1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Кўзгудаги ёлғон

13:30 / 30.07.2021 2483 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Эй мурид! Кўзгуга, сўнг солинган нақшга боқ! Бир гўзалнинг қариликдаги хунуклигини, бир бинонинг хароб ҳолга келишини унутма ва кўзгудаги ёлғонга алданма».

Мавлоно Жалолиддин Румий

Дунё имтиҳон ва ўткинчи ишлар маконидир. Биринчи қараганда кўзга ранг-баранг кўринади. Нафсни қитиқлайди. Лекин бу бир тузоқ бўлиб, нафсини жиловлай олмаганлар у гирдобда чўкиб кетишади. Дунё сув бўлиб акс этган сароб ёки болалар кўзига ширин кўринган, лекин ичи чириган ва тахир олмадир. Уни севганларни дунё сеҳрлайди ва янглиш йўлларга олиб киради. Унинг зоҳирига учганлар абадий оламларига зиён етказишади. Бунинг оқибати эса чексиз надомат ёшларини тўкиш бўлади.

Инсон ҳам катта оламнинг кичик бир кўринишидир. Унинг мана шу содда кўриниши Аллоҳнинг ердаги халифаси сифатида талқин қилинади. Лекин руҳий ва маънавий жиҳатдан камолотга эришган инсон мавжудотларнинг энг шарафлисига айланади. Аксинча, нафсоний орзуларига қул бўлса, абадий бадбахтликка дучор бўлади. Мавлоно ҳазратлари бу ҳақда: «Нафсини бўйсундирган хожа, нафсига асир бўлган қулдир», деган эди.

Иймон шуури билан қуролланмаган кишининг жиддий ҳаёт кечириши ва ҳаёсини сақлаб қолиши имконсиз. Тупроқ устида ғафлат ичида ўтказган кунларимизни охират кўзгусида бир кун томоша қиламиз. Ҳар бир киши ўлим шарбатини тотиб кўражак. Мозийда қолган кунлар эса охират ҳисобига ёзилиб боради.

«Дунёга келиш» ва «дунёдан кетиш» дея аталган икки манзилнинг ўртасида сарсон қолган инсон идроки дунёга тааллуқли ҳақиқий қонун-қоидалар билан бошқарилмаса, бу нисбий оламдан ҳақиқат ватани томон маънавий йўл топиб бўлмайди.

Охиратда саодатга эришиш учун бу замон ва маконда яхши амаллар қилиш лозим. Ҳар бир онимизни амалларнинг энг фазилатлиларига ажратишимиз керак. Вақт намланган совунга ўхшайди. Уни қўлда тутиб туриш қийин. Сирғаниб кетаверади. Замон бир ўткир қилич кабидир. Унга ҳоким бўлиш учун моҳирлик талаб қилинади. Бу қиличини маҳорат билан ишлатиш, аҳамиятли нарсаларни олиб, аҳамиятсизини четда қолдириш лозим. Бу иш эса ҳақиқатни англаб етган ақл билан амалга ошади. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эртага бажараман, дея орқага сурганлар ҳалок бўлди», деган эдилар.

Инсон шунчалик ғалати мавжудотки, бир-икки кун меҳмон бўладигани бу дунёда ўзини ўзи алдайди. Ҳар куни жанозаларга иштирок эта туриб, ўлимни ўзидан узоқда, деб ўйлайди. Ўзини ҳар он бой бериши мумкин бўлган омонатларнинг доимий эгаси, деб билади. Ҳолбуки, инсон руҳига жасад кийдирилиб, бу дунёга юборилган онда ўлим йўловчисига айланган эди. Инсон бу йўлнинг ҳозирлик босқичида турганини ҳеч ҳам хаёлига келтирмайди. Бир кун келиб, руҳ жасаддан айрилади. Охират эшиги бўлган қабрда бошқа узоқ сафари бошланади.

«Кимнинг умрини узоқ қилсак, уни хилқатида тескари қилиб қўямиз. Ахир ақл юритмайдиларми?!» (яъни бир кишининг сурат ва сийратида ёш-яланглиги билан қари-қартанглиги ўртасида нақадар катта фарқ борлигини кўриб, ибрат олмайдиларми) (Ёсин сураси, 68-ояти).

Бу ояти карима билан инсонларга энг гўзал шаклда насиҳат қилинмоқда. Дунёнинг маъноси вафосизликлардан иборат. Дунё берган омонатини тезда қайтариб олади. Бир кун кўкка кўтарса, эртаси кун юзтубан йиқитади. У сояга ўхшайди. Уни ушламоқчи бўлсанг, олдингга тушиб қочади. Унга эргашиб сарсон саргардон бўлгунча умр ўтиб кетади. Дунёга кўнгил қўйиш ҳаёсиз аёлга кўнгил қўйиш кабидир. Бу ишқ бир кун инсонни юз тубан қилади. У доимо қалбга васваса солади. Охир-оқибат инсонни бор-йўғидан айиради...

