1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом адабиёти

Шеърият ва адабиёт билан ошно бўлинг! (биринчи мақола)

13:35 / 04.09.2023 1744 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом дини фақат тоат-ибодат, «Қуръон» тиловати, ҳадислар ўқишдангина иборат эмас. «Гоҳ Худо-ю Расул, гоҳ ғамза-ю усул!» деган матал бекорга айтилмаган. Исломда шеърият ва адабиёт ҳам қадрланган. Чунки, шеър ва адабиёт маънавият ва маърифатни оширадиган воситалардан биридир. Яхши шеърга ва адабиётга ошно бўлиб ўсган инсондан ёмонлик чиқмайди. «Қуръон»да ҳам махсус «Шуаро» («Шоирлар») номли сура бор. Унда қуйидаги оятлар мавжуд:

ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶﯷ ﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ

«Ва шоирларга гумроҳлар эргашур. Уларнинг ҳар водийда дайдишларини ва ўзлари қилмайдиган ишларни айтишларини кўрмадингми? Иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганлар, Аллоҳни кўп зикр этганлар ва мазлум бўлганларидан кейин нусрат қозонганлар мустасно. Зулм қилганлар эса тезда қайси қайтиш жойига қайтишларини билурлар» (Шуаро сураси, 224-225-226-227-оятлар).

Мазкур оятларда шоирларнинг аксар ҳоллари баён этилиши билан бирга имон келтириб, эзгу ишлар қиладиган, ҳеч кимга зулм қилмайдиган шоирлар мақталган. Оятда зулм ва золимлар алоҳида айтилгани эса шоир ва адиблар ҳамда зиёлилар қатламининг асосий ишларидан бири зулм ва золимлар билан курашмоқ эканлигига ишорадир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Шеърда ҳикмат бор!», деб марҳамат қилганлар.

(Термизий, 3/2845).

Бунинг сабаби шуки, ҳақиқатда баъзи шеърларда ўзига хос маъно ва ҳикматлар мавжуд. Айримларида эса, аксинча, ёмон маънолар мавжуд. Шунинг учун бундай шеърлардан қайтарилган. Назмнинг яхшиси яхши, ёмони эса ёмондир!

«Қуръон»нинг бадияти, сажъ услубидаги вазни ва унинг фасоҳати олдида лол қолганлар севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламни шоир деб туҳмат қилдилар, «Қуръон»ни эса ўзига хос тўқилган шеър бўлса керак, деб ўйладилар. «Анбиё» сурасининг 5-ояти ва «Тур» сурасининг 30-оятида бу ҳақида айтиб ўтилган бўлиб, бошқа бир оятда «Қуръон»нинг шеър эмаслиги таъкидланган ҳолда:

ﭰ ﭱ ﭲ ﭳﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ

«Ва у шоирнинг сўзи эмас. Нақадар ишонасизлар‑а!» дейилган (Ҳааққо сураси, 41-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шоир эмас эдилар, шеър тўқимаганлар, шеърга кўп майл қилмасдилар. Бу ҳақида «Ёсин» сурасида айтиб ўтилган бўлиб, бундай дейилган эди:

ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ

«(Муҳаммадга) шеърни таълим бермадик ва унга (шоирлик) мумкин ҳам эмас. У (ваҳий) фақат зикр (эслатма) ва аниқ Қуръондир» (Ёсин сураси, 69-оят).

Юқоридагидек шоир деган туҳмат сабабли, «Қуръон»дек муқаддас китобнинг шеър эмаслиги сабабли Пайғамбаримиз алайҳиссалом шеърият билан махсус шуғулланмаганлар. Бироқ, ислом пайғамбари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гарчи шоир бўлмасалар ҳам, назм ва насрда ижод қилмаган бўлсалар ҳам, шеърият ва адабиётни ёқтирар, барча маънавиятли инсонлар сингари ундан баҳраманд бўлар эдилар.

Имом ат-Термизий бобомиз ривоят қилишларича, Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳу: «Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида юз маротабадан ҳам кўп ўтирганман. Саҳобалари шеър айтишарди, жоҳилият ишларидан кўпларини эслашарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса суҳбатга жим қулоқ солиб ўтирардилар. Кўпинча улар билан бирга табассум қилардилар», деганлар

(Термизий, 5/2850).

Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамма маънавиятли инсонлар қатори яхши шеърларни ёқтирар эдилар. У зот саҳобалари билан ўтириб, исломдан аввалги жоҳилият даврида ўтган ва кейинги давр шоирларининг шеърлари тўғрисида гаплашишар, бирга таҳлил қилишар эдилар. Бир сафар арабларнинг машҳур шоирларидан бири Умайя ибн Абу-с-Салтнинг юзга яқин байтини ўқитиб эшитган эдилар. Бу воқеа «Саҳиҳи Муслим»да нақл қилинган.

(Муслим, 4/2255).

Умайя ибн Абу-с-Салтнинг мусулмон бўлишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда истаганларидан, «У мусулмон бўлишига сал қолганди!», деганлар.

(Бухорий, 8/6147).

У жоҳилият даври шоирларидан бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг шеърларини ёқтирганлар. Тоифлик бу шоир 5 ҳ./626 м. йили вафот қилган.

