1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Мавлид ҳақида ўйлар (тўққизинчи мақола)

15:00 / 16.10.2021 1322 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўтган асрда яшаб ўтган Андижоннинг йирик уламолари, жумладан, Абдулмажид қози домла, Аминжон Махсум домла, Ҳабибуллоҳ ҳожи дада, Муҳаммад Мубин қори дадалар уйларида ана шундай махсус йиғин қилиб, мавлид ўқитишар эди. Ҳабибуллоҳ ҳожи дада раҳматуллоҳи алайҳи ҳар йили рабиъулаввал ойида шаҳардаги аҳли илм ва аҳли Қуръонларни жамлаб, мавлид маросими қилар эдилар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳурматларидан деб, келганларга сарполар, ҳадялар тарқатардилар. У киши мавлид кунлари барча фарзанд-набираларини жамлаб, уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларидан суҳбат қилиб берар, мавлид ўқиб эшиттирар ва хатми Қуръон қилиб, ажойиб дуолар қилар эдилар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни эсга олганларида, кўзларидан ёш қуйилар, бутун вужудлари билан салавот айтар эдилар. Биз ёш бўлсак да, ўша мавлид йиғинларидаги шукуҳни ҳис қилар эдик.

Шу ўринда кимдир: «Биз тўй-маъракаларимизда мавлидни табаррукан ўқитамиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларини нишонлаш мақсадида эмас», дейиши ҳам мумкин. Яхши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш, у зотга саловат айтиш билан барака талаб қилиш мумкиндир. Аммо арабча мавлид ўқишнинг ўзи билан бу иш битмайди, ҳеч бўлмаса, мавлиднинг маъносини тушуна билиш лозим. Шу билан бирга, барака талабида, табаррук учун мавлид ўқишни хослаш ҳам ўринсиз. Чунки бу маънода Қуръон тиловатининг ўзи кифоя қилади, балки афзаллигида шубҳа йўқ. Тўй-маъракаларнинг қайсинисида қандай йўл тутиш керак, қандай дуо ўқиш керак, барчаси суннатда ўргатиб қўйилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга чин муҳаббат қилган киши аввало ўша суннатларни бажариши лозим. Агар бирор маъракада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларидан суҳбат қилиш керак бўлса, у зотнинг ҳаётларидан йиғилишга сабаб бўлиб турган мавжуд ҳолатга доир маълумотларни, масалан, таъзия билдириш, жанозага қатнашиш ва шу каби ўлимга доир лавҳалардан гаприб бериш керак. Қолаверса, мавлид ўз номи билан мавлид, у айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларини нишонлаш маъносида майдонга келган. Мавлид  маросимларини йўлга қўйган азизларимиз ҳам айнан шу мақсадда иш бошлаганлар. Мавлид қилишни ёқлаб айтиладиган энг катта далил ҳам худди шу маънони таъкидлайди. Мавлид қилишни жоиз дейдиган уламолар: «Неъматнинг шукрини қилиш, бирор неъмат учун шодлик изҳор қилиш мумкинлигини ҳамма тан олади. Ахир, инсоният учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларидан ортиқ неъмат борми?!» дейдилар. Улар мавлидни шунчаки табаррукан эмас, балки умматга Пайғамбарини танитиш учун, у зотнинг дунёга келганларининг шукронаси ўлароқ жорий қилганлар. 

Ҳар нима бўлганда ҳам, мавлид шодлик, хурсандчилик кайфиятида ўтказиладиган йиғин ҳисобланади. Ҳар нарсанинг ўз ярашиғи бор. Мотам маросимида мақтовли шеър, мавлид ва қасидаларни ўқиш умуман мантиққа тўғри келмайди. Буни ҳеч қанақасига оқлаб ҳам бўлмайди. Улуғларимиз яхши ниятлар билан, яхши тарзда жорий қилган бир гўзал тадбирни қандайдир илмсиз кишиларнинг кўнглига қараб     ёки нималарнидир мулоҳаза қилиб, ер билан яксон қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Буни ҳаммамиз яхши тушуниб етишимиз лозим. 

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, мавлид маросимлари сийратни ўрганишга бағишланган маросим бўлиши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган иймону муҳаббатни, шавқу завқни чархлаш омили бўлиши керак. У зот алайҳиссаломнинг суннатларини ҳаётга татбиқ этишни йўлга қўйиш нуқтаси бўлиши керак. Бунинг учун эса, мавлид йиғинларини керакли савияда ўтказиш лозим. Ўқиладиган арабча мавлиднинг, нашидаларнинг маъноларини ҳам айтиб ўтиш даркор. Инсоф билан айтсак, агар бугунги кунгача халқимиз орасида ўтказилган мавлид мажлисларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларидан ҳеч йўқ бир донадан ривоят айтиб келинганда, лоақал ўқилган мавлиднинг таржимасини етказилганда эди, қилинган мавлидлардан айни вақтдаги ҳолатга таққослаб бўлмайдиган даражада катта натижаларга эришиш мумкин эди.

Шу билан бирга, биргина қасидага чекланиб олмай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга атаб ёзилган ошиқона шеърлардан ҳам ўқиб, маъноларини ўртоқлашиш ҳам мақсадга мувофиқдир. Агар ҳар бир халқ ўз тилида битилган қасидалардан ҳам ўқиса, янада яхши бўлади. 

Афсуски, айрим жойларда мавлид маросимлари юқорида эсга олинган ноқулайликларга қўшимча равишда, турли ихтилоф ва жанжаллар билан яна ҳам “бойитилган”. Кимдир мавлиддаги бир калимани заммалик ўқишни ёқлса, бошқа биров фатҳалик ўқиш керак, деб тортишади. Биров маҳалли қиёмда турмай ўтириб олса, бошқаси уни мунофиқликда, беадабликда, фирқабозликда айблайди. Ҳатто маҳалли қиёмга турганда нима ўқиш ҳақида керагича жанжаллашишга тайёрлар ҳам топилади. Аслида эса буларнинг бирортаси ҳам мавлиддан кўзланган мақсадга хизмат қилмайди. Аксинча, унинг қадрини кетказади, аҳамиятини йўқотади, фойдасидан зарари кўп бир тадбирга айлантиради.

(Давоми бор)

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Батаҳқиқ, сизлар учун ndash Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди.Ҳа, давоми...

3802 17:25 / 22.11.2017
Бу мавзудаги маълумотларни холис ўрганадиган бўлсак, бу ҳақда озми кўпми тушунча ҳосил бўлади ва бир қатор хулосалар келиб чиқади. Жумладан1. Маҳалли қиём давоми...

1374 15:01 / 25.10.2021
Уламоларнинг таъкидлашича, Пайғамбаримиз алайҳиcсалом бошқа пайғамбарларга нисбатан ўнта фазилатга эга бўлганлар.1. Бошқа расуллар ва набийлар бу дунёни тарк давоми...

4774 17:41 / 25.11.2017
2670. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қавмнинг ичида ўрта бўйли новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас, тиниқ рангли ndash ўта давоми...

2980 17:29 / 29.11.2017
Аудиолар

137653 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57720 14:35 / 11.08.2021