«Нафс»ига ҳоким бўлганлар учун эса вақт ҳеч нарсага қиёсланмайдиган неъматдир. Аллоҳ таоло Аср сурасини аср вақтига қасам билан бошлайди. Ҳамма нарсани сотиб ёки қайтариб олиш мумкиндир. Лекин вақтни асло қайтариб олиб бўлмайди.

Надомат ва афсуснинг энг буюк сабабларидан бири ҳам замонни бекорга ўтказишдир. Ўлимнинг маъносини билганлар фоний дунёнинг лаззатларига, сафарнинг маъносини билганлар эса меҳмонхонадаги ўйинларга алданишмайди. Чунки бу дунёдаги ноз-неъматлар бу дунёдан айрилмайдиган даражада унга боғланган. Бутун фоний ноз-неъматлар бир кишининг қўлида тўплансаю, бу одам минг йил яшаса, бундан нима фойда бор? Охир-оқибатда борадиган жойи тупроқнинг ости эмасми?

Боқий ҳаёт, кексаймай доимо ёш қолиш фақат нафсни қўлга олиш, ёлғончи ва фоний ноз-неъматларнинг таъсиридан қутулиб, Аллоҳ таолога боғланиш билан амалга ошади.

Орифлардан бири ҳикматлар ва ибратлар кўргазмаси бўлган бу оламга ақллилар учун гўзаллик сайри, ақлсизлар учун эса ейиш ва шаҳватдан иборат дея таъриф берган эди.

Нафсоний орзулар билан ўтказилган умр инсонни ҳалокатга олиб борувчи ҳийла ва мураккабликлар билан тўладир.

Мавлоно Румий инсоннинг ёшлик вақтида содир бўладиган ўткинчи можароларини ва уларнинг оқибатларини шу мисоллар билан тушунтиради:

«Эй сен, баҳор гўзаллигига кўнгил қўйган йигит! Кузнинг хазонлари ва совуқлиги борлигини ҳам унутма! Шафақ вақтида қуёш чиқишини кўрганда, оқшом пайти унинг ўлимни билдирадиган ботишини ҳам ёдингда сақла.

Бу бўш чордоқда, яъни ойдин кечада бадир ҳолидаги қамарнинг латофатини кўрасан. Унинг ой сўнггида кичик ва кўримсиз ҳолга тушишини ҳам унутма. Инсон ҳам худди шундай мажорани бошидан ўтказади. Камоли ва жамоли заволга маҳкумдир. Гўзал ёш йигит бир қарасанг, халқнинг суюкли ўғлонига айланади. Орадан кўп ўтмай қари чолга айланиб, элу юртга кулгу бўлади. Агар кумуш вужудли гўзаллар сенга тузоқ қўядиган бўлса, қарилик келганда уларнинг шудгорга айланган вужудига боқ.

Эй ёғли, асалли таомларга кўнгил қўйган киши. Ўрнингдан туриб, ҳожатга бор ва уларнинг ҳолини кўр. Ахлатга қараб, сенинг таомлигингдаги гўзаллигинг ва ширинлигинг қаерда қолди, дея сўра. У сенга бундай жавоб беради: «Сен айтган нарсалар бир ғунча эди. Мен эса бир тузоқ эдим. Сен келиб тузоққа илинган дамда у ғунча сўлиб қуриди ва хазонга айланди».

Усталарни ҳайрон қолдирган шундай маҳоратли қўллар бор эдики, охир-оқибат титрашга тушди. Кўзгу каби наргиз боқишли кўзларни, охир-оқибат мунгли ва ёшга тўлган ҳолда кўрасан. Яна арслонлар сафида ўрин олган арслон каби бир йигитнинг кун ўтиб, сичқонга мағлуб бўлганини кўрасан. Яна истеъдодли бир санъаткорни қўлидан иш келмайдиган ночор ҳолида кўрасан. Яна ақлларни бошдан учирган хушбўй ҳидли зулф сочнинг, қариликда эшакнинг думи каби чиркинлашганини кўрарсан.

Бу нарсаларнинг илк ва латофатли ҳолига боқ! Кейин уларнинг чиркинлашиб, не ҳолларга тушганини кўр. Чунки бу олам сенга тузоқ қўйган ва шу йўл билан қанча хом арвоҳни паришон ҳолга солгандир. Кимки нафснинг асирликдан ва сояларга алданишдан қутулган бўлса, Аллоҳга шу қадар яқинлашади.

Гўзаллиги билан фахрланган ойдек порлоқ сулувларнинг юзига боқ! Фақат ёшлига эмас, қарилик ҳолига ҳам назар солсанг шайтонга ўхшаб бир кўз билан қарамайсан, яъни нарсанинг дунё жиҳатини кўриб, охират томонини кўрмаслик ахмоқлигига тушмагайсан. Шайтон одамнинг лойини кўрди, улуғлигини кўра олмади. Фақат у оламгагина тегишли маънавий сифатини била олмади. Шайтон билмаган тараф, инсоннинг Ҳақнинг халифаси эканлигидир.

