1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом адабиёти

Аъзам Ўктам хотираси

05:00 / 07.03.2017 3944 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бундан бир неча йиллар аввал Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари марҳум шоир Аъзам Ўктамнинг «Тараддуд» номли шеърий тўпламидаги баъзи шеърлари ҳақида ўз фикрларини билдирган эдилар. Қуйида эътиборингизга мазкур мақола матнини ва унга кейинроқ ёзилган иловани тақдим этамиз.

Инсон табиатида қизиқ бир ҳолат бор. Баъзи бир фикрларни узоқ муддат инсон ўзида тўплаб, ўйлаб, пишитиб юради. Лекин нимагадир ўша фикрларни юзага чиқариб айтиш, кўпчилик билан баҳам кўриш ўрнига қўйилмай келади. Баъзи бир ҳодисалар туртки бўлган пайтда ана шу тўпланиб турган фикрларни, йиғилиб қолган ўй ва мулоҳазаларни кўпчиликка айтиш, ёру биродар, маҳбуб инсонлар билан ўртоқлашиш истаги туғилиб қолади.

Камина ходимингизни ҳам кўпдан буён юртимизда шеър ва шоирлар, умуман шеърхонлик тўғрисида баъзи бир фикрлар тўпланиб юрар эди. Нимагадир ана шу фикрларни юзага чиқариш, кўпчилик билан баҳам кўриш анчадан бери орқага суриб келинар эди. Ана шу тўпланиб қолган фикрларни юзага чиқариш рағбати муҳтарам шоиримиз Аъзам Ўктамни «Тараддуд» деб номланган китобини ўқигандан кейин юзага келди. Бу китоб ва ундаги шеърлар тўғрисидаги камтарона мулоҳазаларни айтишдан олдин юртимиздаги шеър, шеърият, шоирлар тарихига қисқача бир назар ташлаб ўтишни мувофиқ кўрдик.

