1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон

Сенга зор эдик, Рамазонгинам!

11:30 / 01.04.2022 1716 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

Рамазон... Исми шарифингга жонлар нисор бўлсин сенинг. Хуш келдинг қутлуғ ва ўтлиғ ойим. Номингни қўрқмасдан, оғзимизни тўлдириб айтадиган замонларга етиб келганимизга шукрлар; Сен Аллоҳ берган жондек азиз неъматсан. Озодлигимиз, ҳурлигимизга эш бўлиб қайтадан туғилдинг. Умринг боқий бўлсин. Ҳа, қулоч отавер. Эркин-эркин нафас олавер.

Оҳ... қатағонга учраган йиллар... йиллар... Муборак номингни тилга олишга зор эдик-а. Биз учун зоҳиран саробга айланиб қолган эдинг. Аммо ботинимизда мудом яшардинг. Сени оқламоқ, ёқламоқ бўлганларнинг ҳоли нималар кечди-я. Сендек бир руҳий қувватни афюнга чиқариб қўйдилар-а, моҳи Рамазоним. Шукрким, Аллоҳим ярлақаб, бари орқада қолди. Ўтмишда қолгани рост бўлсин-а. Биздан узоқлаб-узоқлаб узлатга кетаверсин-а..

Сен ойлар ичида иймон, эътиқод, тинчлик ойисан. Аллоҳимнинг амри, сенинг шарофатинг билан, Рамазонгинам, Ер юзидаги жангу жадал маҳаробалар тўхтагусидир. Илоҳа тўхтасин-а! Жанжалкаш тарафлар иймонга келсинлар-а. Оналар, болалар, кексаларнинг кўзёшлари дарё бўлмасин-а! Бегуноҳ қонлари тўкилмасин-а!

Сен шундай ойсанки, сенинг шарофатинг билан осмон дарвозалари очилади ва Аллоҳнинг раҳматлари ёғилади. Фаришталар тушиб келиб, солиҳ амалларимизни даргоҳи Илоҳийга кўтаради. Сен шундай ойсанки, сенинг шарофатинг билан ўттиз кун мобайнида жаннат эшиклари очилади, ёпилмайди. Дўзах эшиклари эса ёпилади, очилмайди. Сен шундай ойсанки, сенинг шарофатинг билан шайтони лаъиннинг оёқ-қўлларига кишан тушади. Токи, Муҳаммад алайҳиссалом умматлари Рамазон ҳаловатини топсинлар, роҳатлансинлар, дўзах азобларидан қутулсинлар учун. Сен шунчалар улуғ ойсанки, ойлар Султони деган шарафли номинг бор. Рамазон ойида Аллоҳнинг каломи Қуръон ер юзига тушган. Сенда шундай бир улуғ кеча борки, у минг кечадан яхшидир. У Қадр кечасидир. Кимки бедор бўлиб, ибодатда ушбу кечани топса, икки дунё саодатига эришгани шудир.

Хуш келдинг, эй Қуръон ойи. Сени соғиндик, интиқлик билан кутдик. Сенга етганлар бор, етмаганлар бор. Илоҳа, етмаганларни Аллоҳ раҳматига олсин, етганларнинг иймонларини, умрларини, ризқларини янада зиёда қилсин.

Рамазон. Сен Қуръон ойисан. Ҳа, бундай чорак асрлар муқаддам, Истиқлол арафасида уламоларимиз «Рамазон Қуръон ойидир» дейишганда ҳайрон бўлган эдик. Рўза тутишдан бошқа яна нима бўлиши мумкин бу ойда деб. Чунки таровеҳ намозларида Қуръони Каримни хатм қилишлар ўтган аср қирқинчи йилларининг нариги ёғларида қолиб кетган эди-да. Хатм қилиш учун Қуръон китобининг ўзи йўқ эди. Унинг муқаддас номигина қолган эди, холос. Бугунгидек жамоат бўлиб намоз ўқийдиган масжидлар қайда! Борлари эшикларига қулф тушиб, аста-секин нураб, бузиб ташланган, суяги бутунлари эса ароқлардан бўшаган шишалар, турли-туман заҳарли химикатларнинг омборхоналарига айлантирилган эди... Бу ёруғ дунёдан бир неча авлод қулоғига хатми Қуръон кирмай, Рамазон шукуҳи нималигини билмай ўтиб кетишди. Эсиз умр... эссиз ғафлатда ўтган йиллар.

Эсимизда... эсламай бўлар эканми у кунларни. Истиқлолимиз ўзининг дастлабки кунлариданоқ Аллоҳнинг марҳамати билан мўмин-мусулмонларга Ислом эшикларини кенг очди. Мадрасалар, масжидлар қурила бошлади. Лекин Рамазонда хатмга ўтадиган қорининг ўзи йўқ эди. Борлари бармоқ билан санарли, масжидлар ўртасида талаш. Бир вақтлар мусулмон оламига ҳадис илмидан, фиқҳ илмидан дарс берган, булбул қориларию мураттаб қорилари билан ном чиқарган юртимизда Ислом ана шундай аҳволга тушиб қолган эди.

