Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
(Қуръони Каримни араб ҳарфлардан бошқа алифбода ёзиш ҳақида)
Агар эътибор билан қаралса, бу белгиларнинг ҳеч бири Мусҳаф расмига дахл қилмайди, расм ўша биринчи суратида ўзгаришсиз ёзилаверади. Белгилар фақатгина мазкур расмни қандай ўқилишини кўрсатиш учун хизмат қилади, холос. Шу боис, ҳозирги мусҳафларда ҳам қайси шакл саҳобалар вақтида ёзилгану қайсиниси кейин ёзилганини бемалол ажратиш мумкин. Бу ҳақиқатни араб ҳарфларини таниган ва расм илмидан озгина хабари бор кишилар яхши биладилар. Аммо бундан бошқа гаплар билимсизлик ёки ғараз билан айтилганлигида шубҳа йўқ. Жумладан, айрим кишилар ушбу истилоҳларни Қуръондаги ўзгариш деб ўйлашади ва бундан келиб чиқиб, турли бўлар-бўлмас асоссиз гапларни айтишади, ўзларича яна бошқа янгиликлар ихтиро қилишга ҳам журъат қилишади. Буларнинг барчаси диний билимларни тартибли равишда яхши ўрганмаслик ва уларни ўз эгаларидан олмаслик сабабидан бўлиши тажрибалардан маълум.
Белгилар кўп бўлишига ва улар фақатгина тўғри ўқиш учун хизмат қилишига қарамай, уларни Мусҳаф расмидан ажратиб ёзилишига сабаб, юқорида айтилганидек, расмни ўзгартирмасликка Ислом уламоларининг барча даврларда ижмоъ қилганликларидир. Шу боис, араб имлоси кейинчалик қанчалар ривожланиб, ўзгариб, турли қоидалар, истилоҳлар қабул қилишига қарамай, Мусҳаф расми асл ҳолича ёзилаверди, янги ихтироларни унга аралашишини кўпчилик уламолар бир овоздан ман қилдилар.
Имом Саховий саҳиҳ санад билан Имом Моликдан нақл қиладилар: Бир киши у зотдан: «Мусҳаф ёзмоқчи бўлган киши уни бугунги одамлар ихтиро қилган хат қоидаларида ёзишига нима дейсиз?» деб сўради. Шунда Молик: «Мен уни тўғри деб билмайман, аввалги ёзувда ёзиш лозим», деб жавоб берди.
Саховий айтадилар: «Моликнинг фикри ҳақдир, чунки бунда кейинги авлод ўрганиши учун биринчи ҳолатнинг сақланиши бор. Шубҳасиз мана шу энг муносиб, энг тўғри иш, чунки бунинг акси кишиларни биринчи мусулмон авлодининг улуғликларини билмасликка олиб боради».
Ибн Ҳажар Ҳайтамий ўз фатволарида шундай деган: «Баъзи қироат илми олимлари бу гапнинг айнан Имом Моликка нисбат берилиши у киши бу ҳақида сўралганлари учундир, аслида тўртала имомнинг мазҳаби ҳам шу бўлган, деганлар».
Қуръон илмида энг мўътабар уламолардан Имом Абу Амр Доний: «Бу борада Моликка уммат олимларидан бирортаси хилоф қилмаган», деганлар.
Абу Амр яна айтадики: «Имом Моликдан «Мусҳафда ёзилган, аммо ўқилмайдиган ҳарфларни ўзгартириш мумкинми?» деб сўралган эди, у: «Йўқ», деб жавоб берди».
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал: «Вавдами, алифдами, йадами ё бошқадами Усмон мусҳафи хатига хилоф қилиш ҳаромдир», деганлар.
Сулаймон ибн Умар Шофеъий ўзининг «Манҳажут-туллаб» шарҳига ёзган ҳошиясида рибо бобида шундай дейди: «Рибо сўзи айнан мусҳафдагидек вав ва алиф билан ёзилиши керак, одамлар одатланганларидек йа ва алиф билан эмас, зеро, расм эргашиш лозим бўлган суннатдир».
Бу ерда суннат деганда фиқҳий истилоҳдаги қилиш ихтиёри амал тушунилмайди, балки, ундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларнинг тутган йўллари, одатлари назарда тутилган. Зотан, суннатлар ичида зоидаси, ихтиёрийси, вожиб ё фарз ҳукмини тақозо қиладиганлари бор.
Қироат ва араб тилида энг мўътабар саналган имомлар: Абу Амр Доний, Шотибий, Муҳаммаб ибн Жазарий, Имом Суютий, Замахшарий ва бошқалар: «Усмон мусҳафи расмига эргашиш вожиб, чунки расм эргашиладиган суннатдир», деганлар.
Бу борада кейинги ва ҳозирги давр уламоларининг фатволарига мурожаат қилганимизда уларнинг ҳам салаф уламолар йўлларидан борганларининг гувоҳи бўламиз.
Имом Байҳақий ўзининг «Шуъабулиймон» китобида жумладан шундай деган: «Ким мусҳаф ёзса, саҳобалар мусҳафларни ёзган хатда ёзиши лозим, бунда уларга хилоф қилмайди ва улар ёзган бирор нарсани ўзгартирмайди. Зеро, улар илмлироқ, дил ва тиллари тўғрироқ ва омонатдорроқ бўлганлар. Биз уни ўзимизча тўғрилаймиз деб ўйлашимиз ҳам жоиз эмас».
Аллома Низомуддин Найсобурий айтади: «Уламоларнинг бир қанчалари қорилар, уламолар ва ёзувчиларга мусҳафни ёзишда ушбу расмга эргашиш вожибдир, деганлар».
Шайх Баддоҳ ибн Бусирий айтади: «Аслий ва фаръий китоблардан ҳамда соғлом ақл далолатидан маълумки, Усмон мусҳафидаги Қуръон расми эргашиладиган суннатдир, уни ўзгартириш ҳам, алмаштириш ҳам жоиз эмас. Бу қадимий мусҳаф хатининг сиррига буюклар йўл топа олмайди, ақллар унинг ҳақида ўйлай олмайди. Қуръон ушбу даражаси билан бошқа барча самовий китоблардан хосланди. Бу ҳам бўлса, унинг терилган лафзидаги каби хатида ҳам эъжоз – мўъжизавийлик борлигини кўрсатиш учундир».
Шайх Абдурраҳмон ибн ал-Қозий алМағрибий: «Усмоний Мусҳаф расмига хилоф қилиш жоиз эмас. Бунда омманинг Мусҳаф расмини билмаслигини, агар Қуръон Усмон расмига кўра ёзилса, уларнинг қироатларига хато аралашишини ва бошқа шунга ўхшаш баҳоналарни айтиб, мухолиф чиққанларга эътибор берилмайди. Бу гапларнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Чунки Қуръон хатини танимаган киши то тўғри ўқишни ўргангунича мусҳафдан ўқимаслиги ва Қуръон ёзувини ўрганиши лозим. Агар бундан бошқача иш тутса, у Ислом уммати ижмоъ қилган нарсага тескари чиққан бўлади, унинг ҳукми эса шариатда маълум. Ким бирор нарсани рўкач қилса, ижмоъга хилофлиги учун рад қилинади».
(Давоми бор)
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид