1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Сулола давомчиси Ҳомидхон махдум

16:00 / 24.01.2022 2249 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳомидхон махдум (Эшон дада) мулла Абдулғофур (Ғофур қори) махдум ўғли 1893 йил Наманган шаҳри, Сардоба даҳаси, Заркент маҳалласи (ҳозирги Ахси кўчаси)да зиёли хонадонда дунёга келди.

Ҳомидхон махдумнинг отаси Абдулғофур (Ғофур қори) махдум, бобоси Абдужалил охунд, катта бобоси Соҳибжон охундлар, яъни тўрт авлод, ўз даврининг машҳур устазода, ҳофизи Қуръонлар сулоласи вакиллари бўлган. Юртимиздаги кўплаб аҳли уламолар ва ҳофизи Қуръонлар буларнинг даргоҳларида таҳсил олишган.

Ҳомидхон махдум дастлабки билимни отаси Ғофур қорида таълим олади. У болалигидан ўткир зеҳнли, илм-фаросатли ва тиришқоқ бола бўлган. Ундаги бу салоҳиятни кўрган ота-онаси, фарзандининг таълимига ва одоб-ахлоқига эътибор қаратган.

Ҳомидхон махдум 13 ёшида ҳофизи Қуръон бўлиб етишади ва масжидда имомликка ўта бошлайди. Кейинчалик, Абул Маъоний тахаллуси билан машҳур бўлган Собитхон тўрада тафсир, ҳадис, фиқҳ ва ақоид каби бошқа илмлардан таълим олади. Ҳомидхон махдум эл-юрт орасида «Эшон дада» исми билан танилган. Ҳомидхон махдумнинг Қуръон ўқитадиган қорихонаси (мактаби) бўлган. Бу даргоҳдан нафақат Намангандан балки, бутун Фарғона водийси ҳудудларидан бўлажак ҳофизу Қуръонлар келиб, таълим олишган.

Шўролар даврида Ҳомидхон махдум оиласи ҳам тазйиққа учрайди. Натижада, юртни ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлади. 1931 йили Ҳомидхон махдум шўролар жабр-зулмидан жонини сақлаш мақсадида, Қошғарга кўчиб кетади. У маълум муддат Қошғарда яшаб, фаолият юритади.

Ҳомидхон махдум 1931 йили Қошғарга кетаётганида чегарада бир воқеа содир бўлган экан. Махдум Ўзбекистон чегарасидан Қошғар ҳудудига ўтаётганида, чегарачи аскарлар у кишини тўхтатиб, кимлигини ва қаерга кетаётганини сўрабди. Шунда у зот ўзларини таништириб, Қошғарга кўчиб кетаётганлигини айтибди. Шу пайт аскарлар шубҳаланиб, текширишибди. Ёнларидан фақатгина биргина Қуръони Карим чиқибди. Ушбу воқеа устидан рус миллатига мансуб чегара бошлиғи командири келиб қолибди. Рус командири Ҳомидхон махдумни алоҳида бир хонага олиб кириб, шундай дебди: «Мен Қуръони Каримни тинглашни ёқтираман. Шу сабабдан менга бўш вақтимда Қуръони Каримдан ўқиб бериб туришингни сўрайман», дебди. Ҳомидхон махдум «хўп» деб жавоб берибдилар. Сўнгра Қуръони Каримни тартил ва тажвид қоидалари билан 2 кун ўқиб берибдилар. Шундан сўнг рус командири у зотни ёқтириб қолиб, озиқ-овқат бериб, Қошғар чегарасидан ўтказиб юборган экан.

Ҳомидхон махдум Аллоҳнинг раҳматидан, сўнгра Қуръони Каримнинг шарофатидан мазкур фитнадан омонда қолган эканлар. Олим зот Қошғарда мухожирликда юрган кезларида ҳам кўплаб толиби илмларга сабоқ бериб, илм-маърифат тарқатган эканлар.

Шу тариқа, устоз 25 йил Қошғарда яшаб, 1956 йили она юрти Наманганга қайтиб келади. Умрининг охиригича бўлажак ҳофизи Қуръонларга таълим бериб, мударрислик фаолиятини давом эттиради. Диёримиздаги кўплаб машҳур қорилар Ҳомидхон махдум қори домлада таълим олиб, динимиз ва юртимизнинг ривожига ўзларининг ҳиссаларини қўшиб келишган. Шулардан баъзиларини келтириб ўтмоқчимиз.

Абдулҳаким қори, Муҳсинжон қори, Ҳамидхон қори (Тўхтабоев), Маҳмудхон қори (Ражоий тахаллусли билан ижод қилган), Аҳмаджон қори, Ибоди махдум, Турдиали қори, Акрамжон қори (Боқиев), Дадахон қори, Мўминжон қори, Ҳабибуллоҳ қори ва бошқалар.

Ҳомидхон махдум 1992 йил вафот этдилар. У зотни шаҳарнинг катта қабристони «Мангулик» мозорига дафн қилинди.

Ҳомидхон махдум оиласи ва фарзандлари тўғрисида сўз юритсак, у зот икки аёлга уйланган. Улардан 3 та фарзанд кўрган. Аввалги аёли Файзихон ойим Абдужаббор охунд қизлари бўлиб, ундан 1 та ўғил фарзандлари бор.

Кейинги аёли Ҳумайрохон ойим бўлиб, улардан 2 та фарзанди бор. Фарзандлари; Аҳмадхон (1925-2018), Нурмуҳаммад (1961), Маҳмудхон (1963)[1].

 

Акрам Шарипов, мустақил тадқиқодчи. 

Чиноз тумани Олмазор қўрғони. 


 
 [1] Ушбу маълумотлар Ҳомидхон махдум авлодларининг шахсий архивидан олинди.


 

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ndash Муҳтарам муфтий Қайта қуриш, янгича тафаккур шарофати туфайли мамлакатимизда содир бўлаётган хушбахт ўзгаришлардан яхши хабардорсиз. Шууримизга муҳрланиб давоми...

1355 16:49 / 03 май
Бу кишининг исмлари Муваффиқуддин Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Қуддома ибн Миқдом бўлиб, Солим ибн Умар ибн Хаттоб алАдавий алҚуроший алМақдисий давоми...

3994 22:20 / 27.04.2017
1915 йили Атоуллохон тўранинг васиятларига мувофиқ, Ҳожимат эшон Гумбаз масжидини тиклади. Ҳожимат эшон юрт ободлиги, халқ фаровонлиги ва дин равнақи йўлида улкан давоми...

1860 15:00 / 19.11.2021
Шайх Абул Фазл Мансур ибн Наср ибн Абдураҳим ибн Матта Самарқандий Коғазий. Самарқанддаги санад соҳибларидан. Мансурий қоғози олий навли шу кишининг номларига давоми...

1292 13:30 / 20.06.2021
Аудиолар

135060 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7485 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55338 14:35 / 11.08.2021