1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Қиёмат аломатлари ҳақида

05:00 / 03.12.2016 48253 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўлимни, охират кунини, ул кун ҳар бир одам бу дунёдаги қилмишлари юзасидан сўроқ-савол қилинишини ўйлаш ҳар қандай шаккок, кофирни ҳам ўйлантириб қўяди. Шундай лаҳзаларда улар охират ҳақида савол бера бошлайдилар...

 

ҚИЁМАТ АЛОМАТЛАРИ ҲАҚИДА

Доббатул арз
Яъжуж-Маъжуж
Қуёшнинг мағрибдан чиқиши
Дажжолнинг чиқиши
Ийсо а.снинг тушишлари
Имом Маҳдий 
Қиёматнинг кичик аломатлари
ҚИЁМАТ
Қиёмат қоим бўлишига далиллар
Қайта тирилиш ва ҳашр
Ҳолатнинг оғирлиги
Ҳисоб
Тарозу ва амалларни тортиш
Шафоат
ХУЛОСА
Ҳавз

 

ҚИЁМАТ КУНИГА ИЙМОН КЕЛТИРИШ

 Қиёмат кунининг борлигига келтириладиган далиллар иккига бўлинади.
1. Нақлий далиллар (бошқаларнинг хабари).
2. Ақлий далиллар.
Нақлий далиллар, қисқа қилиб айтганда, инсоният тарихидаги барча динлар иттифоқ қилишганки, инсон ўлгандан сўнг, қайта тирилади ва бу дунёда қилган ишларининг ҳисоб-китоби бўлади.
Ақлий далилларга келсак, барча-барча одамлар қадимгилар ҳам, ҳозиргилар ҳам, саҳродагилар ҳам, шаҳардагилар ҳам, ҳатто энг чекка жойларда яшайдиганлар ҳам, илмлилар ҳам, илмсизлар ҳам ўзида бир илҳомга ўхшаш махфий сезги борлигини биладилар. Бу сезги айтадики, бу дунёдаги ҳаётдан сўнг яна бошқа ҳаёт бўлади. Унда ҳозирги ҳаётда топилмаган адолат ҳақиқатга айланади, ҳар бир инсон ўзининг қилган ишига яраша мукофот ёки жазо олади.
Норман Билл исмли олим бу борада шундай дейди:
«Кишида ўлгандан сўнг, яна ҳаёт бўлади, деган сезгининг борлиги, қиёмат кунининг ҳақлигига энг кучли далиллардан биридир. Аллоҳ таоло агар инсонни бирор нарсага қониқтирмоқчи бўлса, ўша фикрни унинг қалбига солиб қўяди. Одамларда абадий ҳаётга интилиш (агар у дунёда бўлса ҳам) кенг тарқалган сезгидир. Бунга енгилтаклик билан қараб бўлмайди. Биз интилаётган бу нарса ва чин қалбдан ҳис қилаётган бу нарса бирор ишончли асоснинг акси бўлиши турган гaп. Бундай улкан ҳақиқатларга материалистик йўл билан, моддий далиллар билан ишониб бўлмайди. Балки ақида, илҳом ва руҳий сезгилар йўли билан ишонилади. Илҳом ҳақиқатни илмий фаҳмлашда муҳим омилдир».
Аллоҳ инсонни ақлли қилиб, баркамол ва кўпгина нарсаларга тайёр қилиб, коинот сирларини очишга қодир қилиб яратди.
Шундай олий мартабага эга бўлган инсон, бошқа ақлсиз, идроксиз, истеъдодсиз ҳайвонлар каби ҳолга тушиб қолиши тўғри эмас. Балки тўғри йўл шуки, инсон бу дунёдаги ҳаётдан сўнг, яна қайтиб тирилиб, ўз амалларининг самарасидан баҳраманд бўлиши керак.
Агар Аллоҳ таоло инсонга турли қобилиятларни бериб қўйиб, сўнгра бепарво ташлаб қўйса, бу иш беҳикмат бўлиб, адолатдан ҳам узоқ бўлган бўлар эди. 

