1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Аллоҳ барча ишда мулойимликни севади (иккинчи мақола)

09:00 / 27.07.2021 2257 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мулойимлик нимада бўлса, унга чирой, кўрк бахш этади

 

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كُنْتُ عَلَى بَعِيرٍ فِيهِ صُعُوبَةٌ، فَجَعَلْتُ أَضْرِبُهُ. فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَمَ: «عَلَيْكِ بِالرِّفْقِ، فَإِنَّ الرِّفْقَ لَا يَكُونُ فِي شَيْءٍ إِلَّا زَانَهُ، وَلَا يُنْزَعُ مِنْ شَيْءٍ إِلَّا شَانَهُ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Бир асов туяда кетаётган эдим, уни ура кетдим. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Доим мулойим бўлгин. Зотан, мулойимлик нимада бўлса, уни зийнатлайди, нимадан олиб ташланса, уни нуқсонли, хунук қилади», дедилар»

Имом Бухорий «Адабул-муфрад»да ривоят қилган.

Биз мусулмонлар ушбу ҳадиси шарифни яхшилаб уқиб олишимиз лозим. Бу ҳақиқатнинг тасдиқини ҳар қадамда кўриш мумкин.

Бугунги кунда жаҳон афкор оммасига мусулмонларни қўпол, маданиятсиз, қандайдир ёвуз кишилар сифатида тасвирлаш авжига чиққан. Бечора мусулмонлар тинимсиз қирғин қилиниб, юртлари хонавайрон этилиб, мислсиз зулму ситам остида жабрдийда бўла туриб, яна ҳамманинг кўзига дағал, зўравон бўлиб кўринмоқда. Душманлар эса уларни ҳали ошкора, ҳали махфий равишда талон-тарож қилиб, гўдакларигача беаёв қириб туриб, омманинг кўз ўнгида меҳрибон, маданиятли, илғор одамлар сифатида намоён бўлмоқда. Нега шундай? Бунинг қатор сабаблари бўлса-да, энг асосийларидан бири шуки, душманлар ўз ишларида мулойимликни, мусулмонлар эса қўполликни одат тутганларидир. Мусулмонлар душманга қарши айтарли ҳеч нима қилмагани ҳолда, қўпол сўз ва тутумлари сабабли шафқатсиз бўлиб кўринмоқда. Душманлар эса мулойимлик билан хилма-хил ҳийла-найранглар қилиб, турли шиорларни баланд кўтарганча ҳар қандай ёвузликни «ёруғ юз» билан бемалол қилиб бормоқда. Чунки мулойимлик билан ёндашув ишнинг ана шундай яхши кўринишда бўлишини таъминлайди. Ҳадиси шарифларда айни шу маъно таъкидланмоқда. Аммо кўпчилик мусулмонлар буни тушунмаяпти, тушунишни истамаяпти. Айрим кишиларимиз ўзларича қизиққонлик билан шижоат кўрсатиб, кўп ишни бузиб қўйишмоқда. Бошқача қилиб айтганда, бу ҳадисдан бошқалар ўз ҳолича фойдаланяпти, биз мусулмонларда эса бунга амал қилмай, аксини қилиб, яна ёзғириб ётибмиз.

Ижтимоий тармоқлардаги баҳс ва тортишувларда ҳам айрим мусулмонларнинг сўз суриш услуби қўпол ва баъзан ҳақоратомуз бўлаётганига гувоҳ бўлиб қоласиз. Биров нотўғри гап айтиб қолганда, нозикроқ мавзуларда ёки қандайдир ҳодисалар юзасидан фикр билдирилганда ҳам жуда дағал, беодобларча сўзлаб, ҳатто сўкинишга ҳам ўтиб кетишади. Энг ёмони, улар шу туришда ўзларини дин ғамидаги, ҳақиқатгўй инсон деб, баъзан ўзларини аҳли илм деб даъво этишади ва ўз ишларини дин нуқтаи назаридан ҳам оқлашга ҳаракат қилишади. Аммо бундай тутумнинг Ислом таълимотларига буткул зид эканини, дин учун фойдадан кўра зарари кўп эканини тушуниб етишмайди, айниқса даъватда бундай йўл тутиш суннатга тамоман зидлигини тафаккур қилишмайди.

Аллоҳ таоло мулойимликка кўрк, чирой берар экан, бу нарса ҳеч шубҳасиз, яхшилик, илоҳий тортиқ ҳисобланади ва хушхабар бўлади.

