1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Кексаларнинг руҳиятини кўтариш

18:05 / 18.04.2020 2243 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ سَهْلِ بْنِ أَبِي حَثْمَةَ: أَنَّ عَبْدَ اللهِ بْنَ سَهْلٍ وَمُحَيِّصَةَ خَرَجَا إِلَى خَيْبَرَ مِنْ جَهْدٍ أَصَابَهُمْ، فَأُخْبِرَ مُحَيِّصَةُ أَنَّ عَبْدَ اللهِ قُتِلَ وَطُرِحَ فِي فَقِيرٍ أَوْ عَيْنٍ، فَأَتَى يَهُودَ فَقَالَ: أَنْتُمْ وَاللَّهِ قَتَلْتُمُوهُ، قَالُوا: مَا قَتَلْنَاهُ وَاللهِ، ثُمَّ أَقْبَلَ حَتَّى قَدِمَ عَلَى قَوْمِهِ، فَذَكَرَ لَهُمْ، وَأَقْبَلَ هُوَ وَأَخُوهُ حُوَيِّصَةُ - وَهُوَ أَكْبَرُ مِنْهُ - وَعَبْدُ الرَّحْمَنِ بْنُ سَهْلٍ، فَذَهَبَ لِيَتَكَلَّمَ وَهُوَ الَّذِي كَانَ بِخَيْبَرَ، فَقَالَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم لِمُحَيِّصَةَ: «كَبِّرْ كَبِّرْ»، يُرِيدُ السِّنَّ، فَتَكَلَّمَ حُوَيِّصَةُ، ثُمَّ تَكَلَّمَ مُحَيِّصَةُ... رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Саҳл ибн Абу Ҳасмадан ривоят қилинади:

«Абдуллоҳ ибн Саҳл ва Муҳаййиса ўзларига етган қийинчилик юзасидан Хайбарга чиқдилар. Муҳаййисага Абдуллоҳнинг ўлдирилиб, чуқурга ёки булоққа ташлангани хабар қилинди. У яҳудийларга бориб:

«Аллоҳга қасамки, уни сизлар ўлдирдингиз», деди. Улар:

«Аллоҳга қасамки, уни биз ўлдирганимиз йўқ», дейишди.

Сўнгра қавмининг ҳузурига қайтиб келди ва уларга (бўлган ишни) зикр қилди. У (Муҳаййиса) акаси Ҳуваййиса ва Абдурраҳмон билан (Набий алайҳиссаломнинг олдиларига) келишди. У Хайбарда бўлгани боис гапиришга киришган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Муҳаййисага ёшни назарда тутиб, «Каттага (сўз бер,) каттага», дедилар. Шунда Ҳуваййиса гапирди. Кейин Муҳаййиса гапирди...»

Бухорий ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифдан катта турганда кичикка гапириш учун йўл йўқ экани очиқ-ойдин кўриниб турибди. Бунга мусулмон халқлар доимий равишда амал қилиб келишган, катталар ҳузурида кичикларнинг гап бошлаш одати бўлмаган. Кичиклар фақатгина катталарнинг рухсати билан гапирган.

«Молик ибн Мўғул айтади: «Толҳа ибн Мусарраф билан юриб борар эдим. Бир тор жойга келиб қолдик. У олдинга ўтди-да, «Агар сенинг мендан бир кунлик катта эканингни билганимда, олдингга тушмас эдим, деди».

Муслим, Абу Довуд ва Насоийлар Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга таомда ҳозир бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошламагунларича у зотдан аввал қўл узатмас эдик.

Биз у зот билан бирга бир марта таомга ҳозир бўлдик. Бир жория худди уни биров қуваётгандек шошилиб келди ва таомга қўлини узата бошлади. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг қўлидан тутдилар.

Сўнгра бир аъробий худди уни биров қуваётгандек шошилиб келди. Шунда у зот унинг ҳам қўлидан тутдилар ва: «Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган таомни шайтон ўзига ҳалол ҳисоблайди. У (шайтон) мана бу жорияни у ила (таомни) ўзига ҳалол қилиб олиш учун келтирди. Шунда мен унинг қўлидан тутдим. Сўнг мана бу аъробийни у ила (таомни) ўзига ҳалол қилиб олиш учун келтирди. Шунда мен унинг ҳам қўлидан тутдим. Жоним қўлида бўлган Зот билан қасамки, унинг (шайтоннинг) қўли жориянинг қўли билан менинг қўлимга тушди», дедилар».

