1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон

Сенга зор эдик, Рамазонгинам!

14:00 / 21.03.2023 2562 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(иккинчи мақола)

Биз ўттиз кун мобайнида энг катта душманимизнинг устидан ғолиб бўлиб яшаймиз. Оҳ, у бизларни не кўйларга солмайди-я? Қаерда, обрўни, иззатни, ғурурни, соғлиқни, ишқилиб, нимаики яхши нарсани бой берган бўлсак, ўша туфайли бой берган бўламиз. У туғилгандан то сўнги нафасимизгача руҳиятимизга канадек ёпишиб яшайдиган нафси амморимиздир. Мана, масала қаерда? Рамазон ойида нафс деган балодан тийила оларканмиз-у! Ана мўъжизаю, мана мўъжиза. Бир кунда саҳарлик ва ифторлик билан кифоялансак ҳам бўлар экан-ку! Ирода, кучимиз етар экан-ку. Иродамиз йўқ эмас, бор эди, фақат сустлашиб, заифлашиб қолган эди, холос. Сен уни ғафлатдан уйғотиб, чиниқтира бошладинг. Мана, сенинг соябонлигинг қаерда, моҳи Рамазоним.

Саҳарлик ва ифторлик пайтлари нафсимиз ором олиб, бир зум роҳатда, фароғатда қоламиз. Айни ўша пайтда хаёлларга толасан киши. Аллоҳнинг энг суюкли пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом Рамазонда бир дона хурмо билан саҳарлик қилиб, бир дона хурмо билан ифторлик қилганлари ҳадисларда келган. Бошқа егулик бўлмаган-да. Биз эса... беихтиёр дастурхонга қараймиз-у ҳайратдан шукроналар айтамиз. Дастурхонимизда нималар борлигини эмас, нималар йўқлигини қидириб, топа олмаймиз? Нафақат хонадонларимиз, балки Ватанимизнинг ўзи улкан бир очиқ, баракотли дастурхон. Ер юзининг учдан бир аҳолиси бундай неъматларни кўзларига суртишга зорлигини ўйласак, шукроналигимиз чандон ва чандон ортади. Шунга яраша ибодатда бўлишни ўйлаб қодамиз. Бу шукуҳ ва шукроналикни Аллоҳнинг марҳамати билан сен... ҳа, сенгина бера оласан, моҳи Рамазоним!

Моҳи Рамазон. Сен нафақат бошимизга соябонсан, балки Аллоҳ берган ҳозиқ табибимиз ҳамсан. Сен нафақат руҳимизни, балки жисмимизни ҳам даволайсан. Руҳимиз тақвога юз тутса, жисмимиз соғлиққа юз тутади. Ажабо, одамлар соғлигини деб турли-туман таомларни ихтиёр қиладилар. Сен бўлса, таомга бўлган ўша ихтиёрни олиб қўйиб, очлик билан даволайсан. Бу бориб турган мўъжиза, сиру синоат эмасми?

Моҳи Рамазон. Сен одоблар, гўзал хулқлар, бир сўз билан айтганда, тарбия ойисан. Биз сенинг бағрингда одоб борасида ҳар қачонгидан ҳам ҳушёр тортиб қоламиз. Тош қалблар юмшайди, овозлар майинлашади, қарашлар мулойимлашади. Чунки сен бизларни қудрати Илоҳийга янада яқинлаштирасан. Бандасини яратиб, уни тарбия қилаётган улуғ Аллоҳнинг назоратини ҳар дақиқада ҳис қилиб турамиз. Чунки биз улуғ фарз амали – Рамазон рўзасини тутяпмиз-да!

«Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен – Ўзим бераман», дейди Аллоҳ ҳадиси қудсийда. Ҳа, биз бандалар ўша мукофотдан умидвормиз. Фикру ёдимиз ўша мукофотда.

Лекин... Биз ожиз бандалар одоблар ойида яшаб туриб ҳам худди дарё ичида чанқаган одамнинг ҳолига тушиб қоламиз баъзан. Нуқсонларимиз бир қарашда эътибор қилмаса ҳам бўладигандек, арзимасдек. Аммо аслида-чи?

