1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Интернет одоблари

11:10 / 15.02.2019 5779 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Интернет» сўзи ажнабий тилдаги қисқартирилган жумла бўлиб, тилимизда «халқаро маълумотлар тўри» деган маънони англатади. Аммо бу ном ихтиёр қилинганидан кейин интернетнинг тинмай ривожланиши оқибатида у фақат маълумотлар тақдим ва қабул қилиш билан чекланиб қолмай, бундан ҳам катта ҳажмдаги ишларни олиб боришга хизмат қиладиган бўлиб кетди. Ҳаётнинг барча соҳаларида интернет ёрдамида осонлик, арзонлик ва тезлик фойдалари кўзланадиган бўлди.

Тасаввур қилиш учун биргина мисол келтиришнинг ўзи кифоя қилади, деб ўйлайман. Ҳаво йўли билан сафарга чиқмоқчи бўлган инсон оддийгина чипта олиш учун чиптахонага бориши, навбатда туриб, чипта олиши, агар чипта у истаган кунга топилмаса, ортига қайтиб кетишига тўғри келади. Худди шу иш интернет орқали амалга оширилса, жуда кўп фойда кўрилади, яъни уйда ўтириб, чипта сотиб олинади. Вақти келганда, аэропортда учишдан олдин автоматдан электрон чиптасини олади. Бу иш аввалгисига солиштириб кўрилса, вазият аён бўлади. Чиптахонага бориб, овора бўлинмайди. Навбатга турилмайди. Устига-устак, арзонга тушади. Чунки чиптахона биноси, чиптачи, бинони иситиш, совутиш, ёритиш учун кетадиган, йўлкира ва шунга ўхшаш харажатлар тежаб қолинади.

Бунга ўхшаш фойдалар жуда кўп бўлиб, биз келтирганимиз оддий бир мисол эди. Шунинг учун ҳозирда ҳамма халқлар интернетни ривожлантириш борасида қўлидан келган барча чораларни кўрмоқда. Бу ишга тўғаноқ бўлувчи омиллардан халос бўлиш йўлларини ахтармоқда. Интернетдан фойдаланувчилар кун сайин кўпайиб бормоқда. Ҳамма ушбу осонлик ва қулайликдан баҳраманд бўлишга ошиқмоқда.

Аммо шу билан бирга, интернетга боғлиқ муаммолар ҳам кўпайиб ва жиддийлашиб бормоқда. Барча соҳалардаги каби, интернетнинг фойдалари муқобилида зарарлари ҳам кўпайиб бормоқда.

Интернетда фойдали маълумотлар билан бир қаторда зарарли, бузуқ маълумотлар ҳам тарқалмоқда. Ақийдага путур етказувчи, фоҳишабозлик ва беҳаёликни тарғиб қилувчи, ахлоқсизликни тарқатувчи ва шунга ўхшаш инсон зотига ор келтирувчи ишларни тарғиб қиладиган сайтлар кўпайиб бормоқда. Баъзи одамлар интернет орқали бир-бирига туҳмат қилмоқда, ҳақоратлаб, сўкишмоқда, бир-бирини шарманда қилмоқда ва ҳоказо. Айнан интернет орқали нафақат ахлоқий бузуқликлар, балки сиёсий, ижтимоий, молиявий, илмий ва бошқа кўпгина соҳаларда ҳам жиноятлар содир этилмоқда. Қўпол қилиб айтганимизда, интернет мазкур қабоҳатларни амалга оширишни осонлаштирмоқда.

Айтиб ўтилган ушбу гаплардан кўриниб турибдики, интернет ҳам икки тарафлама – ҳам яхшиликка, ҳам ёмонликка хизмат қилиши мумкин нарсага айланди. Бизнинг вазифамиз уни яхшиликка хизмат қилдириб, ёмонликка бошламаслиги чораларини кўриш, унинг зарарларидан четланишга ҳаракат қилишдир. Бунинг учун эса динимизнинг умумий таълимотлари асосида интернетдан фойдаланиш одобларини йўлга қўйишимиз керак бўлади.

Албатта, интернет нисбатан яқинда пайдо бўлган восита бўлгани учун олдинлари мусулмон уламолар бу масалани хаёлларига келтиришлари ҳам мумкин эмасди. Ҳозирга келиб эса интернет ва унга боғлиқ масалалар замонамизнинг мусулмон уламолари олдига тегишли муаммоларни кўндаланг қилмоқда. Бу масалалар қанчалик тез ҳал қилинса, шунчалик яхши бўлиши ойдин бўлиб турибди. Қуйидаги саҳифаларда эътиборингизга тақдим этилаётган маълумотлар мазкур соҳадаги изланишларда камтарона бир уриниш бўлишидан умид қиламиз.

