1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Абу Ҳанифанинг халифаси ва ўринбосари бўлган олим

14:29 / 19.12.2023 1582 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг энг суюкли ва ишонган шогирдларидан бири Зуфар ибн Ҳузайл ал-Анбарий ат-Тамимий бўлади. Зуфар ибн Ҳузайл 110 ҳижрий сана, милодий 728 йил Кўфада насл-насаби улуғ ва обрўли хонадонда туғилган. Кичиклигидаёқ Қуръони Каримни ёд олгач, ҳадиси шарифларни ўрганишга юзланган. Унинг бу соҳадаги устозлари ўз вақтининг энг буюк пешволари бўлмиш Сулаймон ибн Меҳрон (Аъмаш), Яҳё ибн Саид ал-Ансорий, Саид ибн Абий Уруба, Исмоил ибн Абий Холид, Айюб Сахтиёний ва Муҳаммад ибн Исҳоқ ва бошқалар эди. 


Зуфар ўн олти ёшга етганида отаси билан бирга Исфаҳонга кўчиб кетишга тўғри келади. Чунки, унинг отаси халифа Валид ибн Абдулмалик вафотидан сўнг Исфаҳонга волий этиб тайинланади. Зуфар Исфаҳонда яна илм талабида бардавом бўлади. Бироқ, отасининг бу мансабда қолиши узоқ давом этмади. Ва уч йилдан сўнг оила яна Кўфага қайтиб келди.


Кўфага қайтгач, Зуфар мазкур шаҳардаги уламолар ҳалқаларига қатнаб, кибор имомлар ҳузурида илм таҳсил қилишни давом эттирди. 


У вақтда Кўфа турли хил соҳалардаги илм ҳалқалари билан қайнар эди. Мазкур илмий давралар асосан уч хил йўналишда бўлган: калом ва фалсафа илми ҳалқалари, ҳадиси шариф ҳалқалари ва ниҳоят фиқҳ ва раъй ҳалқалари. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ доираси эса фиқҳий ҳалқаларнинг энг машҳури ва энг кучлиси эди. 


Имом Зуфар ҳадислардаги ўзи ва атрофидаги шогирдлари ҳамда устозлари еча олмаган энг қийин масалаларни Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга кўтариб борар ва у зотнинг ҳузурида кўнгилга таскин берадиган фиқҳий ечим топарди. Бу эса ўз навбатида Зуфарнинг Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга шогирд бўлишга ундар эди. 


Шундай қилиб, имом Зуфар Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг илмий доирасига келиб қўшилди ва Имом билан йигирма йил бирга ҳамнафас бўлди. Зуфар ибн Ҳузайл ўз шайхи Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳни бениҳоя қадрлар ва яхши кўрарди. Айни чоғда Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳам Зуфарни ниҳоятда ҳурматлаб, иззатини жойига қўяр эди. Зеро, бу шогирд Имомнинг даврасига келиб қўшилганда илм ва ижтиҳоднинг барча воситалари унда мужассам эди. У Қуръон ҳофизи, ҳадислар билимдони ва фиқҳий масалаларда ақлу тафаккурини ишлатишга жуда моҳир эди. Шунинг учун ҳам мазҳаб машойихлари имом Зуфарни Абу Ҳанифанинг қиёс бўйича энг олди шогирдларидан санаганлар. 


Зуфар ибн Ҳузайл уйланганда Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ унинг тўйига ҳозир бўлиб, шогирдининг илтимоси билан нутқ ийрод этади ва мазкур сўзи асносида Зуфарни мақтаб:


"هذا زفر إمام من أئمة المسلمين، وعلم من أعلامهم في شرفه وحسبه وعلمه"


«Зуфар исмли бу инсон мусулмонлар пешволаридан бир имом ва барчага маълум бўлган шарафи, ҳасаби ҳамда илми билан бирга уларнинг дарғаларидан биридир», дейди.