ҚИЁМАТ АЛОМАТЛАРИ ҲАҚИДА

 Қиёмат қачон бўлишини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч бир зот билмайди. Бу улкан ҳақиқат Қуръони Каримда кўп марта таъкидланган.
Жумладан Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида: «Сендан соат (қиёмат) қачон собит бўлиши ҳақида сўрарлар. Сен: «Унинг илми фақат Роббим ҳузуридадир. Уни фақат Ўзигина зоҳир қиладир. У осмонлару ерда оғир иш бўлади. Сизларга фақат тўсатдан келадир», деб айт. Худди сен уни билишинг керакдек, сендан сўрарлар. Сен: «Унинг илми фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир. Лекин кўп одамлар билмаслар», деб айт», деган.
Ўлимни, охират кунини, ул кун ҳар бир одам бу дунёдаги қилмишлари юзасидан сўроқ-савол қилинишини ўйлаш ҳар қандай шаккок, кофирни ҳам ўйлантириб қўяди. Шундай лаҳзаларда улар охират ҳақида савол бера бошлайдилар. Баъзи ҳолларда қиёмат бўлишига шак келтирганларидан, ўз фикрларини тасдиқлаш, қиёмат бўлади, деган ақийдадагиларни ожиз қолдириш учун сўрайдилар. Баъзи вақтларда синаш учун сўрайдилар ва ҳоказо.
Қурайш мушриклари ҳам вақти-вақти билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қиёмат ҳақида, айниқса, унинг қачон собит бўлиши ва келиши ҳақида сўрар эдилар.
«Сендан соат (қиёмат) қачон собит бўлиши ҳақида сўрарлар».
Яъни, бўладиган бўлса, қачон бўлишини айтиб бер, деб даъво қилардилар. Бу саволдан қачон бўлишини айтиб бера олмасанг, қандай Пайғамбарсан, шуни ҳам билмайсанми, деган ғаразгўйликнинг ҳиди келади.
Аслида, қиёмат Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билиши мумкин бўлмаган ҳодисадир. Унинг қачон рўй беришини фақат Аллоҳнинг Ўзигина билади. Лекин мушриклар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни синаш, ул зотни хижолат қилиш учун, қиёмат қачон бўлади, деб сўроқ қиладилар. Агар ҳар бир сўзни Аллоҳдан қабул қилиб оладиган ҳақиқий Пайғамбар бўлмаса, бунга турли жавоблар бериш мумкин. Хусусан, Пайғамбарликни даъво қилувчи табиатан телба ва бузуқлар одамлар эътиборини жалб қилиш учун уларнинг қиёматга нисбатан бўлган эҳтиросли қизиқишидан фойдаланишга ҳаракат қилишлари кейинги пайтларда ошкор бўлди. Қиёмат фалон вақтда бўлади, деб қўйиб, сўнг шарманда бўлганлари ҳам жуда кўп.
Лекин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бу саволга қандай жавоб беришни Аллоҳнинг Ўзи сўзма-сўз уқдиряпти:«Унинг илми фақат Роббим ҳузуридадир. Уни фақат Ўзигина зоҳир қиладир. У осмонлару ерда оғир иш бўлади. Сизларга фақат тўсатдан келадир», деб айт.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам одам, у киши ҳеч қачон ғайб илмини биламан, деб даъво қилмаганлар. У зот:
«Унинг илми фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир», дейдилар. Яъни, қиёматнинг қачон бўлишини фақат бир зот–Роббим билади, холос. Бошқа ҳеч ким билмайди. Мен ҳам билмайман.
«Уни фақат Ўзигина зоҳир қиладир».
Қиёматни юзага келтирувчи Зот ҳам ягона Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Бошқа ҳеч ким бу ишга аралаша олмайди.
«У осмонлару ерда оғир иш бўладир».
Унинг ҳақида билганим шу: Қиёмат осмонлар ва ер қанча улкан бўлмасин уларга ҳам оғир келадиган даражада улуғ ҳодисадир. Шунинг учун ўша кунга тайёрланиш керак.
«Сизларга фақат тўсатдан келадир».
Билмай қоласизлар. Аввал эълон қилиб, вақтини тайинлаб келмайди. У содир бўлмасдан бироз олдин ўзини ўнглаб, у ер-бу ерини тозалаб, ҳеч нарсани кўрмагандек мўмин-қобил бўлиб туришга имкон йўқ. Унинг келишига доим тайёр туриш керак. Унинг қачон содир бўлишини сўраб юришдан самара йўқ. Бунинг устига, бу саволга жавоб берадиган одамнинг ўзи йўқ. Мушрикларнинг саволи эса ноўрин.
«Худди сен уни билишинг керакдек, сендан сўрарлар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг дахллари йўқ нарсаларни Аллоҳдан сўрамайдилар.
«Унинг илми фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир. Лекин кўп одамлар билмаслар», деб айт.
Қиёматнинг қачон бўлиш илми Аллоҳнинг Ўзига хос илмидир. Уни ҳеч кимга, ҳатто Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам билдирмаган. У зот фақат қиёматнинг қачон бўлишинигина эмас, бошқа ғайб илмларини ҳам билмайдилар. Бу билмасликлари эса айб эмас.