Мулойимлик яхшиликдан башоратдир, қўполлик эса шумликдир

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَمَ قَالَ: «الرِّفْقُ يُمْنٌ، والْخُرْقُ شُؤْمٌ، وَإِذَا أَرَادَ اللهُ بِأَهْلِ بَيْتٍ خَيْرًا أَدْخَلَ عَلَيْهِمْ بَابَ الرِّفْقِ». رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الْإِيمَانِ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мулойимлик яхшилик башоратидир, қўполлик эса шумликдир. Аллоҳ бирор хонадон аҳлига яхшиликни ирода қилса, уларга мулойимлик эшигини очиб қўяди», дедилар».

Абу Бакр Аҳмад ибн Ҳусайн Байҳақий «Шуъабул-ийман»да келтирган.

Бу ҳадиси шарифдаги маъноларнинг юксаклигини кўринг! Кимда мулойимлик бўлса, унга яхшиликлар етиши башорати бор экан, яъни унга яхшилик етиши тайин экан. Ким қўполлик қилса, яхшилик эмас, ёмонликни кутаверсин, чунки қўполлик – шумликдир.

Аллоҳ қайси бир кишига, қай бир оилага, жамиятга яхшиликни ирода қилса, уларга мулойимлик хислатини муяссар этиб қўяди. Ўзига Аллоҳдан яхшилик етишини умид қилган инсон ва жамият У Зотдан мулойимликни сўрасин.

Ҳадиси шарифда «мулойимлик эшигини очиб қўяди», деганда тасвирий ифода бор. Бирор нарсага эшик очиб қўйилиши ўша нарсанинг беҳисоб, кенг кўламда кириб келишини англатади. Демак, Аллоҳ яхшилик ирода қилган хонадон аҳлида мулойимлик оз-моз эмас, балки беҳисоб, мўл бўлиши бор экан.

Мулойимлик – Аллоҳ яхшиликни ирода қилган кишиларга ато этадиган улуғ неъмат экан, бу эса ундан бебаҳра бўлиш қанчалар катта ютқазиш бўлишини англатади.

Мулойимликдан маҳрум кимса яхшиликдан маҳрумдир

عَنْ جَرِيرٍ بْنِ عَبْدِ اللهِ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَمَ قَالَ: «مَنْ يُحْرَمِ الرِّفْقَ يُحْرَمِ الْخَيْرَ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳрум бўлибди», дедилар».

Имом Муслим ривояти.

Ким мулойимликдан қанчалик маҳрум бўлса, яхшиликдан ҳам шунча маҳрумдир. Агар мулойимликдан буткул маҳрум бўлса, яхшиликдан ҳам тўлиқ маҳрум бўлади. Имом Абу Довуднинг ривоятида «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, барча яхшиликдан маҳрум бўлибди», дейилган.

Шуни таъкидлаш жоизки, биз бу ерда мулойимликка оид айрим ва энг асосий ҳадиси шарифларни қисқача ўрганиб чиқдик, бироқ, бу мавзуда яна бошқа оят-ҳадислар ҳам борки, улар ҳам ҳисобга олинса, бу хислатнинг Исломда, набавий таълимотда қанчалар юксак ўрин тутганини англаш мумкин.

Мулойимликнинг қанчалик улкан самаралар беришини Ислом тарихидаги Ҳудайбия сулҳидан ҳам кўришимиз мумкин. Ўша воқеада Набий алайҳиссалом душманнинг адолатсиз талабларига шу қадар мулойимлик билан рози бўлдиларки, ҳатто баъзи саҳобаи киромлар бунга чидай олмай, ошкора эътироз билдиришгача боришди, чунки бу ҳолат кўпчиликка мағлубиятдек кўринди. Аммо кейинчалик бу иш нафақат мағлубият, балки буюк фатҳ эканлиги маълум бўлди.

Хулоса қилиб айтганда, мулойимлик аслида набавий ахлоқ, исломий манҳаж ҳисобланади. Ҳар бир мусулмон, хусусан, диндан сўзламоқчи ва дин учун хизмат қилмоқчи бўлган кишилар ушбу набавий хислатни ҳамиша ўзлари учун маёқ қилиб олишлари даркор. Бу борада ҳақиқий тасаввуф машойихлари барчага ўрнак бўла оладилар десак, хато бўлмаса керак.

Ўрни келганда шуни ҳам айтиш лозимки, мулойимлик асл қоида бўлиб, баъзан истиснолар, хусусий ҳолатларда шароитга кўра бироз бошқачароқ муносабатлар ҳам керак бўлиб қолади. Масалан, маълум бир номақбул ҳолат шахсга оид бўлганида мулойимлик талаб қилинса-да, жамиятга нисбатан бўлганда мулойимлик мақбул саналмаслиги мумкин. Акс ҳолда юртда бошбошдоқлик, ахлоқсизлик урчиб кетади. Шунингдек, шахсий вазиятлар билан умумманфаатлар, оилавий муаммолар билан диний-ижтимоий ташвишлар баробар бўлмайди: бирида мулойимлик, иккинчисида эса унинг акси манфаатли бўлиши мумкин.

