1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Турмуш ва муҳаббат

09:00 / 26.05.2021 2775 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қалбига муҳаббат шамоли кирмаган аёл омоч билан ҳайдалмаган, дарахтлару фойдали ўсимликлар ўсмайдиган, бунинг ўрнига ҳашарот ва қурт-қумурсқалар ўрмалаб юрган тупроққа ўхшайди.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло оила қуришни анбиё ва расулларнинг фитратидан, суннатидан қилди.

Аллоҳ азза ва жалла пайғамбарлар ҳақида: «Уларга завжалар ва зурриётлар ато қилганмиз», дейди (Раъд сураси, 38-оят).

Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дердилар: «Огоҳ бўлинг! Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг кўп қўрқадиганингизман, Унга энг кўп тақво қиладиганингизман. Аммо рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам. Аёлларни никоҳимга ҳам оламан. Ким менинг суннатимдан юз бурса, мендан эмас» (Бухорий ва Муслим ривояти).

● Турмуш қуриш Ҳақ таолонинг чақириғига лаббай деб жавоб беришдир: «Ораларингиздаги никоҳсизларни ва қулу чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг» (Нур сураси, 32-оят).

Шунингдек, оила қуриш Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чорловларига жавоб, суннатларига амал қилишдир: «Ҳой ёшлар жамоаси, сиздан ким уйланишга қурби етса, уйлансин. Зеро, бу кўзни энг яхши тиювчи ва фаржни сақловчидир. Кимнинг қурби етмаса, унга рўза лозим, чунки бу унинг учун бичилишдир» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Умар розияллоҳу анҳу катта ёшга киргунича ҳам уйланмай юрган кишини кўриб: «Сени никоҳланишдан ожизлик ёки фожирликдан бошқа нарса тўсмайди», деган эдилар (Абдурраззоқ ва Байҳақий келтирган).

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ: «Кимки сени оила қуришдан бошқасига чорласа, Исломдан бошқа нарсага чорлабди», деганлар.

● Турмуш қуриш, эр-хотин бўлиб яшаш жисм жунбишга келиб, ҳайқириб талаб қилиб турган табиий эҳтиёжни қондиришнинг шаръий йўлидир. У ҳалолини топса топди, бўлмаса ҳаромга тажовуз қилади.

Аллоҳ азза ва жалла буюради: «Улар фаржларини сақловчилардир. Магар ўз жуфти ҳалоллари ва қўлларида мулк бўлганлардан (сақламасалар)» (Муъминун сураси, 5‑6-оятлар).

● Турмуш Аллоҳ таолонинг бандаларига берган буюк неъматларидандир. У иффат, поклик йўлидир, бахт-саодат омилидир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло: «Сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда севги ва марҳаматни солиб қўйгани ҳам Унинг оят(аломат)ларидандир», деб марҳамат қилди (Рум сураси, 21-оят).

«Бир аёлни деб дунёдаги барча насибалардан кечишга тайёрман, агар у кечки овқатга кечикканимда хавотирланадиган ва қайғурадиган бўлса», дейди ҳакимлардан бири.

● Турмуш қуриш Аллоҳ таолонинг ажр ва савобларига эришишнинг энг осон ва қулай йўлидир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Аллоҳга ибодат даражасига кўтарганлар:

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бирингизнинг жинсий яқинлиги ҳам садақадир», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, биримиз шаҳватини қондирса ҳам унга бунда ажр бўладими?» дейишди.

«Айтинглар-чи, агар у ўшани ҳаромга қўйса, унга гуноҳ бўлармиди? Шунингдек, агар уни ҳалолга қўйса, бу унинг учун ажр бўлади», дедилар» (Муслим ривояти).

Яна бир ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сен нима нафақа қилма, албатта, Аллоҳ унда сенга ажр беради, ҳатто аёлингнинг оғзига тутган нарсанг учун ҳам», деганлар (Бухорий ривояти).

● Саодатли турмуш тўғри ва соғлом пойдевор устига бино қилинган турмушдир. У бутун уммат учун қувватдир. Ёшлар учун янгиланишдир. Авлодларнинг кўпайиши, наслнинг бардавомлигидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Меҳрибон ва кўп туғадиган аёлга уйланинглар. Мен бошқа умматлар олдида кўплигингиз ила фахрлангайман»деганлар (Абу Довуд ва Насоий ривояти).