Шунингдек, Аллоҳ таоло «Аҳзоб» сурасида: «Одамлар сендан соат (қиёмат )ҳақида сўрарлар. Сен: «Унинг илми фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир», деб айт. Недан билурсан, эҳтимол ўша соат яқиндир», деган.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни қиёмат соати билан қўрқитар, бу дунёда қилган ишларининг жазосини қиёматда тортишларини қайта-қайта такрорлар эдилар. Қуръони Каримда ҳам қиёмат ва унинг васфи, ундаги даҳшатлар ҳақида кўплаб оятлар келгани маълум. Кофирлар доимо, қиёмат қачон бўлади, деб сўрар эдилар. Улар қиёмат қоим бўлишига шак-шубҳа қилганлари учун ҳам у ҳақда кўп сўрардилар. Қани, бўлса, бўлмайдими? деб шошилар эдилар. Лекин қиёматнинг илми Аллоҳ таолонинг Ўзига хосдир. Аллоҳ таоло унинг қачон бўлишини бошқага билдиришни истамади. Ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам, фаришталарга ҳам бу илмдан хабар бергани йўқ.
Шу билан бирга, ояти каримада қиёмат қачон қоим бўлишини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина билишининг, бошқаларга билдирилмаганининг ҳикматларидан бири ҳам баён қилинади:
«Недан билурсан, эҳтимол ўша соат яқиндир».
Қиёмат соати яқиндир, сен буни билмайсан, сендан бошқа ҳам билмайди. Шунинг учун ҳамма доимо ҳушёр бўлиб, тайёргарлигини кўриб туради. Ҳозир ёки эртага қиёмат қоим бўлиб қолса, нима қиламан, деб яхши ишларни кўпроқ қилади, ёмонликдан қочади.
Қачон қиёмат қоим бўлишини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч бир зот билмаслиги ҳақидаги ҳақиқатни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам қайта-қайта таъкидланган. Биргина мисол келтирамиз.
Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ва Имом Насаийлар Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Менга отам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтдики: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирар эдик. Бирдан ҳузуримизда оппоқ кийимли ва қоп-қора сочли одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни биздан бирор киши танимас ҳам эди. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тиззаларига тиззасини теккизиб ўтирди. Икки кафтини икки сонларига қўйди ва: «Эй, Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер!» деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ислом – «Ла илаҳа иллалоҳ, Муҳаммадун расулуллоҳ», деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо этмо-ғинг, закотни бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар имконинг бўлса, Байтуллоҳга ҳаж қилмоғинг», дедилар.
Ҳалиги одам: «Тўғри айтдинг!» деди.
Биз ундан ажабландик. Ўзи савол бериб, ўзи, тўғри айтдинг, дейди. Кейин у: «Менга иймондан хабар бер», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг ва яхши-ёмон қадарга иймон келтирмоғинг», дедилар.
У одам:
«Тўғри айтдинг. Эҳсон ҳақида хабар бер!» деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга худди сен Уни кўраётгандек ибодат қилишинг. Агар сен Уни кўрмаётган бўлсанг, У сени кўраётгандек ибодат қилишинг», дедилар.
«Менга соат (қиёмат) ҳақида хабар бер!» деди у.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У ҳақда сўралаётган одам сўровчидан кўра билимли эмас», дедилар.
У одам чиқиб кетганидан сўнг, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромлардан бу одамнинг кимлигини сўрадилар. Саҳобалар, танимаймиз, деб жавоб бердилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаброил сизга динингизни ўргатгани келган эди», дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифдан сўралувчи шахс Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, сўровчи Жаброил алайҳиссалом ҳам қиёмат қачон бўлишини билмаганлари кўриниб турибди.
Аммо шу билан бирга қиёмат яқин қолганда зоҳир бўладиган баъзи аломатлар ҳақида кўпгина маълумотлар келган. Албатта, бу маълумотлар асосан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифларидан зикр қилинган.