Мулойимлик хулқини теран англаш жуда ҳам муҳим, аммо мушкул ишдир. У ҳуқуқлардан воз кечиш, ҳар қандай таҳқирни индамай қабул қилиш, адлоатсизликка қарсак чалиш дегани эмас. Балки ҳақни барпо қилишда, ғурурни асрашда, дину диёнатни тутишда, ислоҳотларда ақл-идрок билан, босиқлик билан, аниқ нишонни олиб, вазминлик билан ҳаракатланиш демакдир.

Мулойимлик – манҳажсизлик ёки аниқ тутумнинг йўқлиги ёхуд қаёққа етакланса кетавериш дегани ҳам эмас, балки ўзининг қатъий эътиқодига содиқ қолган ҳолда босиқ, бағрикенг, тушунувчан, оқил бўлиш демакдир.

Мулойимлик заифлик эмас, аксинча, куч ва қувватдир. Кўрингки, сув мулойимлик билан тошни ҳам, темирни ҳам тешиб ўтади ва барчага ҳаёт бахш этади. Аммо тош қаттиқ бўлгани билан қаршиликларга учраб парчаланиб ётади ва ҳаммаёқда унга салбий назар билан қаралади.

Дарҳақиқат, мулойимлик билан душман дўстга айланса, қўполлик сабабидан дўстни душман қилиб олинади. Шунинг учун ҳам Қуръони Каримда ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш буюрилган. Бу ҳам мулойимликка дохил ахлоқлардандир.

Бу ерда айтилган мулойимликнинг ҳар гапга тиржаявериш, тепса тебранмаслик, лоқайдлик, ҳамиятсизлик, ҳаддан ортиқ юмшоқлик, журъатсизлик каби иллатларга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Аксинча, мулойимлик ўзни тутган ҳолда мақсад сари раҳм-шафқат, меҳр билан ҳаракатланишдир.

Мулойимлик даражаси кишининг ёши, мавқеи, вазияти, қуввати, имконият доираси ва мақсадларига кўра турлича бўлиши лозим. Масалан, маълум бир муносабат, тутум фарзанд тарафидан қилинса, оилани пароканда этса, худди шу ишни ота қилса, у муаммога ечим, дардга малҳам бўлиши мумкин. Оилада эрга жоиз тасарруф хотинга, хотинга лозим иш эрга муносиб келмайди. Ҳокимдан қабул қилинган айрим муносабатларни фуқаро ҳам қилса, акс натижа бериши табиий. Бир инсоннинг корхонада оддий ходим бўлган ҳолида қилган бир иши вазиятни издан чиқарса, худди ишни раҳбар ўлароқ қилганида ҳолатни ислоҳ этиши мумкин ва ҳоказо.

Мазкур ҳақиқат айни пайтда баъзи кишиларнинг «Қуръонда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айрим тоифа кишиларга қўрслик қилиш буюрилган-ку», деган мазмундаги эътирозларига ҳам етарли жавоб бўлади. Зотан, жамият фаровонлиги, юрт тинчлиги учун ўрни келганда ана шундай сиёсат ҳам керак бўлади. Бироқ, бунда ўша кескин чора яхшиликка, осудаликка олиб келиши керак ва бу иш шунга ваколатли тарафдан қилиниши лозим. Зеро, яхши-ёмонга баробар муомала қилинмайди.

Ўзи заиф, қўлида ҳеч вақоси бўлмаган одамнинг қизиққонлик билан қўполлик қилиши душман учун қулай фурсат бўлиши табиий. Шу боис, оқил киши замон ва маконини, вазият ва имконият кўламини тўғри англай билиб, шунга кўра иш юритиши лозим. Буларнинг барчасида мулойимлик хислати зарур, ҳикмат шуни тақозо этади.

Узоққа бормай, сўнги даврларда айрим туркий қардошлар юртида кечган жараёнларни таҳлил қилиб кўрайлик. Уларнинг шундоқ ёнларида мустамлакачилар оғир-босиқлик, илм-меҳнат билан дунёнинг энг кучли давлатини барпо этиш учун тизимли равишда ҳамжиҳатлик билан жўшқин ҳаракат қилиб турган бир пайтда қардошларимиз қўлларида ҳеч қандай қувват бўлмагани ҳолда турли кўринишдаги қўполликларга, тартибсиз ишларга ружу қўйишди. Натижада босқинчи кучлар қўполликларни хаспўшлаб, уларни биратўла маҳв этишга бел боғлади ва буни қайсидир даражада уддалади ҳам.

