1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Оддийларни унутманг!

14:00 / 22.12.2021 3185 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Гўштни музлатиш ва тарқатиш корхонасида Жон исмли бир киши ишлар эди. Бир куни ҳамма ишдан кетганидан сўнг Жон гўштни музлатадиган хонага уни яхши ишлаяптими йўқми, текшириш учун кирди. Бирдан эшик ёпилиб қулфланиб қолди. Жон ҳамма кетиб бўлганини билса ҳам ёрдам сўраб анчагача бақирди. Беш соатдан сўнг корхона қоровули музлатгичнинг эшигини очди. Жоннинг аҳволи ниҳоятда оғир эди. Қоровул Жоннинг ҳаётини сақлаб қолди. Кишилар қоровулдан «Жоннинг музлатгичда эканлигини қаердан билдинг?», деб сўрашганда қоровул шундай жавоб берди:

«Мен бу корхонада 35 йилдан бери ишлайман. Бу корхонага келиб кетувчилар менга эътибор беришмайди. Фақатгина Жон эрталаб келганида ҳам мен билан кулиб саломлашади, кечқурун қайтишида ҳам менга хайрли кеч тилаб табассум билан хайрлашади. Бугун кечқурун унинг қайтганини кўрмадим. Ўзимга ўзим «бугун Жонга бирор кор-ҳол бўлган бўлса керак», деб уни қидира бошладим. Уни музлатгичдан топдим!».

Бир кишига яхшилик қилсак уни эсламайлик. Биров бизга яхшилик қилса уни унутмайлик. Бизга яхшилик қилган киши эҳтимол биздан уни қайтаришимизни умид қилмас. Аммо уни унутишимиз айб ҳисобланади.

Шунинг учун инсонларга қилган яхшилигингизни қумга ёзингки, уни шамол учириб кетсин. Кишилар сизга қилган яхшиликни тошга ёзингки, уни доимо ўқиб туриш имконингиз бўлсин!

Инсонларга ёмонлик қиладиган кишидан пасткашроқ инсон йўқ. Аммо яхшиликка ёмонлик қилувчи инсон ундан ҳам баттарроқдир. Сени қўриқлаб бедор бўлган кўзларни йиғлатишинг, сени боққан қўлларга уришинг нонкўрликдир. Сувидан ичганинг қудуқни кўмиб кетишинг, мевасидан еганинг дарахтни кесиб кетишинг нонкўрликдир. Агар сен шунақа бўлсанг сенга «семирган ит эгасини қопади», деган мақол жуда муносиб тушади.

«Оддий ва соддаларни қонун ҳимоя қилмайди», деган гап йўқ аслида. Бу қонун ўрмонда ҳукм суради, инсонларга эса тушмайди. Оддий ва содда инсонлар осон қўлга киритиладиган ўлжа эмас. Улар осонгина ютиб юбориладиган луқма эмас. Улар енгиллик билан қўлга киритиладиган фойда ёки манфаат эмас. Биз уларни тириклайин емаслигимиз керак. Улар ҳақида айтилган энг гўзал таъриф Ислом таърифидир:

«Сизлар заифларингиз сабабидан ризқланасиз!».

Ҳадисда келади: «Рукудаги қариялар, эмизикли гўдаклар, ўтлаб юрган чорвалар бўлмаганида устингиздан азоб қуйилган бўлар эди!».

Қонун оддий ва заиф инсонларни ҳимоя қилмаса кимни ҳимоя қилади?! Кучлиларнинг қонундан бошқа қуроли ҳам кўп-ку! Уларнинг ақли, моли, таниш-билиши, обрўси ва салтанати камлик қиляптими?! Энди инсонларни талон-тарож қилишлари учун қонунни ҳам уларнинг қўлига бериб қўяйликми?! Қонун ҳам кучлиларнинг қўлида бўлса улар буни заифларга қарши ишлатишади. Раҳмли бўлмаган , оддий ва содда инсонларни ажрата олмаган қонун золим қонун бўлади. Зеро, ҳукм чиқаришда кишиларнинг аҳволи ҳисобга олинмас экан, бу зулмнинг бир кўриниши бўлиб қолади.

Тавозули бўлайлик. Фақир инсонга салом беришимиз обрўйимизни тўкиб қўймайди. Оддий инсонга табассум қилишимиз баланддан бизни пастга туширмайди. Сулаймон алайҳиссаломдек буюк пайғамбар чумолига табассум қилганлар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам еттинчи осмонга чиққанлар. Ерга тушиб ковушларини ўзлари ямаганлар, кийимларига ўзлари ямоқ солганлар, қўйларини ўзлари соққанлар, елкасида бир боғ ўтин кўтариб кетаётган бир аъробийянинг ўтинини олиб кўтаришга ёрдамлашиб юборганлар. Ёш болачалар билан ҳазиллашиб ўйнаганлар. Кампирга «жаннатга кампирлар кирмайди» деб ҳазиллашганлар. Кампир ташвишга қолганида «жаннатда ёш ҳолатда кирилади», дея унинг ташвишини кетказганлар.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу Мадина кўчаларида юрганларида болачалар этакларидан тортиб «отажон, отажон», дер эди. Умар розияллоҳу анҳунинг ўзлари беваларга, уларнинг етим болаларига озиқ-овқат ташир эдилар. Ўзлари овқатни пишириб болаларга едириб, уларнинг юзида табассум жилваланганидан сўнг хотиржам уйларига қайтганлар.

Демак, буюкларгина тавозули бўлишади. Пасткашларгина ўзини катта олади, мутакаббирлик қилишади, зулм қилишади.

Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Бахт, сўзи Қуръони Каримда қуйидаги икки ўриндан бошқа ерда зикр қилинмаган.Биринчиси .У келган кунда ҳеч бир жон гапира олмас. Магар У зотнинг изни ила гапирур. давоми...

3193 08:40 / 25.07.2021
Интернетда бир маълумотни қидираётиб, қизиқ нарсага дуч келиб қолдим. Унда украиналик яҳудий олими қандай қилиб ўзининг Исломга киргани ҳақида хабар берган экан. давоми...

2596 10:00 / 25.08.2021
Уйқуга тўймаган кўзларини базўр очдию, одатдагидек қўли бош тарафида турган телефони томони узанди. .Оббо, яна ухлаб қолибманку, деди. Алламаҳалгача телефонда давоми...

1489 16:26 / 09.10.2021
Эр Асрни ўқидингми Аёл Йўқ Эр Нега Аёл Ишдан келиб толиққан эдим, бироз ухлаб олдим. Эр Яхши. Унда тургинда, аср ва шомни хуфтонга азон айтилмасдан аввал ўқиб давоми...

4972 14:00 / 14.03.2023