Доббатул арз

Қиёматнинг энг катта аломатларидан бири бўлган «Добба»-жонивор ҳақида «Намл» сурасида бир оят бор. Аллоҳ таоло: «Қачонки, уларнинг бошига сўз(ланган азоб) тушганида, Биз улар учун ердан бир добба-жонивор чиқарамиз. У уларга, албатта, одамлар Бизнинг оятларимизга ишонмайдиган бўлганларини айтиб беради», деган (82-оят).
Бу ҳодиса қиёматнинг аломатларидан биридир. Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада кофирлар бошига ваъда қилинган сўз – қиёмат азоби тушиш чоғида ердан бир ҳайвон чиқариши ҳақида хабар бермоқда. Демак, бу ишнинг бўлиши муқаррарлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ.
Саҳиҳ ҳадиси шарифларда бу ҳайвон қиёматнинг аломатларидан бири эканлиги, тавба қилса, фойда бермайдиган вақт бўлиб қолганда чиқиши ҳақида хабарлар келган.
Ҳофиз ибн Касир: «Бу жонивор охири замонда, одамлар фасодга берилганда, Аллоҳнинг амрини тарк қилганларида ва ҳақ динни ўзгартирганларида чиқади», деганлар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Ҳузайфа ибн Усайд ал-Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўнта белгини кўрмагунингизча қиёмат қоим бўлмайди», деб туриб, ердан жонивор чиқишини ҳам айтганлар.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир ҳадис ёд олиб, ҳеч ёдимдан чиқармадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман:
«Қиёматнинг биринчи аломатларидан қуёшнинг мағрибдан чиқиши ва одамларга добба-жониворнинг чиқишидир, буниси чошгоҳ пайтида бўлади. Қайси бири олдин чиқса, кейингиси дарров шеригининг орқасидан чиқади».
Шу билан бирга, муҳаққиқ тафсирчи уламоларимиз ушбу жонивор ҳақида кераксиз ва асоссиз гаплар кўпайиб кетганини, улар тафсир китобларимизга ҳам кириб қолганини, ишончли манбаларга суянмаган гаплар бўлгани учун уларга эътибор бермаслик лозимлигини таъкидлайдилар.
Қуръони Каримда ва саҳиҳ ҳадисларда келган хабарлар билан кифояланиш энг яхши иш. Қолгани эса фақат Аллоҳ биладиган ғайб илмдир.
«Қачонки, уларнинг бошига сўз(ланган азоб) тушганида, Биз улар учун ердан бир добба-жонивор чиқарамиз».
Бу «жонивор» оятда «добба» деб айтилган. «Добба» ер юзида аста юрувчи, деганидир. Қорни билан судралиб юрадими, икки, тўрт ёки сонсиз-саноқсиз оёқлари билан юрадими, фарқи йўқ. Диний адабиётимизда ҳам бу жонивор «доббатул арз» номи билан машҳур бўлган.
Демак, қиёмат яқинлашганда ўша жонивор чиқади ва:«У уларга, албатта, одамлар Бизнинг оятларимизга ишонмайдиган бўлганларини айтиб берадир».
«Доббатул арз»ни одамларга гапиртиришдан мақсад уларнинг илоҳий оятларга иймон келтирмайдиган бўлганликларини билдириш экан.
Қандай қилиб айтишини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Имо-ишора билан тушунтирадими, ҳамма инсонлар тушунадиган тилда гапирадими ёки инсонлар унинг тилини тушунадиган бўлиб қоладиларми, биров бу ҳақда бир нарса билмайди. 

