1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат ва замонавий илм

Танамиздаги икки денгиз

12:25 / 24 апрель 2674 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Аллоҳ сизни оналарингиз қорнидан ҳеч нарса билмайдиган ҳолингизда чиқарди. Ва сизга қулоқ, кўзлар ва дилларни берди. Шоядки, шукр қилсангиз» (Наҳл сураси, 78-оят).

Курраи заминда икки турли денгиз бор: бири – чучук сувли, иккинчиси – шўр сувли. Уммонлар остидаги бу денгизлар ёнма-ён оқади, аммо суви бир-бирига қўшилмайди. Олимлар шўр ва чучук сувли денгизларнинг ўртасида қандайдир кўз илғамас парда-тўсиқ мавжудлигини яқиндагина кашф этишди.

Инсон танасида ҳам икки денгиз бор. Бири – кўз ёши, шўр. Иккинчиси – кўз қорачиғи суви, у эса чучук. Булар ҳам ёнма-ён, бир жойда. Лекин улар ҳам бир-бирига қўшилиб, аралашиб кетмайди. Хожа Бектош Валийнинг «Мақолот»ида келтирилишича, кўзнинг асли ёғ бўлиб, тузга муҳтождир. Агар кўз ёши шўр бўлмаса, кўз ҳидланиб кетарди. Кўз қорачиғининг суви чучук бўлмаса, кўз кўрмас эди…

Кўзлар бир дақиқа ичида ўн-йигирма марталаб киприк қоқади ва бу билан доимий намланиб туради. Киприк қоқишнинг бир йиллик саноғи олти-саккиз миллионга тенг. Демак, кўз ўзидан суюқлик (ёш) чиқариб, ўзини намлаб, ювиб, поклаб, ҳатто кўзга тушган бегона жисмларни эритиб-йўқотиб туради.

Кўзнинг олд қисмидаги гумбазсимон, шишадек мусаффо ва тиниқ жисм «кўз соққаси» дейилади. Унинг орқа тарафидаги кўк, бўз, сариқ ёки қора рангли думалоқ парда «кўз қорачиғи» деб аталади. Унинг ўртасида мошдек жой «кўз қораси», яъни гавҳаридир. Кўз қорасидаги бениҳоя кичик пайларнинг баъзиси тўғри бўлиб, улар кўз қорасининг ўртасидан чиқиб, атрофга чўзилиб кетган. Баъзилар эса ҳалқасимон. Ёруғ оз бўлса, тўғри пайлар йиғилади, натижада кўз қорачиғи кенгайиб, кўзга кўпроқ ёруғлик тушади. Ёруғ кўпайиб кетса, энди ҳалқасимон пайлар йиғилади. Шунда кўз қорачиғи торайиб, ёруғлик тушиши камаяди. Кўриш учун ёруғлик кўзга тушиб, ички қаватдаги кўриш пайларига етиб бориши лозим. Мазкур пайлар ёруғлик таъсирини бир неча ҳисса ошириб беради ва инсон мўлжаллаган нарсасини кўра олади.

Одатда кўзни фотоаппаратга қиёслашади. Кўзнинг шаффоф пардаси остидаги автоматик тўр, яъни қорачиқ кўз экранига нур ўтказувчи туйнук вазифасини бажаради. Қорачиқ заруратга қараб кенгаяди ёки тораяди. Унинг ортида кўриш аъзосининг бошқа автоматик қисми, яъни объектив ёки иккала тарафи қабариқ «ойна» (линза) бўлиб, у жисмларга қайд қилиш тарзида ёки қайси масофадан қарашимизга мувофиқ ўзгариб туради. Объектив ва қорачиқ ўртасидаги бундай уйғун ва мукаммал муносабат ҳайратга солмай иложи йўқ. Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, кўзнинг ана шу хусусиятлари инсон ҳали дунёга келмай туриб, она қорнидалигидаёқ шаклланган бўлади. Инсон шундай мукаммал аъзо билан дунёга келади.

Кўз орқа ҳужрасининг пўсти уч қаватли: ташқи қавати оқ ва қаттиқ. У «кўз оқи» дейилади. Ўрта қаватнинг ранги қора, унда жойлашган қон томирлари «томир пардаси» деб номланади. Ички қаватида кўриш пайлари тўрдек ёйилган, улар «тўр пардаси» дея аталади. Кўз думалоғи «оқ»қа , кўз қораси эса қон томирлари орқали пардага туташган. Кўз қорасининг орқасидаги «кўз ойнаси» касалга чалиниб ғубор босганидаги хасталик «кўзга парда тушиши» дейилади.

