1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Шайх Абдулқодир Ҳусайн

21:18 / 30.07.2021 10947 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдулқодир ибн Муҳаммад ибн Солиҳ ибн Ҳусайн ибн Ийсо ибн Ҳумайд ибн Ҳарубий ибн Алий ибн Ҳамд ибн Мустафо ат-Тамимий милодий 1971, ҳижрий 1391 йили Сурия Араб Республикасининг Фурот дарёсининг қуйи қисмида жойлашган Маядин (Роҳба) шаҳрида, диндор, аҳил илмлар оиласида туғилган.

Отаси устоз Муҳаммад Солиҳ Ҳусайн ҳам, амакиси устоз Ҳаммод ҳам Фурот водийсида кўзга кўринган уламолардан эдилар. Амакисининг ўғли Абдураҳмон Жосим Мусо ўз вақтида Маядин шаҳрининг фатво сўраладиган фақиҳи бўлган.

Абдулқодир Ҳусайннинг насаби арабларнинг Тамим қабиласига, она томондан Ҳусайн ибн Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга бориб тақалади.

Ёшлик даври, бошланғич ва ўрта таълим

Абдулқодир Ҳусайн ёшлигидан жуда иқтидорли бўлиб, Қуръони карим қироатини мактабга боришдан олдин, отасининг қўлида ўрганган, ҳадис ёдлашда ҳам ёшлигидан бардавом бўлган.

Абдулқодир Ҳусайн ёшлигидан араб адабиётига, хусусан шеъриятига жуда қизиқар, қадимги араб шеърияти ва бошқа нодир назмларни грамматик таҳлил қила олар эди. Мактабда ҳам араб тилига, хусусан наҳв илмига муҳаббат қўйиб, тенгдошлари орасида наҳв илмида пешқадам бўлган.

Олий таълим

Абдулқодир Ҳусайн ўрта таълимни Маядиндаги Абдулмунъим Риёз мактабида олди. Ўша даврда бу маскан Суриянинг энг илғор мактабларидан бири эди. Устози Абдулқодир Ийсо Ҳалабий роҳимаҳуллоҳнинг кўрсатмаси билан отаси уни шаръий илмларга йўналтирди.

Абдулқодир Ҳусайн 1995 йили Мадина Ислом университетини, 1997 йили эса Дамашқ Ислом университетининг шариат факультетини тамомлаб, аъло баҳолар билан Ислом фиқҳи ва усули бўйича магистрлик дипломини олди. Шу йили Қуръон ва Суннат илмлари бўлимига ассиссент (профессор ёрдамчиси) этиб тайинланиб, 1998 йилда Қоҳира университетидаги Дорулулум факультетига расмий вакил сифатида юборилди.

Абдулқодир Ҳусайн 2002 йилда Ислом шариати бўйича магистрлик дипломини юқори эътироф билан қўлга киритиб, «Қуръон ва Суннатда табиатни ҳимоя қилиш» рисоласини чоп этиш ҳамда бошқа университетлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича тавсия олди. 2004 йилда эса Ислом шариати бўйича докторлик дипломни қўлга киритиб, «Қуръон матнлари тафсиридаги қабул ва рад қилиш меъёрлари» рисоласини чоп этиш ҳамда бошқа университетлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича тавсия олди. Ушбу рисола китоб шаклида Дамашқдаги «Дорул-Ғавсоний» матбаасида икки марта нашр қилинди.

Абдулқодир Ҳусайн Қоҳира университетидаги Дорулулум факультетида магистратура ва докторантура бўйича илмий иши чоп этишга тавсия қилинган биринчи суриялик ҳисобланади.

Устозлари

Абдулқодир Ҳусайн диний илмларни Шомдаги улуғ устозлардан, жумладан, Абдулқодир Ийсо Ҳалабий ва шайх, доктор Муҳаммад Саъийд Рамазон Бутий каби уламолардан олган. Шунингдек, шайх, докор Абдураззоқ Ҳалабий, шайх, доктор Абдулатиф Фарфур, шайх, доктор Нуриддин Итр, шайх, доктор Ваҳба Зуҳайлий, шайх Абдураҳмон Шағурий, шайх, доктор Мустафо Буғо ва бошқалар ҳам Абдулқодир Ҳусайннинг устозлари ҳисобланадилар.

Абдулқодир Ҳусайн Ҳижозда ҳам бир неча шайхларнинг, жумладан, шайх Саъдуддин Мурод Ҳамавий, шайх Атийя Солим, шайх Саййид Муҳаммад Алавий Моликий ва бошқаларнинг қўлида таълим олган.

Шунингдек, Абдулқодир Ҳусайн Мисрда ҳам кўпгина шайхлардан таълим олган, хусусан, олти йил давомида Миср диёрининг муфтийси шайх Али Жумъанинг суҳбатида юрган. Мисрлик шайх доктор Мустафо Имрон ҳам Абдулқодир Ҳусайннинг устозларидан биридир.

