1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ширкнинг таърифи ва унинг ҳақиқати

00:13 / 03.12.2016 19630 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ширкнинг ҳақиқати, инсон Аллоҳ Ўзининг олий зотига хос қилган ҳамда бандаликка шиор қилган сифат ва амалларни бошқа махлуқни рози қилиш учун, унга нисбат беришдир. Мисол учун, ўша махлуққа сажда қилиши, унга атаб сўйиш сўйиши, назр қилиши, шиддатга тушганда ёрдам сўраши ва уни ҳар жойда ҳозуру нозир, деб эътиқод қилиши ҳамда тасарруф қудрати бор, деб ўйлашдир. Буларнинг ҳаммаси ширкдир. (ал-Ақийда ал-Исломия ас-Сунния» 85 с. Алламо Абул Ҳасан Али ан - Надавий).
Имом Валиюллоҳ Деҳлавий наздида ширкнинг ҳақиқати - Инсоннинг баъзи улуғлаштирилган одамлардан содир бўлган ажойиб ишларни унинг камолот сифатларига эга бўлгани учун содир бўлди. Чунки, бу нарса башар жинсидан содир бўлиши мумкин эмас эди. Балки, Аллоҳга хос эди. Бу хусусият Аллоҳдан бошқада йўқ бўлиб, У ўзгага ўз зотида фано бўлур, фақат Аллоҳнинггина зоти қолур», деб эътиқод қилишидир. Ёки шунга ўхшаш хурофотлардан иборатдир. 

ИМОМ ДЕҲЛАВИЙНИНГ «АЛ-ФАВЗУЛ КАБИР»ДА ШИРКНИ ТАЪРИФ ҚИЛГАНИ 

Ширк–Аллоҳ таолога хос бўлган сифатларни Ундан ўзгага собит қилишдир. Мисоли, оламда «Бўл!», дейиш билан бўладиган ирода ила тасарруф қилиш, ҳис қилиш аъзолари билан касб қилинмаган зотий илмга эга бўлиш, ақл, ваҳий, илҳом ва шунга ўхшашлар. Ёки беморга шифо бериш, бировни лаънатлаш, ундан рози бўлмаса бемор, фақир, бадбахт бўлиб қолишини, бировга раҳматини кўрсатса ўша раҳмат туфайли бой, соғ, бахтиёр бўлиб қолишини эътиқод қилишдир. Мушриклар Аллоҳга жисмларни яратишда ва катта ишларни қилишда бировни шерик қилишмас эдилар. («ал-Фавзул Кабир» 4 с). 

ШИРКНИНГ ШАРЪИЙ ТУШУНЧАСИ 

Билинки, ширкнинг юқоридаги уч таърифи, унинг ҳақиқий шаръий таърифи ва баёни эмас. Балки, улар, ширкка келтирилган мисоллардир. Чунки, ширк фақат Аллоҳ таолога хос бўлган сифат ва ишларидагина бўлмайди. Балки, Аллоҳ таоло зотида ҳам бўлади. Гоҳида сифатларида, гоҳида исмларида, гоҳида ишларида, гоҳида ҳукмларида бўлади. Бунга тавҳиднинг таърифида ишора қилган эдик.
Ширкнинг шаръий тушунчаси - Махлуқни Роббил оламийнга беш ишдан бирида тенглаштиришдир. Яъни, Аллоҳнинг зотида, сифатларида, исмларида, ишларида ва ҳукмларида шерига бор, деб эътиқод қилишдир. Аллоҳ таборака ва таоло «Шуаро» сурасида мушрикларнинг қиёмат куни қиладиган эътирофлари ҳақида ҳикоя қилиб, шундоқ дейди: «Аллоҳга қасамки, биз очиқ-ойдин залолатда бўлган эканмиз. Чунки, сизларни Роббил оламийнга тенглаштирар эдик». (Наҳл сураси, 97-98).
Демак, мазкур беш ишдан қай бирида бўлса ҳам, бошқани Роббил оламийнгга тенглаштириш «ширк»дир. (Муфтий Аъзамнинг «Маоруфил Қуръон» китобидан). 