Эй инсон, дунёдан бир-бирига зид икки овоз эшитилмоқда. Ажабо, сенинг қалбинг улардан қайси бирига мойил? Булардан бири Аллоҳга яқинлашганлар, иккинчиси эса алданганларнинг овозидир. Улардан бирига ошно бўлдингми, иккинчиси қулоғингга кирмайди. Чунки ошиқ маъшуқасига зид бўлган нарсалар қаршисида ўз-ўзидан кўр ва карга айланади.

Эй мурид! Кўзгуга, сўнг солинган нақшга боқ! Бир гўзалнинг қариликдаги хунуклигини, бир бинонинг хароб ҳолга келишини унутма ва кўзгудаги ёлғонга алданма. Ҳақ эрлари эшитган овозни аввалроқ эшитган киши нақадар бахтиёрдир».

Ҳазрати Мавлоно баҳс юритган ва бир-бирининг зидди бўлган икки овоздан бири бу дунёга майл, иккинчиси эса дунёдан нафратдир. Улардан қай бирига қулоқ тутиб, амал қилсанг, иккинчисининг зидди ва маҳрумига айланасан. Ҳадиси шарифда:

«Дунё ва охират икки кундош аёл кабидир. Бирини нақадар хурсанд қилсанг, иккинчисини шу қадар хафа қилган бўласан», дейилади.

Яъни дунёга чақириқ эгаллаган кўнгилга охират ҳақидаги насиҳатлар таъсир қилмайди. Охирати даъвати бир кўнгилдан жой олса, дунёга даъвати унга таъсир қилмайди.

Дунёга мойиллик эгаллаган қалбни тозалаш жуда мушкул. Қопга теккан ёмон ҳидли нарсадан қутулишнинг йўли қопни оловга ташлаш бўлганидек, ёмон ахлоқдан қутулиш жойи ҳам жаҳаннамдир.

Инсоният бу фоний борлиқ замон тегирмони айланиши билан тозаланишидан наҳот ибрат олмаса? Охиратни ўйламай, нафсоний орзуларга эргашиш ва бу орқали буюк истиқболни қўлга киритишни режалаштириш нақадар даҳшатли алданишдир.

Болаликни ўйин, ёшликни шаҳват, балоғат ёшини ғафлат билан ўтказиш ва кексаликда қўлдан кетганлар учун ҳасрат чекиш, ўзини ҳар томонга уриб, надомат кўз ёшларини тўкиш ғофиллик билан умр ўтказишнинг аломатларидир. Зикрни дудоғи ва қалбига яқинлаштирмаган, марҳаматдан бенасиб, изтироб чекувчиларнинг дардини ҳис қилишни истамаган бадбахт ва такаббур кишиларни улар қочадиган ўлим ҳар доим пистирмада кутиб туради. Охиратсиз дунё маишатини қўлга киритиш учун дунё гўзалликларига бурканган, сўнгги кунини ҳам фоний лаззатлар ичида ўтказишга уринганларнинг умри нақадар маъносиздир.

Инсон умумий ҳолатда ҳаётнинг минг бир жилвалари ичида кўзгуда акс этган ёлғонларнинг асиридир. Ҳар они бу ёлғон ва вафосизликлардан иборат дунё сохтакорлик макони бўлмай, нима бўлар эди?

Эй марҳаматлиларнинг энг марҳаматлиси бўлган Роббим! Бу дунёга келиб, ўзини бир пиёла сув жилвасида ҳалок қилганларнинг оқибатидан бизларни ўзинг асра! Омин!

Муҳаммад Қобил таржимаси

«Ҳилол» журналининг 7(28) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жарроҳ шифокор касалхонага кириб келди. Беморни жарроҳлик амалиётидан аввал дуо қилди. Сўнгра амалиёт хонасига кириб кетаётганда, бемор боланинг отаси жарроҳ давоми...

3698 17:13 / 15.03.2020
Инсоннинг жисмоний, руҳий ва ақлий камолотига болаликда пойдевор қўйилади. Инсон шахсиятини тарбиялаш ҳам асосан унинг болалигидан бошланади. Яхши, гўзал тарбия давоми...

2435 19:50 / 03.09.2019
Ато ибн Абу Рабоҳ халифа Сулаймон ибн Абдулмаликнинг эшиги олдига келиб, ҳалқасини тақиллатди. Сулаймон ибн Абдулмалик .Эшикни очинглар,, деди. У киргач, ўтирган давоми...

1347 07:10 / 06.07.2019
Сувнинг инсон ҳаётида тутган ўрни ҳақида Қуръондаги оятларни ўқир эканмиз, бугунги кун кўзи билан қараганда ҳамма биладиган оддий далиллардек қабул қилишга давоми...

1832 15:14 / 11.07.2020