1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ақоид илмидаги “кавниёт” нимани англатади?

20:00 / 20.07.2019 3622 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ақоид илмида «кавниёт» деганда борлиқдаги мавжудотлар кўзда тутилади. Мусулмон киши ўша нарсаларга нисбатан ҳам ўзига хос ақийдага эга бўлиши керак. Улардан энг муҳимлари тўрт нарсадан иборатдир:

1. Инсон.

2. Фаришта.

3. Жин.

4. Борлиқдаги сабабият қонуни.

Энди уларни батафсил ўрганиб чиқайлик.

Инсон.

Мусулмон одам инсонга оид бир неча ҳақиқатларга эътиқод қилиши лозим.

1. Инсон энг афзал ва энг шарафли махлуқдир.

Бу эътиқоднинг ҳақлигини содиқ хабар ҳам, соғлом ақл ҳам тасдиқлайди.

Аллоҳ таоло Исро сурасида қуйидагича марҳамат қилади:

«Батаҳқиқ, Биз Бану Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалардан ризқлантирдик ва уларни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик» (70-оят).

2. Инсон дастлаб тупроқдан яратилган, сўнг биринчи одамдан тарқалган.

Мўмин-мусулмон одам дастлабки инсон – Одам алайҳиссалом тупроқдан яратилганига ва у билан унинг жуфтидан бошқа одамлар тарқалганига жазм ила иймон келтирмоғи шарт.

3. Инсон аввал бошдан энг батамом кўриниш ва энг гўзал тузилиш ила яратилгандир.

Бу Қуръони Каримдаги собит ҳақиқатлардан биридир. Ушбу ҳақиқатга ҳам ҳар бир мўмин-мусулмон жазм ила эътиқод қилмоғи вожибдир. Буни ҳозирги замон илми ҳам очиқ-ойдин тасдиқламоқда. Охирги асрларда пайдо бўлган «Инсон тадрижий тараққиёт натижасида инсонга айлангандир» деган фалсафа эса бир хаёлпараст аҳмоқнинг хаёлига келиб қолган фараздан бошқа нарса эмас.

– Фаришталар.

Фаришталарга ишониш иймоннинг арконларидан бўлиб, инсон уларга иймон келтирмагунча мўмин бўлмайди.

Аллоҳнинг фаришталарига иймон келтириш уларнинг борлигига иймон келтириш билан тугал бўлмайди. Фаришталарга тугал иймон Аллоҳ таоло ва пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек бўлиши керак. Уларнинг васфларига, хизматларига ва хусусиятларига иймон келтириш лозим.

Фаришталарнинг сифатлари.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда фаришталарнинг сифатлари ҳақида бир қанча оятлар нозил қилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз ҳадиси шарифларида фаришталар ҳақида сиз билан бизга керакли маълумотларни берганлар. Биз ана шу сифатларга иймон келтирмоғимиз керак.

Қуръони Карим ва суннати мутоҳҳара фаришталарнинг бир неча синфларини баён қилган. Фаришталар махлуқотларнинг бир қанча турларига вакил қилинганлар. Аллоҳ таоло тоғларга бир турли фаришталарни, булутларга бошқа бир турини, шунингдек, ёмғирга яна бир тоифасини вакил қилган. Бачадонга муваккал қилинган фаришталарга эса нутфа ишининг тадбирини қилиб, бу ишни у то одам бўлгунича олиб бориш топширилган. Ҳар бир бандага ҳам бир нечта фаришталар вакил қилинган бўлиб, уларнинг маълум бирлари уни ҳар хил офатлардан муҳофаза қилиб юрса, бошқалари эса унинг сўз ва ишларини ҳисоблаб, ёзиб борадилар. Жон олишга, шунингдек, қабрда савол-жавоб қилишга ҳам муайян фаришталар вакил қилинган. Фалакларга, қуёшга, ойга, жаннатга, дўзахга алоҳида-алоҳида фаришталар вакил қилинган. Фаришталар Аллоҳнинг борлиқдаги энг улуғ аскарларидир.