ШИРКНИНГ ТАНИЛГАН ТУРЛАРИ 

1–Ибодатда ширк келтириш. 
Қуръонда: «Ким Роббисига рўбарў бўлишни умид қилса, солиҳ амал қилсин ва Роббиси ибодатига бировни шерик қилмасин» (Қаҳф сураси, 110), дейилган .
Оятнинг далолат қилишича, ширк келтириш барча солиҳ амалларда, жумладан, сажда, тавоф, назр, рўза, ҳаж, нафақа, садақа каби барча жисмоний, молявий ва каломий ибодатларда бўлади.
Ибодатда ширк келтиришдан қайтариш жамики анбиё алайҳиссаломлар даъватининг асоси ва самовий шариатларнинг мағизидир. Чунки, келган ҳар бир набий ва ҳар бир расул албатта ўз қавмига: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сиз учун Ундан ўзга илоҳ йўқ» (Аъроф сураси, 59), дегандир.
2–Дуода ширк келтириш. 
Қуръонда: «Сен: «Мен фақатгина Роббимга дуо қиламан. Унга бировни шерик қилмайман», деб айт» (Жин сураси, 20), дейилган ва яна: «Албатта масжидлар Аллоҳ учундир. Аллоҳ билан бирга бошқа бировга дуо қилманглар». (Жин сураси, 18) ва: «Улар, Бизнинг Роббимиз осмонлару ернинг Роббисидир. Ҳаргиз Ундан ўзга илоҳга дуо қилмасмиз. Гар шундоқ қилган бўлсак нотўғрини айтган бўламиз, дедилар.» (Қаҳф сураси, 14) ва «Балки, Унгагина дуо қилурсиз. Бас, У дуо қилган нарсангизни кашф қилур», (Анъом сураси, 41) дейилган.
Имом Валиюллоҳ Деҳлавий, дуодан мурод, тафсирчилар айтгандек, ибодат эмас, балки ёрдам сўрашдир. Чунки, Аллоҳ: «Балки, Унгагина дуо қилурсиз. Бас, У дуо қилган нарсанигзини кашф қилур», (Анъом сураси, 41) демоқда, деганлар. («Ҳужжатуллоҳи Болиға» 1-129).
Бандаларнинг тоқатидан ташқари нарсаларда, оддий сабаблардан устун нарсаларда Аллоҳдан бошқадан нусрат ва ёрдам сўраб дуо қилиши - ширк бўлиб, бу иш инсонни тавҳид соҳасидан чиқариб, куфр доирасига киритади.
3–Роббликда ширк келтириш. 
Қуръонда: «Ва Роббимизга бировни ширк келтирмаймиз».(Жин сураси, 2) , дейилган. Аллоҳ таолога хотин ёки болани исбот қилганлар, Роббиларига бошқани ширк келтирганлардир.
Шунингдек, улар, Аллоҳдан бошқани ўзларига бандалар қудратида бўлмаган нарсани беради, деб ҳам, Роббиларига ширк келтиргандирлар.
Роббиликда ширк келтириш, ибодатда ва улуҳиятда ҳам ширк келтиришга олиб боради. Чунки, аввал ҳам айтилганидек, Роббиликдаги тавҳид улуҳиятдаги тавҳидга далилдир.
4–Ҳукмда ширк келтириш. 
Қуръонда: «Улар учун Ундан ўзга валий йўқ ва У Ўз ҳукмига бировни шерик қилмас», дейилган. (Қаҳф сураси, 26). Яъни, оятда ҳақларида сўз юритилаётган Каҳф (ғор) эгалари учун ҳам, улардан бошқалар учун ҳам Аллоҳдан ўзга ёрдам берадиган валий-дўст йўқ ва улар ҳақида хоҳлаган ҳукмини қиладиган ҳоким йўқ. Бас, Аллоҳ таоло уларга ишларида тўғриликни муҳайё қилиб қўйди. Уларга Ўз ҳузуридан раҳматни берди ва қулоқларини бир неча йилгача эшитмайдиган қилиб қўди. Ўша Аллоҳ уларнинг қалбини маҳкам боғлаб, ҳидоятларини зиёда қилди ва ўз раҳматини сочиб қўйди. Уларга ишларида юмшоқликни муҳайё қилди. Уларга уйқуларида ҳам манфаат оладиган нарсани тайёрлаб берди. Аллоҳ таоло уларни ўнгга, чапга ағдариб турар эди. Уларга қуёшни текин ҳизматкор қилиб қўйди. Қуёш ғорларининг ўнг ва чап томонидан айланиб ўтар эди. Сўнгра Аллоҳ уларни уйқуларидан уйғотди. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини ва Қиёмат соати келишида шубҳа йўқлигини билдириш учун, одамларни уларнинг ҳолидан хабардор қилди.
Шунингдек, Аллоҳ таоло улар ҳақидаги Ўз ҳукмларига ва уларга берган ёрдамига Ўз махлуқларидан бировни шерик қилмади.
Шунингдек, Аллоҳ таоло Ўзининг тузиш ва қонунлаштириш ҳукмларида бировни шерик қилмас. «Ҳукм фақат Аллоҳникидир. У фақат Ўзигагина ибодат қилишингизни амр қилди». (Юсуф сураси, 40). Демак, тўғри дин - ҳукмдорлик ҳам, ибодат ҳам холис Аллоҳнинг ўзига бўлмоғидир. Ҳукмни У зот қилиб, бошқага ибодат қилинишида эмас.
5–Мулк (эгалик-подшоҳлик) ва султон (ҳукумат-ҳукмдорлик)даги ширк келтириш. 