Жоҳилият даврида яшаб ўтган Лабид ибн Рабиъа (ваф. 41 ҳ./661 м.) деган шоирнинг шеърларини эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳлил қилиб, бошқа шоирларнинг шеърлари орасида унинг бир мисрасини энг яхшиси, деб айтганлар:

أَصْدَقُ كَلِمَةٍ قَالَهَا الشَّاعِرُ كَلِمَةُ لَبِيدٍ أَلَا كُلُّ شَيْءٍ مَا خَلَا اللَّهَ بَاطِلٌ

«Шоир айтган сўзларнинг энг тўғриси Лабиднинг: «Аё, Аллоҳдан ўзга ҳар бир нарса бекор!», деган сўзидир» (Бухорий, 5/3841).

Бу хилдаги яхши шеър ким томонидан айтилишининг фарқи йўқ, яъни, яхши шеърларни ўқиб-эшитишда шоирнинг эътиқодининг аҳамияти йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жоҳилият даврининг шоирларининг шеърларини ҳам эшитганликлари, таҳлил қилиб маъносини тушунтирганлари бунга яққол далил бўла олади. Айтишларича, Оиша розияллоҳу анҳо Лабиднинг минглаб байтларини ёддан билган эканлар. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг байтларини ёқтирганлари ва хонадонларида кўп эшитилганини билдиради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айрим ишларга муносабат билдиришда шеърдан ҳам фойдаланганлар. Масалан, бармоқ қонаганини кўриб, ўша даврда машҳур бўлган бунга муносиб бир байтни келтирганлар (Бухорий, 4/2802; 8/6146):

هَلْ أَنْتِ إِلَّا إِصْبَعٌ دَمِيتِ

وَفِي سَبِيلِ اللَّهِ مَا لَقِيتِ

Ҳал анта илла исбаъун дамийти,

Ва фи сабилиллаҳ ма лақийти!

(«Сен эмасмидинг, ахир зўр бармоқ,

Қонайсанми, Аллоҳга йўлиққанинг чоқ?!»).

Бу шеър Абдуллоҳ ибн Равоҳа деган шоирга тегишли бўлган. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шоирларнинг байтларини муайян ўринларда иқтибос тарзида келтира олганлар. Хандақ қазиш жараёнида эса Абдуллоҳ ибн Равоҳанинг шеърини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам такрорлаб ишлаганлари ривоят қилинган.

(Бухорий, 4/3035)

اللَّهُمَّ لَوْلَا أَنْتَ مَا اهْتَدَيْنَا * وَلَا تَصَدَّقْنَا وَلَا صَلَّيْنَا

فَأَنْزِلَنْ سَكِينَةً عَلَيْنَا * وَثَبِّتْ الْأَقْدَامَ إِنْ لَاقَيْنَا

إِنَّ الْأَعْدَاءَ قَدْ بَغَوْا عَلَيْنَا * إِذَا أَرَادُوا فِتْنَةً أَبَيْنَا

Албатта, яхши шеър меҳнатга ҳамдам бўлиб, инсонга ғайрат бериши тажрибадан ўтиб келган. Мазкур шеър иш жараёнида тўлиқ ўқилган ва Расулуллоҳ солалллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар орасида такрор-такрор айтилган. Унинг давомида ушбу байт мавжуд:

اللَّهُمَّ لَا عَيْشَ إِلَّا عَيْشُ الْآخِرَهْ

فَأَكْرِمْ الْأَنْصَارَ وَالْمُهَاجِرَهْ

Аллоҳумма, лай айша илла айшул охира,

Фа акримил ансора вал муҳожира!

(«Эй, Аллоҳ! Охират айшидан ўзгаси йўқдир,

Ансор-у муҳожирларни икром қилсанг, кўнгиллар тўқдир!).

Бунинг илк мисраси: «Аллоҳумма, иннал ажра ажрул охира» ва «Аллоҳумма, иннаҳу ла хайра илла хайрул охира», кейинги «Фаакримил ансора вал муҳожира!» мисраси эса шоирнинг ўзи ҳам шу жойда бўлгани боис: «Фа аслиҳил ансора вал муҳожира!», «Фағфир лил муҳожирина вал ансор!», «Фағфир лил ансори вал муҳожира!» каби ибораларга ўзгартириб айтилаверган. (Бухорий, 4/2961; 5/3795; 3797; 3906; 3932; 8/6414).

Демак, наср ва назм муаллиф ва ҳатто шинавандалар томонидан замон, макон ва ихвонга қараб ўзгартирилиши ҳам мумкин экан...  

(Давоми бор)

Ҳамидуллоҳ Беруний

 

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 11 августдаги 03-07/6522-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Муаллиф
Ҳамидуллоҳ Беруний
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Азизлар, бугунги cўзимнинг якунида яна бир қувончли хабарни етказмоқчимиз. Барчангизга маълумки, Аллоҳ таоло устозимиз шайх ҳазратларига ўзларининг шоҳ асарлари давоми...

7148 01:40 / 09.05.2017
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога беадад саловоту саломлар бўлсин. Муҳтарам ўқувчилар, давоми...

4756 05:00 / 11.03.2017
Муаллиф раҳимаҳуллоҳ ҳақидаШайх Абдулфаттоҳ ибн Муҳаммад ибн Башир ибн Ҳасан Абу Ғудда Суриянинг шимолидаги Ҳалаб шаҳрида, 1335 ҳижрий сана 17 ражаб, 1917 мелодий давоми...

5426 05:00 / 11.03.2017
.Маъориз,ни бизнинг тилимизда ишора қилиб гапириш маъносида тушунилади. Маъоризнинг маъноси бир сўзнинг ўрнига бошқа сўз ишлатиб, асл мақсадни очиқ айтмай, яшириб давоми...

4830 05:00 / 07.03.2017
Аудиолар

135335 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55587 14:35 / 11.08.2021