1446 йил 30 рабиъус сони | 2024 йил 02 ноябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Бу ҳам Қуръонми? (тўртинчи мақола)

13:00 / 19.11.2021 2733 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Доктор Манноъ Қаттон ўзининг «Қуръон илмлари ҳақида тадқиқотлар» китобида жумладан шундай деган: «Қуръонни мусҳафда маълум бўлган Усмоний расмга мувофиқ ёзиш лозим, зеро у Ислом уммати Усмон розияллоҳу анҳунинг замонасидан бери авлоддан авлодга мерос қилиб олаётган истилоҳий расмдир. Уни муҳофаза қилиш Қуръоннинг ҳарфларини ўзгартириш ва алмаштиришдан сақлашда энг кучли кафолатдир. Агар уни ҳар бир давр хат қоидасида ёзишга рухсат берилса, бу ‒ мусҳаф хатининг бир асрдан иккинчи асрга ўтишда ўзгариш топишига олиб келади. Балки имло қоидалари бир даврнинг ўзида турлича бўлиши, баъзи сўзлар бир шаҳарда бошқача, иккинчи шаҳарда бошқача ёзилиши ҳам мумкин».

Қувайт фиқҳий қомусида бу борада жумладан қуйидагиларни ўқиймиз: «Аллоҳ таолонинг Каломида ҳар қандай ўзгартириш, алмаштиришнинг олдини олиш учун уммат уламоларининг жумҳури Усмон мусҳафи ёзувидаги расмга ҳеч бир ўзгартиришсиз қатъий риоя қилганлар, кейинги даврларда имло қоидалари канчалик ўзгарса ҳам».

Уламолар Қуръони Каримни Усмон мусҳафи расмига мувофиқ ёзиш вожиблигига қуйидаги далилларни ҳужжат қилиб келтирадилар:

1. Расмнинг тавқифийлиги. Жумҳур уламолар Қуръони Каримнинг хати ҳам тавқифий, яъни ваҳий ишораси билан ёзилган, дейдилар ва бунга керагича далилларни келтирадилар. Демак, Аллоҳ таоло Ўз Каломини махсус кайфиятда қироат қилишни амр қилганидек, уни маълум суратда ёзишни ҳам жорий қилган. Бинобарин, Қуръонни ўша махсус кайфиятда ўқиш вожиб бўлгани каби уни маълум суратда ёзиш лозим бўлади.

(Баъзи уламолар расмнинг тавқифийлигига хилоф қилсалар­да, тавқифийлигини айтган олмиларнинг ҳам далилари кучли ҳисобланади.)

2. Тақририй суннат. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваҳийни ёзиб турадиган котиблари бор бўлиб, улар оятларни Набий алайҳиссаломнинг кўз ўнгиларида ёзишар эди, у зот уни кузатиб турар, хато қилсалар тўғирлатар эдилар. Шунинг учун ҳам саҳобаи киромлар Абу Бакр даврларида Қуръонни жамлашда оятларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ёзилган бўлишини шарт қилганлар.

Имом Табарий ва Ҳокимлар Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: У киши: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ваҳийни ёзиб турардим, у киши эса менга имло қилиб турардилар. Қачонки фориғ бўлсам: «Уни ўқи», дердилар, мен ўқирдим, агар унда бирор нарса тушуб қолган бўлса, тўғрилатар эдилар», деганлар.

Маълумки, Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбарлик даврлари бевосита илоҳий назорат остида бўлган. Бинобарин, ўша вақтда агар Қуръонга лафзда ёки ёзувда бирор халал етгудек бўлса, шубҳасиз, бу – ваҳий билан тузатилиши табиий эди. Демак, расм Аллоҳ ва Унинг Расули рози бўлган, қарор топтирган ёзув ҳисобланади. Қуръони Каримни ёзиш учун бундан устун, ишончли ёзув бўлмаслиги аниқ. Бу билан тақририй суннат собит бўлади ва унга эргашиш эса лозимдир.

3. Саҳобалар ижмоъи. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг даврларида мазкур тарқоқ ёзувлардан нусха кўчириш билан Қуръонни икки муқова орасига жамлаганларида юзлаб, балки минглаб саҳобаи киромлар бевосита иштирок ва иттифоқ этганлар. Кейинроқ Усмон розияллоҳу анҳу ундан нусхалар олганларида ўн икки минг саҳобий унга ижмоъ қилганлар. Саҳобаи киромларнинг илм ва тақводаги даражаларидан маълумки, улар ҳеч қачон, оддий юриш-туришда ҳам суннатни тутган ҳолларида, Исломнинг асоси бўлган Қуръони Каримнинг ёзувида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўрмаган нарсаларини ўз томонларидан қўшишлари мумкин эмас, балки улар ривоятларнинг машҳурроғига иттифоқ қилишлари мумкин, холос. Демак, Қуръони Каримнинг ушбу суратда ёзилишига саҳобалардан ижмоъ собит бўлган. Уламолар биринчи аср кишилари, яъни саҳобалар ижмоъ қилган нарса ҳеч қачон бекор қилинмайди, деганлар. Чунки улар умматнинг энг афзал кишилари эканида шубҳа йўқ. Биз эса уларга эргашишга буюрилганмиз.