Қуръонда: «Сен, «Бола тутмаган ва Мулкда Унинг шериги бўлмаган Аллоҳга ҳамд бўлсин», дегин» (Бани Исроил сураси, 111), дейилган. Бу оятда Аллоҳ таоло ўз пайғамбарига бола тутишликда маҳлуқотларга ўхшамаган ва султонида ҳеч бир шериги бўлмаган Аллоҳга ҳамд айтишга амр қилинмоқда. У борлиқдаги нарсаларнинг молики–эгасидир. Чунки мулк Унинг қўлидадир. У зот ҳар бир нарсага қодирдир. Ҳамма нарсаларнинг эгалиги Унинг қўлидадир. Осмонлару ернинг мулки ҳам Унга хосдир.
«Сен: «Аллоҳдан ўзга ўзингиз гумон қилганларингизга дуо қилинг. Улар осмонларда ҳам, ерда ҳам зарра миқдорича нарсага эга эмаслар. Уларнинг бу икковида шериклари йўқ ва У зотга улардан ёрдамчи ҳам йўқ», деб айтгин» (Сабаъ сураси, 22) дейилган.
Яъни, Сиз валийлар-дўсту ёрдамчилар, деб гумон қилиб, Аллоҳга шерик қилаётган, хожатингиз тушганда илтижо қилаётган «худо»ларингизнинг зарра миқдорича ҳам мустақил эгалиги йўқдир. Улар бу нарсаларда шерик ҳам эмаслар. Аллоҳга бирор нарсада ёрдам ҳам бера олмайдилар. Нима учун уларга илтижо қиласизлар ва нима учун уларга ибодат қиласизлар?!
«Ана ўша Аллоҳ сизнинг Роббингиздир: мулк Уникидир. Ундан ўзга илтижо қилаётганларингиз қитмирга ҳам эга эмаслар».(Фотир сураси, 13).
«Қитмир»-хурмо донагини ўраб турувчи юпқа парда.
Ушбу оятдан олдин Аллоҳ таоло кечаю кундузнинг низоми, қуёш ва ойнинг низоми ҳамда уларнинг жараёни ўз қўлида эканини исбот қилган эди. Сўнгра эса, «Ана ўша Аллоҳ, сизнинг Роббингиздир. Мулк Уникидир». (Фотир сураси, 13) деган. Агар мулк Унинг махлуқларидан бирортасида бўлганида, кечаю кундузнинг низоми ҳозирги ҳолидан бошқача бўлар эди. Қуёш ва ойнинг ҳаракати ҳам, уларнинг чиқиши ва ботиши ҳам маълум ва машҳур тарийқисидан бошқача бўлар эди, деди.
Қуръон услуби гўзаллиги ва унинг баёнининг мўъжизакорлигидан, аввало, мулкда шерикликнинг йўқлигини Бани Исроил сурасида зикр этиб, иккинчидан ҳукмда ширк келтиришни Қаҳф сурасида нафий- манфий этишлиги ва Қаҳф сураси охирида эса ибодатда шерикликнинг йўқлигини зикр қилишдир. Чунки, ибодат ва бўйин эгиш ҳукмдан кейин бўлади. Ҳукм эса, ҳоким мулкка ва ҳукмга эга бўлганидан кейингина ижро этилади. Бунга тасарруфдаги ширк ҳам киради. Чунки, тасарруф ҳам мулкдан кейин имкони бўладиган нарсадир.
6–Халқ-яратишдаги ширк келтириш. 
Қуръонда: «Сен: «Менга Аллоҳдан ўзга илтижо қиладиган шерикларингизнинг хабарини берингчи, менга кўрсатингчи, улар ерда нимани яратдилар? Ёки осмонларда уларнинг шериклиги борми?», деб айтгин» (Фотир сураси, 40) дейилган. ва: «Сен: «Менга Аллоҳдан ўзга илтижо қилаётганларингизнинг хабарини берингчи! Менга кўрсатингчи, улар ерда нимани яратдилар? Ёки осмонларда уларнинг шериклиги борми?!, деб айтгин» (Аҳқоф сураси, 4), дейилган.
Бу икки оятда мушрикларга қўрқитиш ва дўқ уриш йўли билан, Аллоҳдан бошқа дуо ила илтижо қилаётган олиҳа-худоларигизда халқ қилувчилик-яратувчилик сифати топиладими? Ёки уларнинг Аллоҳ билан бирга осмонларни яратишда шериклик қилганлари борми? Яъни, ўзлари мустақил равишда ёки Аллоҳ билан шерикликда бирор нарса яратганларми? Йўқ, алабатта, дейилмоқда.
Яна Қуръони каримда: «Албатта, Аллоҳдан ўзга илтижо қилаётганларингиз ҳаммалари тўплансаларда ҳаргиз бир пашша ҳам ярата олмайдилар» (Ҳаж сураси, 72) ва «Ёки Аллоҳга Унинг ҳалқига ўхшаш халқ яратган шериклар қилдиларми?!» Уларга халқ-яратиш ўхшаш туюлибди. Сен: «Аллоҳ ҳар бир нарсанинг яратувчисидир. У зот ягона ва ўта қаҳрлидир», деб айт» (Раъд сураси, 16), дейилган.
7–Итоатда ширк келтириш. 
Қуръонда: «Агар уларга итоат қилсангиз, албатта сиз мушриклардирсиз» (Анъом сураси,121), дейилган. Бас, Аллоҳ таоло итоатига муқобил равишда Аллоҳдан ўзгага итоат қилиш ширкдир. Шунинг учун ҳам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Холиққа маъсият қилароқ махлуққа итоат қилиш йўқ», деганлар. (Бухорий).
8–Ташриъ-қонунчиликдаги ширк келтириш. 
Қуръонда: «Ёки уларнинг шерик (худо)лари бору аларга динда Аллоҳ изн бермаган нарсани шариат-қонун-қилиб бердиларми?» (Шўро сураси, 21), дейилган.
Бас, савоб умидида ёки гуноҳ қўрқинчида, адо этмоқ ёки тарк этмоқ учун ҳар бир янги чиқарилган, ихтиро қилинган иш, унга Қуръон ва Суннатдан далил бўлмаса, ташриъ-қонунчилик-бобида ширк келтириш бўлади.

