1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Миср шайхлари фоизни жоиз деганми?

11:00 / 21.11.2021 3646 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бизнинг кунларда бошқа, янада оддий рибонинг таснифлари кенг тарқалган: ссуда рибоси (рибо ал-дуйун) ва савдо рибоси (рибо ал-буйу).

Ссуда рибоси насия рибосининг икки шаклини ўз ичига олади. Савдо рибоси эса насия рибосини ҳам, фазл рибосини ўз ичига олади. Масалан, кимдир арпанинг бир килограммини бошқа миқдордаги арпага алмаштирса ва алмаштириш кечиктирилса, у ҳолда насия рибоси ҳақида сўз бораётганини англаш мумкин. Агар биров бир килограмм арпани алмаштириш натижасида бир килограмм юз грамм арпага эга бўлса, у ҳолда бизнинг олдимизда фазл рибоси гавдаланади. Рибонинг мана шу икки шакли бир сотиш битимида ҳам мавжуд бўлиши мумкин. Масалан, кимдир бир килограмм арпани 1 кг 100 гр. арпага алмаштирса ва бу миқдорни бирданига эмас, бўлиб-бўлиб олса.

Лекин рибони тақиқловчи Қуръондаги амрлар ва ҳадислар судхўрлик билан боғлиқ барча масалаларни бартараф этди, дея олмаймиз. Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг вафотларидан кейин саҳобалар айрим амалиётларнинг судхўрлик тоифасига тушиши ёки тушмаслиги тўғрисида якуний жавобни айта олмадилар. Масалан, тилло тақинчоқларга тўлов сифатида тилло тангалар ёки ёмбиларни олиш мумкинми ва тилло тангалар тилло тақинчоқлар вазнича оғирликка эга бўлиши керакми? Фазл рибоси фақат ҳадисда келтириб ўтилган олти хил маҳсулотга (тилло, кумуш, буғдой, арпа, хурмо ва туз) тадбиқ этиладими ёки бошқа маҳсулотларга ҳам тегишлими?

Шундай бўлсада, ер шарининг турли бурчакларида бартер битимларидан барча баҳраманд бўлиб турганида, рибога нисбатан қуръоний тақиқни талқин этишда Янги асрдаги асосий муаммо қуйидагича кўриниш олади: ҳар қандай ссуда фоизини судхўрлик сифатида кўриб чиқиш мумкинми?

Бутун XX аср давомида ушбу масала бўйича мунозаралар тинмади - мусулмон дунёси олдида ечилиши лозим бўлган қуйидаги савол турар эди: судхўрликка нисбатан жорий этилган исломий тақиқ нуқтаи-назаридан дунёнинг ҳали у ерида, ҳали бу ерида таъсис этилаётган кўп сонли банклар ва бошқа молиявий муассасалар билан нима қилса бўлади? Мусулмонлар бундай ташкилотлар билан шартномалар тузишлари мумкинми ёки қандай қилиб улар фаолиятида иштирок этиш мумкин?

Кейинчалик бутун XX аср давомида мисрлик диндорлар, шунингдек, Ал-Азҳарнинг ректорлари (Маҳмуд Шалтут ва бошқалар) судхўрлик масаласи бўйича бир қанча баёнотларни бердилар ва қоидага кўра, фоиз амалиётларнинг айримларини жоиз деб эълон қилдилар. Масалан, машҳур мусулмон фиқҳшуноси Абдураззоқ Санҳурий муаллифлик қилган ва 1949 йилда қабул қилинган Миср Фуқаролик Кодекси кўплаб мунозараларга сабаб бўлди. Фуқаролик Кодекси муаллифи шариат тарафдори бўлишига қарамай, анъанавий қарз шартномаларига бағишланган моддалар[1] мазкур қонунга киритилди.

