1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Инсоният қандай қилиб жаҳолат зулматидан нурга чиқиши мумкин

13:30 / 20.06.2019 2785 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак умрларининг қирқинчи йилини ўтказаётган (тахминан милодий 610 йиллар) эдилар. Дунё жар ёқасига келиб қолган, разолат ботқоғига ботган инсоният ўзини-ўзи емириб бораётган эди. Бутун атрофни жоҳилият зулмати қоплаган, қаёққа қарасанг, ҳаром-хариш, зулм-истибдод, ёлғон-туҳмат, душманлик ва ғафлат ҳукм сурарди. Кишилик жамияти оилавий, ижтимоий, иқтисодий, маданий ва сиёсий инқирозни бошидан кечириб, инсон ҳаёти жабр-ситам, зулму ноҳақликдан иборат бўлиб қолган эди.

Ана шундай қуюқ зулмат оғушида ухлаб ётган моғор босган қалблар ичра бир инсоннинг уйғоқ пок қалби мавжуд ҳолатдан норози ҳолда мудҳиш қоронғуликдан нурга чиқиш йўлини ахтарар эди. Бу қалб эгаси Макка шаҳрида Абдуллоҳ исмли ота ва Омина исмли онадан туғилган, Аллоҳнинг инояти билан жоҳилиятнинг барча чиркинликларидан сақланиб қолган Муҳаммад исмли муборак инсон эди.

Мазкур ягона пок қалб эгаси ноҳақлик, фисқу фужур ва бошқа номаъқулчиликлардан сақланиб, Макка шаҳри четидаги тоғнинг Ҳиро номли ғорида «Инсоният қандай қилиб жаҳолат зулматидан нурга чиқиши мумкин?» деган саволга жавоб ахтарар эди. У зот шу тариқа бўлажак улкан ҳодисаларга ўзлари билмаган ҳолда тайёрланардилар.

Айни ўша пайтда одам боласининг турли саркашлик, инжиқлик ва хатою адашишларига қарамай, пайғамбарлар юбориб, китоблар нозил қилиб, Ўзининг ҳидоятига чорлаган Аллоҳ таоло инсониятга энг сўнгги Пайғамбарини юборишни, энг сўнгги Китобини нозил қилишни ва энг сўнгги мукаммал, доимий шариатини жорий этишни истади.

Ҳа, пайғамбарлик келишидан уч йил олдин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламда Маккаи Мукаррама яқинидаги Ҳиро ғорида бир йилда бир ой (Рамазон ойида) «таҳаннус» ибодатини адо этиш, яъни ғорда ўтириб, руҳий покланиш одати пайдо бўлган эди. У зот ўша ерга келган мискинларга таом берар, вақтни кўпроқ ибодатда ўтказиб, борлиқ ва ундаги ажойиботлар ҳақида тафаккур қилар, очиқ-ойдин ҳаётий йўлни излар эдилар. Қавмлари эътиқод қилаётган диёнатдан кўнгиллари тўлмасди. Бундай танҳоликни хоҳлаб қолишлари ҳам Аллоҳнинг истиқболда келажак ишларининг тадбири эди. Дарҳақиқат, бу зотни келажакда улкан ишлар кутаётган эди.

Ва ниҳоят, кутилаётган ўша улуғ воқеа содир бўлди. Кунлардан бирида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳиро ғорининг оғзига чиқишлари билан: «Иқроъ!» («Ўқи!») деган гулдурос овозни эшитдилар. Бу овоз жоҳилият зулматини парчалаш учун Аллоҳ таоло томонидан туширилган сўнмас ёғдунинг биринчи шуъласи – Қуръони Каримнинг биринчи ояти эди. Бу шуъла дунёдаги ягона пок қалбни ёритди.

Ўшанда Рамазон ойи охирлаб қолган, баъзи уламоларнинг таъкидлашларича, Қадр кечаси эди. Шу тариқа Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий нозил бўла бошлади.

Аввал ўтган барча пайғамбарлар билан Парвардигор ўртасидаги воситачи – Жибрийл алайҳиссалом Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳнинг охирги нозил этаётган ваҳийлар туркумини олиб кела бошлаган эди.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Ана шундай, Биз сенга ўз амримиздан бир руҳни ваҳий қилдик. Сен китоб нима, иймон нима – идрок қилмас эдинг. Лекин Биз уни бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан хоҳлаганмизни ҳидоят қилурмиз. Албатта, сен тўғри йўлга, осмонлардаги нарсалар ва ердаги нарсалар Уники бўлган Аллоҳнинг йўлига ҳидоят қилурсан. Огоҳ бўлингки, (барча) ишлар Аллоҳгагина қайтиб борур» («Шуро» сураси, 52–53-оятлар).