Кўз – ҳамма аъзолардан кўра сирли хилқат. У сезилмас ёруғлик нурлари таъсирида ишлайди. Ёруғлик нурларининг кўз қорачиғи ва пардасида акс этиш хусусиятлари фанга ҳали яхши маълум эмас. Кўз бошнинг юқори қисмида жойлашганида ҳам алоҳида ҳикмат бор. Унинг тепасидаги қош шўр терни кўзнинг шиллиқ пардасига туширмайди.

Ҳаракатланиб турувчи кўз соққаси бир-бирига ажойиб тарзда уланган еттита суякли чуқурчага жойлаштирилган. Кўзни ҳаракатлантирадиган олтита пайдан бири узатувчи камера бўлган ғилдиракни эслатади. Ҳатто киприклар ҳам кўзни фавқулодда эҳтиётлаш вазифасини ўтайди. Кўзнинг ичкарисига қараб кетган беш қатламли мугуз пардасини олимлар чинакам мўъжиза деб аташади. Кўзнинг бу қисми ишқаланишдан ва чангдан асралиши, зарур пайтда ювилиб, тозаланиб туриши учун алоҳида ўзига хос юмшатувчи, шўрроқ суюқликка эга бўлиб, у ўз косасининг устки қисмида жойлашган. Шу ернинг ўзида, кўз ичкарисида бу суюқликни бурун бўшлиғига ўтказувчи махсус йўл бор. Кўз ёши кўзни ювиб, уни доимо тозалаб туришидан ташқари бурун катакларини намлаб, мулойимлаштириб, ҳид билиш қобилиятини оширади. Олимларнинг айтишича, бурун қуруқшаб қолса, ҳид билиш қобилияти йўқолар экан.

Лекин ана шундай мукаммал ва мураккаб кўзлар ҳам Яратганнинг Басир (кўрувчи) сифати олдида жуда ожиз ва нотавондир. Бу сифатнинг кичик бир тажаллиси холосдир. Бизнинг кўриш қобилиятимиз чекланган бўлиб, фақат маълум оралиқда бўлган тўлқин узунлигидаги нурларнигина кўра оламиз, яъни нурларнинг бор-йўғи уч фоизини илғаймиз. Кўзларимиз жуда кичик (атом зарраси) ва жуда катта (галактикалар) нарсаларни, жин, фаришта, руҳ каби ғайбий нарсаларни, жуда яқин ва жуда узоқдаги, тез ҳаракатланадиган буюмларни, шаффоф бўлмаган нарсанинг орқасини, бир вақтнинг ўзида ҳамма томонни, қоронғиликдаги нарсаларни кўра олмайди. Кўриш сезгимиз ўзгариш ва камайишга маҳкум, кўзга ҳатто кичик бир зарра, ғубор кирса ҳам, кўриш қобилиятимиз пасаяди.

Кичкинагина аъзойимиз бўлган кўздаги ана шундай нозик низом, мураккаб яратилиш тизими ўз-ўзидан, тасодифан пайдо бўлганмикин? Йўқ, асло! Буни буюк ҳикмат ва қудрат Соҳибидан ўзга ҳеч бир зот амалга ошира олмайди. У кўзни яратиш учун оптика сирларию қонуниятларини мужассамлаштиргани ва бу ғаройиб аъзога зарур ашёларни жойлаштирганининг ўзиёқ улкан мўъжиза эмасми?!

Зайнаб Маъмуржонова тайёрлади

«Ҳилол» журнали 9(54) сони

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
биринчи мақолаАллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган .У бандалари устидан мутлақ ғолибдир. У устингизга ҳафазаларини юборур. Ниҳоят, давоми...

3741 13:00 / 08.02.2021
Пашша горизонтал, вертикал бўйлаб ҳар тарафга уча олади. У қайси тарафга учиш ҳақида сониянинг юздан бир улушида қарор қабул қилади.Мева пашшаси сониясига 200 давоми...

2614 11:02 / 23.10.2020
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Батаҳқиқ, инсонни лой сулоласидан яратдик. Сўнгра уни мустаҳкам қароргоҳда нутфа қилдик. давоми...

3826 16:40 / 06.09.2019
Зайд ибн Холид розияллоҳу анҳудан ривоят қилади Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Агар умматимга машаққат бўлишини ўйламаганимда, албатта, уларни ҳар намоздан давоми...

5528 12:35 / 22.10.2018