1446 йил 15 жумадул аввал | 2024 йил 17 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат ва замонавий илм

Коинот тирик мавжудотдир. Унда мақбаралар бор

11:00 / 20.06.2021 4874 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Коинот тирик мавжудотдир, унда ҳаёт ва ўлим деган нарсалар бор, унда юлдузлар дафн этиладиган мақбаралар бор.

Олимлар галактикамиз ичидаги қора туйнукка юлдуз ёки сайёра қулашини кашф этдилар. Уларнинг айтишича, галактикамиз маркази яқинидаги қора туйнук ўзига юлдуз моддасини шиддат билан тортиб, ютиб юборади. Бу жараён худди чангютгич чангни ютиб юборганидек содир бўлади. Олимлар юлдуздан номаълум томонга қараб чиқаётган ва қора туйнукни ўраб гирдоб ҳосил қилган газ оқимини пайқашди. Маълумки, қора туйнукни кўриб бўлмайди. Лекин олимлар қора туйнук юлдузни ютиши натижасида унинг атрофида ҳосил бўлган гирдобни кўрдилар.

200 млрд.дан кўп юлдузга эга бўлган ушбу галактика марказида улкан вазнга эга бўлган қора туйнук бор. У катта тезлик билан фазода ҳаракатланиш чоғида йўлида учраган ҳар бир нарсани ютади. Қора туйнук фақат шу бир донагина эмас. Коинотда миллиардлаб қора туйнук бор.

Юлдузларни ютиш амалиёти туфайли ҳосил бўладиган ушбу ёруғлик НАСА олимлари томонидан кузатилган. Улар «Қора туйнук мавжуд, у кўплаб сайёралар, юлдузлар ва чангни, баъзида тошни ҳам ютади, бундай осмон жисмларининг ҳаммаси ушбу қора туйнук учун «озуқа» бўлиб хизмат қилади» деб таъкидлашяпти.

Бу расмда юлдузнинг қора туйнук томонидан ютилиш жараёни акс этган. Ўртада қора туйнук, атрофида бўронга ўхшаган газли гирдоб. Чунки юлдуз қора туйнук ичига тўғридан тўғри кириб кетмайди, балки улкан тортишиш кучи сабабли унинг моддаси аввал газга айланади, сўнг қора туйнук томонга ҳаракатланади.

Қора туйнукнинг вазни миллиардлаб қуёш вазнига тенгдир. Юлдузнинг ютилган моддаси коинотда фаррошлик қилаётган қора туйнук учун ёқилғи бўлиб хизмат қилади. Шу боис қора туйнук коинотдаги улкан мақбара дейилади.

Бу расмда ҳаётининг охирги лаҳзасидаги юлдуз акс этган. Ушбу юлдуз биздан 4200 ёруғлик йили узоқликда жойлашган. Юлдузнинг ниҳояси мана шу, ёрқин ранглар кўриниб турибди, чунки сиртидаги ҳарорат 50 минг даражага етади, ушбу ранглар юлдузнинг қулаши оқибатида оқаётган газлар натижасида пайдо бўлади. Портлаш натижасида ҳосил бўладиган ёруғликнинг тўлқин узунликлари газларнинг табиати ва таркибига қараб ўзгариб туради.

Бу IC 2560 спирал галактика, у биздан 110 миллион ёруғлик йили узоқликда. Галактика марказида юлдузларнинг тўпланиб турганига далолат қиладиган ялтироқ ядро акс этган. Ушбу галактикада ҳам бир неча коинот мақбаралари бор. Галактиканинг фаолияти давом этиши ва тирик қолиши учун шундай қора туйнуклар керак. Юлдузлар оламида ўлим зарурий нарса бўлиб, ўлимнинг аҳамияти ҳаётникидан кам эмас.

Бу НАСАнинг махсус «Қуёш динамикаси обсерваториясининг атмосфера тасвирини йиғиш ассоциацияси»да 2010 йил 11 февралда олинган қуёш тасвири. Бу юлдуз қора туйнукка айланолмайди, чунки унинг массаси етарли эмас. У ўз-ўзига ўралиб, ёруғлиги ўчиб, чегараси ойнинг орбитасига етиб борадиган қизил гигант юлдузга айланади, бунинг натижасида эҳтимол ойни ютиб юборар.

