Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 9 рабиъус сони | 2024 йил 12 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (46-дарс). Қуръони каримнинг илмий эъжози (учинчи мақола)

14:30 / 13.08.2019 4468 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони Карим олдида барча инсоният ўзининг чегараланган илми ила ожиздир. Илм-фан ривожланиши билан Қуръон маънолари ҳам янгидан-янги маълумотлар билан намоён бўлиб бораверади. Жумладан, ҳомила тўғрисидаги илм ҳам ривожланди. Ўта мураккаб асбоблар ила текширишлар ўтказилгандан сўнг, ҳомила илми бўйича энг олий халқаро мукофотларни олган ғарблик олимлар манийдаги ҳужайраларнинг (сперматозоидларнинг) зулукка ўхшашини кашф этдилар. Энг ажабланарлиси, эркакнинг уруғи аёлнинг тухумчаларига урчиши орқали пайдо бўлган ҳомила ҳам ўзининг маълум босқичида худди зулук каби бўлар экан. Бунинг суратлари ҳам нашр этилди. Ўша алақ – зулук аёлнинг бачадонига ёпишиб олиб, ўзига озуқани сўриб, ривожланиб борар экан. Қуръони Каримнинг ушбу илмий мўъжизасига барча ғарблик олимлар ҳам тан бердилар. Илмий анжуманларда, ўз китоб ва мақолаларида буни қайта-қайта таъкидладилар.

Чунончи, канадалик олим Кейс Мур «Инсон яратилишининг босқичлари» деб аталган китобида Қуръоннинг илоҳий Китоб эканини эътироф қилган ҳолда, қуйидагиларни ёзади:

«Ўрта асрларда илмнинг тараққий этиши жуда ҳам секин борар эди. Ўша пайтларда ҳомила ҳақидаги илмдан жуда ҳам оз нарса бор эди, холос. Аммо мусулмонларнинг муқаддас Китоби бўлган Қуръони Каримда инсон эркак ва аёлдан чиқадиган суюқликлардан яратилиши тўғрисида баҳс кетган. Шунингдек, инсон маний деб аталган нутфадан яратилиши тўғрисида ҳам сўз юритилган. Ўша нутфа аёл кишининг бачадонида қарор топиши, худди уруққа ўхшаб қолиши, олти кундан кейин урчиши ҳақидаги гапларнинг Қуръони Каримда айтилиши улуғ бир нарсадир. Ўша тушган уруғлик – маний аста-секин ривожланиб, бир парча қонга айланади. Қотиб қолган қонга ўхшаб қолади. У «алақ» дейилади. Ана шу тухумдонда урчиган нарса кўпчий бошлайди ва каттариб бориб, зулукни эслатадиган бир шаклга киради. Биз ана шуни кўриб, шаклларини чизиб қўйган эдик. Ўша зулук деб аталаётган ҳайвон ҳомиланинг Қуръонда «зулук» деб аталган ҳолига солиштириб кўриладиган бўлса, орада ҳеч қандай фарқ сезилмайди. Шунингдек, Қуръони Каримда ҳомиланинг бошқа васфлари ҳам – ҳаммаси баён қилиб берилган...».

Бу эса урчишдан кейин пайдо бўладиган бир ҳолат бўлиб, маълум муддатдан кейин алақа музғага айланади. Шу вақтдан бошлаб, эмбрион шакллана бошлайди. Унда суяк пайдо бўлиб, суяк атрофида гўшт пайдо бўлади. Оятдаги «сўнгра уни бошқа бир жонзот этиб пайдо қилдик» жумласи ҳам Қуръони Каримнинг ажойиб мўъжизаларидан биридир.

Олимларнинг кашф қилишларича, эмбрион иккинчи ойнинг аввалида инсонга эмас, балки янги пайдо бўлаётган бақага кўпроқ ўхшар экан. Иккинчи ой давомида эса унда бутунлай бошқача ўзгаришлар содир бўлиб, сув ҳайвони даражасидан инсон шаклига ўтар экан. «Бошқа бир жонзот этиб пайдо қилдик» дегани шудир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам хабар берилади.

قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «إِذَا مَرَّ بِالنُّطْفَةِ ثِنْتَانِ وَأَرْبَعُونَ لَيْلَةً بَعَثَ اللهُ إِلَيْهَا مَلَكًا، فَصَوَّرَهَا، وَخَلَقَ سَمْعَهَا وَبَصَرَهَا وَجِلْدَهَا وَلَحْمَهَا وَعِظَامَهَا، ثُمَّ قَالَ: يَا رَبِّ، أَذَكَرٌ أَمْ أُنْثَى؟ فَيَقْضِي رَبُّكَ مَا شَاءَ...». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:

«Нутфа аёлнинг раҳмига тушганидан сўнг қирқ икки кеча ўтгач, Аллоҳ таоло унга бир фариштани юборади. Фаришта унга инсон суратини киритади. Унинг қулоғи, кўзи, териси, гўшти ва суягини қилади. Кейин айтади: «Эй Роббим, ўғилми, қизми?» Роббинг нимани хоҳласа, ўшанинг ҳукмини қилади...».