Фаришталарнинг бошлиқлари учтадир. Жаброил, Микоил ва Исрофил, улар ҳаётга вакил қилинганлар. Жаброил алайҳиссалом қалблар ва руҳлар ҳаёти бўлмиш ваҳийга вакилдир. Микоил алайҳиссалом ернинг ҳаёти бўлмиш ёмғирга вакилдир. Исрофил алайҳиссалом эса ўлимдан кейинги ҳаётга сабаб бўладиган сурни чалишга вакил қилингандир.

Улар Аллоҳнинг махлуқотларидаги ва ишларидаги расулларидир. Аллоҳ билан бандалари орасидаги элчиларидир. Ишни У Зотнинг ҳузуридан оламга олиб тушурлар. Ишларни У Зотга олиб чиқурлар.

 

Фаришталарнинг вазифалари.

Қуръони Каримда фаришталарнинг баъзи вазифалари ҳақида маълумотлар келган. Биз учун бу масалада ояти карималар асосий манбадир. Келинг, ўша оятларда зикр қилинган вазифалардан баъзиларини санаб ўтайлик.

1. Аллоҳ таолонинг каломи ва ҳукмини У Зотнинг бандаларига етказиш вазифаси.

2. Аршни кўтариб туриш вазифаси.

3. Жаннат ишлари ва жаннат аҳлининг хизматларини қилиш вазифаси.

4. Дўзах ишларини қилиш ва унинг аҳлини жазолаш вазифаси.

5. Одамларнинг ишларини кузатиб, амалларини ёзиб бориш вазифаси.

6. Инсонни доимий равишда муҳофаза қилиб юриш вазифаси.

7. Руҳларни қабз қилиш (жонларни олиш) вазифаси.

Жинлар.

Мўмин-мусулмонлар жин деб аталувчи махлуқотларнинг борлигига ҳам иймон келтирадилар.

«Жин» сўзи луғатда «тўсилган» деган маънони билдиради, яъни «одамлар кўзидан тўсилган нарса» дегани. Шунинг учун ҳам у инсонларга кўринмайди. Мусулмон кишининг жинлар ҳақидаги эътиқоди, тасаввури қуйидагича бўлиши вожиб:

1. Жинлар оловдан яратилган махлуқотлардир.

2. Жинлар инсонлардан олдин яратилгандир.

3.Жинлардан насл қолади. Уларнинг зурриёти бор.

4. Жинлар бизни кўрадилар. Биз уларни кўрмаймиз.

5. Жинлар ирода ва ихтиёрли, илм ва маърифатга қобилиятли, иймон ва ибодатга таклиф қилинган ҳамда куфр ва исёндан қайтарилган махлуқотлардир.

6. Жинларнинг ичида мўминлари ҳам, кофирлари ҳам бўлади.

7. Жинлар ҳам қиёмат куни маҳшаргоҳга тўпланадилар, амаллари ҳисоб-китоб қилинади ва савоб ёки азоб берилади.

8. Жинларга катта куч, маҳорат ва имконият берилган.

9. Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар бўлишларидан олдин жинлар осмондаги фаришталарнинг гапини ўғриликча эшитиб олиб, инсдан бўлган ўз яқинларига етказиб турар эдилар.

10. Жинларнинг таом емоқлари ҳам бор. Аммо уларнинг таомланиши қандай ва унинг моҳияти нима эканини билмаймиз.

11. Жинлар турли шаклларга, мисол учун, илон шаклига кириш имконига эгадирлар. Бу ҳақиқат ҳадиси шарифларда собит бўлган.