Имом Абу Ҳанифа ниҳоятда зиддиятли замонда яшагани ҳамда фиқҳ соҳасида мусулмонлар олдида турган янги уфқларни очганлиги учун кўпчилик муҳофазачилар томонидан бошида у қадар ҳам севилмаган. Балки, баъзилар у зотни бидъатчига ҳам чиқаришган, ақидалари борасида ҳам таъналар етказишган. Ҳатто, у зотни муржиий ҳам дейишган. Шу сингари сўзларни гапириб юрадиганларнинг аксарияти у кишини яқиндан танимагани, у зотнинг илмий қоидалари ва услублари билан таниш бўлмаганлиги туфайли ўзига етиб келган миш-мишларни қандай эшитса, соддалик ила шундай тарқатса, бошқалар Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга нисбатан қалбидаги ҳасад ва адовати туфайли ҳам бундай иғволарга зўр берарди. Одамлар қачон Зуфар ибн Ҳузайлдан бу ҳақда сўрасалар ҳар доим Зуфар ўз устозини ҳимоя қилар ва Имомнинг фиқҳдаги тамойилларини тушунтириб бераркан: «Мухолифларнинг турли гап-сўзларига эътибор қилманг! Зеро, устозимиз ҳукмларни аввало Китобу Суннатдан кейин саҳобалар сўзидан олади. Сўнгра уларга қиёслайди», дер эди. 


Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ 150 ҳижрий санада вафот этгач, Абу Юсуф қозилик мансабига кўтарилиб кетди. Имом Муҳаммад эса мазҳабдаги масалаларни китобга тушириш билан машғул бўлди. Имомнинг илмий ҳалқасини давом эттириш эса барчанинг розилиги ила имом Зуфарнинг зиммасига тушди. 


Шу тариқа имом Зуфар илм ҳалқасида Абу Ҳанифанинг халифаси ва ўринбосари ўлароқ, Мазҳабни жонли тарзда ёйиш билан шуғулланди. Айнан шу сабабли ҳам имом Зуфар китоблар тасниф этишга вақти бўлмади. Аммо, бу зот Мазҳабнинг бугунги кундаги мукаммал шаклга келишида асосий ўрин тутган устунларидан бири эканлиги шубҳасиздир. 
Ҳанафий мазҳабининг ўзига хослиги ҳам шундаки, имомимиз Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ мазҳабни тузишда асло ўз раъйлари билан якка ҳоким бўлиб олмаганлар балки, атрофларига Абу Юсуф, Муҳаммад Шайбоний ва Зуфар ибн Ҳузайлдек буюк талант соҳибларини, забардаст олимларни тўплаганлар. Улардаги ижтиҳод қобилиятини шакллантирганлар ва ўзлари билан бир қаторда уларнинг ҳам фиқҳий тафаккурлари маҳсулини умматга тақдим қилганлар. Бундай бағрикенглик устига қурилган фиқҳий мазҳабни ҳеч қаердан топа олмайсиз. 


Одамлар шогирдлар етиштирса, Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ мужтаҳидлар етиштирган эдилар. Оқибат ва натижаси ҳаққа етказадиган мазҳаб ичидаги фикрлар тортишувига назар солсангиз, ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Имомимиз ўз шогирдларини илмий қарашларда мутлақ мустақил бўлишини таъминлаган эдилар. Аслида Ҳанафий мазҳабининг буюклиги ҳам шунда. Зеро, бу услуб ва йўналтирув мазҳабни турли-туман фикрлар ва ижтиҳодлар ичидан энг муносиби ва энг тўғрисини танлаган ҳолда олдинга интилишига, замону маконлар сарҳадларини енгиб ўтиб, яшаш ва яшаришда давом этишига замин яратди.
Бу нарсалар ҳақида бироз тафаккур юритилса, мазҳаб асосчиси имомимиз Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ажабланарли тарзда тавозели бўлганликлари, ҳақни топишда ҳатто ўз шогирдларининг фикрини ҳам қабул қилишга тайёр даражада нафсини енгган, ҳаққа интилган бир буюк шахсият соҳиби бўлганликларига амин бўламиз. 


Имомнинг айнан мана шу буюк шахсиятлари ва фазилатлари ҳам у киши асос солган фиқҳий мазҳабнинг умрбоқийлигини таъминлаган десак, муболаға бўлмас. Зеро, шунча мужтаҳид шогирдлар билан биргаликда ҳал қилинган масалалар албатта, ҳаққа олиб бориши ва хатодан ҳимоя қилиши муқаррар эди. 


