1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг одоблари барчамизга ўрнакдир!

12:00 / 03.12.2021 1862 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Мадинада туғилиб, ўша ерда вафот этганлар. У ердан ташқарига чиқмаганлар. Шунинг учун у кишини «Мадина аҳлининг фақиҳи» дейилади. У киши моликий мазҳабининг асосчисидирлар.

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зоти бобаракотнинг ҳадиси шарифларига нисбатан жуда юксак одоб билан муомала қилардилар.

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ шундай дер эдилар «Тунамаган бирор кечам йўқки, унда (тушимда) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрмаган бўлсам».

Абу Нуъайм ривоятлари.

Абдурроҳман ибн Маҳдий айтади: «Молик ибн Анасдан кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига нисбатан омонатдор киши қолмади». Марвазий ривоятлари.

Ибн Халликон раҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Вафоёт» ларида шундай зикр қилганлар: «Имом Молик раҳимаҳуллоҳ заиф ва ёшлари катта бўлишига қарамай Мадинада уловга минмас эдилар ва «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг (муборак) жасадлари дафн этилган шаҳарда уловга минмайман», дердилар».

Мадинанинг қозиси бўлган Иброҳим ибн Қарийм Ансорий дедилар: «Молик ибн Анас ҳадис айтаётган Ибн Абу Ҳозимнинг ёнидан тўхтамай ўтиб кетдилар. У кишига «Нега ўтирмадингиз?» дейилганда, у зот «Ўтиргани жой тополмадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини тик туриб олишни ёқтирмайман» дедилар».

Абу Нуъайм ва Марвазийлар ривоят қилишган: «У зот йўлда тик турган ҳолда ёки шошиб кетаётганларида ҳадис айтишни ёқтирмасдилар. У киши «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан айтилаётган ҳадисларни пухта тушунишни ёқтираман» дедилар. Агар ҳадис айтиш учун ўтирмоқчи бўлсалар, намозга таҳорат олгандек таҳорат олиб, энг чиройли либосларини кийиб, хушбўйлик сепиб, соқолларини тарардилар. У кишига бу ҳақида айтилганда, Бу билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларининг ҳурматини жойига қўяман« деганлар. Абу Нуъайм ва Суютий ривоят қилишган. 

Ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Моликнинг ҳузурларида эдим. У киши бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини айтиб бераётган эдилар. У кишини 16 марта чаён чақди. Ранглари ўзгариб, юзлари сарғайди, аммо ҳадисни тўхтатмадилар. Одамлар у кишининг олдиларидан тарқалгач, «Бугун сизда ажойиб нарсаларни кўрдим» десам, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг ҳурматидан сабр қилдим» дедилар». Ибн Асокир ривоятлари.

Абдурроҳман ибн Маҳдий раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Молик ибн Анасдан ҳадис айтиб беришларини сўрадим. У киши тик тургандилар, менга ҳадис айтиб беришга унамадилар. Қачонки ўтирганларида «Эй фалончи, мендан тик турганимда ҳадис сўрагандинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини тик турган ҳолимда айтиб беришни ёқтирмадим» дедилар».

Абул Фазл Муқрий ривоят қилганлар. 

Мусъаб ибн Абдуллоҳ шундай деган: «Молик раҳимаҳуллоҳ агар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинсалар, ранглари ўзгариб, эгилиб қолардилар. Ҳатто бу ҳол бирга ўтирганларга оғир келарди. Бир куни у кишига шу ҳақида айтилди. Шунда у зот “Агар мен кўрган нарсани кўрганингизда, мендан кўрган нарсангиз учун мени койимасдингиз. Муҳаммад ибн Мункадирни кўрардим. У қориларнинг саййиди эди. Ундан деярли ҳадис сўраёлмасдик. Агар сўрагудек бўлсак, шундай йиғлардики, унга раҳмимиз келарди. Жаъфар Содиқни кўрардим. Сермутойиба ва сертабассум киши эди. Агар унинг олдида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинсалар, ранги сарғайиб кетарди. Мен уни фақат таҳоратли ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини айтаётганини кўрганман. Абдурроҳман ибн Қосим Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни зикр қиларди. Юзининг рангига назар солинса, юзидан қон томаётгандек бўларди (қизариб кетарди). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳайбатларидан оғзидаги тили қуриб қоларди. Омир ибн Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг олдига боргандим. Агар унинг олдида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинсалар, йиғлайвериб, кўзларида ёш қолмасди. Зуҳрийни кўрдим. Одамларга киришимли, тез улфат бўладиган киши эди. Агар унинг ёнида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинсалар, гўё у сени, сен уни танимайдигандек кишига айланиб қоларди. Сафвон ибн Сулаймнинг олдига боргандим. У обид, мужтаҳид киши эди. Агар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинсалар, йиғларди. Тўхтамай йиғлайверганидан одамлар унинг олдидан туриб кетардилар», дедилар».