ИМОМ ДЕҲЛАВИЙ НАЗДИДА ШИРКНИНГ КЎРИНИШЛАРИ ВА ҚИСМЛАРИ 

Имом «Ҳужжатуллоҳил Болиға»да (1-128 с.) айтадики: «Биз сени Аллоҳ таоло шариати Муҳаммадияда, соҳибига саловот ва саломлар бўлсин, ширк ҳисобланган ишлардан огоҳлантирамиз, улардан ман қилингандир:
1–Саждада ширк келтириш. 
Авваллари санамларга ва юлдузларга сажда қилишар эдилар. Аллоҳдан ўзгага сажда қилишлик ман қилинди. Аллоҳ таоло: «Қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилманглар, уларни яратган Аллоҳга сажда қилинглар» (Фуссилат сураси, 37), деди.
2–Ёрдам сўрашдаги ширк келтириш. 
Авваллари беморга шифо бериш, камбағалга бойлик бериш каби ҳожат талаб ишларда Аллоҳдан ўзгадан ёрдам сўрашар эдилар. Назр қилишдаги ширк келтириш ҳам шу жумлага киради. Чунки, Аллоҳдан ўзгага назр қилувчи, ўзига келган ёрдамга шукр қилиш мақсадида ёки бўлажак ёрдамдан умид қилиб назр атайди. Мушриклар санамларига назр атар ва ўша назр туфайли улардан мақсадларига эриштиришларини кутар эдилар. Баракот умидида уларни исмларини тиловот қилар эдилар. Аллоҳ таоло уларга намозда, «Ийяка наъбуду ва ийяка настаийн» (Фотиҳа сураси, 4), деб айтишликни вожиб қилди. Бу сажда ва ибодатда ширк келтиришдан, шунингдек, ёрдам сўрашда ширк келтиришдан қайтариш эди.
Аллоҳ таоло: «Аллоҳ билан бирга бировга дуо қилманг!»(Жин сураси,18), деган. Чунки, дуо-ёрдам сўраш учун бўлади. Шунинг учун ҳам, ҳожатларда, мусийбат ва аламларда Аллоҳдан бошқача дуо қилиш ман қилинган.
3–Улуҳият (ибодатга сазовор)ликдаги ширк келтириш. 
Улар ўзларининг баъзи шерик худоларини Аллоҳнинг қизлари, ўғиллари, деб аташар ва буни уларнинг илоҳнинг жузъи бўлганлари учун улуҳият ҳаққини бериш учун қилар эдилар.
Батаҳқиқ бу ишдан жуда ҳам қатъий равишда қайтарилдилар: Аллоҳ таоло: «Албатта охиратга иймон келтирмайдиганлар фаришталарни аёл номи ила номлайдилар. Уларнинг бу ҳақида ҳеч бир илми йўқ. Улар гумондан бошқага эргашмайдилар. Гумон эса, ҳақдан ҳеч бир нарсани адо эта олмайди» (Нажм сураси, 27-28) ва «Яҳудийлар Узайр Аллоҳнинг ўғли, дедилар ва насоролар Масийҳ Аллоҳнинг ўғли, дедилар. Бу уларнинг оғизларидан сўзидир. Бундан олдин куфр келтирганларнинг сўзига ўхшатмоқдалар. Аллоҳ уларни ҳалок қилсин. Қаён бурилиб кетмоқдалар?!» (Тавба сураси, 30) деган.
4–Ташриъ-қонунчиликдаги ширк келтириш. 
Аллоҳ Қуръонда: «Ёки уларнинг шерик (худо)лари бору аларга динда Аллоҳ изн бермаган нарсани шариат-қонун-қилиб бердиларми?» (Шўро сураси, 21), деган.
Яҳудийлар ўз аҳбор (диний олим)лари ва роҳибларини Аллоҳдан ўзга Робблар қилиб олар эдилар. Ўшалар ҳалол деган нарсани, қилса бўлаверадиган ҳалол нарса, улар ҳаром қилган нарсани эса, гуноҳ бўладиган ҳаром нарса, деб эътиқод қилар эдилар. Аллоҳ таолонинг «Аҳборлари ва роҳибларини Робблар қилиб олдилар» (Тавба сураси, 31) ояти нозил бўлганда, Адий ибн Хотим Расулуллоҳ алайҳиссаломдан у ҳақда сўради. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Улар аларга бир нарсаларни ҳалол қилишса ҳалол, деб қабул қилишар, ҳаром қилишса, ҳаром, деб қабул қилишар эдилар», дедилар.