Инсон зоти Аллоҳ таоло билан бевосита гаплашишга муяссар бўлолмайди. Бу алоқа билвосита амалга ошади. Воситанинг бир тарафида инсонлар орасидан танлаб олинган энг етук зотлар – пайғамбар алайҳиссаломлар туришади. Яъни ўша воситали гаплашишга ҳам ҳар бир инсон қодир эмас. Шунингдек, одамлар орасидан танлаб олинган пайғамбарлар ҳам баробар эмас, худди осмондаги нур сочиб турган юлдузлар ҳажм ва нур жиҳатидан хилма-хил бўлганидек, улар ҳам турлича.

Аллоҳ таолонинг инсон зоти билан бевосита гаплашиши бўлмаган ва бўлиши мумкин ҳам эмас. Чунки ожиз инсон бу мақомга чидай олмайди. Демак, Аллоҳнинг каломини ваҳий орқали қабул қилиб олишга ҳар ким ҳам қодир эмас. Фақат танланган, етук ва маълум сифатларга эга кишиларгина лойиқ кўрилади. Бу шарафга муносибларни Аллоҳ таолонинг Ўзи танлаб олади. Аллоҳ таоло пайғамбар қилиб танлаган бандаларига Каломини қуйидаги уч воситанинг бири орқали етказади:

1. «...ваҳий орқали»;

Ваҳий бирор хабарнинг бандага Аллоҳ томонидан махфий ва тез етказилишидир. Аллоҳ таоло пайғамбар алайҳиссаломнинг қалбига бирор хабарни етказади, пайғамбар эса унинг Аллоҳ таолодан эканини дарҳол билади.

2. «...ёки парда ортидан»;

Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга кўринмай туриб, гапиргани каби.

3. «...ёхуд элчи юборади ва У зотнинг изни ила Унинг хоҳлаган нарсасини у ваҳий қилур». Бунда Аллоҳ таоло фариштани Ўзи билан пайғамбари орасида воситачи – элчи қилиб юборади. Фаришта келиб, Аллоҳ таоло хоҳлаган нарсани пайғамбарга етказади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тажрибаларида ушбу фаришта воситасида бўладиган учинчи тур ваҳий тўрт хил келган:

Биринчи хили: Фаришта келиб, ўзи кўринмаган ҳолда керакли хабарни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига етказар эди. Уламоларимиз бунга мисол қилиб, қуйидаги ҳадиси шарифни келтирадилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Муқаддас руҳ (фаришта) менинг қалбимга етказдики, албатта, ҳеч бир жон ўз ризқини мукаммал олмай туриб, ўлмас. Бас, Аллоҳга тақво қилинглар ва талаби ризқни гўзал қилинглар», дедилар.

Иккинчи хили: Фаришта Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эркак киши шаклида кўриниб, гаплашар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг гапларини ўзларига сингдириб олганларидан кейин қайтиб кетар эди. Фариштанинг Диҳятул Калбий исмли саҳобий кўринишида келгани ҳақида ривоятлар кўп.

Учинчи хили: Қўнғироқ чалинганидек овоз билан келарди. Худди мана шу хили Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам учун қийин кечар эди. Бундай ҳолларда қаттиқ совуқ кунлари ҳам у зот терлаб кетардилар, улов минган бўлсалар, улов чўккалаб қоларди. Бир марта у зотнинг тиззалари Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг тиззаларига тегиб турганда ваҳий келиб қолиб, Зайд розияллоҳу анҳунинг тиззалари ёрилиб кетай деган.

Тўртинчи хили: Фаришта пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига ўзининг асл яратилган суратида келар эди. Бу ҳолат икки марта такрор бўлган. Ўшанда Жаброил алайҳиссалом қанотлари билан осмони фалакни тўсган ҳолда кўриниб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хабарни етказганлар.

Кўриниб турибдики, бу ҳаммага ҳам муяссар бўлаверадиган нарса эмас. Бунинг учун Аллоҳнинг ихтиёри ва иноятига, фазлу карамига сазовор бўлган инсон керак. Бунинг учун Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам керак. Бунинг учун у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буюк қалби керак!

Аллоҳ таоло каломини ким орқали, кимга юборишини жуда яхши билади. Аллоҳ таоло Ўзининг охирги ва мукаммал пайғамбарлиги учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни танлади. Аллоҳнинг танлови тўғридир.

Шунинг учун ҳам У зотнинг бу танлови олиймақом ва пурҳикмат бўлди.

Аллоҳ таоло Шуаро сурасининг кейинги оятларида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий қандай ва нима учун юборилганини яна бир бор баён қилади.

«Ана шундай, Биз сенга Ўз амримиздан бир руҳни ваҳий қилдик. Сен китоб нима, иймон нима – идрок қилмас эдинг. Лекин Биз уни бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан хоҳлаганимизни ҳидоят қилурмиз. Албатта, сен тўғри йўлга ҳидоят қилурсан».