2002 йили исломий тадқиқотлар Академияси раҳбари ва Ал-Азҳар шайхи Муҳаммад Саййид Тантовий раислигидаги машҳур фатво янги юз йилликда кўплаб шов-шувларга сабаб бўлди, унга кўра маблағларни қўйиш ва улар бўйича фоизлар олиш шариат нуқтаи-назаридан жоиз деб эълон қилинди (20 овоз – ҳа, 1 овоз –қарши). Ушбу фатво “Араб Бэнкинг Корпорейшн” директорлар кенгаши раисининг сўрови бўйича, корпорациянинг мижозлар маблағларини жалб этиш ва улар бўйича ўрнатилган муддатларда фоиз тўлаш[2] бўйича амалиёти шариатга мувофиқ келиши нуқтаи-назаридан қабул қилинган эди.

Тантовийнинг фикрича, ташкилот мижозлар маблағларини ўзида йиғади ва кейинчалик уларни инвестиция қилиш орқали агентлик вазифаларини бажаради. Шундай қилиб у, корпорация ва унинг мижозлари ўртасида вужудга келадиган муносабатларни музораба шартномасининг бир шакли сифатида эътироф этди. Бошқача сўз билан айтганда, Тантовий музораба ва судхўрлик унсурларини ўзида акс эттирган шартномалар ўртасига тенглик белгисини қўйган биринчи киши эмас эди. Мисрлик фиқҳшунос Абдулваҳҳоб Ҳаллаф ҳам музораба исломий шартномасини анъанавий ҳаётни суғурталаш шартномасига ўхшатган эди. Олимнинг фикрича, суғурта шартномасида худди музораба шартномаси каби суғурта қилдирувчи ўз капиталини киритади, суғурта компанияси эса - ўз меҳнати билан иштирок этади.

Ал-Азҳарнинг 2002 йилдаги фатвоси мусулмон дунёсининг турли қисмларида фиқҳшунослар ва диндорлар томонидан расман ва моҳияти бўйича кескин, аммо адолатли танқид остига олинди. Расмиятчилик нуқтаи-назаридан олиб қараганда ҳам бундай муҳим қарорлар обрўли мусулмон олимларининг (нафақат мисрлик) ижмоси (консенсус) ила қабул қилиниши лозим. Фатво танқидчилари фатвони муҳокама қилган Академия аъзолари орасида етарли билимга эга бўлганлар йўқлигига ишора қилганлар. Масалан, дунёнинг турли нуқталарида жойлашган бир қатор исломий банклар Шариат кузатув кенгашлари аъзоси бўлган покистонлик олим Тақий Усмоний фатво эълон қилинганидан кейин шундай баёнот берди: “ Ҳозирги пайтда Академия шариат бўйича етарли билимга эга фиқҳшуносларни ўз ичига олмаган... Айрим номаълум шахслар томонидан баён этилган мазкур чекланган мулоҳазалар юз йиллардан бери уммат риоя этиб келган мавқени рад этиши мумкин эмас[3].

Масаланинг моҳиятига қарайдиган бўлсак, бунда банк омонати шартномасини музораба шартномасига ўхшатиш танқид остига олинган. Музорабанинг банк омонати шартномасидан фарқ қилувчи асосий жиҳати – капитални бошқарувчи ва инвестор ўртасида хатарни тақсимланишидир, шунинг билан бирга банк омонати шартномасида омонатчи ўз капитали билан хатарга дуч келмайди ва аввалдан келишилган фойда олишни кутади.

Бундан бир неча йиллар аввал, Миср Бош муфтийси лавозимида бўлган Тантовий 1989 йилда “Айрим банк амалиётлари тўғрисида”ги фатвони чоп эттирди. Ушбу қарорни қабул қилиш вақтида муфтий Миср Миллий банки Бошқарувининг раиси, яъни шариат бўйича мутахассис билан эмас, дунёвий банкир билан маслаҳатлашди. Ўзининг юқори лавозимдаги банк менежери ёрдамига мурожаат этиши сабабини у қуйидагича изоҳлади: “Анбиё” сурасининг 7-оятини шарҳлар экан, муфтий “аҳл аз-зикр” деганда илмнинг ҳар қандай тармоғидаги ҳар қандай мутахассис тушунилишини хулоса қилди[4]. Шундай қилиб, малакали банкирга мурожаат этиш Тантовийнинг фикрича мантиққа мувофиқ келар эди, чунки банкда бир неча йиллар ишлаган киши банк амалиётларини диний олимга нисбатан яхшироқ тушунади.