Ҳаммага маълумки, бизнинг юртимиз Мовароуннаҳр - Туркистон бутун дунё шеъриятида ўзига хос ўрин тутган буюк шоирлари билан фахрланса арзийдиган, жаҳон халқлари шеърият хазинасига ўзининг олтин саҳифаларини, олтин байтларини бошини баланд кўтарган ҳолда тақдим этган бир юртдир. Албатта ана шу мақтовга сазовор шеърият, шеърий асарлар, шоирлар, уларнинг фаолияти, савияси, ҳамма-ҳаммаси шу диёрнинг қадимдан муқаддас дини бўлиб келаётган Ислом дини билан чамбарчас боғлиқ эканлиги ҳам хеч кимга сир эмас. Улуғ шоирларимизнинг пур ҳикмат байтлари, Қуръони Карим оятлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари, мусулмон уламолардан чиққан ҳикматларга йўғрилган эканлиги ҳам ҳаммамизга очиқ ойдин равшан. Ўйлаб қарайдиган бўлсак, шеърият мулкининг султони Алишер Навоийдан бошлаб мавлоно Лутфий ёки бошқа улуғ шоирларимизнинг номларини айтиш ўтишнинг ўзи ҳам жуда кўп вақт олади. Уларнинг ҳаммалари диний илмлардан етарли маълумотга эга бўлган ва кўплари тасаввуф тариқатларидан бирини маҳкам тутган, ҳатто баъзилари тариқатларга шайх бўлган улуғ инсонлар эдилар. Шунингдек шоираларимиз, ўтган буюк заковат эгаси бўлган момоларимиз ҳам ана шундоқ диний маълумотдан, Исломий маърифатдан ва шариат таълимотларидан ниҳоятда ажойиб бир услуб билан фойдаланиб шеър ёзганларидан, уларнинг шеърлари пурҳикмат ва доимо ичида собит бир ўринни тутиб келадиган даражада чиққан. Мазкур шоирларимизнинг шеърлари йиллар ўтиб, асрлар ўтиб тилма-тил кишиларнинг, халқимизнинг қалбида, ёдида китобларида келиши ҳам асосан ана шу боисдан, шариатга боғлиқ эканлигидан, ҳикматга бой эканлигидан ва халқчил эканлигидандир. Яна бир ҳақиқатким, шундай инсонпарвар, маърифатпарвар ва олий инсоний қадриятларни мадҳ этган ва ўз ўринларини ажойиб бир шаклда тутган шоирларимиз билан бирга, манфаат шоирлари, баъзи шахсларнинг маддоҳлари ҳам бўлган. Лекин ўша шоирлар ҳам, уларнинг шеърлари ҳам тезда унутилган. Чунки улар халқ учун эмас, ҳақ учун эмас, ҳақиқат учун эмас, бошқа нарса учун шеър айтган эдилар. Юртимизда шараф билан ўтган шоирларнинг ҳикмат тўла шеърлари доимо қадрланиб келган. Улар ўз ўз шеърларининг ҳикматга бой бўлишига Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Инна минаш шеъри лаҳикматан», ҳадисини шиор қилиб олганлар. Яъни, албатта, шеърда ҳикмат бордир деган маънодаги ҳадисларини. Лекин вақт ўтиши билан, халқ диндан, Исломдан узоклашиши, бидъат-хурофот ботқоғига ботиши оқибатида аста-секин шеърият савияси ҳам пасайиб, айниқса диний илмлар, шариат ва Қуръон таълимотларига яқинлашишлари озайиб, қисқариб, сусайиб борган. Ниҳоят коммунистик даврга келгандаги шоирлар, ёзувчилар тузум мафкурасига эргашган ҳолда ўзларининг ҳозирги вакилларини бирининг тили билан айтганимизда, диндан, диёнатдан биринчи чиққан тоифа бўлдилар. Улар ана шу янги тузум, коммунистик тузумнинг югурдакларига, хизматкорларига айландилар. Уларнинг барчалари мазкур тузумнинг, коммунистик партиянинг хормас, чарчамас маддоҳларига айландилар. Уларнинг ўша пайтдаги ҳолатлари Қуръони Каримнинг “Шуаро” сурасида келтирилган ва шоирларни васф қилган оятларга ғоят тўғри келадиган бўлди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло “Шуаро” сурасида шундоқ деган эди: «Ва шоирларга гумроҳларгина эргашур. Уларни ҳар водийда дайди- ишларини ва ўзлари қилмайдиган ишларни айтишларини кўрмадингми?»Ҳақиқатдан, коммунистик партиянинг содиқ хизматкорлари бўлган шоирлар ҳар хил водийларда, компартия кўрсатган водийларда дайдийдиган ва ўзлари айтган, яъни қилмайдиган гапларини айтадиган ҳолга ўтдилар. Бу ҳақиқатни 1985 йилда бошланган, қайта қуриш, ошкоралик ва демократия пайтида ҳаммалари бир оғиздан, муҳтарам шоирларимизнинг ўзлари ҳам тан олдилар. Улардан кўзга кўринган бирларини айтишича, у киши улуғ ёшдаги шоирлардан бирини зиёратига бориб фалончи ака бу қандоқ бўлди? Шунча ёзганларимизни бир ғалвирга солиб кўрсам, ғалвирда турдигани йуқ-ку, дебди. Шунда улуғ ёшдаги шоир, ҳа сен ҳали ёшсан, бундан буёққа ҳам ишни тўғирлаб юборишинг мумкин. Лекин биз қариб қолдик. Биз нима қиламиз?! Мен шахсий кутубхонамда юраётганимда ўзимнинг китобларим тўғрисига келганда кўзимни юмиб ўтаман деган эканлар. Бу аччиқ ҳақиқат эди. Лекин уларга ташаккурлар бўлсинким, шу аччиқ ҳақиқатни тан олишлари, бир-бирларига айтишларига қудратлари етди. Ана шу вақтдан бошлаб шоирларимизда ўтган бесамар даврларнинг ўрнига ҳам яхшироқ бир шеърлар ёзиш, Ҳаққа, халққа, ҳақиқатга хизмат қилиш, ҳикматли нарсаларни тақдим қилиш истаги туғилди, десак муболаға қилмаган бўламиз. Кўплари Исломий мавзуларда ҳам баъзи бир шеърлар айтиб, қалам тебратишга уриниб кўрдилар. Бу уринишларнинг кўплари маълум бир ҳадиси шарифларни, оятларнинг маъносини шеърий йўл билан вазнгга солиш, баъзи бир Исломий ҳикматларни ва фикр-мулоҳазаларни шеърга солиш каби ишлар билан бўлди. Албатта, вақт ўтган пайтдан қалам соҳиблари бўлмиш муҳтарам шоирларимиз дину диёнатимиздан узоқлашган, Қуръону ҳадисдан мутлақо йироқда бўлганликлари туфайли кўпгина хатоларга ҳам йўл қўйдилар. Ёзган нарсалари саёз, баъзи бир енгилроқ нарсалар чиққан десак ҳам хато қилмаган бўламиз. Албатта, буларни ичида яхши, салмоқли, ҳамманинг таҳсинига сазовор бўлган шеърлар ҳам бор эди. Лекин булар оз эди. Ўтган баъзи бир суҳбатларимизда ана шу шеърларда содир бўлган баъзи бир хатолар, янглишишлар тўғрисида суҳбатлар ҳам қилган эдик. Жумладан, «Сулаймоннома» қасидаси тўғрисида батафсилроқ гаплашиб ўтган эдик. Мана энди Аъзам Ўктам жанобларининг «Тараддуд» китобларини ўқиганда камина ходимингизда мутлоқ бошқа бир фикр пайдо бўлди. Кўпдан бери ўйлаб, излаб юрган шеърият мана шу даражага чиқса эди деган хоҳиш, истакни айнан «Тараддуд» китобида кўрдим. Аввало тан олиб айтишим керакки, мен Аъзам Ўктамни яхши танимас эканман. Бу эҳтимол камчилигимиздир. Лекин шунчалик шеър битишга иқтидори бор шоир, ҳам ватандошни танимаслик албатта биз учун обру ҳам бўлмас. Менга бу китоб кимдир тарафидан ҳадя тариқасида бир неча китоблар орасида юборилибди. Баъзи бир китобларни олиб биринчи саҳифасини ўқигандан сўнг, иккинчисини очишга инсон ўйланиб қолади. Лекин «Тараддуд» китобининг биринчи саҳифасидаги шеърни ўқиб бўлган инсон эса сергакланиши, тезроқ иккинчи саҳифани очишга уриниши, менимча, турган бир гапдир. Шунинг учун «Тараддуд» китобидаги келган шеърлар тўғрисида айтиладиган камтарона мулоҳазалар шоир шахсини мутлақо танимаган инсоннинг мулоҳазалари бўлади. Албатта, камина ходимингизда шоирлик йўқ. Адабий танқидчилик малакаси йўқ. Шеърларга баҳо бериш даъвоси ҳам йўқ. Лекин келгувси гаплар оддий бир шеърхоннинг фикр-мулоҳазалари ва сизлар билан ўртоқлашиш учун айтиладиган фикрлар бўлади десам хато қилмаган бўламан. «Тараддуд» китобидаги шеърлар бошқа шеърлардан фарқли ўлароқ баъзи бир оятларнинг, ҳадисларнинг ёки Исломий ҳикматларни таржимаси эмас, балки мусулмон инсоннинг ҳаёт жараёнида қоришиб кетган фикрлари, ўзининг айтадиган ўйлари, фикр-мулоҳазалари ва халқи учун, дини учун куюниши, иймон-эътиқоди учун ёниб яшаши акс эттирилганлиги билан ажралиб туради. Ана шу нарсаларни «Тараддуд» китобини саҳифалаб шеърларни ўқиганимизда яққол кўрамиз. Бу шеърларда мусулмон инсон, динини худди чўғни тутгандек тутиб, диндан ажраб қолган бир жамиятда яшаб келган инсоннинг фикрлари, унинг қийналишлари, ўртанишлари ва халқи учун куюниши ўз ифодасини топгандир. Яна шуни айтиб ўтишимиз керакки, «Тараддуд» шеърий тўплами жиддий куюниб ёзилган шеърлар тўплами десак хато қилмаймиз.