Яъжуж-Маъжуж

Қиёматнинг бу аломати ҳақида Қуръони Каримнинг «Каҳф» ва «Анбиё» сураларида оятлар келган.
Аллоҳ таоло «Каҳф» сурасида: «Улар: «Эй, Зулқарнайн, албатта, Яъжуж ва Маъжуж ер юзида бузғунчилик қилгувчилардир. Биз сенга харож берсак, биз билан уларнинг орасида тўсиқ қилиб берурмисан?» дедилар», деган (94-оят).
Ўша икки тоғ орасидаги бирон гапни англамайдиган қавм Зулқарнайнга Яъжуж ва Маъжуждан шикоят этдилар. Уларнинг ер юзидаги бузғунчиликларидан арз қилдилар.
«Улар: «Эй, Зулқарнайн, албатта, Яъжуж ва Маъжуж ер юзида бузғунчилик қилгувчилардир».
Яъжуж ва Маъжуж ҳақида ҳам жуда кўп гаплар бор. Бу ҳам тахминий гаплардан иборатдир. Биз эса ўз одатимизча, Қуръони Каримдаги маълумотлар билан кифояланамиз. Шуниси хайрли.
«Биз сенга харож берсак, биз билан уларнинг орасида тўсиқ қилиб берурмисан?» дедилар».
Мазкур қавм Зулқарнайндан, агар харож тўплаб берсак, ўша Яъжуж ва Маъжужлар билан бизнинг орамизга тўсиқ қуриб берасанми, деб сўрадилар. Шу билан уларнинг ҳужумларидан, бузғунчиликларидан қутулмоқчи бўлдилар.
Зулқарнайн мазкур қавм билан Яъжуж ва Маъжуж орасида радм–улкан ва мустаҳкам тўсиқ қура бошлади. Дастлаб: «Менга темир парчаларини келтиринг», деди.
Яъни, одамларни темир топиб келишга буюрди. Улар олиб келган темир парчаларини ўша икки тоғ орасига тўплата бошлади.
«Ниҳоят, икки тоғ томонлари ила баробарлашганда: «Дам уринглар», деди».
Яъни, темир парчаларини тўплаб-тўплаб, икки тоғ орасини тўлдирдилар. Ундан кейин Зулқарнайн босқонлар билан дам уриб, темирларни қизитиб, эритишга киришди.
«Ниҳоят, у(тўп темир)ни ўтга айлантиргач: «Олиб келинглар устидан мис қуяман», деди» (96-оят).
Яъни, икки тоғ орасига тўпланган темирни босқонлар билан дам уриб алангалатиб, эритиб олов ҳолига келтирдилар. Ана шунда Зулқарнайн одамларига, энди эритилган мис олиб келинглар, олов бўлиб турган темир устидан қуяман, деди.
Мис аралашган темир янада мустаҳкам бўлиши яқинда кашф этилди. Демак, ўша замонда ҳам Зулқарнайн Аллоҳ унга берган илм орқали бу сирни яхши билган ва жуда мустаҳкам девор қуриб, ҳалиги қавмнинг Яъжуж ва Маъжужнинг ҳужумларидан сақланишига ёрдам берган.
«Бас, улар унинг устига чиқа олмадилар, уни тешиб ҳам ўта олмадилар» (97-оят).
Яъни, Яъжуж ва Маъжужлар Зулқарнайн қурган радм–девор тўсиқ устига чиқа олмадилар ва улар уни тешиб ҳам ўта олмадилар. Зулқарнайнга Яъжуж ва Маъжуждан шикоят қилиб ёрдам сўраган қавмлар омонликка эришдилар. Зулқарнайн ишни жуда ҳам пухта амалга оширган эди.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу Суфёни Саврий розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳаралари уммул мўминийн Зайнаб бинти Жаҳш онамиз қуйидагиларни айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқуларидан юзлари қизарган ҳолларида «Арабларнинг ҳолига яқинлашган ёмонликдан вой бўлсин, бугун Яъжуж ва Маъжуж радми –саддидан мана шунча очилди», деб турдилар, бош ва кўрсаткич бармоқларини ҳалқа қилиб кўрсатдилар. Мен: «Эй, Аллоҳнинг Расули, ичимизда аҳли солиҳлар бўла туриб ҳалок бўламизми?» дедим.
«Ҳа, агар ёмонлик кўпайса», дедилар у зот».
Шунингдек, Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Ибн Можа, Имом Аҳмад, Имом Абу Довудларнинг ривоятларида ҳам Яъжуж ва Маъжуж ҳақида хабарлар келган.
Аллоҳ таоло «Анбиё» сурасида: «Ниҳоят, Яъжуж ва Маъжуж очилиб, улар ҳар бир тепаликлардан оқиб келганларида. Ва ҳақ ваъда яқинлашгандаги ҳолни кўрсанг, куфр келтирганларнинг кўзлари чақчайиб: «Ҳолимизга вой! Бизлар бундан ғафлатда эдик. Йўқ! Бизлар зулм қилгувчилар эдик», дерлар», деган (96-97-оятлар).
«Каҳф» сурасида айтиб ўтилганидек, қиёматнинг аломатларидан бири–Зулқарнайн қурган садд-тўғон очилиб, Яъжуж ва Маъжужлар чиқиб кетишидир. Ушбу оятда:«Ниҳоят, Яъжуж ва Маъжуж очилиб, улар ҳар бир тепаликлардан оқиб келганларида» деб айтилмоқда.
Демак, улар жуда кўп бўлиб, кўпликларидан юрганларида худди сел оққандек оқиб келар эканлар.
«...ва ҳақ ваъда яқинлашгандаги ҳолни кўрсанг...»
Яъни, қиёмат қойим бўлгандаги ҳолни кўрсанг, унинг даҳшатидан, қўрқинчи ва азобидан
«...куфр келтирганларнинг кўзлари чақчайиб», яъни қотиб қолади.
Кўзларини юма олмайдилар. Айни пайтда, ўз ҳолларига йиғлай бошлайдилар:«Ҳолимизга вой! Бизлар бундан ғафлатда эдик».
Яъни, қиёмат қойим бўлиб, ҳамма қайта тирилиб, сўроқ-савол, ҳисоб-китоб, жазо-мукофот бўлишидан ғафлатда эдик. Бундай бўлишини ўйлаб кўрмаган эдик.
«Йўқ! Бизлар зулм қилгувчилар эдик», дерлар».
Йўқ, биз ғафлатда эмас эдик. Балки билиб туриб тайёргарлик кўрмаган эдик. Ишонмаган эдик. Зулм қилган эдик, дерлар.
Ақоид илми уламоларимиз Яъжуж ва Маъжуж ҳақидаги ояти карима ва ҳадиси шарифларни мукаммал ўрганишиб, қуйидаги хулосани айтадилар:
«Яъжуж ва Маъжуж жуда ҳам кўп сонли бир қавм бўлиб, уларнинг чиқишлари қиёматнинг аломатларидан бир аломатдир. Улар ер юзини фасодга ва харобга тўлғазадилар. Уларнинг қачон чиқишини эса Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди».