Муфтий банк бошқаруви раиси олдига, инвестицион сертификатлар моҳияти ҳамда улар эгалари (сертификат ушловчилар) ва банк ўртасидаги ўзаро муносабатлар механизми моҳиятига тегишли тўртта саволни қўйди. Фатвода сўз юритилган инвестицион сертификатлар (шаҳодат ал-истисмор) ўзида ҳукумат облигацияларини акс эттириб, уларни жойлаштириш Миср банклари томонидан кафолотланган эди. 1989 йилнинг апрелида Миср Миллий банки 4 млрд. миср фунти миқдоридаги сертификатларни муомалага чиқарди.

Менежернинг жавобини олган Тантовий ўзидан аввалгиларнинг хулосалари билан ўз мавқеини мустаҳкамлашга қарор қилди. Юқорида айтиб ўтилганидек, бутун XX аср давомида мисрлик илоҳиётчилар бир неча бор рибо муаммосини муҳокама этган эдилар. Инвестицион сертификатлар тўғрисидаги масала ҳам уларнинг эътиборидан четда қолмади. Тўрт сунний мазҳаб вакиллари - мусулмон фиқҳшуносларидан иборат қўмитанинг 1976 йилги йиғилишида кўпчилик овоз билан инвестицион сертификатлар шариат нуқтаи-назаридан қонуний деб эътироф этилди. Бундан ташқари, Тантовий Ал-Азҳар Бош шайхи (1958-1963) Маҳмуд Шалтутнинг қарашлари ва далилларига таянди, у фатволардан бирида Миср Жамғарма фонди томонидан сертификатлар бўйича битимларда фоиз тўланишини жоиз деб эътироф этган эди. Шалтут жалб этилган маблағлар фонднинг омонатчилар олдидаги қарзи эмас деб ҳисоблади. Худди шу тарзда Тантовий ҳам инвестицион сертификатларнинг ижтимоий мавқеи муҳимлигини таъкидлаган ҳолда, уларни қарз сифатида эмас, балки омонат сифатида баҳолади. 1990 йилги таҳрирдаги Тантовийнинг фатвосида сертификат эгалари давлатнинг муҳим, ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларини ривожлантириш учун ёрдам беришлари қайд этилган эди.

Лекин ўз далилларининг беқарорлигини тушунган муфтий Миллий банкка сетификатлар билан амалиётларда ишлатиладиган атамашуносликни ўзгартиришни таклиф этди. Масалан у банкни, кўпчиликнинг назарида фоиз тушунчасини ифодалайдиган “фойда[5] (арабча – манфаат, қизиқиш) сўзини бетарафроқ “рибҳ истисморий” (инвестицион фойда) атамаси билан алмаштиришга чақирди.

Тантовийнинг фатвоси Миср маъмурларининг исломий молиявий муассасалар таъсирини йўқотишга қаратилган сиёсатининг бир қисми эди. Миср муфтийси фатвосидан бир йил аввал исломий молиявий муассасалар обрўсига катта путур етказилди: 1988 йилнинг 6 июнида қонун қабул қилинди, унга мувофиқ мамлакатда фаолият юритаётган исломий инвестиция компаниялари ўз амалиётлари тўғрисида назорат қилувчи органларга ҳисобот тақдим этиши белгилаб қўйилди. 1980-йиллар ўрталарига келиб сони 100 дан ошган исломий инвестиция компаниялари авваллари нафақат исломий, балки анъанавий банкларга[6] ҳам жиддий рақобат туғдирар ва давлат томонидан назоратга олинмаган эди.