Шунинг учун ҳам мухолифлар ва Имомимизга ҳасад қилганлар Вакийъ ибн Жарроҳ ҳузурида Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳни хато қилганликда айблаганларида: «Қандай қилиб Абу Ҳанифа хато қила олади, ҳолбуки, унинг олдида Абу Юсуф, Муҳаммад ибнул Ҳасан ва Зуфардек қиёс ва ижтиҳодда пешқадам бўлган асҳоблари бўлса?!», дея имомимизни ҳимоя қилар ва бундай буюк олимлар билан биргаликда яратилган мазҳаб хатодан холи бўлишига ишора қилар эди. 


Дарвоқе, Имом Шофеий, Яҳё ибн Маъийн, Абдуллоҳ ибн Муборак ва бошқа бир қанча буюк зотларга устозлик қилган Вакийъ ибн Жарроҳ ҳам имом Зуфарнинг шогирдларидан ҳисобланарди. Унинг илм ҳалқаларига қатнарди. Шу эътибордан, тўрттала мазҳабнинг асли бир эканлиги, барчаси бир булоқдан сув ичиши ва барчасининг шаклланишида бевосита ёки билвосита имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг хизматлари беқиёс эканлигини англашимиз мумкин. 


Яна ўз сўзимизга қайтадиган бўлсак, Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг вақотларидан сўнг юқорида айтганимиздек, у зотнинг илм ҳалқасини давом эттириш вазифаси Зуфар ибн Ҳузайлнинг чекига тушди. Чунки, имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга энг кўп ҳамроҳлик қилган шахс айнан Зуфар ибн Ҳузайл эди. Одамлар Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан сўнг у кишини тан олишарди. Шунинг учун ҳам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг тўртинчи буюк шогирди Ҳасан ибн Зиёд имом Зуфар ҳақида шундай сўзларни айтган: 


"إن المقدم في مجلس الإمام كان زفر، وقلوب الأصحاب إليه أميل" 


Яъни, «Имомнинг мажлисида сардор бўлган киши Зуфар эди. Асҳобларнинг (шогирдларнинг) қалблари ҳам унга мойилроқ эди».


Холид ибн Субайҳ Зуфарнинг илмий ҳалқасини тавсифлар экан шундай дейди: «Абу Ҳанифанинг ҳузурига бориш учун (Кўфага) сафар қилдим. Лекин, йўлда у кишининг вафот этганлигининг хабари келди. Кейин Кўфадаги Имомнинг мажлиси (илмий ҳалқаси)га келдим. Қарасам, ҳамма Зуфар ибн Ҳузайлнинг атрофига тўпланган, Абу Юсуф ҳузурида иккита ёки учта одам ўтирарди». 


Юқорида зикр қилиб ўтганимиздек Вакийъ ибн Жарроҳ раҳимаҳуллоҳ ҳам ўзи катта олим ва ҳадис пешволаридан бўла туриб, имом Зуфарнинг илмий мажлисига бориб турадиганлардан эди. Қачонки, баъзи одамларнинг бундан ғаши келиб, маломатомиз тарзда: «Нима учун Зуфарнинг ҳузурига борасиз?», деганларида «Абу Ҳанифадан қайтаравердинглар, охири вафот этиб кетди. Энди, Зуфардан ҳам узоқлаштириб, унинг ҳам илмидан истифода қилолмасимиздан ўлиб кетишини истайсизларми?!», дея жавоб берган эди. Гоҳида Вакийъ Зуфарга хитобан: «Сени бизга Имомдан ўринбосар қилиб қўйган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!», дер эди. 


Имом Зуфар шунчаки, муқаллид эмас, балки, илму фаҳм, ривояту дироят натижасида ўз онгида пайдо бўлган фиқҳий қарашларга эга бўлган мужтаҳид олим эди. Қиёс ва истеҳсон бўйича шу қадар моҳир эдики, ҳатто буни имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ўзлари ҳам эътироф этардилар. 


Лекин, имом Зуфар ҳижрий-қамарий ҳисоб бўйича 48 ёшида вафот этганлиги ҳамда устози Абу Ҳанифанинг илмий ҳалқасини давом эттирганлиги боис, таълифга вақт ажрата олмади. Чунки, бу иш ҳамма нарсадан бўшаниб, фориғ бўлишни талаб этарди. 


