1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат

Агар бажарсак...

19:00 / 19.12.2021 2030 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир одам йўлда юриб кетаётиб, тиканли шохни кўриб қолибди ва уни йўлдан олиб ташлабди. Бас, Аллоҳ унга шукр айтибди ва уни мағфират қилибди», дедилар.

Сўнгра у зот:

«Шаҳидлар бештадир: вабода ўлган, қорин касаллиги билан ўлган, сувга ғарқ бўлиб ўлган, қулаган нарсанинг остида қолиб ўлган ва Аллоҳнинг йўлида шаҳид бўлганлар», дедилар. Яна:

«Агар одамлар азонда ва биринчи сафда нима борлигини билганларида, сўнгра унга қуръа ташлашдан бошқа илож топа олмаганларида, албатта, қуръа ташлаган бўлар эдилар. Агар иссиқ вақтда намозга боришда нима борлигини билганларида, кимўзарга борар эдилар. Агар Хуфтон ва Бомдод намозларида нима борлигини билганларида, уларга эмаклаб бўлса ҳам келар эдилар», дедилар».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни бир неча фазилатли, савобли ишларга тарғиб қилмоқдалар:

1. Йўлдаги кўпчиликка озор берадиган нарсани олиб ташлаш. Бу масалани иймоннинг шўъбаларини ўрганиш фаслида батафсил кўриб чиққанмиз.

Ҳадиси шариф ўтган умматлардан бир киши йўлда ётган тиканли шохни олиб ташлаб, йўловчиларни озордан сақлаганлиги учун Аллоҳ унга Ўз раҳматини юбориб, гуноҳларини мағфират қилганлиги ҳақидаги ривоят билан бошланмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу билан, агар сиз ҳам шу нарсани қилсангиз, ўша даражага эришасиз, демоқчилар.

2. «Шаҳидлар бештадир»:

а) «Вабода ўлган».

Бир юртга вабо тарқалса-ю, у ердаги одам Исломда вабо тарқалган жойдан бошқа жойга чиқиб бўлмайди, деб ўша ерда сабр қилиб туриб, ўлса, шаҳид бўлади. Чунки у одам динимиз ҳукмига амал қилди ва вабонинг бошқа томонларга тарқалмаслиги учун ҳисса қўшди.

б) «Қорин касаллиги билан ўлган».

Бу ҳам ўлимнинг киши афсус қиладиган даражадаги бир туридир. Хусусан, ўша вақтларда бу дардга нисбатан алоҳида эътибор билан қаралган бўлиши мумкин.

в) «Сувга ғарқ бўлиб ўлган».

Бу ҳам тўсатдан ва фожиали равишда келадиган ўлим эканлиги ҳаммага маълум. Шунинг учун ҳам бундай ўлим топган одам шаҳид ҳукмида бўлади.

г) «Қулаган нарсанинг остида қолиб ўлган».

Ўша вақтларда йиқилган деворнинг остида қолиб ўлиш ҳолатлари кўп бўлган. Бу ўлим ҳам чўкиб ўлиш каби тўсатдан ва фожиали бўлганлиги учун бундай ўлим топган одамга ҳам шаҳидлик ҳукми берилган.

д) «Аллоҳнинг йўлида шаҳид бўлганлар».

Булар душманларга қарши Ислом йўлидаги жангда ҳалок бўлган кишилардир. Ҳақиқий шаҳидлар шулар эканлиги ҳаммага маълум.

3. Азонга жавоб бериш ва жамоат намозида биринчи сафда туриш ўта фазилатли иш эканлиги.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ва бундан кейин келадиган ишларга бериладиган савобнинг миқдори ёки ҳажми ҳақида рақам ёки баъзи бир ўхшатишларни ишлатмаяптилар. Уларнинг қанчалик эканлигини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Лекин ҳадисда агар ўша нарсаларга бериладиган савобнинг ҳақиқатини бандалар билиб қолсалар, нима қилишлари васф этилмоқда.

«Агар одамлар азонда ва биринчи сафда нима борлигини билганларида, сўнгра қуръа ташлашдан бошқа илож топа олмаганларида, албатта, қуръа ташлаган бўлар эдилар».

Одатда одамлар ичида бирор нарсага ниҳоятда катта қизиқиш бўлганда, ўша нарсага эришишни ҳамма баробар истаганда иш қуръа ташлаш йўли билан ҳал қилинади.

Азон ва жамоат намозида биринчи сафда туриш ана шундай катта қизиқиш билан талпинишимиз лозим бўлган ишлардан экан.

Ҳар бир мусулмон бор имконини ишга солиб, ҳатто қуръа ташлаб бўлса ҳам бу нарсага эришишга ҳаракат қилмоғи лозим.

4. «Агар иссиқ вақтда намозга боришда нима борлигини билганларида, кимўзарга борар эдилар».

Бу намоздан мақсад Пешин намозидир. Чунки у энг иссиқ пайтда ўқилади. Демак, бу намозни жамоат билан ўқиш ҳам улуғ савобга сабаб бўлар экан.

Агар одамлар бу намозни жамоат билан ўқиган одам учун бериладиган савобнинг ҳақиқатини англаб етсалар, унга бошқалардан олдинроқ бориб, ўша савобга эришишга интилар эканлар.

5. «Агар Хуфтон ва Бомдод намозларида нима борлигини билганларида, уларга эмаклаб бўлса ҳам келар эдилар».

Бу васф ҳам мазкур икки намозни жамоат билан ўқиган кишиларга бериладиган савобнинг нақадар улкан эканлигини кўрсатиб турибди.

Демак, ҳар биримиз намозларни жамоат билан ўқишга, жамоат намозида биринчи сафда туришга ҳаракат қилишимиз лозим.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. Мутталиб ибн Абу Вадоъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Усмон ибн Мазъун вафот қилганида жанозасини олиб чиқиб, дафн қилинди. давоми...

1656 15:38 / 21 октябрь
. Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Йўлларда ўтиришдан сақланинг,, дедилар. .Эй давоми...

5535 15:03 / 22.01.2019
Бир мусулмон вафот этса, қолган мусулмонлардан унинг вафотини билганларга тўрт нарса кифоя тарзида фарз бўлади. Яъни, ўша нарсаларни улардан баъзилари адо этса, давоми...

1268 11:58 / 03 сентябрь
. .Усайд ибн Зуҳайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Қубо масжидидаги намоз худди умра кабидир,, дедилар,.Термизий давоми...

2126 14:45 / 18.04.2021