Қуёшнинг мағрибдан чиқиши

Қуёшнинг ўзининг одатда ботадиган томонидан чиқиши ҳам қиёматдан олдин бўладиган катта аломатлардан биридир. Бу ҳақда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўплаб ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Баъзиларини қисқача ўрганиб чиқамиз.
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни:«Бу қуёш қаёққа кетишини биласизларми?» дедилар.
«Аллоҳ ва Унинг расули аълам», дейишди.
«Албатта, бу то ўзининг Арш остидаги қароргоҳига етгунча юриб бораверади. Сўнгра сажда қилган ҳолида йиқилади. То унга «Кўтарил, келган ерингга қайт!» дейилгунча ўшандоқ тураверади. Кейин чиқар жойидан чиқади. Кейин то ўзининг Арш остидаги қароргоҳига етгунча юриб бораверади. Сўнгра сажда қилган ҳолида йиқилади. То унга «Кўтарил, келган ерингга қайт!» дейилгунча ўшандоқ тураверади. Кейин чиқар жойидан чиқади. Сўнгра яна юради. Одамлар ундан ҳеч нарсани инкор қилмайдилар. У ўша Арш остидаги ўз қароргоҳига боради. Бас, унга кўтарил, мағрибингдан чиқувчи бўл, дейилади. У мағрибидан чиқувчи бўлади.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўша қачон бўлади, биласизларми? Бу ҳеч бир жонга, олдин иймон келтирмаган ёки иймонида яхшилик касб қилмаган бўлса, иймони наф бермайдиган пайтда бўлади», дедилар».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Ўша пайт айнан қиёмат жуда ҳам яқин қолган пайт бўлади. Шундоқ қилиб, қуёшнинг мағрибидан чиқиши қиёматнинг улкан аломатларидан бири бўлади.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир ҳадис ёд олиб, ҳеч ёдимдан чиқармадим. У зотнинг шундай деганларини эшитганман:
«Аломатларнинг биринчи чиқадигани қуёшнинг мағрибдан чиқиши ва одамларга добба-жониворнинг чошгоҳ пайтида чиқишидир. Қайси бири олдин чиқса, кейингиси дарров шеригининг орқасидан чиқади».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган.
Абу Довуд:
«Нозил қилинган китобларни ўқиб юрадиган Абдуллоҳ:
«Менимча иккисидан олдин чиқадигани қуёшнинг мағрибидан чиқишидир», деди»ни зиёда қилган.
Демак, қиёматнинг икки катта аломатидан бири, қуёшнинг мағрибидан чиқиши олдин бўлади ва иккинчиси, доббанинг чиқиши ундан кейин бўлади.
Бу ҳақиқатга жазм ила эътиқод қилмоқ керак.