Аммо, шундай бўлса-да, бу зотнинг фиқҳий қарашлари Сарахсийнинг «Мабсут»и, Косонийнинг «Бадоиъ»и, Паздавийнинг «Кашфул асрор»и, Дабусийнинг «таъсис ан-назар»и ҳамда Марғинонийнинг «ал-Ҳидоя» асари каби ҳанафий мазҳабининг асос китобларида учрайди. 


Имом Зуфарнинг ўн еттита масаладаги қавли ҳанафий мазҳабида муфто биҳи (фатво берилган) бўлган. Яъни, мазҳаб машойихлари уч имом (Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммад Шайбоний раҳимаҳумуллоҳ) сўзининг қаршисида ўн еттиат ўринда имом Зуфарнинг қарашларини саҳиҳ санаганлар. Мазкур масалаларни биринчи бўлиб, имом Бийрий алоҳида рисолада зикр этган. Аҳмад Ҳамавий эса бу ҳақда "عقود الدرر فيما يفتى به في المذهب من أقوال زفر" «уқуду-д-дурар фиймо юфто биҳи фи-л-мазҳаби мин ақволи Зуфар», яъни «мазҳабда Зуфарнинг сўзи бўйича фатво бериладиган масалалар хусусида дур шодалари» деган назмий рисола ёзиб, унда мазкур масалалардан ўн бештасини зикр қилган. Ундан кейин шайх Абдул Ғаний Ноблусий бу асарни "نقود الصرر شرح عقود الدرر" «нуқуду-с-сурар шарҳу уқуди-д-дурар», яъни «дур шодалари шарҳида ҳамён тиллолари» номли рисоласида шарҳлаган.


Аллома ибн Обидийн ҳам ўзининг машҳур «Ҳошия»сида уларга тўхталиб ўтган. Замондош тадқиқотчиларимиздан доктор Луай Халилий ал-Ҳанафий ҳам бу масалаларни алоҳида мақолада муолажа қилган.


Зуфар ибн Ҳузайл кўп масалаларда Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ва у кишининг икки шогирдларига хилоф йўл тутиши унинг мустақил ижтиҳод соҳиби эканлигидан келиб чиққан бўлиб, бу иш Имомга ҳурматсизлик ёхуд мухолифлик ўлароқ баҳоланмаслиги керак. Аксинча, юқорида айтганимиздек, ҳанафий мазҳаби турли ихтилофли фикрлар курашувидан шаклланиб, сайқалланган энг фазилатли мазҳабдир. Шу боис ҳам имом Зуфарнинг қарашлари ҳанафий мазҳабининг илмий мероси доирасида зикр қилинаверади, гарчи, кўп ўринларда эътиборга олинмаган бўлса ҳам. 


Имом Зуфар ҳижрий 158 санада (775 милодий йил) Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ вафотидан саккиз йил ўтиб, тахминан 48 ёшларида дорул бақога риҳлат этади.


Алишер Султонходжаев

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 30 ноябрь 03-07/9089-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шайх Муҳаммад Аввома ndash беназир муҳаддис олим иккинчи қисм Икки шайхнинг илмий ишида кўрсатган хизматлариФазилатли шайх Абдуллоҳ Сирожиддин роҳимаҳуллоҳАллоҳ давоми...

4365 10:03 / 26.09.2018
Испания ҳукумати Ҳожиб Мансур ибн Абу Омир роҳимаҳуллоҳнинг вафот этганига 1000 йил тўлгани муносабати билан 2002 йилда марка чоп қилди.Ҳожиб Мансур ибн Абу Омир давоми...

2149 17:30 / 11.02.2021
Анқарадаги Ислом тафаккури институти директори Меҳмет Гўрмез 1959 йилда Туркиянинг Газиантеп вилояти Низип туманида туғилган. Бошланғич таълимни Низипда, ўрта давоми...

297 13:07 / 14 октябрь
Мусайяб ибн Возиҳга Абу Утба Хаввос айтганлар .Иброҳим ибн Адҳамнинг .Кимки тавбаси қабул бўлишини истаса, зулм қилишдан сақлансин, одамларнинг ишларига давоми...

1599 16:00 / 21.02.2021
Аудиолар

135097 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7485 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55374 14:35 / 11.08.2021