1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Қариндошчилик ҳақлари

15:05 / 09 октябрь 868 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қариндошчилик алоқалари билан бир-бирига боғланган яқин ва узоқ қариндошларнинг ўзаро силаи раҳм (борди-келди алоқаларини қилиш), эҳсон тарзида муомала қилишлари динимиз асосларидандир. Бу борада кўплаб оят ва ҳадислар мавжуд.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарда турганларида, бир одам туриб: “Эй Аллоҳнинг Расули, одамларнинг энг яхшиси ким?” – деди. Шунда (у зот): “Одамларнинг энг яхшиси кўп қироат ва Аллоҳдан энг кўп тақво қиладигани, яхшиликка амр қилиб, ёмонликдан қайтарадигани ва қариндошлик (алоқалари)ни энг кўп боғлайдиганидир”, дедилар.

Набий алайҳиссалом яна:

“Ким ризқи мўл ва ажали кечиктирилиши (умри узун бўлиши)ни хоҳласа, (узоқ-яқин) қариндошига сила (борди-келди) қилсин”, деганлар. Шунингдек, ҳадиси шарифда “Силаи раҳм умрни зиёда қилиши” таъкидланган.

Бошқа яна бир ҳадисда эса:

“(Қариндошлик алоқаларини) узувчи жаннатга кирмайди”, дея таъкидланиб, алоқаларни узиш оғир оқибатга олиб бориши маълум қилинган.

Ривоятга кўра, Оиша розияллоҳу анҳо онамиз тушларида қиёмат қоим бўлгани ва одамларнинг маҳшаргоҳга йиғилганини кўрдилар. Улар орасидан бир аёлнинг амаллари тортилар, амалларидан бири Уҳуд тоғидан ҳам оғирроқ эди. Оиша розияллоҳу анҳо онамиз у аёлни танир эдилар. Уйғонганларидан сўнг ўша аёлни чақиртирдилар ва: “Сени нима амалинг бор?”-деб сўрадилар. Аёл уни айтишдан бош тортди. Оиша розияллоҳу анҳо онамиз қистайвергач, у  шундай деди: “Мен еттита амални қилар эдим:
1. Ўзимни яширдим. Мени маҳрамларимдан бошқа ҳеч ким кўрмади.
2. Менда бирор нарса бўлганида тиланчини қуруқ қайтармадим.
3. Ҳеч қачон бир ўзим таом емадим.
4. Азон айтишдан олдин намозга тайёр турдим.
5. Муаззин азон айтганида, унинг айтганларини мен ҳам бирга қайтардим.
6. Маслаҳатлашмай туриб ҳеч нарса қилмадим.
7. Қариндошларимдан ким мен билан узилса, у билан боғландим (алоқани тикладим)”. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо онамиз: “Мана шу билан тарозунг оғир босибди-да”, дедилар. “Равзатул-уламо” китобида шундай келтирилган.

Қариндош-уруғчиликда алоқани бир меъёрда ушлаб туриш жуда нозик масала. Кўп борди-келди қилиш ўзаро алоқаларни заифлаштирса, кам қилиш ўзига яраша “кўздан йироқ – кўнгилдан йироқ” қабилидаги совуқ муносабатларни шакллантиради.

Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Ривоятга кўра, Умар розияллоҳу анҳу волийларига мактуб ёзиб: “Қариндошларнинг бир-бирларини бориб кўришларини, бироқ бир-бирига қўшни бўлмасликларини айтинг”, деб амр қилдилар. Бундай дейишларига сабаб қўшни бўлишса, кўп кўришиб ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлишига олиб келади. Бу эса ёлғизланиш ва қариндошлик алоқасининг узлишига сабабчи бўлади”.

Қариндошларни ҳар жума куни ёки ҳар ойда зиёрат қилиб туриш лозим. Ҳозирги жадал ҳаётда бу ҳам вақт етмаслиги, ҳам узоқ-яқин жойлашувга кўра бироз бошқача талабни кўндаланг қилиб қўйса-да, бироқ алоқа воситалари орқали уларнинг ҳолидан тез-тез хабар олиб туришимиз, ўзимиз йўқлаб бора олмаган тақдиримизда, уларни уйимизга таклиф қилиб меҳмон кутишдек барака ҳосил бўладиган амалдан баҳраманд бўлишимиз қийин иш эмас.

Ҳар бир уруғ ўзаро ёрдамлашиш, уюшган ҳолда елкадош бўлиш, яъни ҳамжиҳатликда бир ёқадан бош чиқариб, бир тану жон бўлиши керак. Бир-бирларига ёрдам кўрсатишда бефарқ бўлиб, ўзларини орқага тортмасликлари лозим. Булар қариндошлик алоқасини узиш саналади. Амаки, тўнғич ака ва тоғани ота ўрнида, хола ва аммани эса она ўрнида кўриш лозим. Уларни ҳамиша қадрлаш, эҳтиром кўрсатиш, хизматларини қилиш ва уларга итоатда бўлиш гўзал инсоний фазилатлардандир.

Абдулҳамид Зайриевнинг “Мусулмоннинг ҳақ ва вазифалари” китобидан

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023-йил 16-январдаги 03-07/184-сонли хулоса хати асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. ,. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳ Қиёмат куни мўминни ўзига давоми...

2110 16:00 / 12.12.2023
Асарда келишича, бир киши Ийсо алайҳиссаломга деди Менга насиҳат қилсангизИйсо алайҳиссалом дедилар Ейдиган нонинг қаердан келаётганига қараЯъни, ҳалол меҳнат давоми...

2842 16:16 / 15.02.2024
Кичик бир қишлоқда тикувчи чол яшар экан. Лекин у қимматбаҳо ва чиройли кийимларни тикар ва яхшигина нархга сотар экан. Кунлардан бир кун шу қишлоқда яшайдиган давоми...

2710 11:00 / 21.08.2023
Икки кундан бери Тошкентда чангли муҳит ҳукм сурмоқда. Кеча кечки пайт бундай ҳолат водий вилоятларига етиб борди. Чангтўзон ҳамма нарсада ўз изини қолдирмоқда. давоми...

5020 18:40 / 05.11.2021