 

Интернетдан фойдаланиш одоблари

 

Қуйида халқаро замонавий алоқа ва ахборот воситаси бўлмиш интернетдан фойдаланишнинг баъзи умумий одоблари ҳақида қисқача сўз юритамиз:

Интернетдан фойдаланмоқчи бўлган одам ниятни яхши қилган бўлиши керак.

Албатта, мусулмон инсон ҳар бир нарсада бўлгани каби, интернетдан фойдаланишда ҳам фақат яхшиликни, шариатда рухсат берилган нарсаларга мувофиқ иш қилишни ният қилиши лозимдир. Ана шундагина бу ишидан фойда топади, кўзлаган мақсадига эришади. Интернетдан олган фойдасига қўшимча равишда, динининг таълимотларига амал қилгани учун савоб ҳам олади. Агар диний таълимотга амал қилмай, ниятини яхшиласа-ю, интернетдан фақат яхшилик йўлида фойдаланса, ўша олган фойдаси қолади, аммо савоб олмайди. Чунки бу ишига диний таълимот асосида яхши ниятни аралаштирмади. Мусулмон киши бир яхшиликни ният билан қилса, бир савоб олади, ўша ниятига амал қилганида эса, савоби ўн марта кўпаяди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ўз Робблари таборака ва таолодан ривоят қилиб айтадилар:

«Албатта, Аллоҳ яхшиликлар ва ёмонликларни ёзиб қўйди. Сўнгра ўшани баён қилди. Ким бир яхшиликни қасд қилса-ю, уни амалга оширмаса, Аллоҳ буни Ўз ҳузурида комил бир яхшилик қилиб ёзиб қўяди. Агар уни қасд этиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ азза ва жалла уни Ўз ҳузурида ўнтадан етти юз яхшиликкача, ундан ҳам бир неча марта кўп қилиб ёзади», дедилар».

Бухорий, Муслим, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.

Интернетга киришдан олдин вақтни зое қилмаслик учун умрнинг қадрини эсга олиш, унинг ҳар лаҳзаси ҳисобли эканини, қиёмат кунида ҳисоб-китоб бўлишини эсга олиш зарур.

Айнан ушбу ҳис-туйғу бўлмагани учун кўпчилик интернетда соатлаб вақтини, азиз умрининг ғанимат кунларини зое қилишни ўзига эп кўрмоқда. Узоқ вақт давомида, саккиз-ўн соатлаб интернетда ўтирганлар ўзига хос хасталикларга чалинганлари ҳақидаги хабарлар беҳуда тарқалмаган бўлса керак. Мусулмон инсон эса доимо, жумладан, интернетдан фойдаланишда ҳам умрининг ҳар лаҳзаси борасида охиратда сўралишини зинҳор унутмайди. 

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Қиёмат куни одам боласининг қадами то ундан беш нарса ҳақида: умрини нимага сарфлагани, ёшлигини нимага кетказгани, молини қаердан касб қилгани ва нимага сарфлагани, билганига қандай амал қилгани ҳақида сўралмагунича, Роббининг ҳузуридан узилмайди».

Термизий ривоят қилган.

Интернетга киришдан олдин иш режасини яхшилаб тузиб олиш керак.

Ҳар бир ишдаги каби, интернетдан фойдаланишда ҳам яхшилаб тузилган режа асосида иш юритиш лозим. Мақсад ва кўзланган фойда аниқ бўлсин. Кириш ният қилиб турилган сайтнинг номи тайёр бўлсин. Шунга ўхшаш барча керакли нарсалар, маълумотларни олдиндан аниқлаб олиш зарур. Ўтириб олиб, «нима қилсам экан», деган хаёлларни суриш вақтнинг заволидир.

Интернетда ишлашни «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» билан бошлаш ва иш бошлашда ўқиладиган дуолардан билганича ўқиш керак.

Мусулмон кишининг ҳар бир ишни бошлаганда албатта «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» дейиши кераклиги кўплаб ҳадисларда таъкидланган. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эътиборли ҳар бир иш «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» билан бошланмас экан, у кесикдир», дедилар».

