1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Киши севгани билан бирга бўлади!

09:41 / 26 июль 2624 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиқдилар. У зот бир жойда дам олиб ўтирганларида бир аъробий келиб баланд овозда деди:

– Эй Муҳаммад!

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Мен буёқдаман, кел! - дедилар.

Саҳобалар аъробийга:

– Ҳолингга вой бўлсин! Овозингни пасайтир. Сен Пайғамбарнинг олдидасан. Биз у кишига овозимизни кўтаришдан қайтарилганмиз! - дейишди.

Аъробий:

– Аллоҳга қасамки, овозимни пасайтирмайман! - деди.

Сўнгра Набий алайҳиссаломдан сўради:

– Киши бир қавмни яхши кўради. Аммо уларга ета олмайди?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

المَرْءُ مَعَ مَنْ أَحَبٌ

Киши қиёмат кунида яхши кўргани билан бирга бўлади!

Имом Бухорий ривояти.

Саҳобалар бу гапдан ниҳоятда шодланишди. Ҳеч қачон бунақанги хурсанд бўлишмаган эди!

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одобларига, кишиларнинг одатлари ва табиатларини нечоғлик ҳисобга олишларига қаранг!

Саҳро аъробийни қўпол ва дағал қилиб қўйган. У ер юзидаги шароити қийин жуғрофий муҳитда яшаш учун курашавериб, шунақа қўпол табиатга эга бўлиб қолган. Майдоннинг кенглиги, масофанинг узоқлиги сабабли туяларию қўйларига бақиравериб, баланд гапиришга ўрганиб қолган. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг табиатини, одатини билганлари учун камчилигидан кўз юмяптилар. Бу ерда ҳеч қандай шахсий муаммо ёки ҳурматсизлик йўқ. Аъробий пайғамбарлик мартабасини айтмади, балки «Эй Муҳаммад», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен буёқдаман, кел» ёки «Марҳамат гапир, мен сени эшитаман», дедилар!

Бу воқеа номуносиб ҳар қандай ҳаракатга шахсий масала деб қарамасликда биз учун буюк дарс бўлади!

Сиз ўрганган нарсани ҳамма ҳам ўргана олмайди. Ҳамманинг ҳам сиз каби тарбияси йўқ. Сиздаги табиат кўпларда йўқ...

Баъзи инсонлар энг мураккаб фикрий масалаларни ҳам осонлик ва худди Мусҳаф ўқигандек вазминлик билан ҳал қилишади! Баъзилар эса ҳатто футбол ўйнаётиб ҳам шунақа бақириб жанжал қиладики, гўё рақибини ҳозир бир нарса қилиб қўяди деб ўйлайсиз!

Инсонлар табиатини, уларнинг шароитини, ҳаётдаги ҳолатини, илм даражасини англашга уриниш ҳаётда бизга кўп асқотади!

Кишининг қиёмат кунида севгани билан бирга бўлишини эшитган саҳобалар ўша кунда хурсанд бўлган бўлишса, биз улардан ҳам кўпроқ хурсанд бўлишимиз керак. Бизнинг насибамиз нақадар гўзал! Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни севамиз, аҳли байтларини севамиз, Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Холид, Абу Убайда розияллоҳу анҳуларни, Аллоҳ Ўз Набийси соллаллоҳу алайҳи васалламга ёрдам беришлари учун танлаган буюкларимизни севамиз!

Қиёмат кунида ким биландир бўлиш сизни хурсанд қилмас экан, уни қалбингиздан чиқаринг. Муҳаббат ҳам ибодатдир!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳнинг Қуръони каримда зикр этилган қаҳр ва қувват сифатлари ҳеч қачон зулм маъносини англатмайди. Шунингдек, Аллоҳнинг жаббор сифати жабр маъносини давоми...

3330 12:10 / 05.01.2019
Бугун дунёда юз бераётган воқеалар, молмулк, бойлик ризқларнинг энг оддий, кам даражадагиси экани, соғликсаломатлик, айбу нуқсонларнинг сатр этилиши ҳамда давоми...

2681 18:00 / 18.03.2021
Талоқ ажрашишrdquo деган маънони беради. Ажрашиш мубоҳларнинг қилиш таъқиқланмаган нарсаларнинг энг ёмонидир. Зеро, бунда аёлга озор бериш бор. Озор эса асло мубоҳ давоми...

1550 11:51 / 26 октябрь
Мусулмонларнинг мақсади карвон эди. Қурайшнинг мақсади эса карвонни қутқариш эди. Аммо Аллоҳ таоло урушни ирода қилди ва Бадр жанги бўлиб ўтди. Расулуллоҳ давоми...

2263 15:16 / 29.04.2024