● Саодатли турмуш оилалар, уруғлар, шаҳар ва давлатлар орасидаги ўзаро алоқаларнинг ривожланиши учун бир имкониятдир.

Қайси жинс вакиллари бахт-саодат учун кўпроқ интилувчанлигини билиш мақсадида эркак ва аёллар ўртасида руҳшунослар олиб борган изланишлар баъзи ҳақиқатларни кашф қилди. Унга кўра, эркаклардан кўра аёллар кўпроқ бахти учун курашар ва айни дамда бахтсизликка ҳам эркакларга нисбатан кўпроқ аёллар сабаб бўлишар экан.

Агар аёлга яхши уй, солиҳ эр ва фарзандлардан иборат ширин ҳаёт омиллари насиб этса, у албатта бахтиёр бўлади.

Бунинг акси ўлароқ, агар аёл ушбу нарсалардан маҳрум қилинса, албатта у эркакка қараганда бир неча баробар умидсизлик ва бахтсизликка дучор бўлади.

Ҳаёт сўқмоқларидаги муваффақият ва муваффақиятсизлик инсонларнинг дунёқараши ва табиатидан келиб чиқиб, турлича бўлади. Мен муваффақият деб ҳисоблаган нарса бошқа бир одамнинг наздида муваффақиятсизлик ҳисобланиши мумкин. Лекин муваффақият ва муваффақиятсизлик масаласида асосий мезон сифатида бир қанча омилларга барча бирдек таяниши лозим.

Аёл эрини ҳурмат қилмаса, унинг шаънини сақламаса, оқил киши бундай оилани муваффақиятли, дея олмайди.

Эркак уйига беэътибор бўлса, ўз манфаатини кўзлаб, аёли ва фарзандларини ташлаб қўйса, у муваффақиятли эр саналмайди.

Бир ҳақиқат ҳам бор: муваффақиятсизлик ва муваффақият мезонлари ҳаёт давомида вақти-вақти билан ўзгариб туради. Яъни оилавий ҳаёт аввалига кишига муваффақият келтирган бўлса, маълум вақтдан сўнг муваффақиятсизликка учраши ёки муваффақиятсизлик билан бошланган турмуш эр-хотиннинг саъй-ҳаракатлари билан кутилмаганда муваффақият келтириши мумкин. Бунинг учун эса улардан талаб қилинадига нарса – барча машаққатларни енгиб, омонлик қирғоғига етиб олиш.

Оилавий ҳаётдаги муваффақият ёки саодатнинг энг олий даражаси – ҳам дунёда, ҳам охиратда бахтиёр бўлишдир.

Ҳар бир нарса ўз дастурига эга бўлганидек, оилавий ҳаётда ҳам маълум бир дастурга амал қилиш лозим:

1. Суҳбат.

2. Севги.

3. Фидокорлик.

Оилавий бахтни қуйидаги босқичлар билан амалга ошириш мумкин:

1. Аллоҳга таваккул қилиш ва У Зот ҳар бир нарсани кўриб, билиб туришини ҳис этиш. Бу эса нажот қирғоғига эсон-омон етиб олишнинг асосий омилидир.

2. Турмушдаги қийинчиликларнинг сабабларини, муваффақиятсизлик келтирган омилларни аниқлаш ва улардан қутулиш чораларини излаш.

3. Кучли ирода.

Доктор Абдурраҳмон Ҳабаннака «Исломий ахлоқлар ва уларнинг асослари» номли китобида айтиб ўтган тўртта нуқта бор, инсон мана шу нуқталарга қараб, ўз иродасининг қанчалик кучли ёки кучсизлигини аниқлаб олиши мумкин. Улар:

– Яхшиликлар ва тоат-ибодатларга шошилиш;

– Ҳар доим яхшиликни умид қилиш;

– Ҳодисаларни сабр ва розилик билан қабул қилиш;

– Ғазаб пайтида ўзни қўлга олиш.