Бу ерда енгил-елпи, куйдим ёндим шеърлар йўқ десак хато қилмаган бўламиз. Аввал айтиб ўтганимиздек, биринчи шеър ҳақиқатдан диққат эътиборни тортадиган бир шеър эди. У шеър «Ўтинч» деб номланади.

Сўзим, жон бахш сўзим,
ёрдин Менга ширин ҳикоят қил.
Кўзим, йиғла, бу ёрсизлик,
Бу ҳижрондин шикоят қил.
Қўлим, ёпгил қулоқларни,
Эшитма ҳеч маломатни.
Юрак, очгил у дафтарни,
Яна бошдин ривоят қил.
Оёғим, юр кетайлик бу
Зулмкорларнинг ёнидин.
Етиб боргач синиб битгил,
Бугун аммо ҳимоят қил.
Кўнгил, сендин ризодирман,
Биру Бор ул, десанг басдир.
Сенга измимни берганман,
Жўшиб, майли, жиноят қил.
Тилим, қўрқинчларим сендан,
Хатарли сенга эрк бермоқ.
Ўтинчим: ўзидин доим
Сен умиди ҳидоят қил.

1991-милодий санада ёзилган бу шеърда шоир ўзининг барча аъзоларига хитоб қилиб, улардан тўғри йўлда бўлишини талаб қилади. Кўнгилдан Аллоҳ таолони Биру бор дейишлигини сўраб, ўтинчи фақат ҳидоят умиди: Аллоҳнинг йўлига ҳидоят, шариатнинг йўлига ҳидоят эканлигини қаттиқ таъкидлайди. Албатта, бундоқ маънолар уларни тушуниб етган инсонларни ҳаяжонга солиши, уларни ажойиб бир жўшқин ҳолатга келтириши турган бир гапдир.

* * * * *

Ҳаммамизга маълумки, коммунистик мафкура шоирлари ўша тузумга тобе ва хизматкор бўлган тоифалар қатори ер юзидаги Аллоҳнинг яратган нарсаларини, табиатнинг усталиги, табиатнинг моҳирлиги каби иборалар билан сифатлашар эди. Табиат офатлари, баъзи бир бўладиган ҳодисаларни эса табиат инжиқликлари деб таърифлашар ва ўзларича табиатни жиловлашга, ўз иродалари олдида уни тиз чўктиришни даъво қилишарди. Уларнинг айтадиган шеърларида ҳам, ёзадиган асарларида ҳам мана шу нарсани яққол кўриш, билиш, сезиш мумкин эди. Аммо Аъзам Ўктамнинг шеърларида Исломий фалсафа худди шу мавзуга келганда яна барқ уради. Атрофимизни ўраб турган барча махлуқотлар, нарсалар буюк яратувчи Холиқ - Аллоҳ таолонинг махлуқотлари ва ўша Зотнинг Биру Борлигига, Холиқу Мудаббирлигига далиллар эканлигини олға суради. Шоир ўша нарсаларнинг ҳаммаси ҳам Аллоҳга ибодат қилишини ажойиб бир услублар билан тасвирлайди. Албатта, бу Исломий фалсафа. Қуръон оятларининг маъноси. Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом ҳадисларининг маъноси. Буни ўзбек шоирларидан бири бўлмиш Аъзам Ўктам байтга солган. Мана шу шеърлардан бири «Тараддуд» китобида келган «Мўъжиза» шеъридир. Бу шеърда шоир осмонда пайдо бўлган камалакни, уни ажойиботларини кўриб Аплоҳнинг қудратига тан берганини ва инсон мен буюкман деб ғypypra кетмаслиги кераклигини алоҳида таъкидлайди.

Етти қават осмон остида турдим,
Жигарим деб етти оға инини.
Роса етти кунлик йўл юриб курдим,
Соҳир камалакнинг етти рангини.
Қўлим ҳайрат ила ёқамни тутди,
Эслаб саждага бош қўйган бобомни.
Айт, эй кўнгил:
Ким буни тагига етди?
Ташла «Мен – буюкман!» - деган даъвонгни.

