1447 йил 27 шаъбон | 2026 йил 15 февраль, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Отам бир бечора инсон

13:00 / 01.08.2021 4684 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шифокорлардан бири айтади:

“Бир куни менинг қабулимга ёши олтмишлардан ўтган киши ўзининг тахминан ёши ўттизларда бўлган ўғли билан кирди. Йигит отасининг қўлидан ушлаб олган, унга ниҳоятда ғамхўр эди. Унинг у ёқ-буёқларини тузатиб қўяр, унга беҳад эътиборли эди. Унинг отаси бемор экан. Уларнинг муаммосини сўраш ва таҳлилларга кўз ташлаш асносида отасининг ҳаракатлари ғайритабиий эканлигини сездим. Ўғли отасининг ақли заиф эканлигини айтди. Мен отасига ким қараши ҳақида сўрасам ўғли “мен” деди.

Мен: “Нега энди бирор-бир хизматкор олмайсиз?”, деб сўрадим.

Ўғли деди: “Чунки отам ёш болага ўхшаб қолганлар. Ҳеч шикоят қилмайдилар. Хизматкор у кишига азият бериб қўйиши ёки хизматда нуқсонга йўл қўйиши мумкинми деб қўрқаман”.

   Мен ўғилнинг отасига бўлган эътиборидан ҳайратда қолдим. Ундан уйланганмисиз, дея сўрадим. У: “Ҳа, фарзандларим ҳам бор. Хотиним отамнинг хизматларини жон-дилдан бажаради. У кишига овқатларини пишириб тақдим қилади. Аммо мен хотиржам бўлишим учун отам билан бирга овқатланаман. Отамнинг қон босимлари ҳам баланд. Устига- устак қанд касалликлари ҳам бор”.

   Мен у йигитдан янада ажабландим. Кўз ёшларимни яширдим. Яширинча отанинг тирноқларига назар солдим. Унинг тирноқлари олинган, тоза эди. Шунда ота ўғлига қараб: “Қачон менга чипс олиб берасан?”, деди.

Ўғли: “Отажон, ҳозир дўконга бориб чипс сотиб оламиз”, деди. Отаси бундан хурсанд бўлди. Шунда ўғли менга қараб: “Отам хурсанд бўлсалар мен ҳам хурсанд бўламан. У киши менинг кичик ўғлимдек бўлиб қолганлар!”, деди. Мен ундан: “Беморлик вақтингизда отангиз сизга қараганини, сиз учун ғам чекканини эслай оласизми, сиз хурсанд бўлганингизда хурсанд, хафа бўлганингизда хафа бўлганлари ёдингизда борми?”, деб сўрадим.

Ўғли: “Доктор! Отам бир бечора инсон. Мен ўн ёшимдан бери у кишининг хизматларини қиламан. Ёшлигимдан бери мен у кишига қарайман, ғамхўрлик қиламан!”.

   Мен унга керакли муолажа рўйхатини ёзиб бердим. Дориларни тушунтирдим. Ўғил отасининг қўлларидан тутиб мен билан хайрлашди-да отасига: “Кетдик отажон, дўконга!”, деди. Улар чиқиб кетиши билан ушлаб турган кўз ёшимни қўйиб юбордим. Бу бола отасига яхшилик қиладиган ҳақиқий фарзанд экан. Ваҳоланки, отаси унга тарбия бермаган, ғамхўрлик қилмаган, кечалари ўғли учун бедор бўлмаган, унинг дарди билан алам чекмаган, у йиғлаганда йиғламаган экан. Шундай бўлсада ўғил отасига бунақа хизматларни тақдим қилаяпти. Биз соғлом ота-оналаримиз учун бу йигит ўзининг ақли заиф отасига қилган хизматларини қила олаяпмизми?!

Доктор Самир Муҳаммад Айюб

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло биз бандаларни отаоналаримизга яхшилик қилишга буюрган. У Зот Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган .Роббинг фақат Унинг давоми...

6769 17:04 / 16.06.2022
Агар ушбу инсоний муомалалар одоби бўйича комил амалий барномани маҳкам тутадиган бўлсак, дунё ва охиратда саодатга эришгаймиз. Турли тарафларга нафақа қилиш давоми...

1215 13:18 / 19.08.2025
Имом Муслим, Абу Довуд ва Молик видолашув ҳажи ҳадисида Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар .Аёллар ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар Чунки сизлар уларни давоми...

1963 17:09 / 14.01.2025
Жарийрдан ривоят қилинади.Мен мусулмон бўлганимдан буён қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган бўлсам, албатта, юзимга табассум билан давоми...

3995 08:00 / 05.03.2022