1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Нафсга берилиш

17:00 / 03.07.2022 4448 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсон ўз ҳаёти давомида турли рағбат ва шаҳватлар оқимига дучор бўлади. Бу нарсалар инсонни ўзгаларга зарар қилиб бўлса ҳам, фақат ўзи ҳақида ўйлашга ундайди. Нафсига алданган кимса қилаётган ишларининг яхши ёки ёмонлигини эмас, фақат ўзи учун фойдали бўлишини ўйлайди. Ислом инсонни ҳавойи нафсга берилишдан сақлашга қаттиқ ҳаракат қилади. Бунинг учун инсон истакларини табиий тартиб билан, одилона қондиришга йўл топади. Чунки ҳавойи нафс инсоннинг табиий истакларини доимо ташвишга солиб туради. Агар инсон ҳавойи нафс тўрига тушса, у инсонни табиий интизомдан чиқаради, уни барча қувватини фақат бир нарса учун сарфлашга мажбур қилади. Шундай қилиб, истаклар орасидаги тенглик бузилади. Улардан бири алоҳида ажралиб чиқиб, бошқаларини четга суради. Шунинг учун ҳам Қуръон ҳавойи нафсни «бузғунчи» деб сифатлайди. Аслида эса бу ҳаётда ҳақиқат ҳукм суриши лозим эди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: «Агар ҳақ уларнинг ҳавойи нафсларига эргашса, албатта, осмонлару ер ва улардаги кимсалар бузилиб кетар эди» (Муъминун сураси, 71-оят).

Ҳавойи нафснинг энг катта зарари ҳукмдорлар тарафидан келади. Аслида, уларнинг вазифаси ер юзида адолат ўрнатишдир. Агар улар ҳавойи нафсларига берилсалар, кучлиларга хушомад қилиб, кучсизларга жабр ўтказсалар, ер юзида фасод пайдо бўлади. Тарихда кўп марта содир бўлганидек, бахтсизлик ва харобаликка сабаб бўлувчи қўзғолонлар келиб чиқади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ўз пайғамбари Довуд алайҳиссаломга шундай дейди: «Эй Довуд, албатта, Биз сени ер юзида халифа қилдик. Бас, одамлар орасида ҳақ ила ҳукм юрит. Ҳавойи нафсга эргашма! Яна у сени Аллоҳнинг йўлидан адаштирмасин. Албатта, Аллоҳнинг йўлидан адашадиганларга, унутганлари учун, ҳисоб кунида шиддатли азоб бордир» (Сод сураси, 26-оят).

Ҳавойи нафсга эргашиш бизни ҳаётдаги ҳақиқатлардан узоқлаштиради. Ҳозирги замон фалсафасининг отаси ҳисобланмиш Фрэнсис Бэконнинг фикрича, ҳақиқатга эришиш учун унинг йўлини тўсиб турган тўрт нарсадан халос бўлиш зарур ва шу тўрт нарсанинг ичидан кўплаб хатолар келиб чиқади. Шулардан бири ўзидан олдин ўтганларга кўр-кўрона эргашишдир. Қуръон яҳудийларга Муҳаммад алайҳиссаломга эргашишлари зарурлигини тушунтириш жараёнида уларнинг бу нарсани қабул қилмасликларининг сабабини ҳам эслатиб ўтган. У ҳам бўлса, ҳавойи нафсларининг айтганига  кириб, ўзларидан олдин ўтганларга кўр-кўрона эргашишларидир.

Аллоҳ таоло яна шундай марҳамат қилади:

«Агар сенга жавоб бера олмасалар, бас, билгинки, улар фақат ҳавойи нафсларига эргашмоқдалар, холос. Аллоҳдан бўлган ҳидоятсиз, ўз ҳавойи нафсига эргашгандан кўра ҳам адашганроқ кимса борми?! Албатта, Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас» (Қасас сураси, 50-оят).

Ҳаётда ҳавойи нафсга берилишнинг энг асосий сабаби киши иродасининг заифлиги ва илмининг озлигидир. Ҳавойи нафс инсон ақлини ўзига бўйсундириб олса, у бошқалар каби идрок қилиш, эслаш, ўйлашга қодир бўлмай, балки фақат бир нарса атрофида ўралашиб қолади. Инсон бир нарсани яхши кўрса, унга кўп эътибор берадиган, ундан бошқа нарсани ўйламайдиган бўлиб  қолади. Шунинг учун ҳам ҳавойи нафс билан ақл ўртасида катта фарқ бор. Ақл ишлатилганда улкан натижаларга эришилади. Ҳавойи нафсга берилиш эса инсонни тўғри йўлдан адаштиради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «Албатта, кўпчилик билмасдан, ҳавойи нафслари ила адаштирурлар» (Анъом сураси, 119-оят).

«Йўқ!!! Зулм қилганлар илмсиз равишда ҳавойи нафсларига эргашдилар, холос» (Рум сураси, 29-оят).

Қуръон ҳавойи нафсни тўғри йўлга солиш чораларини ҳам кўрсатган. Бу эса бутун вужуд билан Аллоҳга юзланиш ва Унинг буйруқларидан чиқмаслик билан бўлади.

  «Ва аммо ким Роббининг ҳузурида туришдан қўрққан ва нафсни ҳавойи хоҳишдан қайтарган бўлса... бас, албатта, жаннат (унга) жой бўладир» (Назиъат сураси, 40-41-оятлар).

Мана шу Аллоҳ ҳар нарсани кузатиб туришига ишониш ва ҳавойи нафсга қарши курашиш, тўғри йўлда собитқадам бўлиб, нотўғри йўлга кирмаслигимизнинг кафолатидир.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шайх, аллома Муҳаммад ибн Аҳмад Шатирий раҳимаҳуллоҳ айтадилар.Нафсга қарши жиҳод қилиш душманга қарши урушиш, жиҳод қилишдан машаққатлироқдир. У ўзаро кураш ва давоми...

1672 19:00 / 17.02.2022
Дубайдаги Қуръон ёдлаш курси раисининг муовини Саид Ҳаарид шундай ҳикоя қилади Дубайда ўтказилган мусобақаларнинг бирида Совет тузумидан бўлган бир кичик бола давоми...

3148 17:00 / 14.07.2022
. ,. .Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар.Ким бомдод намозидан давоми...

1998 15:01 / 12.11.2020
иккинчи мақола Иккинчи амалФарз ибодатларни адо этиш билан бирга Аллоҳ таолога нафл ибодатлар қилиб, У Зотга қурбат ҳосил қилиш. Чунки нафл ибодатлар муҳаббат давоми...

2638 09:30 / 22.01.2021