Имом Абу Довуд Ирбоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом: «Сизлардан яшаганлар тез кунда кўплаб ихтилофларнинг гувоҳи бўлади, бас, менинг суннатимни ва мендан кейинги рошид халифаларимнинг суннатларини маҳкам тутинг, уларни озиқ тишларингиз ила тишланг», деганлар.

4. Умматнинг ижмоъи. Ислом шариати мусулмонларни Қуръони Каримни ўзгартиришлардан сақлашга амр қилган. Шу боис, саҳобаи киромлардан то ҳозирги давргача жумҳур уламолар Қуръон ёзмоқчи бўлган киши мазкур мусҳаф хатига риоя қилиши вожиблигига ижмоъ қилганлар. Мана шу билан ҳар қандай ўзгариш ва алмаштиришларга йўл қўйилмаган. Умматнинг ижмоъи айбдан ҳоли экани маълум ва машҳур, бунинг далили саҳиҳ хадисларда келган.

5. Салафларга эргашиш. Қироат имомлари, расм илми уламолари Қуръони Каримнинг лафзларини тавотур даражасида ривоят қилганлари каби унинг мусҳафдаги ёзувини ҳам саҳиҳ йўл билан авлоддан авлодга нақл қилганлар. Агар расм эътиборсиз нарса бўлганида улар унга бундоқ эҳтимом бермасдилар. Шу боис, жумҳур уламолар мусҳафга ўзича бирор ҳарф қўшиш ё олиш қатъиян жоиз эмас, у кишини куфрга олиб боради, деганлар.

6. Саҳиҳ бўлмаган ва мансух қироатларни мутавотир қироатлар билан аралашиб кетишидан тўсиш учун. Чунки мусҳаф расми саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан машҳур, мутавотир даражасида нақл этилганига иттифоқ қилган қироатларни кўтаради ва айни вақтда улардан бошқаларини чиқариб ташлайди. Шу боис, барча қироат уламолари қироатнинг саҳиҳ бўлиши учун унинг мусҳаф расмига мувофиқ бўлишини шарт қилганлар.

7. Бир қанча вақф, васл, ибтидо, исбот, ҳазф каби қироат ва тажвид қоидалари борки, улар бевосита мусҳаф расмига боғлиқ. Агар Қуръон оддий имлода ёзилса, ушбу қоидаларнинг бузилишига сабаб бўлади.

8. Ислом умматининг ўзига хос хусусиятини сақлаш учун.

9. Агар Қуръонни ҳар бир давр ўзининг имло қоидасига кўра ёзса, бу -кейинги авлоднинг ўз ўтмишларидан, ўтмиш бўлганда ҳам умматнинг энг афзал авлодидан узилишига, уларнинг буюк меросларидан омманинг бебаҳра бўлишига олиб боради.

10. Ман қилинган нарсанинг олдини олиш учун. Имло қоидалари доимо ўзгариб туриши табиийдир. Агар Қуръони Каримни ўқишни осонлаштиришни баҳона қилиб, Усмон Мусҳафини қўйиб, ҳар бир давр аҳлига ўз хат қоидасига кўра ёзишга рухсат берилса, қачон имло қоидаси ўзгарса, Қуръон ёзуви ҳам ўзгаришига тўғри келади. Бу эса унда ҳарфларнинг зиёда бўлиши ёки камайишига сабаб бўлади. Натижада Қуръони Каримнинг лафзига халал етади ва бу ўз навбатида унинг маъноларини ўзгаришига олиб келади. Ўз-ўзидан Қуръоннинг турли хил нусхалари вужудга келади. Бу билан Ислом душманлари Қуръони Каримга хилма-хиллик айбини таъна қилишларига замин пайдо бўлади. Оқибатда олдинги самовий китобларда рўй берган ўзгаришлар Қуръони Каримда ҳам юз беради. Бунинг ҳаромлиги эса аниқ, бинобарин унга олиб борувчи сабаблар ҳам ҳаром бўлади.

11. Қуръони Каримнинг кишилар қўлида ўйинчоқ бўлишининг олдини олиш учун. Бугун битта одам бир хат қоидасини топса, эртага бошқаси яна биттасини топиб, Қуръонни ёзавериши мумкин. Балки кимнингдир араб ҳарфидан бошқа ҳарфда ёзишга журъат қилиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Бу, албатта, Қуръони Каримнинг ҳаққини поймол қилиш ҳисобланади.

