1447 йил 8 Рамазон | 2026 йил 26 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Ҳаёнинг ҳақиқати

10:40 / 26.06.2021 1900 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳаё қилмасанг, хоҳлаганингни қилавер» (деган гап) одамларга етган биринчи нубувват сўзларидандир», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Ҳаёнинг таърифи:

«Ҳаё» сўзи луғатда беҳаёлик ва бешармликнинг зиддини англатади. Бошқача қилиб айтганда, «Ҳаё айбдан ва маломатдан қўрқиб, ўзини тортиш, бирор ишни қилмаслик».

Уламолар ҳаёни шундай таърифлаганлар:

«Ҳаёнинг ҳақиқати шуки, у шариатга мувофиқ барча гўзал нарсани қилишга, ёмон нарсани тарк этишга ундайдиган бир хулқдир», дейишган.

Ҳаё билан хижолат тортишнинг фарқи:

Ҳаё шариатга мувофиқ барча гўзал нарсани қилиш, ёмон нарсани тарк этишга ундаса, хижолат тортиш, шариат буюган ишни қилмасликга сабаб бўлиши мумкин. Масалан ҳажга эҳром боғлаган одам шалварини ечмаса, хижолат тортган бўлади, ҳаё қилган бўлмайди.

Уламолар ҳаёни икки турга бўлишган:

1. Туғма ҳаё.

2. Ҳаёт давомида шаклланган ҳаё.

Мусулмон ахлоқ илми уламолари эса: «Инсонга ота-онасида бор баъзи ахлоқларнинг хамиртуруши онасининг қорнида ҳомила бўлганида ўтади. Аллоҳ бандани халқ қилиш чоғида унга ахлоқ қобилиятини қўшиб яратади. Инсон туғилиб, ўсиши жараёнида тарбия, муҳит ва одатланиш оқибатида у ёки бу ахлоқни ўзида ривожлантиради ёки йўқотиб юборади», дейдилар.

Уламолар ҳаёни бир неча навларга тақсимлаганлар.

1. Аллоҳ таолодан ҳаё қилиш.

Агар банда бутун вужуди ва ҳис-туйғуси билан Аллоҳ таоло уни доимо кўриб туришини ҳис қилса, Аллоҳ таолодан ҳаё қилади, У Зотнинг амрини бажаради ва қайтарган ишларини қилмайди.

2. Фаришталардан ҳаё қилиш.

Фаришталар кўплаб ишларни бажарадилар.

- Ўша ишлардан бири – одамларнинг ишларини кузатиб, амалларини ёзиб бориш вазифаси.

- Ўша ишлардан иккинчиси – инсонни доимий равишда муҳофаза қилиб юриш вазифаси.

Термизий Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан қилган ривоятда:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«إِيَّاكُمْ وَالتَّعَرِّيَ، فَإِنَّ مَعَكُمْ مَنْ لَا يُفَارِقُكُمْ إِلَّا عِنْدَ الْغَائِطِ، وَحِينَ يُفْضِي الرَّجُلُ إِلَى أَهْلِهِ، فَاسْتَحْيُوهُمْ وَأَكْرِمُوهُمْ».

«Яланғоч бўлишдан сақланинглар, чунки сиз билан қазои ҳожат ва эркак киши ўз аёлига яқинлик қилган пайтдан бошқа вақтда ҳеч ажралмайдиган зотлар бўлади. Улардан ҳаё қилинглар ва уларни ҳурмат этинглар», деганлар».

3. Одамлардан ҳаё қилиш.

Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу: «Одамлардан ҳаё қилмайдиган кимсада яхшилик йўқдир», деган.

4. Ўзидан ҳаё қилиш.

Мўмин-мусулмон киши ўзининг кимлигини унутмаслиги, Аллоҳ таоло унга иймон неъматини, Ислом неъматини бериб қўйганини эсидан чиқармаслиги керак. Агар ким одамлардан ҳаё қилиб, ўзидан ҳаё қилмаса, ўзини ўзи хорлаган ва ерга урган бўлади.

Амри маъруф ва ҳаё:

Ҳақиқий ҳаё бошқаларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришдан тўсмайди.

Ҳаё соҳиби гоҳида ҳақ билан юзма-юз келишга ҳаё қилиб, амри маъруф ва наҳий мункарни тарк қилиши мумкин. Гоҳида ҳаё унинг баъзи ҳуқуқларни талаб қилишдан тўсиши мумкин. Бунга ўхшаш нарсалар одатда учраб туради. Бу ҳаё эмас, балки ожизлик, қўрқоқликдир. Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «الْحَيَاءُ خَيْرٌ كُلُّهُ» «Ҳаё фақат яхшилик келтиради», деганлар. Ана ўша ҳақиқий ҳаёдир.

Имом Бухорий ва Муслим Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан қилишган ривоят:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бировни ҳаёси учун «Сен ҳаё қилиб, ўзингга зарар қиласан», деб итоб қилаётган кишининг олдидан ўтиб қолдилар ва:

«دَعْهُ، فَإِنَّ الْحَيَاءَ مِنَ الإِيمَانِ».

«Уни ўз ҳолига қўй! Ҳаё иймондандир», деганлар».

Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф тайёрлади.

Муаллиф
Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қадимдан охират уламолари қандай бўлишлари кераклиги ҳақида баҳслар бўлиб келган. Улардан баъзиларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.Олим қоидага мувофиқ иш давоми...

3429 07:30 / 07.11.2019
Юсуф ибн Асбот раҳимаҳуллоҳ дедилар.Ҳусни хулқнинг аломати, ўнта нарсададир1. Келишмовчилиги оз.2. Инсофли ва яхши адолатли бўлиш. 3. Бировни тойилишини кутмаслик.4. давоми...

2662 04:00 / 21.08.2021
Имом Баззор раҳимаҳуллоҳ Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни мамнун ҳолда кўрганимда у зотга Эй Аллоҳнинг давоми...

3354 10:25 / 13.02.2022
Дунёдаги ҳар бир зулмкор, золим инсон қуйидаги тўрт босқични босиб ўтади Биринчи босқич Кечиктириш ва муҳлат бериш. .Ва уларга муҳлат бераман, албатта, Менинг давоми...

2954 04:00 / 21.06.2022