Ҳаром қилишнинг маъноси, фалон нарса учун жазо чораси кўрилади, дейишликдир. Ҳалол қилиши эса, фалон нарса учун жазо чораси кўрилмайди, дейишликдир. Бас, жазо чорасини кўриш ва кўрмаслик Аллоҳнинг сифатларидандир.
Аммо, Пайғамбар алайҳиссаломга ҳалол ва ҳаром қилишлик нисбати беришлик эса, у кишининг гаплари Аллоҳнинг ҳалол ёки ҳаром қилганига қатъий аломат бўлганидандир. Аллоҳ таоло У зот ҳақида: «У аларга пок нарсаларни ҳалол қилур ва нопок нарсаларни ҳаром қилур»(Аъроф сураси, 137), деган.
Ушбу икки нарсани умматнинг мужтаҳидларига нисбат бериши эса, улар томонидан бу нарса шариатда Аллоҳ тамонидан қонунлаштирилганини ривоят қилиш ёки Унинг каломидан ушбу маънони чиқариб олиш маъносидадир.
5–Аллоҳдан ўзгага атаб сўйишлик ила ширк келтириш. 
Мушриклар санамларга ва юлдузларга қурбат ҳосил қилиш мақсадида уларга атаб жонлик сўяр эдилар. Бунда улар ёки ўша нарсаларнинг номини айтиб сўйишар, ёки махсус бутларига олиб бориб сўйишар эдилар. Бас, бундан Аллоҳнинг қуйидаги сўзлари ила қайтарилдилар: «Аллоҳдан бошқанинг номи айтиб сўйилган нарса» (Моида сураси ,173) ва «Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган нарсадан еманглар». (Анъом сураси, 119). Баъзи ҳайвонларни шерик худоларга атаб фойдаланмай, қўйиб юборишлари ҳам шу турдаги ширк қаторига киради. Аллоҳ таоло: «Аллоҳ баҳийра ҳам, соиба ҳам қилгани йўқ», (Моида сураси, 103) деган*.
6–Аллоҳдан ўзганинг номи ила қасам ичиш ила ширк келтириш. 
Улар баъзи кишиларнинг исмларини муборак, улуғ, деб эътиқод қилишар, уларнинг исми билан ёлғондан қасам ичганнинг молу дунёга ва аҳлига нуқсон етади, деб ўйлашар эдилар. Шунинг учун, бу ишни қилишмас ва талашиб қолган одамлардан ўшаларнинг исмлари ила қасам ичишни талаб қилишар эдилар. Бас, бу ишдан ман қилиндилар. Пайғамбар алайҳиссалом: «Ким Аллоҳдан ўзга ила қасам ичса, батаҳқиқ ширк келтирибди», дедилар. (Абу Довуд, Термизий). Бундан мурод таҳдид қилиши эмас, балки билиб туриб, аввал зикр қилинган эътиқод ила қасам ичишдир.
7–Аллоҳдан ўзгага ҳаж ёки зиёрат қилиш ила ширк келтириш. 
Яъни, ўша Аллоҳга ширк, деб эътиқод қилинаётганларга хос табаррук жойларга бориб, уларга қурбат ҳосил қилишга уриниш. Шариатда бу ишдан ҳам ман қилинган. Пайғамбар алайҳиссалом: «Фақат учта масжидгагина кўч боғлаб (зиёратга) борилади», дедилар.
8–Ном қўйишдаги ширк келтириш. 
*(Жоҳилият даврида ўнта урғочи тева туққан туяни худолар учун деб қўйиб юборилар, минилмас, сутини ичилмас эди. Унинг сутини фақат боласига ёки меҳмонга бериларди, холос. Ўлгандан кейингина гўштини ер эдилар. Ана ўшандай туяни «Соиба»-қўйиб юборилган, деб номланган. «Соиба»нинг ўнинчи урғочи боласини ҳам, қулоғини тилиб онаси каби қўйиб юборишган. Уни «Баҳийра»-қулоғи тилинган-деб аталган. (Таржимон)
Мушриклар ўз болаларига Абдул Уззо, Абдуш Шамс каби номларни қўяр эдилар. Пайғамбар алайҳиссалом ширкка ишора қилувчи кўплаб исмлари ўзгартирдилар. «Исмларнинг энг афзали Абдуллоҳ ва Абдураҳмон», дедилар. Ушбу нарсалар, ширкка олиб борувчи нарсалардир. Шариатда улардан қайтарилгандир. Аллоҳ билувчироқдир. («Ҳужжатуллоҳи Болиға»дан, баъзи оятлар зиёда қилинди). 