Мана бу ҳақиқий инсоннинг, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг қудратига тан берган инсоннинг эътирофи ва ажойиб бир усулда айтган гапи. «Ибодат» деб номланган шеърда эса қуйидагилар айтилади:

Тоғлар сомеъ бўлиб ўлтиришар жим,
Такбир айтган чоғи гулдираб само.
У янглиғ муножат қила олур ким,
Ёмғир - бу - пичирлаб қилинган дуо.
Ел йиғлар ер тирнаб, тупроқ сесканар,
Майсалар қалтираб қилурлар сажда.
Дуолар ижобат бўлган саналар,
Кун нурлари бутун келтирар мужда.

Мана бу шеърда бутун мавжудот, еру осмондаги нарсалар Аллоҳга сажда қилиши, Аллоҳни улуғлаши, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг бир махлуқотлари бўлганлигини ажойиб бир услуб билан тавсиф қилинади. Шу фалсафа, мана шундай руҳда айтилган шеърлар албатта Исломий руҳга тўғри келади. Мусулмонлик ақийдасига тўғри келади. Ва албатта ўқувчиларда ажойиб бир ҳис қолдиради. Ўзининг бандалик масъулиятини сезишга ва табиатга Аллоҳнинг улуғ қудратини намуналари сифатида ҳурмат билан қарашга, эҳтиром билан қарашга, уни тиз чўктириш, жиловлаш эмас, балки улардан унумли, яхши йўлда фойдаланишга ўтишга даъват бўлади. Бу айниқса ҳозирги кунимизда керакли бир фикр бўлиб, бундоқ маънони ҳар бир тоифа, ҳар бир инсон яхши ўзлаштириб олиши керак бўлган замонда яшаб турибмиз. Бу шеърлар кимнидир ўзига қаратиш учун айтилган эмас. Ёки кескин гапларни гаприб ўзини кўрсатиш учун эмас. Балки бутун вужудга сингган, юракнинг тўридан самимият билан чиққан бир ҳазин оҳангдир. Аъзам Ўктамнинг шеърларини ўқир эканмиз Исломий ибодатларга, намоз, рўза каби Аллоҳнинг бандаларига, мўмин-мусулмонларга амр этган фарз ибодатларига алоҳида эътибор, уларни бажаришга мўмин-мусулмон инсон қанчалик тайёр туриши ва ундан роҳатланиши лозим эканлигига ишоралар, ажойиб бир туртки бўлган сатрлар, мисралар келади. Бу албатта жуда яхши бир ҳолат. Шеърият услуби билан инсонларни эзгуликка даъват қилиш, ўзининг бандалик бурчини англашга даъват қилиш услуби ҳисобланади. Бу нарсани шоир жуда усталик билан ифода этган.

«Неъмат» шеърини оладиган бўлсак. Гап Рамазони шариф ҳақида кетади. Рўза тутиш ҳақида кетади. Рамазон рўзаси ҳақидаги шеърга «Неъмат» деб ном қўйиш шоирнинг ғоят усталигини, ҳассос эканлигининг ифодасидир. Чунки Аллоҳ бандаларига буюрган ибодат ҳақиқатдан неъматдир.

Рамазон – машаққат, синовлар ойи,
Ўттиз қоронғу кун, ўттиз ёруғ тун
Тонглар насиб этди тоза ҳавою
Булбулнинг овозин саҳарлик учун.
Аччиқ сўз чиқмайдур - ёпиқдир оғзим,
Бировга қадалиб тикилмоқ тамом.
Кўнгил тўқ, руҳ енгил.
Хушбахтман ўзим -
Гул исин ифторлик учун берди шом.

Қаранг-а, саҳардан шомгача бўлиб ўтадиган нарсаларни, саҳарнинг тоза ҳавосини, саҳарликка турган инсонни қушларнинг, булбулларнинг овозини эшитишини ва шомда келгандаги гулнинг иссини ҳаммасини Рамазонга боғлаб Аллоҳнинг бир неъмати эканлиги, Рамазонда ўзига хос алоҳида бир фусункорлик кашф этилишини шоир усталик билан баён этган. Бошқа бир шеър «Қутлов» деб аталади. Бу шеър жуда қисқа бўлса ҳам намозни улуғ бир ибодат эканлигини таърифлайди.

Не бўлғай яшашни сал осон қилсанг,
Қил сиғмаган кўнглинг
Шуълага тўлсин.
Ҳар намоз орасин Рамазон билсанг,
Бир кунда беш ҳайит Муборак бўлсин!