Ўша йили қарийб 1 млрд. долларни назорат қилувчи “Ар-Райан” исломий инвестицион компанияси билан боғлиқ можаролар ушбу қонунни қабул қилинишига олиб келган эди. Компания раиси истеъфога чиқди, раҳбариятнинг бошқа бир аъзоси ноқонуний импорт амалиётлари билан айбланиб қамоққа олинди. Кўп ўтмай компания ўз фаолиятини тўхтатди.

Мисрдан ташқари Ҳиндистонда ҳам ссуда фоизини легаллаштириш тарафдори бўлган кучли ислоҳотчилар оқими юзага чиқди. Фоизни оқлаш фаол тарафдорларидан бири мусулмон ислоҳотчиси Аҳмад Хон (1817-1898) эди. 1860-йилларда ҳинд мусулмонлари тоифасига мансуб кишилар ҳинд ва инглиз банклари ҳиссадорлари бўлдилар ва уларнинг бошқарувига кирдилар. Исмоилий хожалар[7] фақат ўз динидагиларга пулни фоиз эвазига бериш ман этилган деб ҳисоблар эдилар.

Усмонийлар салтанатида тижорат банклари пайдо бўлиши учун нақд вақфлар[8] деб ташкил этилган вақфлар туфайли яхшигина замин яратилган эди, уларнинг анъанавий вақфлардан фарқи шуки, вақфга берилган пуллар қоидага кўра фоиз асосида жойлаштирилган. Вақфлар капитални сақлаш кафолотини берган ва бенефициарлар фойдасига ишлаган.

Лекин айрим фиқҳшуносларнинг турли воситалар ёрдамида судхўрликни легаллаштиришга уринишларига қарамай, аксарият мусулмон ҳуқуқшунослари замонавий дунёда ҳар қандай ссуда фоизи ман этилганлиги мавқеида мустаҳкам турадилар. Уларнинг қарашларини жамлаб, Ислом фиқҳи Академиясининг шаклланган фатволаридаги қуйидаги низомларни қайд этиш мумкин:

1. Кредит миқдорининг ҳар қандай кўпайиши ёки агар қарздор қарз берувчига белгиланган муддат давомида ҳисоб-китобни амалга оширмаган тақдирда, тўловни узайтириш ҳисобига қарздорлик бўйича ссуда фоизини ҳисоблаш, шунингдек қайтариладиган миқдорни ошириш тўғрисида ёки кредит шартномаси тузилаётган пайтда ссуда фоизини киритиш тўғрисида келишув шариат тарафидан ман қилинган судхўрлик фоизининг икки шакли ҳисобланади.

2. Банк омонатлари улар бўйича ўтказиладиган банк амалиётлари хусусиятидан келиб чиқиб икки шаклга бўлинади:

- моҳиятига кўра, ўзида судхўрлик кредитлари (рибо)ни акс эттирувчи омонатлар бўйича банкларда фоиз ҳисоблашнинг турлари: талаб қилиб олгунча омонатлар (жорий ҳисоб варақлар); муддатли омонатлар; олдиндан хабар берилиб тўланадиган омонатлар; жамғарма омонатлар.

- фойда олиш мақсадида маблағларни инвестиция қилиш бўйича шариат низомларига амал қилувчи банкларга жойлаштирилган омонатлар. Омонатларнинг ушбу тури ишонч асосида инвестиция (музораба) қилиш учун йўналтирилган маблағларни ўзида акс эттиради. Уларга нисбатан капитални биргаликда инвестиция қилиш бўйича амалиётларга тегишли мусулмон фиқҳи қоидалари тадбиқ этилади.

3. Кредитларни расмийлаштириш ва улар бўйича хизмат кўрсатиш учун тўловлар ушбу хизматларга қилинган ҳақиқатда қилинган харажатларга мувофиқ келиши лозим. Чунки бу шариат томонидан ман этилган судхўрлик фоизи (рибо) тушунчаси таъсирига тушади.