Демак, таом ҳозир қилинганда ҳам уни тановул қилиш аввал катталардан бошланади. Шунга ўхшаш барча ишларда кичиклар катталарни ҳурмат қилиб, уларга йўл беришади.

Ушбу фазилатли ишларни халқимиз барча мусулмон халқлар билан биргаликда қадимдан амалга ошириб келган. Шунчаки амалга ошириб қолмай, бу борада пешқадам ва бошқаларга ўрнак бўлган. Биз, бугунги кун авлодлари ҳам бу борада барчага ибрат, намуна кўрсатишимиз лозим.

Мутахассислар кекса отахон ва онахонлар билан бўладиган муносабатларда қуйидагиларга аҳамият беришни тавсия қиладилар:

1. Кексаларни кўрганда тезда уларга салом бериш, сўрашиш, байрам кунлари табриклаш. Ота-она ва олим каби зотлар бўлса, шариатда рухсат берилганидек, қўлини ўпишга ўхшаш амалларни амалга ошириш.

2. Кексаларнинг руҳиятини кўтаришга ҳаракат қилиш. Улар яхши қабул қиладиган, уларга хуш келадиган сўзларни айтиш ҳамда саломатлик ва узоқ умр сўраб дуолар қилиш. Уларни кўрганидан хурсанд бўлганини билдириш, юзларига табассум билан боқиш. Бунга ўхшаш нарсалар кексаларнинг руҳларини кўтаради ва улар кишиларнинг ўзларига нисбатан эътиборсиз эмаслигини ҳис қиладилар.

3. Кексалардан ўтмишлари, эсдаликлари ва ютуқлари ҳақида сўзлаб беришни сўраш ва сўзларини бўлмасдан, диққат билан тинглаш. Ўтмишда бўлиб ўтган воқеалар доимо уларнинг кўз ўнгидан ўтиб туради. Шу билан бирга, қариялар мазкур хотираларни бошқаларга сўзлаб беришни яхши кўрадилар. Ёшликларида қилган эзгу ишларини эслаб, хурсанд бўладилар.

4. Кексаларнинг ҳузурида уларнинг ўтмишда қилган яхши ишлари, эришган ютуқлари ва жамият равнақи учун қўшган ҳиссалари ҳақида, бу борада улардан ўрнак олиш кераклиги тўғрисида сўзлаш ҳам яхши иш ҳисобланади. Бу каби ишлар уларнинг руҳиятлари, кўнгиллари кўтарилишига сабаб бўлади.

5. Кекса отахон ва онахонлар ҳузурида гапни чўзиб, маҳмадоналик қилишдан сақланиш зарур. Уларни эътибордан четда қолдирмаслик, кўп гапириб, ўз фикрлари ва ҳиссиётларини изҳор қилишларига, тажрибаларини эслашларига тўсиқ бўлмаслик керак.

6. Қари одам ўзининг ўтмишига нисбатан мутаассиблик қилса, уни оғир олмаслик лозим. Чунки уларнинг ўтмишлари уларнинг ёшликларига, қувват ва фаолиятларига, эришган ютуқларига боғлиқ бўлади. Шунинг учун ҳам улар ўтмишларини қўмсаб, яхши кўриб гапиришади ва бу улар учун узрли ҳисобланади.

7. Кексаларни, хусусан, қариндош ва дўст бўлган кексаларни ёлғизлатиб қўймаслик, уларни ўзига яқин олишга ҳаракат қилиш лозим. Зотан, умрнинг кексалик босқичида ёлғизлик ва ғарибликни ҳис қилиш зиёда бўлади. Қари одамга яқинлари ва қариндошлари ундан ўзини олиб қочаётгандек туюлаверади, ҳеч ким ундан хабар олмаётганидан шикоят қилади. Бу ҳолат давом этаверса, уларнинг қалбида умидсизлик уйғонади ва шахсиятига футур етади.

8. Кексаларга қарилик босқичига кўникишда ёрдам бериш керак. Ижтимоий фаолиятларга, маросимларга ва турли муносабатлар ила бўладиган мажлисларга чорлаб туриш уларнинг кўнгилларини кўтаради.

9. Қарияларга уларнинг дини ва дунёси учун манфаат берадиган нарсаларда иштирок этиб туришларида кўмак бериш керак. Мисол учун, янги алоқалар ўрнатиш, дўстлар орттириш, жамоатга қўшилиш ва ҳоказо.

10. Кексаларнинг жисмида, аъзоларида, нафсониятида, ақлида ва тафаккурида содир бўлган ўзгаришларнинг риоясини қилиш жуда ҳам зарурдир.

