1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Ўзбекистонда диний таълим мавзусидаги муҳокамаларга расмий муносабат билдирилди

13:49 / 29.06.2021 4009 pdf Ўқиш режими + -

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита диний таълим мавзусида бўлаётган муҳокамаларга расмий муносабат билдирди.

Қўмита тарқатган маълумотда айтилишича, интернет тармоқларида “баъзи мутаассиб шахс ва тоифалар томонидан Ўзбекистоннинг дин ишлари соҳадаги ягона давлат сиёсатини нохолис баҳолаш, янгиликларни ўз манфаатларига мослаб талқин қилиш, воқеликни ўз ўзанидан бошқа томонга буриш, ҳолатни кўпиртириш ҳамда айрим диний-ижтимоий масалалар юзасидан асоссиз танқидлар” қилинмоқда.

Диний қўмитанинг таъкидлашича, охирги пайтларда билдирилаётган таклифлар ва масалалар фақат ислом динига эътиқод қилувчи фуқаролар манфаатларидан келиб чиқиб илгари сурилмоқда. Лекин, аҳолининг 94 фоиздан ортиғини мусулмонлар ташкил этиши қарор қабул қилишда – мавжуд қонунчилик ва ҳуқуқий меъёр талабларидан четга чиқишга асос бўлмайди.

Шунингдек, қўмита кўпчилик ушбу йўналишдаги давлат сиёсатининг моҳиятини тўғри англамаслиги натижасида “одамлар онгида турли нотўғри фикрлар ва қарашлар пайдо бўлаётгани”ни таъкидлаган.

Ташкилот, хусусий тартибда диний таълим олиш ва таълим беришга бўлган тақиқни бекор қилиш масаласи ҳам тушунмовчиликларга сабаб бўлаётганини, бу масалада чегарани белгилаб олиш лозимлигини қайд этган.

Таъкидланишича, Ўзбекистонда диний таълим олиш соҳаси шартли равишда 3 та йўналишга бўлинади:

илоҳиёт йўналишидаги профессионал диний таълим;
дунёвий таълим муассасаларидаги динга оид академик таълим;
аҳоли томонидан қизиқиш билдирилаётган, кундалик ҳаёти учун зарур деб ҳисобланадиган диний амалиёт қоидаларини ўрганиш ҳамда одоб-ахлоқ билан боғлиқ масалаларда диний нуқтаи назарга асосланган билимларни олиш (“маиший” диний таълим).
Дин ишлари бўйича қўмитага кўра, Ўзбекистонда барча дин вакилларига бир кўз билан қаралади, “диний озчилик” деган ибора эса ўз мазмун-моҳиятига кўра ўзбек тили учун сунъий ясама бўлиб, маданият, тил ва умуман миллий қонунчиликка хос эмас.

Маълум қилинишича, аҳолининг кундалик ҳаётидаги диний эҳтиёжларини қондириш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлар идораси тасарруфидаги веб-сайтлар ва уларнинг Telegram-каналлари ишлаб турибди. Бундан ташқари, мамлакат бўйлаб 17 та жойда аҳолига пуллик хизмат асосида алоҳида юридик шахс мақомига эга бўлмаган “Қуръон ва тажвид курслари” мавжуд.

Қўмита диний таълим масаласига муносабат билдириб чиқиши диний уламо Мубашшир Аҳмад ўзи ва бир гуруҳ фаол фуқаролар номидан президент Шавкат Мирзиёев ва Олий Мажлис Сенатга қилган мурожаати фонида юз берди.

Уламо ўз видеомурожаатида сўнгги йилларда диний соҳада бўлаётган ижобий ўзгаришларни эътироф этган ҳолда, Ўзбекистон қонунчилигидаги хусусий тартибда диний таълимга қўйилган тақиқ қайта кўриб чиқилиб, таълим ёшини кичрайтириш ва диний таълимга рухсат бериш зарурияти ҳақида гапирган эди.

Эслатиб ўтамиз, жамоатчиликда айрим бандлари норозилик уйғотган, хусусан хусусий диний таълимга қўйилган тақиқ сақланиб қолган янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун 26 июн куни Сенатда маъқулланди.

Халқаро ташкилотлар ҳам бу қонундаги диний таълимга қўйилган чеклов ва диний материалларга цензурани бекор қилиш кераклигини, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларга ва олинган мажбуриятларга тўла мос келиши учун жиддий қайта кўриб чиқилиши кераклигини билдирган.

                                                                                                                                               манба: Kun.uz

Манба
Kun.uz
Мавзуга оид мақолалар
Йигирма бир ёшли мисрлик қория қиз Реҳаб Салоҳ ашШариф Қуръони Каримни бир ярим йил ичида тўлиқ ёд олиб, уч ой мобайнида мусҳафни тўлиқ ёзишга муваффақ бўлди. Бу давоми...

2735 16:03 / 29.12.2023
Аввал хабар берганимиздек, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб .Иймон, китобини Туркиянинг .Kayihan, нашриётида чоп этиш бўйича давоми...

1678 15:45 / 07.06.2023
Мадина саломатлик кластери томонидан 2024 йилги Ҳаж мавсумида зиёратчиларга хизмат кўрсатиш учун 18 та шифохона ҳамда тиббиёт марказлари ажратилди. Madina Health Claster давоми...

1231 16:59 / 15.05.2024
.Hilol NASHR, нашриётматбаа мажмуаси ҳамда Islom.uz портали жамоаси устоз Абдулғаффор домла Сманов Шокир ўғлининг вафот этгани муносабати билан чуқур таъзия изҳор давоми...

2162 12:04 / 01.07.2020
Аудиолар

210849 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130113 14:35 / 11.08.2021