1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Жин ва ғойиб овозларнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида хабар бериши

19:33 / 07.12.2017 4731 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

2725. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен қачон Умарнинг «Мен буни шундай деб ўйлайман», деганини эшитсам, албатта, ўша нарса унинг айтганидек бўлмай қолмасди.

Умар ўтирган эди. Олдидан хушсурат бир киши ўтиб қолди. У:

«Ёки менинг ўйлаганим нотўғри ёки манави жоҳилиятдаги динида турибди ёхуд уларнинг коҳини бўлган. У одамни олиб келинглар», деди.

У чақирилди. У келди. Бас, (Умар) унга юқоридагиларни айтди.

«Мусулмон одамни бугунгидек кутиб олишни кўрганим йўқ», деди у.

«Менга хабарни айтмагунингча, барибир сени тек қўймайман», деди Умар.

«Жоҳилиятда уларнинг коҳини эдим», деди у.

«Жинниянг сенга олиб келган энг ажойиб нарса нима?» деди Умар.

«Бир куни бозорда турсам, у олдимга келди. Унда қўрқинчни кўрдим. Бас, у: «Жинларни ва уларнинг хавфини, уларнинг оёқлари осмондан бўлганидан кейинги умидсизлигини, туя эгаларига қўшилиб, уларнинг (дийнига) эргашганларини кўрмадингми?» деди», деб айтди у.

«Тўғри айтдинг. Мен уларнинг олиҳалари олдида турган эдим. Бирдан бир одам бир бузоқни олиб келиб сўйди. Унга бир қичқирувчи қичқирди. Ўша қичқирувчининг овозидек шиддатли овозни ҳеч қачон эшитмаганман. У:

«Эй Худонинг душмани! Нажотли иш! Фасоҳатли одам! «Лаа илааҳа иллаллоҳ», дейдир!» деб қичқирар эди.

Одамлар сапчиб, ўринларидан турдилар. Мен «Ушбу қичқирувчининг ортида нима борлигини билмагунимча қўймайман», дедим. Кейин у (яна) нидо қилди:

«Эй Худонинг душмани! Нажотли иш! Фасоҳатли одам! «Лаа илааҳа иллаллоҳ», дейдир!»

Шунда мен ҳам ўрнимдан турдим. Кўп ўтмай, «Мана, набий зоҳир бўлди», дейилди», деди Умар».

Бухорий «Фазилатлар» китобида «Умар розияллоҳу анҳунинг мусулмон бўлиши»да ривоят қилган. Аллоҳ билгувчироқдир.

Шарҳ: Бир куни ҳазрати Умар одамлар билан ўтирсалар, олдиларидан бир одам ўтиб қолибди. Шунда у киши ўша одамга ишора қилиб:

«Ёки менинг ўйлаганим нотўғри ёки манави жоҳилиятдаги динида турибди ёхуд уларнинг коҳини бўлган. У одамни олиб келинглар», деди».

Яъни «Менинг ўйлаганим тўғри бўладиган бўлса, мана бу одам ёки ўзининг эски динида турибди ёки мусулмон бўлишидан олдин коҳин бўлган», деганлар.

Одамлар ҳалиги кишини ҳазрати Умарнинг олдиларига олиб келишди. У ҳалиги гапни эшитган экан:

«Мусулмон одамни бугунгидек кутиб олишни кўрганим йўқ», деди у».

Яъни: «Мен эски динимда турганим йўқ, мусулмон бўлганман. Мусулмон одам ҳақида ҳам шундай гаплар айтиладими?!» деди. У киши шу гап билан ўзини оқлаб, ҳазрати Умарнинг гапидан четлаб қолмоқчи эди. Лекин ҳазрати Умар бўш келмадилар:

«Менга хабарни айтмагунингча, барибир сени тек қўймайман», деди».

Ана шундагина ҳалиги одам сирни ошкор қилди.

«Жоҳилиятда уларнинг коҳини эдим», деди у».

Унинг кимлигини ўзига тасдиқлатиб олганларидан кейин асосий мақсадга ўтиб:

«Жинниянг сенга олиб келган энг ажойиб нарса нима?» деди Умар.

Жинния – аёл жин.

Ўша аёл жинсли жин ўзининг одами бўлган коҳин – бутхона хизматчисига:

«Жинларни ва уларнинг хавфини, уларнинг оёқлари осмондан бўлганидан кейинги умидсизлигини, туя эгаларига қўшилиб, уларнинг (дийнига) эргашганларини кўрмадингми?» дегани ўзига хос маънога эга.

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлишларидан олдин жинлар осмон хабарларини ўғриликча эшитиш имконига эга бўлишган. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлганларидан кейин эса улар хабар эшитгани осмонга чиқсалар, учқун отилиб, қувила бошлаганлар.

Жинларнинг хавфга тушганлари, оёқлари осмондан бўлиб, ишлари чаппасига айлангани шундан.

Жинларнинг «туя эгаларига» қўшилгани эса арабларга қўшилиб, Пайғамбар алайҳиссаломга уммат бўлишларидир.

Демак, аёл жин коҳинга дунёда катта ўзгариш бўлаётгани, жинлар олдинги имтиёзларидан маҳрум бўлиб, туянинг кетидан юрган саҳровий араблар қатори, ўша пайғамбарга уммат бўлишлари ҳақида гапирган.

Ўша собиқ коҳиннинг ва унинг жинниясининг гапларини тасдиқлаш учун ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўз тажрибаларидан ўтган шунга ўхшаш бир ҳодисани айтиб берганлар.

Ҳазрати Умарнинг айтиб берган ҳодисаларида Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келишидан олдин ғойибдан келган овозлар ҳам у зотнинг пайғамбар бўлишлари ҳақида хабар берган.

Шундай қилиб, охири замон пайғамбари юборилишлари учун ҳамма шароитлар Аллоҳ таолонинг иродаси ила муҳайё бўлган.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мавлид тарихига кичик назарОйлар ичида Робиъул аввал ойи ўзига хос шараф ва қадрқимматга эга. Чунки, унда бутун оламларга раҳмат тариқасида юборилган сўнгги давоми...

5016 14:12 / 27.03.2017
128Энди кўнгил берганида, қолдиларку ўксиб яна,Ўйлайдилар бу дунёда, қолдиммикан ёлғиз яна,Йўқ Аслида Парвардигор, сабр дарсин ўтар яна,Суянчиқлар барисини, саккиз давоми...

3454 10:00 / 29.11.2017
Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг таржимаи ҳолларининг ўзи биз учун буюк намуна. Аввало, У зот алайҳиссалом биз каби оддий инсон бўлганлар ва буни ҳаммага эълон давоми...

2801 19:05 / 05.11.2019
Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳимЎзининг сўнги Расулини оламларга раҳмат қилиб юборган Аллоҳ талога ҳамду санолар бўлсинИнсониятнинг саййиди, фахри коинот, Расулимиз давоми...

41703 05:00 / 14.03.2017
Аудиолар

137656 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57721 14:35 / 11.08.2021