ИМОМ ДЕҲЛАВИЙНИНГ «АТ-ТАФҲИЙМОТ» - ИДА ШИРКНИНГ БАЪЗИ НАВЛАРИ ТАЪРИФИ 

1–Ибодатда Аллоҳ таолога ширк келтириш: 
Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш мақсадида Аллоҳдан бошқани улуғлашдир.
2–Ёрдам сўрашда Аллоҳга ширк келтириш: 
Бирортадан, менга нажот беришга қудрати етади, деган эътиқодда ёрдам сўрашдир. Беморликка шифо бериш, тирилтириш, ўлдириш, ризқ бериш, бола бериш ва шунга ўхшаш Аллоҳнинг исмларини ўз ичига олган нарсалардан сўрашдир.
3–Зикрда Аллоҳга ширк келтириш: 
Аллоҳдан ўзгани охиратда фойда беради, деб ўйлаб, одатланган саноқлар ила санаб, эртаю кеч Аллоҳни зикр қилганидек зикр қилмоқ. Баъзилар шайхларини зикр қилишга ўхшаш. Шунинг учун ҳам, Пайғамбар алайҳиссалом: «Зикрнинг афзали «Лааа илаҳа иллаллоҳ», дедилар. Иймоннинг жузъи бўлса ҳам, Муҳаммадун расулуллоҳни зиёда қилмадилар. Чунки, иймон бошқа нарса, зикр бошқа нарса. Ҳудди шунингдек, фаришталарга иймон келтириш лозим. Лекин уларни зикр қилиш ибодат эмас.
4–Сўйишда Аллоҳга ширк келтириш: 
Бир ҳайвонни, ушбу ҳайвонни сўймасам ҳожатим кушойиш бўлмайди, деб Аллоҳдан бошқага атаб сўйишдир.
5–Назрларда ва қасамларда Аллоҳга ширк келтириш: 
Аллоҳдан бошқанинг исми шарафига ўзига бир ишни қилмоқни вазифа қилиб олиш. Бу ўша Аллоҳдан ўзганинг исмидаги шараф учун, ўша исм эгасида қандайдир илоҳийлик бор, деб эътиқод қилгани учун бўлади. Шунингдек, аввал айтилганидек, Аллоҳдан бошқанинг исми ила қасам ичишдир. («ат-Тафҳиймотул Илоҳия» 2-23,24).