Педагогик фаолияти

 

Абдулқодир Ҳусайн Азҳари шариф университетида ҳанафий фиқҳи, усул, ақийда ва фароиз фанларидан дарс берган. Шунингдек, унинг бир неча йил давом этган дарс халқаси ҳам машҳур бўлган. Абдулқодир Ҳусайн бир неча ўн йиллар давомида Азҳар университетида дарс берган биринчи шомлик устоз ҳисобланиб, етиштирган кўпгина шогирдлари ҳозирда Азҳар университетида устозлик қилмоқда. Абдулқодир Ҳусайннинг бу ердаги энг кўзга кўринган шогирдларидан бири Султон Ҳасан жоме масжидининг имом-хатиби ва мударриси, шайх, доктор Холид Ҳимоядир. Шунингдек, Азҳар университетининг мударрислари ‒ доктор Ҳамдуллоҳ Сифтий, доктор Аҳмад Шариф, шайх Ҳишом Ҳанафий ва бошқалар ҳам унинг шогирдларидир. Бундан ташқари, Абдулқодир Ҳусайн Қоҳирадаги Султон Ҳасан жомеси қошидаги ҳанафий мадрасасида ҳам мударрислик қилиб, кўплаб талабаларга ижозалар берган.

Шайх Абдулқодир Ҳусайн Миср ва Азҳари шариф уламолари доирасида жуда машҳур бўлиб, у ерда шайх Абдулқодир Шомий Ҳанафий деб танилган.

Шайх Абдулқодир Ҳусайн ўн йилга яқин муддат мобайнида Дамашқ университетининг шариат факультетида, Фатҳул исломий маъҳадидаги тахассус бўлимининг Усулуд-дин факультетида ҳамда Дамашқдаги Аҳмад Куфтару мажмуасининг шариат факультетида тафсир ва улумул Қуръон илмларидан дарс бериб келди. Шунингдек, бир йилдан кўпроқ Дамашқ университетида ҳамда Фурот университетининг Адаб факультетида ҳам дарс берди.

Шайх Абдулқодир Ҳусайн Маядин шаҳрида турли илмлардан дарс берган, жумладан, Умар ибн Хаттоб масжидида Имом Моликнинг «Муватто» асарини иснодлари билан ўқитган, шунингдек, Ибн Нужаймнинг «Ашбаҳ ван-назоир» асарини ва ақийда китобларидан дарс берган.

Бугунги кунда шайх Абдулқодир Ҳусайн Туркиядаги Ялва университетининг илоҳиёт факультетида ҳамда Истамбулдаги Ҳиронур вақф мажмуасида Ислом ақийдасидан дарс бермоқда.

Шунингдек, шайх Абдулқодир Ҳусайн интернетда «Тасҳилул-усул» номли видеоканалда усулул фиқҳ илмидан онлайн дарс бериб келмоқда.

Асарлари 

Шайх Абдулқодир Ҳусайн юқорида зикр қилинган икки илмий рисоласидан ташқари яна бир қанча китоблар таълиф этган:

• «Таржуманил-Қуръан вал-муфассирин». «Дорул-Ғавсоний», Дамашқ.

• «Имаму аҳлил-ҳаққи шайх мужаддид Абулҳасан Ашъарий». «Дорул-мушриқ», Дамашқ.

• «Ал-васит ила қоваъидит-тафсири илаа китаабиллааҳил-муҳит». «Дорун-нурул-мубин», Иордания.

• «Ат-Таторруфис-салафию фии фаҳмид-дин». «Дорун-нурул-мубин», Иордания.

• «Аз-Зубдатул-ҳанияту шарҳул-Ҳаридатил-баҳияти фил ақоидис-сания» махтут.

Шайх Абдулқодир Ҳусайн яна бир қанча илмий ишлари чоп этилган:

• Қуръони каримдаги илмий манҳаж усули (Жазоирнинг «Ал-Иҳё» журналида нашр қилинган).

• Имом Шофеъий наздида Қуръони карим тафсири услуби (Суриянинг «Туросул-арабий» журналида нашр қилинган).

• Қуръони карим тафсиридаги бегона сўзларни ажратиш (Дамашқдаги «Жомеъа» журналида нашр қилинган).

• Қуръон ва Суннатдаги объектив тадқиқотлар.

Шайх Абдулқодир Ҳусайн Сурия ва бошқа давлатларда бўлиб ўтган бир қатор илмий анжуманларда иштирок этган:

• Дамашқ университети шариат факультети ташаббуси билан уюштирилган «Исломда диний бағрикенглик» анжумани.

• Ҳалаб университети ташаббуси билан уюштирилган «Вақф мулклари» халқаро анжумани.

• Ҳалаб университети ташаббуси билан уюштирилган «Шаръий таълим ва тараққиёт» халқаро анжумани.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сулаймон халифа домла 1901 йил Наманган тумани, ҳозирги Неъматжон қишлоғида боғбон Умархон сўфи хонадонида таваллуд топдилар. Ўғилли бўлган сўфи домла фарзандни давоми...

1225 06:00 / 26.04.2023
Эй Ҳорун Эй Ҳорун Эй синовга учраган Сенга қачон ақл киради Ким ақлсиз Менми ёки сен Мен ақллиман, эй Ҳорун Қандай қилиб сен ақлли бўлишинг мумкин Бир кун келиб давоми...

2467 11:30 / 29.05.2021
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.Охирги пайтда .Бозор, бозор иқтисодиёти, сингари сўз ва жумлалар оғиздан тушмай қолди. Ҳамма ўз фикру тасаввурини айтмоқда, давоми...

2011 12:04 / 12 май
Касир ибн Яҳё отасидан ривоят қилади .Сулаймон ибн Абдулмалик Мадинага келди. У пайтда Умар ибн Абдулазиз у ерда волий эди. Сулаймон одамлар билан бирга пешинни давоми...

2159 19:00 / 26.11.2022
Аудиолар

137657 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7544 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57721 14:35 / 11.08.2021