Эсимизда... эсламай бўларканми... Ўшанда Рамазон қиш кунларига тўғри келган эди. Юртимизга таровеҳ намозларини ўқиб бериш учун араб давлатларидан қорилар чақирилди. Шундан иккиталари Тошкентдаги Ат-Термизий номидаги масжидга тушдилар. Қувондик, аммо айни дамда ичимиздан эзилдик ҳам. Ҳали-бери ўзимиздан чиқмас экан-да деб. Бир куни ота-оналар ярим пора, бир пора, уч пора Қуръон ёд олган фарзандларини меҳмон қориларнинг ҳузурига олиб келиб, имтиҳонларидан ўтказиб, дуоларини олмоқчи бўлдилар. Меҳмонларни ҳайрон қолдирган нарса, йигитчалар Қуръонни ёддан бехато ўқишлари бўлди. У тарафларда мураттаб қорилар ҳам оятларни Қуръон китобига қараб ўқир эканлар. Хато қилиб қўйишдан қўрқар эканлар. Ўшанда улар болалардан бу сураларни неча йилда ёд олганларини сўраб қолишди. Болалар йилларни эмас, қандайдир кунлар, ойларни айтишди.

– Бу ёш қориларда Бухорийнинг қони бор, эслаб қолишлари бобокалони Бухорийдек ҳайратланарли, янаги Рамазонга биз келмасак керак, қорилар ўзларингиздан чиқади, – деб Қуръон ёдлаган болаларни пешонасидан ўпиб, дуо қилган эдилар.

Дарҳақиқат, келгуси йили Рамазонда четдан қорилар чақирилмади. Ўзимиздан қорилар етишиб чиқди.

Мана ҳозир ҳар бир масжиднинг меҳроби олдида бир эмас, тўрттадан мураттаб қорилар галма-галдан таровеҳ намозларини ўқимоқдалар. Бир пайтлар Рамазонда хатм қиладиган қорилар талаш эди. Энди эса қорилар ўртасида масжидлар талаш. Қориларимиз оддий қори эмас, Ислом институти, Ислом университети, мадрасаларни тугатган етук олим қорилардир. Эндиликда қориларимиз Ҳамдўстлик давлатларига чақирилиб, Рамазонда хатми Қуръон қилиб келмоқдалар. Шундай шукуҳли кунларга етказганига шукроналар бўлсин. Она юртимиз Ўзбекистонни ўзингнинг шукуҳли нурларинг билан нурлантиравер, эй бошларимизга соябон, моҳи Рамазон!

Рамазон. Сени бошимизга соябон деб улуғлаймиз. Чиндан ҳам сен дунёмиз учун ҳам, охиратимиз учун ҳам соябонсан. Биз мўмин-мусулмонлар ўттиз кун давомида нафақат таомдан, ношаръий ишлардан, бировга қаттиқ гапириб юборишдан, ғийбатдан, аразлашиб қолишдан тийиламиз. Ўн бир ой давомида юқтириб олган баъзи иллатларимиздан аста-секин қутула бошлаймиз. Мана сенинг соябонлигинг қаерда, моҳи Рамазоним! Жисми жонимиздаги ана шу иллатлар ногаҳон келган селдек, дўлдек, бўрондеқ, темирга тушган зангдек иймонимизни емириши, охир-оқибат, Худо кўрсатмасин, руҳан ҳалок қилиши мумкин. Сен ана шу кўчма маънодаги ёмғир ва дўлларга бамисоли ёмғирпўштсан, довуллар йўлига тўсиқсан. Мана, сенинг файзиёблигинг қаерда?

(Давоми бор)

Эркин Малик

«Ҳилол» журналининг 3(36) сонидан

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мана барча мўмин ndash мусулмонлар кутиб турган муборак Рамазон ойи кириб келди. Бу рўза ойи биз учун муборак вақт, негаки бу ойда ибодат амалини мукофоти бир неча давоми...

4806 01:34 / 21.05.2018
Ўн икки ойнинг султони, муборак моҳи Рамазонга ҳам оз фурсат қолди. Ушбу ой қадимдан юртимизда халқимизга хос меҳрмурувват, бағрикенглик ва саховат ифодаси бўлиб давоми...

4534 16:00 / 08 март
Аллоҳ таоло марҳамат қилади .Рамазон ойи ndash унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган, Бақара давоми...

1468 15:24 / 14 март
Муборак Рамазон ойи Аллоҳ таолонинг барокатлари ва раҳмшафқатига бой ойдир.Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонни васф этиб, шундай марҳамат давоми...

9878 09:05 / 01.04.2022