1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Дунё ҳаётига алданманг!

17:21 / 22.05.2018 5585 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Эй одамлар! Роббингизга тақво қилинг ва ота боласига фойда бера олмайдиган, бола отасига бирор нарсада фойда берувчи бўлмайдиган Кундан қўрқинг. Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Бас, дунё ҳаёти сизни алдаб қўймасин. Ўта алдоқчи сизни Аллоҳ хусусида алдаб қўймасин. » 

Суранинг аввалидан зикр этиб келинаётган куфр, ширк ва залолат йўлларига тушиб қолмаслик учун Аллоҳ таолога тақво қилиш ва қиёмат кунидан қўрқиб яшаш керак.

«Эй одамлар! Роббингизга тақво қилинг...»

Бу дунё ва у дунё учун энг зарур зоду роҳила тақводир. Тақво бўлмаса, ҳеч бир яхши натижани умид қилиб бўлмайди. Роббул оламийнга тақво қилиш ҳар бир одамнинг инсонийлик бурчидир. Аллоҳга тақво қилмаган одам ҳеч бир ёмонликдан қайтмайди. Аксинча, Аллоҳга тақво қилган одам ҳеч бир ёмонликка қўл урмайди.

«...ва ота боласига фойда бера олмайдиган, бола отасига бирор нарсада фойда берувчи бўлмайдиган Кундан қўрқинг».

Бу Кун қиёмат кунидир. У кунда инсонлар орасидаги боғланишлар, алоқалар кесилади. Ҳар ким ўзи учун жавоб беради. Бировнинг бировга фойдаси тегмайди. Ҳатто ота болага, бола отага фойда бера олмай қолади. У Кунда бирдан-бир фойда берадиган нарса иймон ва яхши амал бўлади. Ана ўшандай Кундан қўрқиш барча одамларнинг одамийлик бурчидир. Қиёмат кунидан қўрққан одамгина барча ёмонликлардан қайтади. Аксинча, қиёмат кунидан қўрқмайдиган одам ҳеч қандай ёмонликдан қайтмайди.

«Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир».

У ваъдасига хилоф ҳам қилмайди, кечга ҳам сурмайди. Демак, қиёмат қоим бўлиши ҳақ. Инсонларнинг қайта тирилиши ҳақ. Маҳшарга тўпланиши ҳақ. Заррача яхшию ёмон амаллар ҳам адолат тарозиси ила тортилиши ҳақ. Дақиқ ҳисоб-китоб бўлиши ҳақ. Жаннат ҳақ. Дўзах ҳақ. Кофир ва осийларнинг дўзахга киритилиши ҳақ. Мўмин ва муҳсинлар жаннатга дохил бўлиши ҳақ.

«Бас, дунё ҳаёти сизни алдаб қўймасин».

Бу дунё матоҳига алданиб қолманг. Бу дунё ҳаёти охират экинзори, холос. Шуни унутманг.

«Ўта алдоқчи сизни Аллоҳ хусусида алдаб қўймасин».

Уламоларимиз «ўта алдоқчи»ни шайтон деб таъвил қилганлар. Дарҳақиқат, шайтон турли нарсалар билан инсонни ғурурга кетказади. У ҳатто Аллоҳ билан ҳам, яъни Аллоҳнинг марҳамати кенг, бу дунёда ўйнаб қол, деб ҳам ғурурга кетказади. Буларнинг ҳаммасидан сақланиш учун тақво ва қиёмат кунидан қўрқув бўлиши керак.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири Ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Ҳозир усмоний мусҳафлар қаерда, деган савол туғилиши табиий.Ушбу саволга етарли жавоб топиш мушкул. Ҳозирда бир нечта Усмоний мусҳафлиги даъво қилинаётган давоми...

5324 19:05 / 03.12.2019
Имом Абдуллоҳ ибн Омир ибн Язид ибн Тамим ибн Рабиъа Яҳсубий. У киши ҳижрий 8 йилда таваллуд топиб, 118 санада вафот этган. Имом Ибн Омир раҳматуллоҳи алайҳининг давоми...

5187 13:00 / 22.12.2020
15. Қачонки, уларга очиқойдин оятларимиз тиловат қилинганида, Бизга мулоқот бўлишдан умиди йўқлар .Бундан бошқа Қуръон келтир ёки уни алмаштир,, дедилар. Сен .Мен давоми...

4755 05:00 / 23.01.2017
иккинчи мақола4. Бир калимани бошқа калимага алмаштиришдаги ихтилофлар.Бунда кўпинча ушбу калималар ўзаро муродиф ndash маънодош синоним бўлади. Ушбу муродиф давоми...

6523 13:55 / 11.02.2020
Аудиолар

213191 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132411 14:35 / 11.08.2021