Дажжолнинг чиқиши

Дажжолнинг чиқиши қиёматнинг энг катта аломатларидан биридир. Дажжол аслида унинг лақаби. Кўп алдамчилик қилиши учун шу лақабни олган. Шунингдек, у ҳақни ботил ила кўмиб ташлаш қобилиятига ҳам эга. У асли яҳудий одамдир. Мадинаи Мунавварага нисбатан машриқ тарафдан чиқади. У одамлар орасида аҳли салоҳликни ва тақводорликни даъво қилади. Кейинроқ худолик даъвосини қилади. Унга жуда кўп одамлар, хусусан, яҳудийлар эргашади. Унинг тана тузилишида ўзига хос аломатлари бўлади. Бир кўзи теп-текис бўлади. Боласи бўлмайди. Макка ва Мадинага кира олмайди. Пешонасига кофир деб ёзилган бўлади.
Дажжол ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар келган. Баъзиларини қисқача ўрганиб чиқамиз.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар ичида туриб Аллоҳга лойиқ ҳамду сано айтдилар ва Дажжолни зикр қилиб:
«Албатта, мен сизларни ундан огоҳлантирурман. Ҳар бир набий ҳам, албатта, ўз қавмини ундан огоҳлантирган. Лекин мен сизларга унинг ҳақида ҳеч бир набий ўз қавмига айтмаган гапни айтурман. Шубҳасиз, у ғилайдир. Албатта, Аллоҳ ғилаймасдир», дедилар».
Бу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Дажжол худолик даъвосини қилганда алданиб қолмаслик учун унинг катта сифатларидан бирини айтиб қўймоқдалар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Қай бир набий бўлсаки, албатта, ўз умматини ғилай каззобдан огоҳлантиргандир. Огоҳ бўлинглар! Албатта, у ғилайдир. Албатта, Роббингиз ғилай эмасдир. Унинг икки кўзи орасига «ка фо ро» яъни кофир деб ёзилгандир. Буни ҳар бир мусулмон ўқийдир», дедилар».
Имом Бухорий, Муслим ва бошқалар ривоят қилган.
Аллоҳ таоло кишиларни синаш учун Дажжолга турли нарсаларни бериб қўяди. Жумладан, у ўликни тирилтириш, ёмғир ёғдириш, ерни ҳосилдор қилиш ва шунга ўхшаш ишларга Аллоҳ таолонинг изни ила имкон топади. Сўнгра ўзидан кетиб худолик даъвосини қилади. Ана шунда Аллоҳ таоло унинг ожизлик тарафларини зоҳир қилиб қўйгани иш беради. Унинг ғилайлиги, пешонасига кофир деб ёзиб қўйилганлиги ва у ўша нарсаларни ўзидан кетказа олмаслиги уни фош қилади.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Дажжолнинг чап кўзи ғилай, серсоч. У билан жаннат ва дўзах бор. Унинг дўзахи жаннатдир, жаннати дўзахдир», дейилган.
Муслим ривоят қилган.
Абу Довуднинг ривоятида:
«Албатта, Дажжол пакана, маймоқ, жингалаксоч ва ғилай, кўзи теп-текис бўртиб ҳам чиқмаган, ичкарига ҳам кирмагандир. Агар аралаш бўлган бўлса, билингки, Роббингиз ғилай эмас», дейилган.
Шу сифатларидан уни таниб олиш осон.
Дажжолнинг чап кўзи қалин эт билан қопланган бўлиб у теп-текис ҳолда туради. Шунинг учун у «Масийҳ», яъни, текисланган деб ҳам аталади.
Абу Довуднинг ривоятида:
«Ким Дажжолни эшитса ундан узоқлашсин. Аллоҳга қасамки, киши унинг олдига борса, уни мўмин деб ҳисоблайди ва ундаги шубҳаларга қарамасдан унга эргашади. Ёки унга берилган шубҳалар сабабидан унга эргашади», дейилган.