Рамазон одоблари ҳақида гап кетганда, айниқса, бозорчиларимизнинг олдига тушадигани йўқ. Тўғри, ифторлик, саҳарлик дастурхонларини тўкин бўлишида хизматлари бор. Шунга яраша ажр-савоблар олишсин. Аммо ноз-неъматларни шу қадар мақтаб юборишадики, рўзадорнинг рўзаси очилиб кетиши ҳеч гапмас. Ҳатто: «Татиб кўринг-а, мазасига гап йўқ», дейишгача бориб қолишади. Кечирасиз, рўзадорман деб Рамазони шарифни эсларига солиб қўйишга мажбур бўласиз. Шунақа рўзадорлар рўза тутмаган сотувчилардан бозор қилиб, уйларига қайтадилар. Баъзи ошхоналарнинг эшиги олдида эса ходимлари туриб олиб, тап тортмай ичкари таклиф қилишлари-чи? Шу билан тужжорларимиз савдоларидан бир умрга барака кўтарилишини билармиканлар?

Баъзан кўча-кўйда бемалол ўтириб овқатланаётган, намойишкорона музқаймоқ, яхна сув ичаётганларга кўзинг тушиб қолади. Балки рўза тутишга соғлиги кўтармас. Шундай бўлганда ҳам Рамазоннинг, рўзадорларнинг ҳурмати учун сал бўлса ҳам қимтиниш, пардалироқ бўлиш керак эмасми? Балки шундай қилишса, Аллоҳ дардларига шифо бериб, келгусида рўзадорлар қаторидан ўрин олишар. Бир яҳудий ишдан уйига қайтса, боласи Рамазонда кўчада нон еб ўтирган экан. Рўзадор мусулмон қўшниларнинг ҳурмати йўқми деб боласини бир шапалоқ урган экан. Балки ўша яҳудий шу иши билан жаннати бўлгандир.

Ажабо, яқинлардагина биз сенга зор эдик, моҳи Рамазонгинам. Қўрқиб, беркиниб, яшириқча рўзалар тутардик. Билиб қолишса, мажбурлаб рўзамизни очиришарди, диндорсан деб ҳайфсан берарди, ишдан бўшатишгача бориб етарди. Хаёлимда қайтага ўша пайтларда Рамазон қадрлироқ, тансиқроқ туюлгандек бўлади менга. Ҳозир ибодат учун ҳамма эшиклар очиқ. Шарт ва шароитлар керагидан ҳам зиёд. Олиму уламоларимиз телеэкранлар орқали, радио тўлқинлари орқали, вақтли матбуотлар орқали чиқишлар қилиб, Рамазон шукуҳи ҳақида баралла гапиряптилар. Аммо воқеликни кузатиб, амал камдек туюлади. Ўйланиб қоласан киши, бир ҳисобдан камдек кўрингани ҳам яхшидир. Аллоҳдан амалларимиз кўпдан ҳам кўпроқ ва бардавомроқ бўлишини сўраб дуолар қилаверайлик. Бергувчи Аллоҳдир.

Моҳи Рамазон. Сен шукроналар, беадад ҳамдлар, закотлар, фидялар, ҳа, чексиз марҳаматлар ойисан. Саҳарлик пайтларида нафсимиз ором олиб, бир шукр қилсақ, ифторлик пайти минг шукрлар қиламиз. Ахир рўзадор учун ўтиб бораётган ҳар бир кун катта бир довон, катта бир синов-да. Қани энди шукрларимиз, ҳамдларимизга яраша амалларимиз ҳам бардавом бўлса. Амалга нима етсин, бу дунёда. Амал охир-оқибат, пировард натижа-ку...

Эркин Малик

«Ҳилол» журналининг 3(36) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Нима учун Рамазонда нафсларимиз роҳатланади Чунки бу ойда нима учун яратилган бўлсак, ўша ғоя узра машғул бўламиз. Баъзи рўзадорлар таровеҳ намозини ўқишмайди давоми...

781 14:08 / 06 апрель
Қадр кечасининг аломатлари тўғрисида келган ҳадисларни ўрганиб чиқиб, ушбу улуғ куннинг еттита улкан аломатларини уламоларимиз санаб ўтганлар. Қуйида шуларни давоми...

5301 05:00 / 07 апрель
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади . , . .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Рамазоннинг охирги кечасида ўзининг умматини давоми...

2296 17:00 / 30.04.2022
Аллоҳ таоло ҳазрати инсонга унинг жони ва молини қайтариб бергандан кейин, унга тижоратни ҳам, зироатни ҳам, тирикчиликни ҳам жоиз қилди. Бироқ, ўйлаб кўрайлик, биз давоми...

1656 03:30 / 30.03.2023