1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон

Рамазон ойини ўтказиш учун улуғларимиздан «мастер класс»

11:30 / 02.04.2022 3417 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рамазон Қуръон ойи. Бу ойда Қуръон нозил бўлди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Жаброил алайҳиссаломга ҳар йили Рамазон ойида Қуръонни ўқиб берардилар. Улуғларимиз бу фазилатли ойда қиладиган асосий ишларидан бири Қуръони Каримни хатм қилиш бўларди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шундай деганлар: «Ҳақиқий рўза таом ва еб-ичишдан тийилишгина эмас, балки у ёлғондан, ботилдан, лағвдан ва қасамдан тийилишдир».

Ибн Абу Шайба ривояти.

****

Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳимаҳуллоҳ Рамазон ойида кундузи бир хатм, ҳар уч кунда таровеҳ намозидан кейин яна бир хатм қилар эдилар.

****

Саъид ибн Жубайр раҳимаҳуллоҳ ҳар икки кечада Қуръонни хатм қилардилар.

****

Зубайд Ёмий Рамазон ойи келса, Мусҳафни олиб келар (яъни, Қуръонни тиловат қилишга астойдил киришар) ва дўстларини ҳам шу ишга жамлардилар.

****

Валид ибн Абдулмалик раҳимаҳуллоҳ ҳар уч кунда Қуръонни бир марта хатм қилардилар. Рамазон ойида жами ўн етти марта хатм қилишга эришардилар.

****

Абу Авона айтадилар: «Қатоданинг Рамазон ойида Қуръондан дарс бераётганини кўрдим».

****

Қатода ҳазратлари йил давомида Қуръонни ўқиб юриб, ҳар етти кунда бир марта тўлиқ ўқиб чиқардилар. Рамазон ойи келганда, ҳар уч кунда бир марта тўлиқ ўқиб чиқардилар. Рамазоннинг охирги ўн кунларида эса ҳар кеча бир марта тўлиқ ўқиб чиқардилар.

****

Имом Шофеийнинг шогирдларидан Рабийъ ибн Сулаймон айтади: “Шофеий Рамазон ойида Қуръонни олтмиш марта хатм қилардилар. Яъни ҳар кеча икки мартадан хатм бўларди. Рамазонда бошқа ойларда эса ҳар ой ўттиз мартадан хатм қилардилар”.

****

Қосим ибн Али отаси Ибн Асокир ҳақларида шундай дейди: “Отам жамоат намозини, Қуръон тиловатини қолдирмас эдилар. Одатда ҳар жума Қуръонни бир марта хатм қилардилар. Рамазонда эса ҳар куни хатм қилардилар ва (Дамашқ масжидининг) шарқий минораси (тарафи)да эътикоф ўтирардилар”.

****

Маълумки, Қуръонни уч кундан оз муддатда хатм қилишдан қайтарилган ривоят бор. Чунки инсон уч кундан оз муддатда хатм қилса, уни тушунмаслиги айтилган. Ибн Ражаб Ҳанбалий салафи солиҳларимизнинг уч кундан оз муддатларда Қуръонни хатм қилишганини қуйидагича изоҳлаганлар: “Қуръонни уч кундан оз муддатда хатм қилишдан қайтарилиши доим хатм қилишни йўлга қўйишга тегишлидир. Яъни инсон умри давомида Қуръонни мунтазам хатм қилишни йўлга қўймоқчи бўлса, уч кундан оз муддатда хатм қилмайди. Аммо Рамазон ойи каби фазилатли вақтлар, Қадр кечаси каби улуғ кечаларда, Макка каби фазилатли шаҳарларга кирганда ушбу вақт ва жойларни ғанимат билиб, Қуръонни кўпроқ тиловат қилиш мустаҳабдир. Бу имом Аҳмад, Исҳоқ ва улардан бошқа имомларнинг сўзларидир”.

****

Ибн Ражаб айтадилар: “Имом Шофеий розияллоҳу анҳу “Мен бирор кишининг Рамазон ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб саховатни кўпайтиришини яхши кўраман. Одамларнинг бунга ҳожати ҳам бўлади. Чунки улар касб қилишдан кўра рўза, намоз каби ибодатлар билан кўпроқ машғул бўладилар”.

****

Ибн Умар розияллоҳу анҳу рўза тутиб, ифторни мискинлар билан бирга қилардилар. Масжидга бориб (Шомни) ўқиб, кейин уйларига бир гуруҳ мискинлар билан қайтардилар.

****

Юнус ибн Язид айтади: “Ибн Шиҳоб Зуҳрий Рамазон ойи кирса, “Бу ой Қуръон тиловати ва таом улашиш ойидир” дердилар”.

****

Ҳаммод ибн Сулаймон раҳимаҳуллоҳ Рамазон ойида беш юз кишига ифторлик қилиб берардилар. У киши уларнинг ҳар кунлик ифторини қилиб беришни ўз зиммаларига олгандилар. Рамазон ҳайити намозидан сўнг уларнинг ҳар бирига юз дирҳамдан ҳадя берардилар.

Аллоҳ таоло барчамизга улуғларимиздан ибрат олишимизни ва Рамазон ойи баракотидан тўлиқ фойдаланишимизни насиб этсин! Омин.

Нозимжон Ҳошимжон

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан Рамазон ойида соғлом овқатланиш бўйича эълон қилинган тавсиялардан httpst.messvuz12568 ифторлик дастурхонига доир маслаҳатлар давоми...

2431 18:02 / 03.04.2023
Рамазон ойидаги Қадр кечасининг фазилати минг ойдан афзал ва мўътабардир. Бу кечада қилинган ибодатлар минг ойда қилинган ибодатлардан яхшироқдир. Қадр кечасида давоми...

4245 16:56 / 30.03.2024
Қадр кечасининг аломатлари тўғрисида келган ҳадисларни ўрганиб чиқиб, ушбу улуғ куннинг еттита улкан аломатларини уламоларимиз санаб ўтганлар. Қуйида шуларни давоми...

6228 05:00 / 07.04.2024
Аллоҳ таоло Бақара сурасида .Эй иймон келтирганлар Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақво қилсангиз,, деб давоми...

5495 14:00 / 01.04.2022
Аудиолар

230213 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148791 14:35 / 11.08.2021