1447 йил 16 шаъбон | 2026 йил 04 февраль, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Ҳаёт мана шу. Танимаганни сийламас!

09:00 / 06.08.2021 3734 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга етти нафар Аршнинг соясидан жой оладиган тоифа ҳақида гапирдилар. Улар орасида яширин садақа қиладиган, ўнг қўли берган садақани чап қўли билмайдиган киши ҳам борлигини айтдилар.

Зайнул Обидин роҳимаҳуллоҳ кечалари фақирларникига садақа ташир эдилар. Уни фақирлар, бевалар, мискинларнинг уйлари эшиги олдида қўйиб кетар, фақирлар уни ким ташлаб кетганини билмасдан қолишар эди. Зайнул Обидин роҳимаҳуллоҳ бу ишларни ўзи қилар, бу ишларга ходим ёки дўстини жалб қилмас эди. Буни ҳеч ким билмаслигини мақсад қилган эди. Узоқ йиллар шундай бўлиб қолди. У зот вафот қилганида уни ювган кишилар унинг елкаларида кўтарган қопларининг изларини кўришди. У вафот қилиши билан ҳалиги фақир, мискин ва беваларникига нарса бормай қўйди. Шундан билишдики, бу ишларни Зайнул Обидин қилар экан.

Яширин садақага бир неча сабабларга кўра савобларнинг энг олийси берилади:

1. Уни қилаётган киши бу қилаётган ишини кишилардан яширишга ҳаракат қилади. Ёлғиз Аллоҳнинг билиши унга кифоя қилади. Бу билан риёдан қутилади. Аллоҳнинг розилиги истаб қилинган садақадан ҳам ўтадиган садақа борми?!

2. Бунда инсонларнинг обрўсини сақлаш ҳам бор. Бировларга ҳожатнинг тушиши нафсни синдириб қўяди. Баъзи инсонлар кўпчиликнинг олдида садақа олишдан ийманишади. Унинг наздида обрўси эҳтиёжидан муҳимроқдир. Яширин садақада ана шу жиҳатдан ажр кўпдир. Бунда садақа бор, кўнгилни олиш бор, обрўни сақлаш бор.

Аввалгилар худди ёмонликларини яширган каби яхшиликларини ҳам яширишар эди. Улар ибодатларини кишилар кўришини исташмас эди. Имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ Довуд ибн Абу Ҳинднинг таржимаи ҳолини зикр қила туриб унинг қирқ йил рўза тутганини, буни ҳатто оиласидагилар ҳам билмаганини айтади. У дўконга чиқаётганида хотини унга овқат бериб юборар экан. Унинг рўзалигини билмас экан. У эса овқатни фақирларга садақа қилар, кечқурун уйга келганида оиласи даврасида худди рўза тутмагандек улар билан бирга кечки овқатни ер экан.

Ибнул Жавзий роҳимаҳуллоҳ Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳдан қуйидаги ривоятни келтиради:

«Мен Абдуллоҳ ибн Муборак билан бирга эдим. Биз бирга сув ичадиган жойга келдик. Кишилар кўп эди. Абдуллоҳ ибн Муборак сув ичиш учун яқинлашди. Кишилар уни танимасдан итариб чиқариб юборишди. У қайтиб келиб деди:

«Ҳаёт мана шу. Танимаганни сийламас!».

Қанақа ибодат бўлмасин, уни яширин қилишга қодир бўлсанг уни ошкор қилма. Садақани яширишга қодир бўлсанг уни яшир. Амални риёчалик барбод қиладиган нарса йўқ. Инсонлар кўрмаган амал Аллоҳнинг изни билан риёдан саломат қолади. Риёдан саломат қолган амал қабул қилинади. Қабул қилинган амал эса сени уфқларга олиб чиқади!

Абдулқодир Полвонов тайёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умму Саъид бинт Мурра Феҳрий отасидан ривоят қилади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Мен ва етимнинг кафили жаннатда худди ушбу иккиси кабидир. Ёки бу билан бу давоми...

2582 16:17 / 25.01.2020
.Ҳасандан ривоят қилинади.Ундан қўшнилар ҳақида сўрашди. Шунда у .Олдидан қирқ ҳовли, ортидан қирқта, ўнгидан қирқта, чапидан қирқта,, деди,.Шарҳ Шариат давоми...

1978 19:29 / 12.09.2019
Ғарб олимлари деярли ҳар куни одамларга бирор ижобий ишни тавсия қилмоқдалар. Ушбу тавсиялари эса кўп ўринларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

3369 14:00 / 02.05.2023
Агар ушбу инсоний муомалалар одоби бўйича комил амалий барномани маҳкам тутадиган бўлсак, дунё ва охиратда саодатга эришгаймиз. .,. ., . Шуъайб давоми...

1931 13:19 / 09.08.2025
Аудиолар

227886 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

146607 14:35 / 11.08.2021