Иродасини мустаҳкам қилмоқчи бўлган инсон қуйидагиларни бажариши лозим:

– Аллоҳ азза ва жаллага, У Зотнинг гўзал сифатларига, қазои қадарига бўлган иймонни кучайтириш.

– Нафс билан курашиш орқали амалий машқ ва ибодатларни бажариш.

Замонавий руҳшунослар ақлий режалаштириш илми ёки ўз-ўзига таъсир қила олиш ҳам иродани кучайтиришда катта таъсирга эга эканини таъкидлашади.

– Қазои қадарга рози бўлиш орқали аламни бахтга, меҳнатни тортиққа айлантириш.

4. Истиғфор ва дуо. Қанчадан-қанча турмуш саодатига тўсиқ бўлган нарсалар дуо сабабли ечимини топган.

5. Ҳодисаларга уларни мураккаблаштирмай назар солиш. Тажрибаларнинг кўрсатишича, воқеа-ҳодисаларга иложи борича енгилроқ қараш, тавсифлашда ва шикоят қилишда бўрттириб юбормаслик, оилавий алоқа ўтмишига зулм қилмаслик ишнинг осон ва енгил кўчишига ёрдам беради. Орзулар фақат сабрли кишига бўйсунади.

6. Муносиб жойда, муносиб вақтда, дил қулоғи тинглашга тайёр турганда туҳмат ва айблашлардан йироқ бўлган ҳолда, мулойим сўзлар билан очиқчасига гаплашиб олиш ва бунинг учун хулуси ният билан айтайлаб ўтириш керак.

Қанчадан-қанча муаммолар очиқчасига гаплашиш ва ҳамжиҳатлик сабабли ечим ва муолажа топган. Ҳар қандай муаммони муҳокама, мушоҳада орқали ҳал қилиш мумкин. Зеро, «Ошкоралик – хотиржамлик» дейдилар.

– Саодат манбаи банк ё ошқозон эмас, балки қалбдир.

– Аёл киши кулиб яшайдиган кулба у йиғлаб яшайдиган қасрдан яхшидир.

– Энг бахтиёр аёл эрини севадиган ва эри томонидан севилган аёлдир.

– Эркак учун Аллоҳ азза ва жаллага тақво қилишдан кейин энг яхши нарса гўзал аёлдир. Гўзал аёл эса эрига вафодор, уни севадиган, ибодатли аёлдир.

– Аёл эри ва фарзандлари учун муҳим бўлган сифатни юқтира олади, бу сифат эркакларда кам учрайди. Бу эса раҳмдиллик сифатидир.

Жалолиддин Румий айтади:

Эй офоқу жавонибни кезган сайёҳ,

Гуллар тўлиб-тошган унумдор ерларни ўз кўзинг билан кўрдинг.

Атиргуллар очилган далаларни томоша қилдинг.

Худо ҳаққи, менга айт-чи, қайси юрт энг чиройли ўлка экан?

Гўзал қизим! Сенга чиройи барча чиройлардан устун, манзараси ҳар қандай манзарани маҳв этган юртни кўрсатишимни истайсанми?

Гўзал қизим! Бу аҳбоблар яшайдиган жойдир. Энг унумдор ер – аҳбобларнинг оёғи етган ердир!

Одинахон Муҳаммад Содиқ

Муаллиф
Одинахон Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Зайнаб бинти Хузайма онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга жуда ҳам оз вақт яшаганлари ва эрта вафот этиб кетганлари туфайли у давоми...

9013 11:20 / 06.07.2019
Бир аёл эрига овозини баланд кўтарди. Эри бундан ғазабланиб, Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига шикоят қилиш учун борди. Уйларига етиб бориб, энди эшикни давоми...

1986 11:00 / 31.12.2022
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбаримиздир. У зот бизга ҳаёт сирларини ўргатдилар. Биз ҳақиқий ўлчовларни у зотдан билиб олдик. Ўзимиз яшаётган дунё давоми...

2438 10:54 / 03.02.2022
Сўнгги пайтларда юртимизда китоб ўқишга тарғибот ишлари кенг кўламда амалга оширилмоқда. Кутубхона ва нашриётлар фаолиятини кенгайтириш, кишиларнинг давоми...

4381 16:15 / 07.02.2019