4. Қоғоз пуллар қонуний тўлов воситаси ҳисобланади ва тўлақонли қиймат ифодасига эгадир. Уларга нисбатан тилла ва кумуш, судхўрлик фоизи (рибо), закот, бўнакли молиялаштириш (салам) ва бошқа амалиётлар тўғрисидаги шариат меъёрлари жорий этилади.

5. Агар қарздор тўловни ўз муддатида тўлашни кечиктирган тақдирда ҳам, олдиндан келишилган ёки келишилмаган бўлсада, қарздорни шу билан боғлиқ қандайдир тарзда жарима (пеня)лар тўлашга мажбур қилишга рухсат этилмайди.

6. Қопламаси йўқ кредит карталарни чиқариш ва улардан фойдаланишга рухсат этилади, магарки, уларга хизмат кўрсатиш тақдим этилган кредитлар миқдори бўйича фоизлар ҳисоблаш билан боғлиқ бўлмаса. Бу ерда эмитент (кредит картани чиқарувчи) картани чиқариш ва уни қайта тиклаш учун мижоздан белгиланган тўловни (уни мижозга кўрсатилган хизмат учун олинадиган тўлов сифатида кўриб чиқиш лозим) олиши, сотувчилардан унинг мижозлари томонидан сотиб олинган маҳсулотлар ва хизматлар учун комиссия олиши (бу ерда уларнинг қиймати нақд пуллар билан тўловдаги баҳо ила тенг бўлиши шарт қилинади) мумкин.

Транзакцияларнинг қандай шакллари рибонинг қуръоний тақиқига тушиши масаласида маълум бир ягона таснифга келинган бўлсада, замонавий мусулмон фиқҳшунослари орасида исломий молиявий муассасалар ишлатадиган айрим шартномаларнинг шариатга мувофиқлиги бўйича тафовутлар сақланиб турибди. Масалан, муробаҳа шартномалари кўплаб тортишувларга сабаб бўлди. Аксарият мусулмон фиқҳшунослари расман мазкур шартномани шариатга зид эмаслигини тан оладилар. Лекин бутун дунёдаги исломий молиявий муассасалар томонидан бошқа шартномалар манфаатига зид равишда фақат муробаҳа хизмати кўрсатишни афзал деб билиш, исломий молиялар назариётчи ва амалиётчиларини мазкур шартноманинг қўлланишини чеклаш бўйича чоралар кўришга мажбур этмоқда. Бунда муробаҳа шартномаси моҳиятининг ўзи эътибордан четда қолмаслиги шарт.

Сўнгги йилларда икки ёқлама стандартлардан воз кечиш ва ашёларни ўз номи билан аташга чақириқ билан чиқаётган муаллифларнинг тадқиқотлари пайдо бўлди. Бошқача айтганда, олди-сотди шартномаларидаги келишилган (орттирилган) баҳолар бўйича белгиланган фоиз олишни араб атамалари (муробаҳа) билан яширишни бас қилиш ва маҳсулотларни бўлиб тўлашга устама билан сотиш каби олди-сотди шартномаларидаги фоизни шариат нуқтаи-назаридан жоиз ҳисоблашни тан олиш таклиф этилмоқда.

Атамалар ҳақида масала ўта муҳим аҳамиятга эга. Аксарият мусулмон ҳуқуқшунослари ўзларига маълум ва тушунарли бўлган шариат атамашунослиги[9]дан фойдаланишни афзал деб биладилар. Шу билан бир вақтда ғарблик тадқиқотчилар мумкин қадар атамашуносликни универсаллаштиришга ҳаракат қиладилар.

Лекин бизнинг кунларда диндор кишига ҳам мантиқ нуқтаи-назаридан бекаму-кўст диний-фиқҳий хулосаларнинг ўзи ҳам етарли эмас. Замонавий инсон Қуръон оятлари ва ҳадислардаги аксарият тақиқларнинг мулоҳазакор изоҳларини талаб қилади. Шунинг учун охирги йилларда мусулмон фиқҳшунослари фатволарида ссуда фоизини ман этишни кўзлаган кўплаб мулоҳазали далиллар пайдо бўлмоқда.

