1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Раддия

Ҳой, бемазҳабликни тарғиб қилаётган, сал инсоф қил!

20:30 / 06.06.2021 2536 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кейинги пайтда ижтимоий тармоқларда улуғ мужтаҳидлар, мазҳаббошиларга тош отиш, уларни камситишга уриниш ва шу йўл билан бемазҳабликни тарғиб қилиш ҳолатлари кўзга ташланмоқда. Бемазҳабликка чақирувчилар кўп тилга олиб, камситишга уринадиган уламолардан бирлари мазҳаббошимиз Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдир.

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ қандай инсон бўлганликларини улуғ имомнинг баъзи фазилатларини, уламоларнинг у киши ҳақларидаги эътирофлари билан танишиш орқали тасаввур қилиш қийин эмас.

Асл исмлари Нўъмон ибн Собит бўлган Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳижрий 80-йилда таваллуд топганлар. У киши биз мусулмонларнинг фақиҳимиз, имомимиз, Аҳли Сунна вал Жамоадаги тўрт фиқҳий мазҳабнинг биринчи имоми, Ҳанафий мазҳабининг соҳиби, кўп илмлари ва гўзал ахлоқлари билан шуҳрат қозонган кишидирлар.

Имом Аъзам лақабини олган Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ тобеинлардан саналадилар. Чунки имомимиз бир неча саҳобаи киромларни кўрганлар. Шулардан бирлари Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудирлар. Имомимиз парҳезкорликлари, кўп ибодат қилишлари, ихлослари, виқорлари, кучли шахсият бўлганликлари билан танилганлар.

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ фиқҳда Қуръони Каримга, Суннати Набавийяга, ижмоъга, қиёсга, истеҳсонга, урфга ва одатга суянар эдилар.

Имомимизнинг илмлари борасида кўп гаплар айтилган. Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳнинг устозлари Вакиъ ибн Жарроҳ раҳимаҳуллоҳ «Абу Ҳанифа юксак даражада омонатдор эди. У Аллоҳ таолонинг розилигини ҳамма нарсадан устун қўярди. Агар Аллоҳ таолонинг йўлида қиличларга тўқнаш келса ҳам, унга бардош берарди» деганлар.

Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Имом Молик ибн Анас (раҳимаҳуллоҳ)дан «АбуҲанифани кўрдингизми ва у киши билан мунозара қилдингизми?» деб сўралди. Шунда у киши: «Ҳа, шундай кишини кўрдимки, агар тошдан ясалган мана шу устунга қараб, у тилладан деса, шу гапига ҳужжат келтира оларди» дедилар».

Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ имомимиз ҳақларида «Ким фиқҳда ғаввосдек сузишни истаса, у Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг боқимандасидир. Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) фиқҳ муваффақ этилган инсон эди» деганлар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ имомимиз ҳақларида «Албатта, Абу Ҳанифа илмда, парҳезда, зуҳдда, охиратни устун қўйишда ҳеч ким ета олмайдиган ўринда эдилар. Мансурнинг қозиси бўлиши учун қамчи билан калтакланганлар, аммо қозиликни қабул қилмадилар. У кишига Аллоҳнинг раҳмати ва розилиги бўлсин!» деганлар.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ «Инсонларнинг обидроғини кўрдим, инсонларнинг парҳезкорроғини кўрдим, инсонларнинг олимроғини кўрдим, инсонларнинг фақиҳроғини кўрдим. Инсонларнинг обидроғи Абдулазиз ибн Абу Раввод (раҳимаҳуллоҳ), инсонларнинг парҳезкорроғи Фузайл ибн Иёз (раҳимаҳуллоҳ), инсонларнинг олимроғи Суфён Саврий (раҳимаҳуллоҳ), инсонларнинг фақиҳроғи Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) эди» дедилар, сўнгра «Фиқҳда у кишига ўхшаганини кўрмадим» деб қўшиб қўйдилар.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ тобеин ва табаа тобеиндан иборат тўрт минг шайхдан дарс олганлар.

Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Умматимнинг энг яхшиси менинг асримда яшаганларидир. Кейин улардан кейин яшаганлар, кейин улардан кейин яшаганлардир». Имрон розияллоҳу анҳу айтадилар: «Ўзларининг асрларидан кейин иккита асрни айтдиларми ёки учтаними билмайман».

Бухорий ривояти.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нима амал қилганларини энг яхши билувчилар саҳобаи киромлардир. Саҳобаи киромларнинг амалларини энг яхши билувчилар тобеинлардир. Тобеинларнинг амалларини энг яхши билувчилар табаъа тобеинлардир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур ҳадисда ана шу уч асрда яшаган ва яшайдиган мусулмонларни «Умматимнинг энг яхшиси» деганлар. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ эса ўша тобеинларнинг бир вакилидирлар.

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ мужтаҳид олим бўлганлар.

Мужтаҳид деганда ким тушунилади?

«Қандоқ одам мужтаҳид ҳисобланади?» деган саволга уламоларимиздан баъзилари қуйидаги жавобни берганлар:

«Инсон қуйидаги беш илмни жамлаганда мужтаҳид бўлади:

1. Аллоҳ таолонинг Китоби илми.

2. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари илми.

3. Усулул фиқҳ илми.

4.Салафларнинг қавллари, ижмоъ ва ихтилофлари илми.

5. Луғат илми.

6. Қиёс илми.