Демак, беш марта намоз ўқилади. Беш намоз ўртасида бешта ора вакт бор. Ҳар бири Рамазон. Ҳар намоз вақти келганда ўша Рамазон тугаб ҳайит бўлган бўлади. Бу маъно ҳам жуда зўр бир усталик билан баён этилган. Намознинг орасидаги вақт ва намознинг ҳайитга тенглаштирилиши ҳаётни осонлаштириш учун керак бўладиган кучли бир омил эканлигини баён қилиш маъносида айтилгандир. Албатта бу шоирни улкан муваффақияти. Биз бу мувофақият билан у кишини муборакбод этамиз ва ўйлаймизики, бу услуб, бундай нарсалар яна давом этиб бораверади. Маълумки, етмиш йил ва ундан кўпрок худосизлик тузуми даврида яшаган халқимиз дину диёнатдан, одоб ахлоқдан, шариатдан жуда ҳам узоқлашиб кетган эди. Аммо кўпчилик оғзида мусулмонман, Ислом менинг диним деса ҳам, ҳақиқатда Исломдан, иймондан нихоятда узоқ бир холатда эди. Шу билан бирга қайта қуриш йиллари пайтида қайта-қайта такрорланганидек халқнинг Исломдан, иймондан узоқлашиши унинг ўзлигини унутиш, хусусиятларини йўкотиш, бошқаларга, аниқроғи, мустамлакачиларга эргашиб, уларга тақлид қилиш ҳолига олиб келиб қўйган эди. Бу нарса ҳаётнинг барча соҳаларида яққол кўзга ташланар эди. Лекин баъзи бир ҳолатларда вақтинчаликка бўлса ҳам элу юрт, кўпчилик ўзлигини ёдга олар, ўз дину диёнатини, урф одатини ва ўз хусусиятини озгина муддатга бўлса ҳам ўзида намойиш қилишга ўтар эди. Мен шу ҳолатни муҳтарам шоиримиз Аъзам Ўктам ўз шеърларида ажойиб бир фалсафа билан изҳор этган. Шу билан бирга у киши ўзликни йўқотишлик ҳолатини қаттиқ танқид қилган. Шоирнинг ҳаёти, фикри, фалсафаси, дину диёнатини, эътиқоду шариатини ва ўз хусусиятини йўқотган халқ ана шу нарсаларни ўлим вақтида ўзининг яқин кишилари, таниш-билишлари вафот этган пайтида ёдга олиши, асл ҳолига қайтишга ҳаракат қилиши ғалати бир ҳолат эканлигини жуда усталик билан баён этади. Бу ҳолатни биз «Изоҳ шарт эмас» номли шеърда кўрамиз.

Бугун ғамгин ташлашар назар,
Ҳол сўрашар астагина ё -
Дўппи ёхуд чопон кийсанг гар,
Жиддий, хомуш юрсанг мабодо.
Буни ҳатто ўрус ҳам билар,
Кўниккан бу эл аҳволига -
Кимдир булар, нимадир бўлар
Ўзбек қайтса асл ҳолига!

Биров асл ҳолига қайтса, жиддий юрса, ўзининг асл миллий кийимларини кийса, ҳатто ғайридинлар ҳам, ўрислар ҳам ҳа, бунинг бошига мусийбат тушибди, бунинг бирон кишиси ўлган шекилли ёки бунга бошқа бир мусибат етганга ўхшайди, дейди. Унинг кўринишидан, ўша шахсни асл ҳолига қайтишига ҳаракат қилишидан унга мусийбат етганини англаб олишини ана шу ҳолатда васф этмоқда. Шоир халқнинг, кишиларнинг ўзининг асл ҳолига қайтиши жуда зўр нарса эканлиги, жуда улуғ бир нарса эканлигини таъкидлаш мақсадидами? Агар шу халқ ўзига қайтадиган бўлса, агар ўлим халқни ўз хусусиятини эгаллашга даъват қиладиган бўлса, туртки бўладиган бўлса ўлим бўлса майли, бўлсин дейди. Буни биз «Соғинч» шеъридан биламиз. Ўша шеърда қуйидаги мисралар бор:

Жанозага борсам негадир
Кўзим қувнаб бўлурман беҳол.
Фақат шундоқ ўхшайди ахир
Эр эркакка, аёлга аёл.
Бир дард ўртаб юборди дилни,
Ёзарканман титратиб қўлим:
Ўз аслига қайтарса элни,
Ўлим бўлсин ҳар куни, ўлим.

Ҳақиқатдан ўйлаб кўрадиган бўлсак, ўлим пайтида кишлар ўз ҳолига қайтишга одатланишиб қолишган. Бошқа вақтда ўз ҳолини, ўз динини, ўз хусусиятини, ўз урф одатини, шариатини, иймон-эътиқодини мутлақо ёдга ҳам олмайди. Кўнглига нима тушса шуни қилади. Бошқа халқларнинг урф-одатига, уларнинг қилиқларига тақлид қилиб, ўшаларга ўхшашга қўлидан келганича уринади. Эркаклар ҳам ўз хусусияти, ўз миллати, ўз динига хос нарсаларни қилишга ҳеч қизиқмайдилар. Балки бошқаларникига ҳаракат қиладилар. Аёллар ҳам жуда ғалати ҳолатларга ўтадилар. Ана шу ҳолат, ўлим пайтида ўз аслига қайтишдир. Эркаклар ҳам жиддийлашиб аввалги байтларда айтилганидек, ўзларининг миллий кийимини кийишиб, одоб-ахлоқли бўлишиб, бир-бирларига меҳрибон бўлишиб ҳатто аввал баъзи бир келишмовчиликлар бўлиб урушиб гаплашмай юрса ҳам, ўлим сабабидан гаплашиб, ниҳоятда яхши бир ҳолатларга ўтадилар. Аёллар бошқа вақтда қандоқ юрган бўлса ҳам, ўлим сабабидан яхши, эҳтишомли кийимларини кийиб, бошларига рўмол ўраб, ўзларини жуда бир андиша билан тутиб қоладилар. Ҳатто ўлим бўлган хонадонга келганларида эркакларнинг турганини кўриб, тўхтаб бир четга чиқишиб қоладилар. Эркаклар эса, қочиб туринглар, аёллар ўтиб олсин деб ўзларини четга олишади. Бу ишларнинг ҳаммаси ўлим маросимида яққол кўзга кўринади. Ҳакикатдан, ўлим катта даҳшат. Ким бўлишидан қатъий назар биров ўлгандан кейин, тирик қолганлар ана шу ўлимдан сесканадилар. Ўзларининг бошида ҳам бир кун шу иш бўлишини яққол сезадилар. Бу эса уларни қалбларини нурафшон бир нуқталарини очиб Аллоҳни эслашга, ўлимни эслашга, Қиёматни эслашга ва бошқа масъулиятларни эслаб ўзини яхши тутишга олиб келади. Жамиятимизда ана шу ҳолат фақат ўлимда бўлганлиги учун шоир муболағага бориб «агар халқ ўз ҳолига қайтадиган бўлса ўлим тез-тез бўлиб турсин» деган маънони айтишгача бориб етади. Лекин бу маънони жонидан тўйганидан айтганини, уни буни айтишга жамиятдаги ноқулай ҳолатлар мажбур қилганлигини айтиб, кейинги сатрларда Аллоҳ таолодан кечирим сўрайди. Бу гапни айтишга уни нима мажбур қилганини баён қилади. Демак бу ерда шоирни ўз халқи билан ҳамдард бўлиб яшаётганлиги, ўз жамиятидаги камчиликлардан ниҳоятда куйинаётганлиги ва уларни тўғри йўлга тушиши, ҳақиқий бир ҳолда бўлиши халқнинг ўз аслини билган ҳолда, ўзлигини билган ҳолда, ўз дини диёнатига, эътиқоду шариатига амал қилган ҳолда яшашини орзу қилиши шуни чин дилдан тилашини рамзи деб биламиз. Бу ўша пайтлардаги ўзини билган ҳар бир мусулмон инсонни орзуси эди.