12. Жинлар уларнинг сўзларига ишонган, васвасаларига учган, хаёлида турли салбий ҳолатларни ўйлаб юрган, улардан ёрдам сўраган, Аллоҳ таолонинг зикридан ва Қуръони Карим тиловатидан ғофил бўлган, улардан сақланиш учун ўқилиши лозим бўлган дуоларни ўқимай юрган инсонларга тегишлари мумкин.

13. Жинкашларга жинлар ўргатадиган маълумот ва хабарлар асосан ёлғон-яшиқ ва тахминлардан иборат бўлади. Гоҳида тасодифан тўғри келиб қолиши ҳам мумкин. Аммо, асосан, нотўғри гаплар бўлади.

14. Агар банда Аллоҳ таолонинг айтганини қилиб юрса, жинлар унга қарши ҳеч нарса қила олмайди.

– Борлиқдаги сабабият қонуни.

Ҳар бир нарса ўзидан бошқа нарсага муҳтожлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Ҳар бир одам ўзининг ва ўзига ўхшаган одамларнинг нимага муҳтожлигини ва нимага муҳтож эмаслигини ҳам яхши билади.

Бир нарсанинг ҳосил бўлиши учун эҳтиёж тушадиган нарса «сабаб» дейилади. Мисол келтирадиган бўлсак, тўйиш учун таомга эҳтиёж бор. Тўйишнинг сабаби таом.

Эҳтиёжи бор тарафни эса «мусаббаб» дейилади.

Дунёдаги ҳар бир нарса ўзидан бошқа нарсага сабаб бўлиши билан бирга, яна бошқа бирига мусаббаб ҳам бўлади, яъни унинг бир нарсага эҳтиёжи тушса, бошқа бир нарсанинг унга эҳтиёжи тушади.

Яна ҳам тушунарлироқ бўлиши учун мисол келтирайлик. Бир одамнинг дунёга келишига ота-онаси сабаб бўлади. У эса боласининг дунёга келишига сабаб бўлади. Уруғ ўсимликнинг ўсишига сабаб бўлади. Ўсимлик эса уруғнинг пишишига сабаб бўлади. Қўйингки, бу дунёдаги ҳар бир нарса шунга ўхшаш бошқасига боғлиқ ва улар бир-бирларига сабабдирлар.

Аммо мазкур сабаблар чуқурроқ ўрганилса, уларнинг ҳаммаси бориб, бош сабабга – Аллоҳ таолонинг Ўзига тақалиши маълум бўлади.

Мусулмон инсон бу дунёдаги барча мавжудотларнинг сабабият қонуни ила бир-бирига боғланганига ишонади. Барча сабабларнинг сабабчиси Аллоҳ таолонинг Ўзи эканига иймон келтиради.

«Мукаммал саодат йўли» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ханнос ибн Саҳим айтади .Зиёд ибн Жарир билан ахлат ёнидан ўтиб кетаётган эдик. Сўзим орасида .Йўқ, омонат билан қасам,, деб юбордим. Шунда Зиёд йиғлади. Мен жуда давоми...

1950 08:00 / 14.01.2020
Кўфада Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг бир этикдўз қўшниси бор эди. У кун бўйи ишлаб, қоронғи тушгач, уйига қайтиб келар эди. Гоҳида гўшт олиб келиб, пишириб ер, гоҳида давоми...

3547 09:01 / 04.08.2019
Ҳажжож Тоийдан ривоят қилинади .Сулаймон ибн Абдулмалик ҳаж қилди. Хизматкори ҳам у билан бирга отланиб .Эй мўминларнинг амири, менга нима хизмат,, деди. Сулаймон давоми...

2762 08:00 / 14.04.2019
Авзоийдан ривоят қилинади .Умар ибн Абдулазиз оила аъзоларига улушларни тақсимлаб бериб, уйуйларига тарқалишни буюрди. Анбаса ибн Саъид айтади .Эй мўминларнинг давоми...

1425 08:00 / 09.12.2019
Аудиолар

118726 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40693 14:35 / 11.08.2021