Аҳли суннат ва жамоат эътироф қилган тўрт мазҳаб мужтаҳидларининг энг охиргиси Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматулоҳи алайҳи айтганларидек, мужтаҳид бўлиш учун 500 000 (беш юз минг) атрофида ҳадисларни ёд биладиган муҳаддис бўлиш лозим.

Агар сен 500 минг ҳадисни ёддан билиб, саҳиҳини ажратиб, ровийсини билиб, уларнинг носих, мансухини, хос ва омини, мутлақ ва муқайядини, шароитини, мазҳабда далил қилиб олинган ва олинмаганини, юқоридаги 6 та илмни, саҳобаларнинг йўлини, тобеинларнинг йўлини, ровийларнинг ўша ҳадисларга қанчалик амал қилишганини, араб тилини, усулул фиқҳ қоидасига солишни, ҳадисларни далил қилиб олиш йўлини ва бошқаларни билсанг, ўшанда мужтаҳидлик даъвосини қиласан. Агар юқоридагиларни билмасанг, жимгина мазҳабга эргаш. Ҳар ҳолда мазҳаббошиларимиз юқоридаги ва бошқа кўплаб нарсаларни билган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мақтаган яхши асрда яшаган, саҳобаларни кўрган, улардан таълим олган ва барча мужтаҳидлар томонидан тан олинган зотлардир.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу бир гапдоннинг оят ва ҳадис айтиб турганини эшитиб қолиб, «Носих ва мансух» – ҳукми бекор қилинган оят ёки ҳадисларни биласанми?», деб сўрабдилар. У билмаслигини айтганда, هلكت و أهلكت – «Ҳалакта ва аҳлакта!» (Ҳалок бўлдинг ва ҳалок қилдинг!), деган эканлар. (Табароний, 10/10603).

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу ҳам оят ва ҳадис айтиб турган бир қозига худди шундай: هلكت و أهلكت – «Ҳалакта ва аҳлакта!» (Ҳалок бўлдинг ва ҳалок қилдинг!), деганлар (Байҳақий, 10/20147; Ибн Абу Шайба, 8/26716; Абдурраззоқ, 3/5407).

Яъни, «Оят ва ҳадисларни ўзингча айтиб, улардан ҳукм ола бошладингми, ҳалокатга йўлиққан бўласан ва бу ишинг билан бошқаларни ҳам ҳалокатга олиб борасан!», деганлар.

«Қуръон ва Суннатга эргашаман», «Мазҳабга эргашиш шартмас» дейдиганларга савол:

- Мазҳаблар Қуръон ва Суннатга асосланмаган бўлса, унда нимага асосланган?!

- Мужтаҳид мазҳаббошилар ижтиҳод қилиб ҳукм олишда Қуръон ва Суннатга эргашмай, нимага эргашишган?!

Юқорида Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ фиқҳда Қуръони Каримга, Суннати Набавийяга, ижмоъга, қиёсга, истеҳсонга, урфга ва одатга суянишларини айтиб ўтдик.

Ҳой, бемазҳабликни тарғиб қилаётган! Сен ижтимоий тармоқларда ёзадиган постларинг, мақолаларинг орқали кимларнинг ноғорасига ўйнаётганингни бир ўйлаб кўр! Сен таъна тошини отаётганинг уламолар қандай мартабадаги инсонлар бўлишганини, сен илмсизлигинг, узоқни кўра билмаслигинг, миянг бошқача маълумотлар билан тўлдирилгани боис кимларга сакраб қўяётганингни тафтиш қилиб кўр!

Унутма! Бемазҳаблик динсизликка қўйилган кўприкдир. Бу кўприкни ўрнатиб олиш учун мазҳабни ёмонлашга куч берилаётганини, мазҳабни қора отлиқ қилиш учун мазҳаббошиларга тош отилаётганини ўйла!

Сен қайси тарафга кетаётганингни бироз тушундингми?! Ёки ҳали ҳам ўз тушунчаларингга ёпишиб олганмисан?! Аслида ўша тушунчангни ҳам ўзинг ўйлаб топмагансан, балки қайсидир бемазҳабнинг видео, аудио суҳбатини кўриб, эшитиб, китобини ўқигансан ёки ўқиганлар сенга тушунтириб беришган. Шундай эмасми?!

Мазҳабга эргашмайман деганинг билан ўша тушунтириб берганга эргашяпсан-ку!

Кўзингни оч! Инсоф қил! Тавба қил! Мазҳабга қайт!

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилгин!

Islom.uz, ahlisunna.uz, elbalad.news маълумотлари асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
2савол. Қуръон қандай нозил бўлди ва қандай қилиб бир китобга жамланди Биз бу иш Муҳаммаднинг буйруқларисиз қилинган, деб ўқидик, яъни Қуръонни амалда унинг давоми...

43838 20:34 / 22.04.2017
10савол. Қуръонда сизлар яхудийлар ва насронийлар билан дўст тутинмаслигингиз лозим, деб ёзилган яъни диний таълимотни ўзида ғайридинларга нафрат жо давоми...

13053 20:39 / 22.04.2017
bull Салафrdquo калимасининг луғат ва истилоҳдаги маьнолари.bull Салафи солиҳийнлар ўзларининг қисқагина даврларида, кейинги авлодлар узоқ даврларида эришган давоми...

4515 05:00 / 13.03.2017
Ҳозирги пайтда дунёда кечаётган воқеаларни холис кузатиб турган ҳар қандай мусулмон ўзига шундай саволларни бериши табиий .Мусулмонлар намунча бунчалик кўп давоми...

3514 12:05 / 17.09.2020