Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 4 жумадул аввал | 2024 йил 06 ноябрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (37-дарс). Абу Ҳанифа

12:10 / 11.06.2019 5076 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(699–767)

Мусулмонлар оммасига Имоми Аъзам номи ила машҳур бўлган бу зот ҳақида кўплаб мақолалар ва китоблар ёзилган. Биз эса у кишининг улуғ ҳаётлари билан қисқача танишиб чиқамиз.

Абу Ҳанифа Нуъмон ибн Собит ибн Зувто Куфа шаҳрида ҳижрий саксонинчи санада таваллуд топдилар. У киши Аҳли сунна фиқҳ мазҳаби бошлиқлари ичида энг аввал туғилганларидир.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг оталари Собит ибн Зувто асли форс бўлган. Боболари эса асли кобуллик бўлган. Оталари Термиз, Наса ва Анбор шаҳарларида яшаб, охири Куфада қарор топган ҳамда Абу Ҳанифа айни шу шаҳарда дунёга келганлар.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг оталари Али розияллоҳу анҳу билан учрашган ва ўзига ҳамда зурриёдига барака тилаб, у кишининг дуоларини олган эди.

Кўпчилик тарихчилар Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳини тобеъинлардан кейинги авлод мусулмонларидан, дейдилар. Аммо баъзилар у кишининг тобеъин бўлганлари, саҳобалардан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни кўриб, у кишидан «Талаби илм ҳар бир мусулмонга фарздир» ҳадисини ривоят қилганларини таъкидлайдилар.

Шунингдек, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи Абдуллоҳ ибн Абу Авфо, Восила ибн Асқаъ, Омир ибн Восила розияллоҳу анҳум каби саҳобалар билан ҳам кўришганлар. Аммо уларнинг суҳбатларида бўлмаганлар. «Саҳобани кўрган шахс тобеъин бўлади», деган уламолар Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳини «тобеъин», дейдилар. «Саҳобани кўрса-ю, суҳбатини топмаса, тобеъин бўлмайди», дейдиган уламолар Абу Ҳанифа  раҳматуллоҳи алайҳини «тобеъин бўлмаган», дейдилар.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ўша вақтнинг катта шаҳари бўлган Куфада ўсдилар. Кичикликларида қироат устозларининг бошлиғи имом Осим ҳузурида Қуръони Каримни ёд олдилар.

Ёшликларидан таҳсили илм билан бирга касб ҳам қилар эдилар. Ипак сотар эдилар. Илм мажлисларидан кўра бозорда кўп бўлардилар. Кўпчилик эса у кишидаги ақл-заковат ва ўткир зеҳн ила илмга уриниш лозимлигини таъкидлар эди. Охири бу фикр Абу Ҳанифанинг ўзларига етказилди.

Ибн Ҳажар Маккий ёзади:

«Абу Ҳанифа айтди: «Бир куни Шаъбийнинг олдиларидан ўтдим. У зот ўтирган эдилар. У зот мени ўз ёнларига чақириб, «Кимдан таълим оляпсан?» дедилар. Мен: «Фалончидан таълим оляпман», дедим. У зот: «Бозор ҳақида таълим олаётганингни эмас, уламолардан дарс олишингни назарда тутдим», дедилар. Шунда мен: «Мен уламолардан кам дарс оламан», дедим. У зот: «Ундай қилма. Сенга илм олиш ва уламолар билан бирга ўтириш вожиб. Чунки мен сенда сергаклик ва ҳушёрликни сезяпман», дедилар. Шаъбийнинг сўзларидан қалбим таъсирланиб, бозор илмини олишни тарк қилдим ва илм олишга киришдим. Натижада Аллоҳ у зотнинг сўзлари ила мени манфаатдор қилди».

Дастлаб у киши ақоид илмини ўргандилар. Калом илмида донг таратдилар.

Яҳё ибн Шайбондан қилинган ривоятда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи қуйидагиларни айтганлар:

«Мен каломда тортишиш қобилияти берилган одам эдим. Бир муддат унга аралашиб юрдим, талашдим, тортишдим. Хусумат ва мужодала соҳибларининг кўплари Басрада эди. Бас, Басрага йигирма мартадан ортиқроқ бордим. Бир йил, ундан кўп ёки озроқ турдим. Хаворижларнинг Абозия, Суфрия деган тоифалари ва бошқалар билан низолашдим. Ўша пайтда каломни илмларнинг афзали деб билар эдим. Бу калом диннинг аслидир, дер эдим. Унда бир муддат умрим ўтганидан кейин ўзимни ўзим тергадим. Тадаббур қилдим...»

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг шогирдлари имом Зуфар ибн Ҳузайл у кишидан қуйидагиларни ривоят қилади:

«Мен Калом илми билан инсонлар мени кўрганда «Мана бу фалончи», деб бармоқлари билан ишора қилиб кўрсатадиган даражага етгунимга қадар шуғулланиб келдим. Бизнинг Калом илмига доир илмий ҳалқамиз Ҳаммод ибн Абу Сулаймонниниг ҳалқасига яқинроқ жойда бўларди. Бир куни бир аёл ҳузуримга келиб: «Бир киши хотинини суннатга мувофиқ талоқ қилишни ирода этса, нечта талоқ қилади?» деб сўради. Шунда мен у аёлдан бу масалани Ҳаммоддан сўраб билишини, кейин менга унинг жавобини айтишини буюрдим. Шундан сўнг у аёл Ҳаммоддан ўша масала ҳақида сўради. Ҳаммод бу саволга : «Эр хотинини ҳайз ва жимоъдан пок пайтида битта талоқ қилади. Сўнгра аёлини уч ҳайз кўргунча тарк қилади. Уч ҳайз тугагач, хотини ғусл қилиши билан бошқага турмушга чиқа олади», деб жавоб бердилар. Ҳалиги аёл Ҳаммоднинг жавобини менга айтганида, мен ўзимга ўзим Калом илмига ҳожат йўқлигини айтдим ва шу заҳоти оёқ кийимимни  олиб, Ҳаммоддан масала эшитишга бордим. У зот айтган барча сўзларни ёдлаб олар эдим. Сўнгра эртаси куни ўтган масалани қайтарганларида мен ёддан айтиб берардим, у зотнинг шогирдлари эса хато қилишарди. Шунда у зот: «Ҳалқанинг менинг рўпарамдаги аввалги қаторида Абу Ҳанифадан бошқа ҳеч ким ўтирмасин», дедилар».

 “Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сифатларнинг тақсими Аҳли сунна ва жамоанинг халаф уламолари Аллоҳ таолонинг сифатлари ва гўзал исмлари ҳақида келган оят ва ҳадисларни атрофлича ҳамда чуқур давоми...

3105 14:00 / 05.04.2021
Мўминмусулмонлар .жин, деб аталувчи махлуқотлар борлигига иймон келтирадилар. Уларни оддий ҳолатларда кўриб бўлмайди. Биз улар ҳақидаги маълумотларни энг давоми...

3137 00:00 / 01.11.2022
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир гуруҳ одамлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга .Эй Аллоҳнинг расули Қиёмат куни Роббимизни кўрамизми, давоми...

4069 18:53 / 02.12.2016
Бу масала жуда ҳам нозик ва хатарлидир. Айниқса, ҳозир ақоид илми билимдонлари кам, уни излаганлар ундан ҳам кам, бўлганбўлмаган нарса учун кўпчиликни кофир ёки давоми...

9653 00:24 / 03.12.2016
Аудиолар

133636 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

53984 14:35 / 11.08.2021