1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Дарслар

Ҳадис 175-дарс. Осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар!

20:00 / 02.03.2022 1979 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ كَانَ إِذَا تَكَلَّمَ بِكَلِمَةٍ أَعَادَهَا ثَلَاثًا حَتَّى تُفْهَمَ عَنْهُ، وَإِذَا أَتَى عَلَى قَوْمٍ فَسَلَّمَ عَلَيْهِمْ سَلَّمَ عَلَيْهِمْ ثَلَاثًا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор калима айтадиган бўлсалар, тушунарли бўлиши учун уни уч марта қайтарар эдилар. Агар бирор қавмнинг олдига келиб, салом берсалар, уч марта салом берар эдилар».

Бухорий ва Абу Довуд ривоят ривоят қилганлар.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳим нарсаларни эшитувчиларга очиқ-ойдин, тушунарли бўлиши учун уч марта қайта-қайта такрорлаб гапирганлар.

Шунингдек, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор қавмнинг олдидан ўтсалар ёки олдига борсалар, салом берар эдилар. Агар улар саломни эшитмасалар, икки ёки уч мартагача такрорлар эдилар.

Шунинг учун биз ҳам дарс берадиган ёхуд бирор маълумотни етказадиган бўлсак, ўша нарса эшитувчига тушунарли бўлиши учун ҳаракат қилишимиз лозим бўлса, икки-уч марта такрорлашимиз керак. Салом берганимизда ҳам биринчи мартада эшитилмай қолса, иккинчи ва учинчи марта такрор салом беришимиз лозим.

وَعَنهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: يَسِّرُوا وَلَا تُعَسِّرُوا وَبَشِّرُوا وَلَا تُنَفِّرُوا. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар. Хушхабарлар беринглар, нафрат қилдирманглар», дедилар».

Икки Шайх ривоят ривоят қилганлар.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга, улар орқали барча умматларига мурожаат этиб: «Осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар», демоқдалар.

Яъни, Ислом ҳақида гапирадиган, баъзи бир масалани ечадиган ёки бирор нарсада ҳукм чиқарадиган бўлсангиз, умуман, ҳар бир нарсада осон тарафини олинг, қийинини олманг, демоқдалар. Модомики, иш шариат чегарасидан чиқмаса, осон томонини олиш Ислом дийнининг асосий қоидасидир. Бошқа ҳадиси шарифларда келишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон икки нарса орасидан бирини танлаб олиш ихтиёрига эга бўлсалар, албатта осон томонини олганлар. Кишиларни Исломга даъват қилиш учун атрофга юбораётиб, мана шу ҳадисни ҳар бир саҳобийга, албатта, қайта-қайта тайинлаганлар.

«Хушхабарлар беринглар, нафрат қилдирманглар».

Ислом ҳақида, шариат ҳақида кишиларга гапирилганда доимо яхшиликларни, улар учун хушхабар бўладиган, икки дунё саодатига сабаб бўладиган нарсаларни гапириш лозим. Кишиларнинг нафратини келтирадиган, уларни чўчитадиган, кўнглини қолдирадиган гап-сўз ва тасарруфларни қилмаслик керак.

Ушбу ҳадиси шарифдан оладиган фойдаларимиз очиқ-ойдин кўриниб турибди. Бунга айниқса, Исломга даъват қилиш билан машғул кишилар алоҳида эътибор беришлари лозим. Афсуски, баъзи бир биродарлар бу ҳадиси шарифдан бехабар, тескари маънода гап-сўз ва ҳаракатлар қиладилар.

Авваллари билмаган бўлсак, энди билдик. Бундан буён Ислом дийни ҳақида гапирадиган, бирон иш қиладиган, ҳукм чиқарадиган бўлсак, осон тарафини олайлик. Кишиларга дийнимизнинг осонлиги, икки дунё бахт-саодатига етказиши башоратини бериб, гапирайлик. Ўзимизча шариатни қийинлаштирмайлик! Кишиларни турли гап-сўз, бўлмағур ҳатти-ҳаракатларимиз билан Исломдан нафратлантирмайлик. Мўътабар ҳадиси шарифга доимо амал қилишга интилайлик!

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. .Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳ қилинган йили узун ҳадисда жумладан .Абу Шоҳга ёзиб давоми...

1672 20:05 / 23.02.2022