Абдулқодир Раҳовий ривоят қилган.

Интернетда кўриладиган, ўқиладиган ва эшитиладиган нарсаларнинг барчаси шариат рухсат берган нарсалар бўлиши шарт.

Зотан, мусулмон инсоннинг ҳамма ерда, барча замонларда ва барча вазиятларда қиладиган гап-сўзларию, иш ва фаолияти шариатга мувофиқ бўлиши талаб этилади.

Аммо, минг афсуслар бўлсинки, сайтга кирадиган баъзи одамлар ҳаётда ўзларига раво кўрмайдиган нарсаларни сайтда бемалол эп кўришади. Улар ўзларича, «бу иш ҳаётдаги савияда эмас-ку», деган хаёлга боришлари мумкин. Аслида эса бу ношаръий ишларни сайтда ўзига раво кўрганларнинг ахлоқий савиясида нуқсон бор. Ҳаётда одамлар уни кўриб-билиб тургани учун, ўзгалар гапирмасин дея ўзини ёмонликдан тийган бўлади. Сайтда эса одамлар кўрмайди ҳам, билмайди ҳам. Бунинг устига, сайтда исмини ҳам ўзгартириб, тамоман бирор киши танимайдиган бўлиб олади. Демак, унинг шариат талабларига амал қилиши хўжакўрсинга, тўғрироқ айтганда, мунофиқликка асосланган бўлади.

Шунинг учун ҳам сайтга кирган ҳар бир инсон ўзининг мусулмонлик бурчини унутмаслиги керак. Одамлар кўрмаса ҳам, Аллоҳ таоло кўриб турганини эсдан чиқармаслик лозим. Одамлар билмаса ҳам, Аллоҳ таоло билиб турганини мунтазам ҳис этиб туриш зарур.

Аллоҳ таоло Ғофир сурасида марҳамат қилади:

 «У Зот кўзларнинг хиёнатини ҳам, кўкслар яширган нарсаларни ҳам билур» (19-оят).

Аллоҳ таоло билмайдиган ҳеч нарса йўқ. У Зот ҳамма нарсани билади. Ҳатто

«У Зот кўзларнинг хиёнатини ҳам...» билади. Яъни кимнингдир бировга билдирмасдан, ўғринча кўз қирини ташлаганини ҳам билади, ҳисобга олиб қўяди. У Зот

«...кўкслар яширган нарсаларни ҳам билур».

Ҳеч кимга билдирмасдан, дилда тугиб қўйилган нарсаларни ҳам Аллоҳ таоло жуда яхши билади. Шундай бўлганидан кейин, бошқа нарсаларни билишида асло шак-шубҳа йўқдир. Одамлар бундан огоҳ бўлсинлар. Демак, фаҳш ва беодобликни тарғиб қилувчи, бефойда машғулотларга, вақтни беҳуда ўтказадиган нарсаларга ихтисослашган сайтларга кирмаслик талаб этилади.

Сайт эгаларининг маънавий-маърифий ҳуқуқларига тўла риоя қилиш чин мусулмонлик бурчидир.

Бунга пул тўлаб кириш лозим бўлган сайтларга ҳақ тўламасдан, ўғринча кириш, кўчириб олишга рухсат берилмаган нарсаларни кўчириб олиш, кўчириб олинганда манба кўрсатилиши лозим бўлганида, кўрсатмаслик каби ишлар киради. Бу каби ишларнинг барчаси гуноҳдир. Чунки бу бировнинг маърифий-маънавий мулкини талон-тарож қилишдан иборатдир. Бошқача қилиб айтганда, маърифий-маънавий ўғрилик ва қароқчиликдир. Бундай ишлар ҳаром эканига уламолар бир овоздан фатволар чиқаришган.

Ишхона ёки бошқа бирор шахснинг интернетидан рухсатсиз фойдаланиш мумкин эмас.

Баъзи кишилар ишхонанинг интернетидан ўз шахсий манфаатлари учун фойдаланишни ўзларига эп кўришади. Бунда икки тарафлама мулоҳаза қилинадиган иш содир бўлади. Бир тарафдан – ишхонанинг интернетга тўлайдиган маблағи шахсий манфаат учун сарфланади. Иккинчи тарафдан – ишхонанинг ишини бажариш ўрнига иш вақтида ўз манфаатини кўзлаб, масъулиятдан қочиш юз беради. Бошқа одамнинг интернетидан фойдаланиш борасида ҳам шунга ўхшаш гапни айтиш мумкин. Шунинг учун улардан фақат ҳақ эгасининг рухсати билан ва зарурат юзасидангина фойдаланиш мумкин. Дам олиш танаффусида керакли маълумотни олиш, электрон почтани текшириб кўриш кабиларга рухсат берилади.