ИСЛОМ УММАТИДА ШИРКНИНГ ЯНГИЧА КЎРИНИШЛАРИ 

Ҳар бир Аллоҳнинг китобига ва Унинг расулининг суннатига ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг саҳобаларининг ҳаққоний ақийдаларига даъват қилувчи зиммасидаги вазифа, бугунги кунда Ислом уммати ичида тарқалган ширкнинг янги-ча кўринишлари баён қилиб беришдур. Бу даъватчилик бурчини адо қилиш ва одамларни адашув ва ширкдан огоҳлантириш бўлади. Шунга биноан, бугунги кунда мағрибда-ю машриқдаги Ислом уммати аъзолари орасида тарқалган ширкнинг янгича кўринишларини эслатиб ўтамиз.
1–Мулкда ёки ҳукмда ширк келтириш. 
Кўпгина авом мусулмонлар, баъзи бир ўзига илм нисбати бериб юрганлар, ботинийлар ва сўфийларнинг жоҳиллари, дунёда қутблар, абдоллар, солиҳ авлиёлар бор, уларнинг одамлар ҳаётида тасарруфлари бор, улар вилоятини берадилар ва оладилар, шунингдек, бошқа нарсаларни ҳам бериш, олиш имконига эгалар, зарар ёки манфаат етказадилар, деб эътиқод қиладилар. Ҳатто, баъзи авом мусулмонлар ичида, ана ўша қутблар, абдолларни солиҳлар девони, номли девонлари бор, ана ўша жойдан одамларнинг нажот ёки фойда топиш, мусийбат ёки зарар кўриши ҳақидаги қарорлар чиқади, деб ўйлайдилар. Шунинг учун ҳам, улардан ёрдам сўрайдилар, оғир пайтларда уларга дуо қиладилар ва мусийбатлардан қутқаришларини сўраб ёлбордилар. Ана ўша қутблар ва абдолларнинг тасарруфга қудратлари бор, деб эътиқод қилиш мулк ва ҳукмда ширк келтиришдир. Мусийбат пайтида уларга дуо қилиш ва оғирликда илтижо қилиш эса, ёрдам сўрашдаги ширкдир. Чунки, Аллоҳ Ўз ҳукмида ҳеч кимни шерик қилмас ва мулкда Унинг шериги бўлмас. У зот музтарга жавоб берадир ва мушкилини кушойиш қиладир.
2–Тасарруфда ширк келтириш. 
Баъзи бир кишилар, авлиё ва аҳли солиҳларнинг руҳлари уларнинг вафотидан кейин ҳам тасарруф қилишга қодир, деб эътиқод қиладилар. Бу нотўғри тушунча одамлар ичида шунчалик кенг тарқалиб, зеҳнларида мустаҳкам ўрнашиб қолганки, ҳаттоки зиёратгоҳ ва қабрлар хавфдагилар учун паноҳгоҳ, беморлар учун шифохонага айланиб қолган. Кимига ғам ёки зулм етса ёки бирор мусийбат етса, ўша мозор ва қабрларга бориб пардасига осилиб, остона-сини ўпадилар, ўша қабр эгаларидан ғамини кетказиб, ҳожатини раво қилишини сўрайдилар. Бу ҳам мулкда ва тасарруфда ҳамда ёрдам сўрашда ширк келтиришдир. Баъзи уламолар бу турни Роббиликка ширк келтиришдан ҳисоблаганлар. Чунки, беморликни ва мусийбатни кетказиш, соғлик, хурсандлик ва барака бериш Роббил оламийнга хос ишдир.
3–Тадбирда ширк келтириш. 
Баъзи одамлар жинлардан хадиксирайдилар, қўрқадилар ва улардан ёрдам сўрайдилар. Бу эса, Аллоҳ таолонинг тадбирига очиқча ширк келтиришдир. Чунки, бунга сабаб бўлган нарса, Аллоҳнинг тадбири ва ихтиёридан ташқари жинлар ҳам тасарруф қилишга қодирдир, деб эътиқод қилишдир. Аслида эса, осмондан ергача барча ишнинг тадбирини Аллоҳнинг ёлғиз Ўзи қиладир.
4–Ташриъ-қонунчиликдаги ширк келтириш 
Бу турли ширк, машойих ва ҳукмдорларни улуғлаш ва уларга Аллоҳ ва У зотнинг расули-нинг итоатидан ташқари итоат қилиш билан бўлади. Машойхларни улуғлайдиганлар улар чиқарган бидъатдан иборат сўз, амал ва вазифаларни, аҳбор ва роҳибларга ўхшаб жорий қилган одатларини қабул қиладилар. Аллоҳ ва Унинг расулининг сўзидан кўра машойихлар-нинг сўзига кўпроқ эътибор берадилар.
Ҳукмдорларни улуғлайдиганлар эса, ўз ихтиёрлари билан уларга бутунлай эгилиб, тамомила итоат қиладилар. Улар ботил билан ҳукм қилиб, куфр қонунлари билан сиёсат юргизсалар ҳам майли. Аллоҳ таоло: «Агар уларга итоат қилсангиз, сиз, албатта мушриклардирсиз» (Анъом сураси, 121), деди. Ўша ҳукмдорлар ўзларига итоат қилганларга ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол қилиб берса ҳам итоат қилаверадилар. Инкор ҳам қилмайдилар, бош ҳам тортмайдилар. Бу эса, ташриъ - қонунчилик ва итоатда ширк келтиришдир. Бу фақат мусулмон эмас ҳукмдорларга сўзсиз эргашаётганлар хос эмас, балки ҳозирги барча сиёсатчиларга тобеъ бўлаётганлар учундир. («ал-Жазоирий. «Ақийдатул Мўмин» 94-95 с.) 

ШИРК ОҚИБАТИНИНГ ОFИРЛИГИ 

Ширкнинг оқибати нақадар оғирлигини англаб етиш учун ушбу оятларни эслашнинг ўзи кифоя:
1–«Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтиришни мағфират қилмайди. Ундан бошқани кимни хоҳласа мағфират қилади». (Нисо сураси, 48).
2–«Албатта, ким Аллоҳга ширк келтирса, батаҳқиқ, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилди. Унинг жойи дўзахдир. Золимларга ёрдам берувчилар йўқдир». (Моида сураси, 72).
3–Аллоҳ солиҳ банда Луқмон тилидан: «Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирмагин. Албатта, ширк катта зулмдир», деган. (Луқмон сураси, 13).
4–«Албатта мушриклар нажасдирлар. Бас, ушбу йилларидан кейин масжидул ҳаромга яқин келмасинлар». (Тавба сураси, 28).
Шунга биноан мушрик оламдаги энг разил одамдир.
5–«Агар ширк келтисанг, амалинг ҳабата бўлар (бекор кетар). Ва албатта, зиёнкорлардан бўлурсан». (Зумар сураси,65)
Шунга биноан, ширк ҳеч кимдан кечирилмас гуноҳдир. 