Шоиримиз Аъзам Ўктам ҳам ана шу кишилардан бири эканлигини мана шу баётлардан, шеърлардан билиб оламиз. Юқорида жамиятни ва унинг аъзоларини ўз аслига қайтиши, ўзини ўзи билиши, ўзлигини йўқотмаслигини маҳкам тутиши борасида ҳатто ўлимда шу нарса тез-тез такрорланиш оқибатида агар ҳар инсонни ўз аслига қайтарадиган бўлса ўлим бўлса бўлсин ҳар куни деган маънодаги байтларни айтиб ундан кейин Аллоҳ таолодан кечирим сўраган шоиримиз деб айтган эдик. Ана шу кечирим сўрашини ортида нима учун бунчалик шиддатли ҳукм чиқариб ана шундоқ кўпчиликка маъқул бўлмайдиган ўлимга ҳам рози бўлаётганлигини баёнини ўша вақтларда ҳозирда ҳам жамиятимизда содир бўлган бир муносабатга боғлайди. У ҳам бўлса аёл қизларимизни эҳтишомли, шаръий ҳолатда кийиниб ўзларини ораста тутишлари тўғрисидаги муносабат. Албатта аввалда аёл қизларимизда шарму ҳаё кўтарилиб, бошқа оврупа халқларнинг аёл қизларига ўхшаб кийимлари ниҳоятда уятли равишда бўлиб, шунга ўхшаш бошқа ҳолатлар кўча куйларда авж олган эди. Бу албатта мўмин мусулмон инсонларни қалбига худди ханжардек санчилар эди. Лекин қайта қуриш, ошкоралик, халқларни ўзлигини таниш жараёнида бўлиб ўтган воқеалардан сўнг эл юртлар ўз динига қайтиш воқеалари даврида бизнинг аёл қизларимизни кўплари ҳам ўзларини ўзликларини билдилар. Кийимларини Исломий қилиб кийинишга, ўзимизнинг покиза момоларимиз кийингандай эҳтишомли кийим бўлишига, ўзларини латофатини сақлайдиган бир ҳолатга ўтишга, ор-номусни сақлайдиган бир ҳолатга ўтишга ҳаракат қилдилар. Аёл-қизларимизни яхши бир ҳолатдаги кийимларни кийишга ўтишлари, албатта қалбида заррача бўлса ҳам иймони бор кишиларни ниҳоятда қувонтирди. Бу ҳақида шоирларимиз шеърлар ҳам ёзди. Бунга мисол қилиб ҳассос шоиримиз Сирожиддин Саййиднинг «Оқ рўмоллар» шеърини мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Бу шеър нашр этилганда кўпчилик мусулмонлар ниҳоятда катта қувонч билан кутиб олиб, ажойиб бир шавқ билан ўқиб юрдилар. Шу жумладан, ана шу шеърда кузда тутилган оқ рўмолли аёл қизларимиз ҳам. Элимиз ардоғидаги ҳофиз қўшиқчимиз Шерали Жураев ҳам «Оқ ойим» деган бир қўшиқ айтиб Туркистоннинг иймонли қизларини мадҳ этган эдилар ўша пайтда. Мана шу ҳолатни шоир Аъзам Ўктам ўзининг шеърида ажойиб бир ҳолат билан акс эттирган. Аввал айтганимиздек элни ўзига, аслига қайтарадиган нарса ўлим бўлса бўлаверсин деганидан кейин кечирим сўраб қуйидагиларни айтади:

Кечир, Тангрим, қил умрим узун,
Бежиз эмас лек шикоятим:
Шундай зўр халқ ҳаттоки бугун
Англамаюр ҳижоб оятин.
Айтай қўлим кўксимга қўйиб -
Кексалар не қилмиш ҳикматлик.
Қайга кирса, чиқса-да доим
«Пўшт!» дер эди бобом раҳматлик.
Ўв, қандайин замон ўзи бу,
Чирт юммасанг бўлмагай кўзни.
Кўплар бундан чекмайди қайғу,
Фақат ҳаммол айтар бу сўзни.
Ҳай, оналар, бунча «ботир»сиз -
Тирик ота қолмаганми ё?
Қизлар, қаён кетаётирсиз -
Ахир кўча уй эмас асло.