Болаларнинг интернет ва компьютердан фойдаланишини оқилона ва эътибор билан йўлга қўйиш керак.

Аввало, бола ота-онаси ва катталарнинг рухсатисиз интернет ва компьютердан фойдаланмасин. Болаларни бундай пайтларда қаровсиз қолдирмаслик, назардан қочирмаслик лозим. Улар фойдаланадиган жиҳозлар ҳамманинг кўз ўнгида турадиган бўлсин. Йўқса, кўзни шамғалат қилиб, исталмаган, бузуқ ёки бефойда нарсаларга ўзларини уришлари мумкин. Болаларнинг интернет ва компьютерда ўйнайдиган ўйинлари зеҳнни чархлайдиган, маърифий фойда берадиган, одоб-ахлоққа чорлайдиган бўлиши чорасини кўриш лозим. Болаларнинг вақти зое бўлмаслиги ҳақида мунтазам бош қотириш ҳам эсдан чиқмаслиги лозим.

Юқорида ўтган мулоҳазаларда бир кишининг сайтга кириб, ундан фойдаланиши ҳақида сўз борди. Аммо интернетда бошқа хизматлар, турли тармоқлар ва фаолиятлар ҳам бор. Албатта, булар ҳақида ҳам батафсил сўз юритилиши жуда зарур.

 

Интернетдаги алоқа одоблари

 

Интернетда чат, форум, фейсбук, твиттер каби ўзаро алоқа олиб боришга хизмат қилувчи воситалар орқали кишилар бир-бирлари билан ёзишма, сўзлашма, суратли мулоқотлар олиб бориш имкониятларига эга бўлишган. Улар ушбу имкониятларни ишга солиб, кўпгина ҳожатларини рўёбга чиқариш, маълумот алмашиш, билмаганини сўраб ўрганиш, янги дўст ва шериклар орттириш каби кўпгина манфаатларга эга бўлишмоқда.

Аммо шу билан бирга, бошқа соҳаларда бўлгани каби, бу соҳада ҳам ўзига яраша муаммолар, мушкулотлар ва кўнгилсиз воқеалар пайдо бўлмоқда.

Масалан, бегоналарнинг бир-бирлари билан ушбу воситалар орқали олиб борган алоқалари натижаси ўлароқ, никоҳга ваъда бериш, бировга туҳмат қилиш, кимнидир зинода айблаш, сўкиш каби ишлар келиб чиқмоқда. Шунингдек, эр-хотинларнинг ушбу воситалар орқали олиб борган алоқалари натижаси ўлароқ талоқ, бир-бирини зинода айблаш, насабни инкор қилиш каби ўта аҳамиятли ҳукмлар ҳам собит бўлмоқда.

Ушбу воситалар орқали бир неча тарафларнинг олиб борган мулоқотларидан сўнг бир-бирини оммавий равишда кофир, фосиқ, фожир дея ҳукм чиқариш, фаҳш ишларга чақириш, сеҳр ва фолбинликка чорлаш, пора ваъда қилиш, видео орқали авратларни намойиш қилиш, шахсий, диний, ижтимоий ҳолатларни масхара қилиш каби ўта жиддий ҳолатлар ҳам пайдо бўлмоқда.

Интернетдаги ушбу тармоқлар орқали вақтни зое қилувчи кўнгилхушликларга оид нарсалар, овозли ва суратли ёзувлар тарқатилмоқда. Турли ўйинлар ва мусобақалар, тарғибот-ташвиқот тадбирлари жорий қилинмоқда. Шунингдек, интернетдаги ушбу тармоқлар орқали илмий ва молиявий муомалалар ҳам кенг миқёсда олиб борилмоқда.

Афсуски, мазкур алоқаларнинг барчасида шариатга хилоф бўлган, қонунбузарлик ҳисобланган ишлар тўлиб-тошиб ётибди. Турли ахлоқий, моддий, маънавий жиноятлар содир этилмоқда.