Бу кашфиётлар бугун олдимизда кўриниб турган бир неча илмий ҳақиқатларни ўз ичига олади. Лекин Қуръони Карим бу ҳақиқатларга 14 аср олдин ишора қилиб қўйган.

1-ҳақиқат. Юлдузнинг қора туйнук қаърига қулаши. Аллоҳ таоло бунга ушбу оятда ишора қилган:

وَالنَّجْمِ إِذَا هَوَىٰ

 

«Ботаётган юлдуз билан қасам» (Нажм сураси, 1-оят)

Оятдаги هَوَىٰ калимаси «йиқилиш», «бошқа жисм тарафга қулаш» деган маъноларни ифода этади. Шунингдек, бу калима “юлдуз ўзининг ичига қулаб, унинг моддаси тортишиш маркази томонга тушиб боради» деган латиф маънони ҳам ўз ичига олади.

2-ҳақиқат. Қора туйнуклар коинот мақбаралари. Улар ёруғликни ҳам қочиб қутилишига имкон бермайдиган улкан тортишиш кучи сабабли жисмларни ютиб, коинотни супуриб тозалайди. Ёруғликни ютгани учун қора туйнукларни кўриб бўлмайди. Аллоҳ таоло бу турдаги юлдузларга ушбу оятда ишора қилган:

فَلَا أُقْسِمُ بِالْخُنَّسِ  الْجَوَارِ الْكُنَّسِ

«(Кундузи) яширинувчилар билан қасам. (Кечалари) юрувчи, беркинувчилар билан» (Таквир сураси, 15-16-оятлар).

3-ҳақиқат. Юлдузларнинг ўлиши ва туғилиши. Аллоҳ таоло бу ҳақиқатга ишора қилиб шундай деган:

وَأَنَّهُ هُوَ أَمَاتَ وَأَحْيَا

«Албатта, ўлдирган ҳам, тирилтирган ҳам Ўзи» (Нажм сураси, 44-оят).

Бу оятдаги ўлим фақат башарият ўлими эмас, балки тирик мавжудотлар, юлдузлар ва хаёлингизга келган ҳар бир махлуқнинг ўлишидир. Ҳамма махлуқ ўлади, фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи қолади.

4-ҳақиқат. Қуёшнинг ўлиши, ўз-ўзига ўралиб, ёруғлиги ўчиши. Аллоҳ таоло ушбу оятда бу ҳақиқатга ишора қилган:

إِذَا الشَّمْسُ كُوِّرَتْ

«Вақтики қуёш букланса…» (Таквир сураси, 1-оят)

Субҳаналлоҳ! Замонавий илм ҳар гал коинотга оид бир ҳақиқатни кашф этса, Аллоҳ таолонинг Китобида ўша ҳақиқатга очиқ-ойдин ишора келганини кўрамиз. Бу эса Қуръони Карим билан тўғри илм бир-бирига зид эмаслигига, орасида зиддият йўқлигига далолат қилади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

أَفَلَا يَتَدَبَّرُونَ الْقُرْآنَ ۚ وَلَوْ كَانَ مِنْ عِندِ غَيْرِ اللَّهِ لَوَجَدُوا فِيهِ اخْتِلَافًا كَثِيرًا

«Қуръонни тадаббур қилиб кўрмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан бўлганида, унда кўп ихтилофлар топар эдилар» (Нисо сураси, 82-оят).

Абдуддоим Каҳел мақоласидан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси


Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Одамнинг қиёмат куни қайта тирилтирилиши ҳақидаги ҳадиси шарифларда келган баённи ҳозирги замон илми тасдиқлади.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят давоми...

8299 11:10 / 09.02.2019
Йигирманчи асрда фазовий жисмлар ва коинотдаги ҳодисаларга доир кўплаб кашфиётлар қилинди. Улардан бири қора туйнукларнинг аниқланишидир. Ўзининг бутун давоми...

3819 10:56 / 15.02.2022
Расмда чақалоқни эмизиш ҳолати акс этган. Бола кашалот онасини шу йўл билан эмади. Савол туғилади .Қандай қилиб сут сувга аралашиб, сингиб кетмайди, Бу саволга давоми...

2254 10:40 / 25.06.2022
Зайд ибн Холид розияллоҳу анҳудан ривоят қилади Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Агар умматимга машаққат бўлишини ўйламаганимда, албатта, уларни ҳар намоздан давоми...

5471 12:35 / 22.10.2018
Аудиолар

134655 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54965 14:35 / 11.08.2021