Мана бу ва ундан кейинги келадиган байтларда шоир ҳижоб оятини тушунмаётган улуғ халқдан ниҳоятда ранжийди. Шу билан бирга ота-боболаримиз бу оятни, шариатимизни бу ҳукмини қандай ажойиб ва гўзал бир суръатда татбиқ этганларини англашга, уринтиришга ҳаракат қилади. Шеърни давомида мана шундай бир эҳтишомга, аёлларнинг кийимига ўзларини шараф билан тутишига муносиб нарсалардан мисоллар ҳам келтиради. Бу мисолларнинг ичида Қўқон хони Умархон билан Нодирабегим орасида бўлган суҳбат ва муносабатни ва бошқа ҳолларни ҳам гапиради. Шу билан бирга жамиятда ана шундай аёл қизларни шарму ҳаёсиз равишда кийинишлари, одамни яъни ўзини билган мўмин мусулмон кишиларни ҳижолат қилишини айтиб ўтади. Оналарга, оталарга ва қизларнинг ўзларига мурожат қилиб бу нарса унчалик яхши эмас эканлигини, балки уни тарк этиб, бу ҳолатда, яъники ҳижоб маъносида ҳам шариатимизни кўрсатмасини қилиш лозим эканлигини ажойиб бир услуб билан баён этади. Мана шу нарса ҳам шоирни ўз жамиятида бўлиб ўтаётган ҳодисалар, ишлар, баъзи бир ҳолатларни қанчалик чин дилдан яшашини, уларни ниҳоятда нотўғри йўлда эканлигини баён қилиш йўли билан тўғри йўлга ўтишга ҳаракат қилишини кўрсатиб туради. «Тараддуд» китобида бунга ўхшаш ажойиб руҳда ёзилган бир қанча шеърлар бор. Унда миллий руҳ, ўзбекчилик, баъзи бир бошқа муаммолар ҳам ниҳоятда жиддийлик билан, усталик билан кўтарилган. Бу китобни ўқиган ҳар бир китобхон, шеър шайдоси жиддий мулоҳазаларга келиши ва ажойиб бир маънавий озуқа олиши турган гап. Биз муҳтарам шоиримиз Аъзам Ўктамни бу савиядаги ажойиб шеърларни ёзганлари билан муборакбод этамиз. У кишига соғлик, саломатлик, бахт, саодат тилаб қоламиз. Келажакда бундан ҳам яхши шеърларни ёзиб халқимизга тақдим этишини, кўпчиликнинг таҳсинига сазовор бўлишини тарафдори бўлиб дуолар қилиб қоламиз. Аллоҳ таолодан умид қилиб сўраймизки, юртимизда шу кишига ўхшаган ажойиб бир пурмаъно шеърларни ёзадиган шоирларни сонини, сифатини ва ижодларини баракасини берсин. Доимо Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло соғлик-саломатлик, тинчлик, барқарорлик, бахтлик, саодатликни насиб этсин. Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Аъзам Ўктам - илова