Бир ёши улуғ киши бор эди. Бундан 10-15 йил олдин уйғурларнинг кескин ҳаракатларини ёқлаб, «Улар ўзбекларга ўхшаган ювошмас, вақтида керакли жавобини беради», деб мақтар эди. Сўнги йилларда эса қўпол ҳарактлар нотўғри бўлганини, қўлдаги қудратга қарамасдан қилинган ҳаракатлар акс натижа берганини айтиб, «Мулойимроқ бўлишганда балки ҳолат яхшироқ бўларди», дейдиган бўлиб қолдилар... Дарҳақиқат, улар тўс-тўполон, пала-партиш тасарруфларга сарфлаган ақли, қуввати ва шижоатини босиқлик билан, тартибли равишда салмоқли ишларга, илм-маърифатга йўналтиришлари керак эди, шунда тўғри йўл тутган бўлар эдилар, эҳтимол, бугун ҳолат бошқача бўлиши мумкин эди.

Сўнгги пайтларда айрим сиёсий кучлар мусулмонларнинг қўполлигидан «унумли» фойдаланиб келаётгани ҳеч кимга сир эмас. Афсуски, динига мухлис бўлган кўплаб мўмин-мусулмонлар буни пайқамаётир. Баъзан бақир-чақир қилиб, ўзича жонбозлик кўрсатаётган айрим ёлланма кимсалар ҳам топиладики, содда мусулмонлар уларнинг ҳайқириқларига учиб, чув тушишади, кейин эса қош қўяман деб, кўз чиқаришади. Бундай фидойиликлар, ортиқча ҳаракатлар нафақат самарасиз, балки душманнинг режалари учун беминнат хизмат бўлиб қолиши аччиқ ҳақиқатдир. Тўғри, мўмин киши ниятига қараб ажру савоб олавериши мумкин, аммо бу ухровий натижа, дунё ишлари эса дунёда жорий бўлган қонуниятларга риоя этишни талаб қилади. Ана шундай қонуниятлардан бири – юқорида баён қилинган набавий суннатга кўра мулойимлик, босиқлик билан йўл тутиш ҳисобланади. Шунинг учун донишмандлар: «Ҳикматнинг боши мулойимликдир», деганлар.

Ҳаётда кўп кузатилган воқеликлар шуни кўрсатадики, мулойимлик воситасида оқни қора, қорани оқ қилиб кўрсатиш ҳам мумкин. Масалан, босқинчилар мулойимлик тўнини кийиб олгани учун безарар, инсонпарвардек кўриниб олиши, мазлумлар эса қўполлик туфайли хунрез, жангари бўлиб кўриниши ҳеч гап эмас. Шунингдек, ботил ва бидъат аҳли мулойимлик билан одамларни ўзига ром этиб, бузуқ эътиқодларини чиройли кўрсатиши, айни пайтда ҳақ йўлдаги кишилар эътиқоди, тушунчалари тўғри бўлса-да, қўполлиги туфайли одамларга ёмон кўриниб қолиши ҳам бор ҳақиқат. Зеро, омма барибир зоҳирпараст бўлади, чуқур тафаккур эта олмайди. Шу боис, киши ҳақда бўлиш билан бирга мулойимликни ҳам маҳкам тутиши даркор.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ушбу набавий хислат билан зийнатланиб, уни суннатга мувофиқ татбиқ этиб боришимизда Ўзи мададкор бўлсин.

(Тамом)

 

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Отаона болага энг кўп яхшилик қилган кишилар бўлади. Одатда, одамлар ўзига яхшилик қилган ҳар бир одамнинг яхшилигига яраша яхшилик қайтаришга ҳаракат қилишади. давоми...

1511 06:03 / 21 август
83. Абу Раввоъдан ривоят қилинади.Ибн Умарнинг олдида бир киши бор эди. Унинг қизлари бўлиб, у уларнинг ўлимини тилади. Шунда Ибн Умар ғазабланиб.Уларга ризқни сен давоми...

2075 14:30 / 07.06.2019
Отанг сени уришаётган бўлса, билгинки, у сени асло ёмон кўрмайди. Отанг сени тергаб сенга босим ўтказаётган бўлса, билгинки, у сенга яхшиликни хоҳлаяпти. Отангни давоми...

2825 17:00 / 11.06.2022
Бир йили кечга яқин довон орқали водийга йўл олдим. Машинамиз Ангрендан чиқиб тоққа тирмашганида туйқус бузилиб қолди. Техникага унча тушунмайман, бошим қотди. давоми...

6652 14:00 / 08.06.2022