11. Кекса инсонлар билан бирга ўтирганда мажлис, сўзлашиш ва суҳбат одобларига қатъий риоя қилиш лозим.

12. Ёши катта отахон ва онахонлар қарилик туфайли заифлик ва ожизлик қилиб қолганларида уларга ёрдам беришга шошилиш бошқаларнинг бурчидир.

13. Кексаларнинг ўзларини яхши ҳис қилишлари ва қалблари севинчга тўлиши учун керак бўлган чораларни кўриб туриш лозим.

14. Кексаларни ўта қарилик хавфидан ҳимоя қилиш лозим. Қартайган чоғда кишининг қалбида жамиятдаги ўрнини йўқотишдан, соғлик ва моддий таъминот каби нарсалар борасида хавфсираш ҳисси кўпаяди. Улардан одамлар, хусусан, яқин кишилар узоқлашган сари бу хавф кучайиб боради. Шунинг учун бундай ҳолатнинг олдини олишга уриниш лозим.

15. Кексаларнинг ёши ўтгани, ожизлашгани, касалликлар, эшитиш ва кўриш қобилиятларининг сустлашиши каби қарилик аломатларини сезиб, жамиятдан узоқлашишга уринишларидан ҳимоя қилиш керак. Бундай ҳолатларда улар жамиятга аралашишдан, оилавий маросим ва учрашувлардан ўзларини олиб қочадиган бўлишади ёки у ерларга борсалар ҳам, бир четда жим ўтиришга ҳаракат қилишади. Уларни бу ҳолатга туширмасликка ҳаракат қилиш лозим.

16. Кексаларни қийин ва машаққатли амалларга уринтирмаслик керак. Шариатда уларнинг ҳолини ҳисобга олиб, баъзи ибодатларнинг афв этилгани, баъзиларининг эса енгил қилингани бежиз эмаслигини эсдан чиқармаслик зарур.

17. Қарияларга уларга доимо аҳамият ва эътибор бериб турилганини сездириб туриш зарур. Хусусан, оила аъзолари, қариндошлар, ёру дўстлар ва ҳамкасблар бу ишга алоҳида аҳамият бермоқлари керак бўлади.

18. Кексаларнинг бўш вақтларини турли манфаатли ишлар билан тўлдириб туриш жуда ҳам фойдалидир. Масжидларга, тўй-маъракаларга, ваъз-насиҳат бўладиган жойларга, зиёратларга олиб бориш ана шундай ишлар жумласига киради.

19. Кекса отахон ва онахонларнинг яқинлари уларнинг озодаликларига, кийимларига ва бошқа шунга ўхшаш ишларига доимий равишда малол олмасдан аҳамият бериб туришлари лозим.

20. Кексаларга ибодатларини ва уларнинг вақтини эслатиб туриш ўта савобли ишдир.

21. Кексаларнинг озиқ-овқати, соғлиги ва руҳий ҳолатидан вақтида хабар олиб туриш муҳимдир.

22. Кекса одами бор оилаларга кексаларга хизмат қилиш диний мажбурият эканини, уларга яхши қараганларга кўплаб савоблар берилишини доимий равишда эслатиб туриш лозим.

23. Болалар ва ёшларга ота ва онанинг, бобо ва момонинг ҳамда кексаларнинг улардаги ҳақларини эслатиб туриш, уларга бу борадаги ишларни амалга ошириш йўлларини ўргатиб туриш зарурдир.

24. Кексалар бор жойларга ва мажлисларга болаларни олиб бориб, катталарни қандай эъзозлаш кераклигини уларга амалда ўргатиб туриш лозим.

«Кексаларни эъзозлаш» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Савбондан ривоят қилинади.Икки киши ўзаро уришиб қолиб, уч кундан ортиқ гаплашмай юрса ва улардан бирига ўлим етсаю, улар ўша ҳолатда бўлсалар, иккови ҳам давоми...

2375 19:05 / 13.12.2019
Опасинглингизни узатганмисизБошқа хонадоннинг эшигини очиб ўтирибдимиВақт топиб, тезтез йўқлаб туринг. Нимадир олиб бориш эмас, асосийси, эътибор. Барибир, қуруқ давоми...

5824 11:37 / 16.01.2022
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мусулмонларнинг уйлари ичида энг яхши уй етимга яхшилик қилинаётган уйдир. давоми...

2027 15:30 / 05.02.2020
Амр ибн Абу Қурра Киндийдан ривоят қилинади.Отам Салмонга синглисига уйланишни таклиф қилди. У буни қабул қилмади ва Буқайра исмли озод қилган чўрисига давоми...

2460 09:19 / 12.09.2021