Ҳижратдан дастлаб қайтганимда, йўл ўтиши муносабати ила бузилиб кетган Уста Олим кўчасидаги 28 рақамли хонадонимизга баъзи кўнгил яқинлар зиёратга келишди. Кўпчилик, ҳол аҳвол сўрашиб, юз кўришиш насиб қилганига шукр айтишиб, бирор пиёла чойдан кейин қайтишга изн сўрашар эди. Бир куни уч киши ҳаммадан холи қолишди–да бирлари: «Ҳазрат! Бу киши Аъзам Ўктам бўладилар», деди пастроқда одоб билан чўккалаб ўтирган шеригини кўрсатиб. «Ҳа. Аъзамжон сизмисиз?! Тинч – омонмисиз? дедим хурсанд бўлиб. Орамизда юқоридаги мақола ҳақида суҳбат бошланди. Гап давомида Аъзамжон кулимсираб: «Ўзи сизни излаб кетаётувдик, Аллоҳ етказиб, ўзингиз келиб қолдингиз. Ўша мақолангиз билан яқиндан танишмоқчи эдик», деди. «Мақолани эшитдингизми, ўзи?» дедим. «Охирини. Лекин ҳаммасини эшитиш насиб қилмади. Бир куни хизмат хонамда ишлаб ўтирсам, катта шоирларимиздан бирлари кириб қолдилар. Одатда йўлда салом берсак, алик олармиканлар деб мулоҳаза қилиб юрадиган одамимизни қандай шамол учирди экан деб ҳайрон қолдим. У киши бўлса: «Аъзам! Эшитяпсанми? Муфтий ҳазрат сенинг шеърларинг ҳақида ўз фикрларини билдиряптилар, деб ёдлаб олган гапларидан намуналар айтиб бердилар. Мен ҳаяжонланиб кетдим. Кечқурун радиони қўйиб кутдим. Эшитсам, мақолангиз охирлаб қолган экан. Ўшандан бери…» деди кулимсираб Аъзамжон. Мен мақоланинг тасмага ёзилгани ва у хориждаги уйимизда мавжудлиги айтиб, бир нусха кўчириб беришга ваъда қилдим. Кейинчалик, Тошкентда муқим турадиган бўлганимда, турли муносабатларда Аъзамжон билан учрашиб юрдик. Яқиндан танишдик. У кишини яқиндан таниш жараёнида ўзим мақтаган шеърлари юзаки эмас чин дилдан чиқариб ёзилганига ишончим ортиб бораверди. Аъзамжоннинг эътиқоди, ибодати ва ҳусни хулқи унинг зийнати бўлиб кўринарди кўзимга. Чилонзор тарафдаги танишларнинг бирининг хонадонида уюштирилган суҳбатда Аъзамжон ҳам бор экан. Кўзимга анча синиққан бўлиб кўринди. «Ҳа, Аъзамжон, қандайсиз? Бир оз сустроқ кўринасиз? Соғлик тузукми, ўзи?» дедим. «Алҳамдулиллаҳ, тузук» деди у одатдагидек, паст овозда. «Ҳазрат, Аъзамжон бемор бўлиб, бир оз касалхонда ётиб ҳам чиқдилар. Юраклари безовта қилди», дейишди суҳбатдошлар. «Ҳозир ҳамманинг ҳам юраги безовта қилади. Фақат Аъзамжонники бир оз ошириб юборган бўлса керак. Аллоҳ шифо берисин, ўтиб кетар», дедим тасалли бериш мақсадида. Кейин Аъзамжонни кўргани борган шоирлардан бирининг латифаомуз гапларини айтиб кулишди ҳам. Шундан кейин Аъзамжон билан кўришганда ҳам, у киши ҳақида бошқалар билан сўзлашганда ҳам соғликлари ҳақида алоҳида тўхталадиган бўлиб қолдик. Аср пайтлари эди. Уйда зиёратчиларни қабул қилаётган эдим. Худойига таклиф қилгани одамлар келганини айтиб қолишди. Суриштирсам, Аъзамжоннинг худойисига, дейишди. «Қайси, Аъзамжоннинг?!» дедим. «Аъзам Ўктамнинг. Оила аъзолари алоҳида ўтинч билан илтимос қилишди», дедилар. «Нима?! Аъзамжон дунёдан ўттими?! Қачон?! Нима учун менга хабар берилмади?!» дедим дарду алам билан ва истиржоъ айтдим. «Билмасак, шошилиб қолган бўлсалар керак», дейишди. Хайри эҳсон маросимида Аъзамжоннинг яқинларига таъзия билдириб, марсия сўзлари ва дуо фотиҳалар қилдик. Кейин, одатдагидек, марҳумни мадҳи турли савия ва мақомларда бўлиб ўтди. Ана ўша жараён асносида, Аъзам Ўктамнинг асарлари қайта чоп қилинаётгани ва унинг муқаддимасига менинг мазкур муносабатим ҳам қўйилиши режа қилинаётгани айтилиб, ундан нусха сўралди. Мен уни Аъзамжоннинг ўзига берганимни айтдим. Уни топа олишмаётгани айтилди. Мен бошқа нусха ҳозир йўқлигини эслатиб, узр айтдим. Сафарларимнинг бирида мазкур мақоланинг тасмадаги битигининг яна бир нусхасини олиб келдим. Уни қоғозга туширилди. Турли сабабларга кўра нашр этилмай турди. Энди, Аллоҳ таолонинг ёрдами билан бу нарсани эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз. Буни мухлис мусулмон, ҳақиқий инсон, ақийдаси соф шоиримиз Аъзамжон Ўктамга бўлган ҳурматимиз рамзи сифатида қабул этгайсиз. Аллоҳ таоло у кишининг жойларини жаннатда қилган бўлсин! Аъзамжоннинг ўзлари «Тараддуд» китобидаги «Ишқ ҳаққи» деб номланган шеърларида айтганди:

Ажаб, дил шод бўлар тинглаб
Қиёматдан хабарларни.
Тобора шавқим ортгайдир
Сезиб келгич хатарларни.
На роҳат, на азоб боис
Сен айтган йўлга кирмишман.
Шу ишқ ҳаққи хатарсиз қил
Ўзинг сори сафарларни.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шоиримизнинг ушбу шеърларидаги дуоларини қабул айлаган бўлсин ва Ўзига муҳаббат билан ўтган бандаси Аъзамжоннинг Ўзи сори бўлган сафарини бехатар қилиб, жаннати Фирдавсдан жой олишларини насиб этсин. Омийн!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Эй дўст, дунёнинг бор шавкатини, бойлигу сарватини, орому лаззатини ndash барин сенга атадим.Менга берсанг кифоя мўминлик заҳматини, иймоннинг лаззатини.Эй дўст, давоми...

3383 05:00 / 07.03.2017
Азизлар, бугунги cўзимнинг якунида яна бир қувончли хабарни етказмоқчимиз. Барчангизга маълумки, Аллоҳ таоло устозимиз шайх ҳазратларига ўзларининг шоҳ асарлари давоми...

7188 01:40 / 09.05.2017
Инсон табиати қизиқ. Баъзи ҳолларда арзимагандай бўлиб кўринган нарса унга қаттиқ таъсир қилиб кетади. Ўша нарса уни чуқур ўйларга толдиради. Роҳатсиз қилади. давоми...

4853 05:00 / 07.03.2017
Жалолиддин Румий .Маснавий,ига шарҳлар .Эй хуш савдоли ишқимиз, сен шод бўл.., Шод бош, эй ишқи хуш савдои мо Эй табиби жумла иллатҳои мо Ишқи хушсавдомиз, эй, шод давоми...

1214 17:48 / 25 июнь