Яъни «Эй Муҳаммад, Биз сендан олдин ҳам пайғамбарларга юқорида баён қилганимиздек услублар ила ваҳий қилиб келганмиз».

«Ана шундай, Биз сенга ўз амримиздан бир руҳни ваҳий қилдик».

Яъни «Аввалги пайғамбарларга ваҳий қилганимиздек, Биз ўз ихтиёримиз ва амримиз ила инсоният учун маънавий руҳ қилиб, сенга Қуръонни туширдик».

Аллоҳ таоло бу ояти каримада Қуръони Каримни, Муҳаммад алайҳиссаломга ваҳий орқали юборган сўнгги китобини руҳ – жон деб атамоқда.

Дарҳақиқат, фақат Қуръони Каримгина инсоният учун маънавий руҳдир. Фақат у билангина инсоният маънавий жиҳатдан барҳаёт бўла олади. Аллоҳ Ўзининг каломини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали нозил этди. Кофир ва мушриклар иддао қилганидек, Қуръонни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари тўқиб олмаганлар. Бундай бўлиши мумкин ҳам эмас эди. Чунки ваҳий келмасдан олдин:

«Сен китоб нима, иймон нима – идрок қилмас эдинг».

«Ўқиш, ёзишни ўрганмаган уммий эдинг. Дин нима, диёнат нима, ваҳий нима, илоҳий китоб нима билмас ҳам эдинг. Агар буларни билганингда, «ўқиб-ўрганганларидан таъсирланиб, ўзига дин тўқиб олди, энди «Китоб нозил бўлди», деб даъво қилмоқда», десалар бўлар эди».

«Лекин Биз уни бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан хоҳлаганмизни ҳидоят қилурмиз».

Қуръонни сен тўқиганинг йўқ. Уни Биз ўзимиз бир нур қилиб қўйдик. ўша нур ила бандаларимиздан кимни хоҳласак, жоҳилият зулумотларидан иймон ёруғлигига чиқарамиз. Ушбу китоб кўрсатмасига кўра:

«Албатта, сен тўғри йўлга ҳидоят қилурсан».

«Осмонлардаги нарсалар ва ердаги нарсалар Уники бўлган Аллоҳнинг йўлига (ҳидоят қилурсан)».

Яъни «Эй Муҳаммад, сен одамларни ҳидоят қиладиган тўғри йўл осмонлару ердаги барча нарсаларнинг молики бўлмиш Аллоҳ таолонинг йўлидир. Сен Аллоҳнинг Китоби ваҳийлари ила Аллоҳнинг бандаларини Аллоҳнинг тўғри йўлига ҳидоят қилурсан».

«Огоҳ бўлингким, (барча) ишлар Аллоҳгагина қайтиб борур».

Шунингдек, Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида қуйидагиларни айтади:

«Биз сенга худди Нуҳ ва ундан кейинги набийларларга ваҳий юборганимиздек ваҳий юбордик. Биз Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг авлодлари, Ийсо, Айюб, Юнус, ҳорун ва Сулаймонга ваҳий юбордик. Довудга эса Забурни бердик» (163-оят).

Демак, ҳамма пайғамбарларга ваҳий юбораётган, уларни бандалар ичидан танлаб олаётган Зот битта. Мазкур пайғамбарларга ваҳий юборган ўша Зот Муҳаммад алайҳиссаломга ҳам ваҳий юборган. Мазкур кишиларни пайғамбар қилиб танлаб олган Зот Муҳаммад алайҳиссаломни ҳам пайғамбар қилиб танлаб олган. Довуд алайҳиссаломга Забурни берган бўлса, Муҳаммад алайҳиссаломга Қуръонни берган.

«Ҳилол» журнали, 1-сонидан олинди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Маккага келган пайтларида кўзлари ожиз бўлиб қолган эди. Одамлар у кишининг олдига келишар, ҳамма ўзи учун дуо сўрарди. Буюк давоми...

1937 09:04 / 14.06.2019
Савол Мени Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаётлари ниҳоятда қизиқтиради. Шунинг учун у зот ҳақларида кўпроқ билишни истайман. Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

2503 15:00 / 19.06.2020
Ҳафс ибн Умар Жаъфарий айтади .Довуд Тоий бетоб бўлиб қолди. У жаҳаннам зикр қилинган бир ояти каримани кечаси билан такрортакрор ўқиб, эрталаб бетоб бўлиб давоми...

3052 07:30 / 21.02.2019
Рабиъ ибн Сулаймон айтади .Аллоҳга қасамки, Шофеъийнинг менга қарашидан ҳайбатланиб, у зотнинг ҳузурида ҳатто сув ичишга ҳам журъат қилмаганман,.Имом Аҳмад ибн давоми...

1515 08:00 / 23.09.2020