Манба: «Ислом иқтисодий модели ва замон»

Муаллиф: Ренат Беккин.

Таржимон: Ботирхўжа Жўраев

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 5 февралдаги 586-хулосаси асосида тайёрланган.

[1] Мисрнинг Фуқаролик Кодекси бир неча бор мусулмон фиқҳшунослар томонидан танқидга учраган. Масалан, 1985 йилда Миср Олий суди ФКининг 2. 2. 6-моддасининг конституциявийлиги масаласини кўриб чиққан, унга кўра қарздор тарафидан олинган қарз ўз муддатида қайтарилмаса, унга белгиланган ставка шаклида жарима қўлланилади. Даъвогар сифатида иштирок этган Ал-Азҳарнинг ректори Миср Конституциясининг 2-моддасига таянган, унда мамлакат қонунчилигининг бош манбаи – шариат эканлиги айтиб ўтилган. Лекин ФКининг 2. 2. 6-моддаси барибир бекор қилинмади.

[2] Савол муаллифи албатта “фоиз” сўзи ўрнига “даромад” сўзини ишлатган.

[3] Mufti Taqi Usmani. Al-Azhar Fatwa Declaring Interest Permisssible. // www. albalagh. net/qa/azhar_fatwa_interest. shtml

[4] Тантовий томонидан банк ва омонатчи ўртасидаги муносабатни принципиал ва агент ўртасидаги муносабатларга ўхшатишни танқид қилган ёрқин фатволардан бири Қатардаги Ислом фиҳқи академиясининг фатвоси ҳисобланади. Фатвонинг инглиз тилидаги матни билан www. ruf. rice. edu/elgamal/files/interest. pdf манзилида танишиш мумкин.

[5] Шуни эсда тутиш лозимки, “фойда” сўзи мусулмон фиқҳида араб адабий тилига нисбатан чекланган маънога эга.

[6] Исломий инвестиция компаниялари жамоат транспорти, озиқ-овқат саноати, автотранспорт савдоси соҳаларида давлатнинг монополиясини сезиларли тарзда заифлаштирди.

[7] Исмоилий хожалар - ҳинд исмоилий-низарийлар жамоаси.

[8] Вақф – мусулмон фиқҳига мувофиқ таъсисчиси томонидан диний ёки хайрия мақсадларига бағишланган мулк.

[9] Ислом фиқҳи академиясининг 96 (4/10) –қарорида хусусан, шундай тавсия берилади: “Шариатга мувофиқ келадиган атамаларга афзаллик берилсин, шу орқали уларнинг сўздаги шакли ва маъноси уйғунлашиши ҳамда шариат қоидаларини тўғри қўлланиши таъминланади. Замонавий иқтисодий атамаларнинг маъносига аниқлик киритиш орқали атамалар мусулмон жамияти (уммат)нинг тарихий мероси ва шариатнинг асоси ҳисобланган мусулмон фиқҳи таърифлари билан мувофиқликка олиб келинади”.

Манба: azon.uz

Манба
Azon.uz
Мавзуга оид мақолалар
Куфа бозорини айланган ҳазрат Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу бир сотувчининг олдида тўхтадилар Бу зирҳ совутни кимдан ва қаердан олдингиз дедилар. Бу менга давоми...

3217 09:13 / 10 февраль
Масала Балоғатга етмаган болалар нисобга етадиган молни мерос сифатида олсалар, ўз номларидан қурбонлик қилишлари вожиб бўлмайди 41. Масала Қурбонлик қилишда давоми...

19225 09:00 / 04 июнь
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шайтонни душман эканини, уни Ўз раҳматидан узоқлаштирганини эълон қилган. Барчамиз Роббимиздан бизни раҳматидан узоқ қилмаслигини давоми...

1355 11:00 / 23.05.2023
4533 r .4533. Юсайра розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни аёлларни такбир, тақдис ва таҳлилга риоя қилишга ва уларни давоми...

43495 16:35 / 04.11.2017