12. Ислом шариатининг асос қоидаларидан ҳисобланган «Ман қилинган нарсага олиб борувчи нарсани тўсиш», «Ёмонликни қайтариш яхшиликни жалб қилишдан муқаддамдир» каби усулий қоидаларидан келиб чиқиб, юқорида айтилган ва бошқа хатарларнинг эътиборидан, расмни ўзгартиришни жумҳур уламолар ҳаром, бидъат деб ҳукм қилганлар.

13. Ислом уммати саҳобалар давридан бери ушбу расмни сақлаб келди, бу давр қанчалар узун бўлмасин, Қуръони Каримга заррача ҳам ўзгариш етмади, унинг ўқилиши ҳам соф сақланди. Бу ҳам бўлса, Аллоҳ таолонинг ваъдаси ўз тасдиқини топганидандир. Энди биз ҳам ушбу анъанани давом эттиришимиз афзал ва лозимдир.

14. Мусҳаф расмини ўзгартириш мумкинлигини айтган, шуни ёқлаб чиққан уламолар қадимдан бўлиб келган ва бу борада амалий ҳаракатлар ҳам бўлган. Аммо уларнинг бирортаси ҳам муваффақиятга эриша олмаган, бугунги кунда ҳам барча мусулмонлар Қуръони Каримни Мусҳаф расмида ёзмоқдалар, нашр қилмоқдалар. Бу ҳам бўлса, Аллоҳ таолонинг инояти экани, У Зотнинг иродаси шу эканини англатади.

15. Барча тилларда бўлгани каби, инглиз ва рус тилларида ҳам кўп сўзларнинг талаффузи олдинги даврлардаги суратидан ўзгарган. Аммо инглизлар ва руслар ўз тилларини бутун дунёга ёйишга ҳаракат қилишлари билан бирга, доимо ўз ёзувларини сақлашга ҳаракат қиладилар, талаффуздаги ўзгаришларни маълум истилоҳлар асосида тушунтириб борадилар. Бошқалар ўзларининг оддий сўзларига шунчалик эътибор бериб турган бир вақтда нима учун сиз билан биз мусулмонлар Аллоҳнинг мўъжиз Каломи, динимизнинг асоси ва муқаддас китобимиз бўлган Қуръони Каримнинг ёзувини ўзгаришига кенг йўл очиб беришимиз керак?! Ҳолбуки, аждодларимиз унинг лафзи ва ёзувини тавотур даражасида худди нозил бўлган вақтдагидек бизгача сақлаб етказган бўлсалар. Балки, ўша бошқалар ҳам ўз ёзувларига эътибор беришни мусулмонлардан ўрганган бўлсалар ажаб эмас. Бу – аслида, Аллоҳнинг Қуръон умматига бўлган фазлу марҳаматидан. Биз бу билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Аммо қуруқ фахрланиш билан иш битмайди. Агар бошқа халқларнинг аждодлари ҳам Ислом уммати каби ўз муқаддас китобларини нозил қилинган тилида ва ёзувида сақлаб қолган бўлганларида улар бугун уни дунёга фахр билан жар солишлари ва уни сақлашга янада кўпроқ ҳаракат қилишлари табиий эди. Шу боис, биз мусулмонлар бу неъматнинг қадрига етиб, Қуръони Каримнинг ёзувини ўзгартириш ҳақида савол беришни ҳам ўзимизга эп кўрмаслигимиз лозим.

(Давоми бор)

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид


Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Албатта, сизларни бир оз хавф ва очлик билан, молмулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга хушхабар бер.Бақара Улар ўзларига мусибат давоми...

6818 20:03 / 02.04.2018
Имом Осим ибн Абу Нажуд Куфий. Имом Осимнинг куняси Абу Бакр. У киши машҳур қори бўлган. Таҳқиқ, балоғат, фасоҳат ва ширин овоз ила қироат қилиш билан машҳур бўлган. давоми...

5470 14:00 / 29.12.2020
иккинчи мақолаАбул Асвад Дуалий араб тили масалаларида дастлабки дарсларни тақдим қилиш билан машҳурдир. У киши бу ишни Алий ибн Абу Толибнинг буйруқлари билан давоми...

4237 13:50 / 03.03.2020
Арабларнинг сўзга чечан халқ эканини аввал айтиб ўтдик. Хусусан, сухандонликда елкаси ерга тегмаган сўнгсиз мубоҳасаю мушоарадан қайтмайдиган шоиру ваъзхонлар давоми...

5431 14:30 / 16.07.2019
Аудиолар

133142 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

53488 14:35 / 11.08.2021