Молик раҳимаҳуллоҳнинг дарсларига келадиганлар кўпайгач, у кишига «Одамларга баланд овозда етказиб турадиган кишини тайинласангиз бўларди» дейилди. Шунда у киши: «Аллоҳ таоло «Эй иймон келтирганлар! Овозингизни Набийнинг овозидан юқори кўтарманг», деб марҳамат қилган. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳурматлари тирикликларида ҳам, вафотларидан кейин ҳам жойига қўйилади» дедилар».

Заиф санад билан қилинган ривоятда келтирилишича, халифа Абу Жаъфар Имом Молик билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида мунозара қилиб, овозини баланд кўтарди. Шунда Молик унга: «Эй мўминларнинг амири, бу масжидда овозингизни баланд кўтарманг! Чунки Аллоҳ таоло бир қавмга одобни таълим бериб, танбеҳ бериб: «Эй иймон келтирганлар! Овозингизни Набийнинг овозидан юқори кўтарманг ва унга бир-бирингиз ила сўзлашгандек, баланд сўзламанг, ўзингиз сезмаган ҳолда амалларингиз ҳабата бўлиб қолмасин» деган бўлса, бир қавмни мақтаб «Албатта, Расулуллоҳнинг ҳузурида овозларини пастлатганлар – ана ўшалар Аллоҳ қалбларини тақво учун имтиҳон қилган зотлардир. Уларга мағфират ва буюк ажр бор» деб марҳамат қилган. У зот алайҳиссаломнинг вафотларидан кейинги ҳурматлари худди тирикликларидаги ҳурматлари кабидир» дедилар. Абу Жаъфар жим бўлди. Қози Иёз ривоятлари. 

Улуғ мужтаҳид, мазҳаббоши, фақиҳ, муҳаддис Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва ҳадиси шарифларга нисбатан одоблари ана шундай эди. Бизчи?! Биз ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари зикр қилинса, бирор ҳадис тилга олинса, шундай аҳволда бўламизми ёки бошқачами?!

Афсуски, баъзи ўринларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларини тўлиқ айтмай, чала айтиб қўямиз, салавотнинг ярмини «ютиб юборамиз». Ҳадисларни ҳам ёнбошлаб айтиб қўядиганлар бор. Исмларини ҳам, салавотни ҳам шошмасдан, дона-дона қилиб айтишга, ҳадиснинг саҳиҳлигини текшириб, одоб билан айтишга одатланайлик!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўришда, у зоти бобаракотга нисбатан одоб кўрсатишда, ҳадисларни айтишда саҳобалардан, салафи солиҳлардан, жумладан, Имом Молик раҳимаҳуллоҳдан ўрнак олайлик!

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу жумлалар азиз сиймони хотирга олиб, ўша кунларга хаёлан яна бир бора қайтиш мақсадида ёзилмади. Зотан кечаги куннинг эмас, доимо бугуннинг, воқеъликнинг давоми...

5977 13:42 / 12.03.2018
Фиқҳий масалалар бўйича машҳур, маъруф ва мўътараф бўлган тўрт мазҳаб ndash ҳанафий, шофеъий, моликий ва ҳанбалий мазҳаблари ҳақ эканлигига, уларга эргашиш давоми...

4712 16:30 / 04.04.2017
Зиёрат рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида ўзбек қориларидан бири бўлмиш Раҳматуллоҳ қори Обидовнинг уйларига ташриф буюрдик.Раҳматуллоҳ қори давоми...

26836 13:24 / 24.01.2018
Ҳофиз, илм талабида юрт кезган, фақиҳ Абу Мутиъ Макҳул ибн Фазл Насафий. Зуҳд ва одобга оид .АлЛуълуийёт, .Маржонлар, китобининг муаллифи.Довуд Зоҳирий, Абу Исо давоми...

1858 09:00 / 23.08.2021
Аудиолар

137643 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7544 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57711 14:35 / 11.08.2021