демак, намозда хушуъ-хузуъ, ихлос ва Аллоҳнинг ёди билан туришимиз лозим. Бунинг учун тасаввуф ёки руҳий тарбияни ўрганишимиз ва улардаги бор таълимот — Аллоҳнинг розилиги учун яшаш ва Суннатни маҳкам тутишни ҳаёт мақсади қилишимиз керак.

Бу осон иш эмас. Давомли зикр ва доимий мужоҳада (нафсга қарши жиҳод) мўлжалга элтади. Булар қалбдан дунё ташвиши ва муҳаббатини кеткизади, қалб идишини Аллоҳ муҳаббатига бўшатиб беради. Ана шунда банданинг кўнглида Аллоҳ ва Унинг буюклиги гавдаланади, қалбида Унинг маҳобати тарбияланади.

Шунчаки тавсия ва тажрибалар эса муддаони ҳосил қила олмайди.

Мубашшир домла Аҳмад

Муаллиф
Мубашшир Аҳмад
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло.Эй Набий Жуфтларингга, қизларингга ва мўминларнинг аёлларига айт, жилбобларини ўзларига яқин қилсинлар. Ана ўша уларнинг танилмоқлари ва озорга давоми...

10926 17:43 / 15.04.2017
Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида инсонлар маҳрнинг нархини кўтариб юборишди. Умар розияллоҳу анҳу уни бир қолипга солиб қўймоқчи бўлиб минбарга чиқдилар. давоми...

3943 15:32 / 15.03.2021
Отанинг табассумиБола дадасидан сўраяпти Табассумим билан табассумингиз орасида қандай фарқ борДадаси деди Сен хурсанд бўлганингда табассум қиласан. Мен эса, давоми...

3292 10:21 / 09.12.2021
Бу инсонни Мисрда ҳамма танийди, у шунчалик бойки, сепган атирини ҳидига ошиқ бўлмай иложи йўқ. Ёнимиздан ўтса атир ҳиди бошқаларга ҳам ўрнашиб қоларли давоми...

2284 11:24 / 22.04.2025