Канадалик машҳур олим Ван Броусет ушбу ҳадисдаги гапларни текшириш ниятида тажриба олиб борган. Чунончи, у замонавий жиҳозлар ёрдамида она қорнидаги ҳомиланинг беш ҳафталик ва олти ҳафталик суратларини олиб, солиштириб кўрган. Ҳомиланинг беш ҳафталик – ўттиз беш кунлик суратига назар солинганда, ундан одам боласига, инсонга ўхшаш ҳеч бир аломат топилмаган. Бу умуман бошқа бир шакл, бошқа бир тус эди. Ҳомиланинг олти ҳафталик, яъни ҳадисда айтилганидек, қирқ икки кунлик суратида эса инсоннинг тўлиқ шакли кўриниб турарди. Ана ўша суратни Канададаги «Сиба» ширкати оламга тарқатган ва бутун олам табиблари, шифокорлари ҳадисда айнан шу ҳолат зикр қилинганига гувоҳ бўлганлар.

Муъминун сурасининг ушбу оятларида ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикр қилинган ҳадисларида айнан бир хил ҳолат ҳақида хабар берилган. Фақат ҳадисда ҳомиланинг инсон шаклини олиш муддати аниқ кўрсатилган, холос. Бинобарин, Ван Броусетнинг олган суратлари Қуръони Каримнинг илоҳий Китоб эканини ва Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳақиқий Пайғамбар эканликларини тасдиқловчи бир далилдир. Зеро, бундан 1400 йил олдин хабар берилган ушбу воқеъликларнинг бугунги кундаги илмий тасдиғи Қуръони Каримнинг илоҳий Китоб эканига ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ Пайғамбар – Аллоҳнинг элчиси эканликларига ҳеч қандай шубҳа қолдирмайди.

Илмий адолат ва инсоф юзасидан шуни таъкидлаш лозимки, бундан 1400 йил аввал ҳомиланинг турли ҳолатлари ҳақида Қуръони Карим ва ҳадиси шарифда баён қилинган маълумотларни ўша даврда оддий одамлар тугул, табиблар ҳам билиши мушкул эди. Қолаверса, ҳомиланинг суратини олиш, унинг шаклини кўриш, унинг ривожланиш босқичларини текшириш фақат XX асрнинг охирига келибгина, янги яратилган жиҳозлар ёрдамидагина мумкин бўлиб қолди.

Юқорида айтилган нарсалардан кўриниб турибдики, Қуръони Каримда зикр қилинган эмбрионнинг ривожланиш жараёни ҳозирги замон илмий кашфиётларидан сўнг тасдиқланди.

Айтиб ўтилган мисоллар Қуръони Каримнинг илмий мўъжизалари денгизидан бир томчи, холос.

Ҳозирда Қуръони Карим эъжозининг кўплаб турлари бўйича алоҳида китоблар чиқмоқда. Биз бу ишни ўша китобларга ҳавола қилиб, сўзимизни шу ерда тўхтатамиз.

(Тамом)

“Қуръон илмлари”китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
30. Бир гуруҳни ҳидоят қилди. Бошқа гуруҳга йўлдан озиш ҳақ бўлди. Чунки улар Аллоҳни қўйиб шайтонларни ўзларига дўст тутдилар. Ҳамда ўзларини, албатта, ҳидоят давоми...

3426 05:00 / 23.01.2017
42. Улар жонжаҳдлари билан, агар ўзларига огоҳлантирувчи келса, ҳар қандай умматдан кўра ҳидоятли бўлишлари ҳақида Аллоҳ номи ила қасам ичар эдилар. Қачонки давоми...

3988 05:00 / 23.01.2017
Албатта, оятларимиз ҳақида эгрилик қиладиганлар Бизга махфий бўлиб қолмаслар. Оловга ташланадиган одам яхшими ёки қиёмат куни омон ҳолида келадиган одамми давоми...

5093 16:25 / 23.03.2018
25. Куфр келтирганлар ва Аллоҳнинг йўлидан ҳамда ерли ва четдан келган одамлар учун баробар қилиб қўйганимиз Масжидул Ҳаромдан тўсганларга ва у ерда ким зулм ила давоми...

3454 05:00 / 23.01.2017
Аудиолар

131588 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

52065 14:35 / 11.08.2021