Буларнинг ҳаммасини тартибга солиш, кишиларни тўғри йўлга солиб, нотўғрисидан қайтариш лозим бўлмоқда. Бу борада ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар ва бошқалар етарли ишлар олиб боришмоқда. Шу билан бирга, мусулмонларга бу борадаги шаръий одобларни ҳам баён қилиб бориш заруратга айланди. Қуйида интернетдаги алоқа одобларига доир айрим фикр-мулоҳазаларни эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз.

Бу борада олдин айтиб ўтилган ҳар бир амал-ишдаги каби яхши ният қилиш, Аллоҳ таолонинг исми ила иш бошлаш, умрни беҳуда зое қилмаслик каби нарсаларни такрорлаб ўтирмаймиз.

Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда ўзига танлаган исмнинг гўзаллигига эътибор бериш лозим.

Интернетдаги ўзаро алоқаларда ҳар бир киши ўзига маълум тахаллус қўйиб олиши одат тусига кирган. Аслида ўзининг асл исми бўлгани яхши. Лекин турли сабабларга кўра, тахаллус танлаб олса ҳам бўлади. Фақат тахаллус танлашда ўзининг беодобона гап ва ишларига парда қилиш нияти бўлмаслиги шарт. Тахаллус танлаганда чиройли ва завқ бағишлайдиган исмларни танлаш керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларнинг исмлари умидбахш, эзгуликни ифода қиладиган бўлишига катта эътибор берганлар.

Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда шариат рухсат берган нарсаларга амал қилиб, ман қилган нарсалардан четда бўлиш асосий қоида бўлиши зарур.

Бу қоида мусулмон инсоннинг барча қиладиган ишларига ҳам татбиқ қилинади. Жумладан, интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишида ҳам шундай бўлиши талаб этилади. Баъзи кишилар муомала ҳолати бир оз ўзгаргани туфайли интернетдаги муомалаларга енгил-елпи қарашади, бу эса мутлақо нотўғридир.

Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишдан яхшилик ва тақвода ҳамкорлик қилиш ҳамда ёмонлик ва душманликда ҳамкорлик қилмаслик шиор қилиб олиниши зарур.

Зотан, мусулмон инсон ҳаётининг барча соҳаларида ушбу шиорга доимо амал қилиб яшашга интилади.

Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади:

«Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг» (2-оят).

Ушбу мўъжазгина жумла дунёдаги барча ҳамкорликлар учун асосий қоида ҳисобланади. Исломда ҳамкорликнинг бош шарти яхшилик ва тақводир. Агар шу шарт вужудга келса, ҳамма билан ҳамкорлик қилинаверади. Аммо қаерда гуноҳ ва ёмонлик бўлса, ким бўлишидан қатъи назар, ҳамкорлик қилинмайди.

«Ислом.уз» портали танловининг ғолибларини тақдирлаш маросимида мазкур портал форуми иштирокчилари сўз сўрашди. Уларнинг вакили сўзга чиқиб, форумда ўзлари намоз ҳақида ички мусобақа ўтказганлари ва ғолиблар аниқлангани ҳақида хабар берди. Биринчи ва иккинчи ўринларни қизлар эгаллашибди. Бу нарса интернетнинг ижтимоий тармоқларида «яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик»нинг энг гўзал намунасидир.

Ижтимоий одоблар китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳозирги кунимизда соғлиқни сақлаш, хасталикка чалинмаслик учун бадантарбия қанчалик аҳамиятли эканини ҳамма тушуниб етган. Каттаю кичик иложи борича давоми...

3128 10:10 / 13.01.2019
Абу Тоййиба Журжонийдан ривоят қилинади .Курз ибн Вабародан .Қайси нарсага яхши ҳам, ёмон ҳам ғазаб қилади, деб сўрадик. У .Охират аҳлидан бўлатуриб, кейин дунёга қайтиш,, деб жавоб берди,..Солиҳлар гулшани, китобидан

1501 08:03 / 28.01.2020
РоҳманhellipҚуръонни ўргатди.Аввал айтганимиздек, .АрРоҳман, Аллоҳ таолонинг исмларидан ва сифатларидан биридир. Маъноси чексиз раҳмлиликдир. Раҳмлилик инсонга давоми...

4371 15:21 / 18.10.2020
Мавлидни нишонлаш, айнан кимдан чиққани ҳақида аниқ маъулмот йўқ. Тахмин қилиш мумкинки, бу амал даставвал оммавий равишда нишонладиган маросим сифатида дунёга давоми...

3833 09:30 / 16.11.2018