КУФР ВА ШИРК ЎРТАСИДАГИ ФАРҚ 

Биринчидан: Кофирлик диндаги зарурий нарсалардан бирини инкор қилиш билан бўлади. Бошқача қилиб айтганда:
Иймон келтириш вожиб бўлган ҳар бир нарсани инкор қилиш билан бўлади.
Мушрик диндаги зарурий нарсалардан бирортасини инкор қилмаслиги мумкин. Лекин шу билан бирга у Аллоҳ таолога хос сифатлардан бирида, Унинг ҳукмларида, исмларида ёки ишларида ширк келтириш мумкин.
Иккинчидан: Куфр ўзининг барча турлари билан иймонга зид бўлиб, у билан жам бўла олмайди. Ширк эса, гоҳида иймон билан жам бўлиши мумкин. Ўки бошқача қилиб айтадиган бўлсак, ҳар бир ширк ҳам куфр эмас. Бунга кичик ширк ва махфий ширк мисолдир.
Имом Аҳмад ўзининг Муснад китобида (5-428) қуйидаги ҳадисни ривоят қилган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг сиз учун энг хавф қилган нарсам, кичик ширкдир», дедилар. Одамлар: «Эй Аллоҳнинг расули, кичик ширк нима?», дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Риёдир»-дедилар.
Шунингдек, бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Аллоҳ хоҳласа ва сиз хоҳласангиз», деганида. Нима, мени Аллоҳга тенг қилдингми?!, Аллоҳнинг ёлғиз Ўзи хоҳласа, дегин»-деганлар. (Имом Аҳмад 1-124).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳдан бошқа ила қасам ичса, батаҳқиқ, ширк келтирибди», деганлар. (Аҳмад, Термизий).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй одамлар, ушбу ширкдан сақланинглар, чунки, у чумолининг ўрмалашидан ҳам махфийроқдир», деганларида, у зотга: «Эй Аллоҳнинг расули, агар у чумолининг ўрмалашидан ҳам махфийроқ бўлса, қандоқ қилиб ундан сақланамиз?», дейилди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй бор Худоё, биз Сенинг Ўзингдан билган нарсамизни сенга ширк келтиришимиздан паноҳ сўраймиз, билмаганимизга истиғфор айтамиз», денглар, деб жавоб берганлар. (Имом Аҳмад 4-403).
Ушбу зикр қилинган нарсаларни қилувчи, муртад ёки кофир бўлгани ҳақида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳукм чиқмади. Шунингдек, шаҳодат калимасини қайтариш ёки иймонини янгилаш ҳақида амр ҳам бўлмади.
Шунга ўхшаш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳдан ўзга билан қасам ичган одамни муртад ёки иймондан чиқувчи мушрик бўлгани ҳақида ҳукм қилмаганлар. Ҳаттоки, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан Исломнинг арконлари ҳақида сўраган аъробий ҳақида: «Отасига қасамки, агар рост гапирган бўлса, нажот топди», деганлар. (Бухорий). Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша аъробийнинг отаси билан қасам ичганлар. Агар бу ҳақийқий ширк бўлса, ҳеч қачон бу хилда қасам ичмас эдилар.
Шунингдек, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпгина саҳобаларнинг исмларини ўзгартирганлар. Лекин ўша исм эгаларининг ширки ёки куфри ҳақида ҳукм чиқармаганлар. Балки, ширк гумони бўлгани учун ўша исмларга ўхшаш исмларни ман қилганлар.
Ушбуларнинг барчаси ширкнинг баъзи турлари, катта гуноҳ бўлса ҳам куфр эмаслигига далилдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишлар ҳақида шиддатли гапларни айт-ганлари эса, ширк ва жоҳилиятга сабаб бўладиган йўлларни тўсиш, Ислом ва тавҳиднинг таъсирини кўтариш учун бўлган. (Жазоирий, «Ақидатул Мўмин» 105-106 с.) 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
биринчи мақола Аммо Исломда ҳаммаси бошқача бўлиб чиқди. Аввал бошда бошқалар Исломни ҳам бошқа динлар каби илмга қарши қўйдилар. Лекин илм ривожланиб борган давоми...

3535 13:27 / 14.12.2020
Аллоҳ таоло дуоларни ижобат ва ҳожатларни раво қилади.Шарҳ Жумҳури мусулмонлар ва бошқа динлар аҳллари ҳам дуо манфаатни жалб ва зарарни даф қилиш учун энг кучли давоми...

6070 22:02 / 01.12.2016
13. Жинлар одамларга илм ўргатиши ёки хабар етказиши мумкинмиЖинкашларга жинлар ўргатадиган нарса ва хабарлар асосан ёлғоняшиқ ва тахминий нарсалар бўлади. давоми...

3214 19:00 / 19.12.2022
иккинчи мақола Аллоҳ таоло Фотир сурасида қуйидагиларни айтади .Албатта, Аллоҳ осмонлару ерни қулаб тушишларидан ушлаб турур. Агар улар қулайдиган давоми...

4337 15:00 / 08.02.2021