Дажжолга берилган сеҳр, баъзи одамларни ўлдириб бошқаларини тирилтириш каби нарсалар одамларни алдаб қўйиш хавфи бор. Шунинг учун унинг чиққанини эшитиш билан унга йўлиқмасликка ҳаракат қилмоқ керак.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Макка ва Мадинадан бошқа ҳар бир юртни, албатта, Дажжол оёқ ости қилади. Иккисининг ҳар бир йўлини фаришталар саф бўлган ҳолларида қўриқлайдилар. Шунда у тузли ерга тушади. Кейин Мадина уч марта титрайди ва ундан барча кофир ва мунофиқ у(Дажжол) томон чиқади», дедилар».
Дажжол Мадинаи Мунавварани қўриқлаб турган фаришталарни кўриб тузли ерда тўхтайди. Унинг келганини эшитиб Мадинадаги барча кофир ва мунофиқлар чиқиб олдига боришади.
Наввос ибн Самъон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир куни эрталаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Дажжолни зикр қилдилар. У зот уни паслатдилар ва кўтардилар. Ҳаттоки,, биз уни хурмолар орасидамикан деб гумон қилдик. Биз кечки пайт у зотнинг олдиларига борганимизда ўша ҳолни бизда кўрдилар ва:
«Сизларга нима бўлди?» дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг расули! Эрталаб Дажжолни зикр қилдингиз. Уни паслатдингиз ва кўтардингиз. Ҳаттоки, биз уни хурмолар орасидамикан деб гумон қилдик», дедик.
«Менинг сизга хавфим Дажжолдан бошқада. Агар у чиқса-ю, мен ичингизда бўлсам, сизларнинг ўрнингизга ўзим унга қарши тураман. Агар у чиқса-ю, мен ичингизда бўлмасам, ҳар киши ўзини ўзи ҳимоя қилади. Аллоҳ ҳар бир мусулмон учун менинг ўрнимда бўлади. Албатта, у ёш, жуда ҳам жингалаксоч, кўзи бўртиб чиққан. Мен уни худди Абдул Уззо бин Қатанга ўхшатаман. Сизлардан ким унга эришса, унга қарши «Каҳф» сурасининг бошланиши ўқисин. Албатта, у Шом билан Ироқ орасидан хуруж қиладир. Ўнгда ҳам фасод қилади. Чапда ҳам фасод қилади. Эй, Аллоҳнинг бандалари! Собит бўлинглар!» дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг расули! Унинг ерда қолиши қандоқ?» дедик.
«Қирқ кун. Бир кун бир йилчалик. Бир кун бир ойчалик. Бир кун бир ҳафтачалик. Қолган кунлари сизларнинг кунларингизга ўхшаш», дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг расули! Ўша бир йилга ўхшаш кунда бизга бир куннинг намози кифоя қиладими?» дедик.
«Йўқ. Унинг ўлчовини чамаланглар», дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг расули! Унинг ер юзидаги тезлиги қандоқ?» дедик.
«Худди ортидан шамол келаётган ёмғирга ўхшайди. У бир қавмнинг олдига келиб даъват қилади. Улар унга иймон келтирадилар ва ижобат қиладилар. У осмонга амр қилса, ёмғир ёғади. Ерга амр қилса, набототларни ўстиради. Ўтлаб юрган ҳайвонлари кечқурун уларнинг олдига ўркачи энг узун, елинлари энг тўлган ва қоринлари энг шишган ҳолда келади. Сўнгра у бошқа қавмга келиб, уларни даъват қилади. Улар унга ўзининг гапини қайтарадилар. У улардан қайтиб кетади. Улар қаҳатга учраб қўлларида молларидан ҳеч нарса қолмайди. У бир хароба ёнидан ўтаётиб унга «хазийналарингни чиқар!» дейди. Унинг хазийналари, асаларилар подшоҳига эргашгандек унга эргашади. Кейин бир ёшга тўлган кишини чақириб, қилич билан уриб иккига бўлиб ташлайди. Ҳар бўлак ораси икки ўқ етадиганча бўлади. Сўнг уни чақирса юзларида кулгу барқ урган ҳолда юриб келади. У шу ҳолда турганида Аллоҳ Ийсо алайҳиссаломни юборади. У киши Димашқнинг шарқий тарафидаги оқ минорадан бўялган икки хил кийимда, икки қўлини икки фариштанинг қанотига қўйган ҳолда нозил бўлади. Қачон бошини эгса, қатралар тушади. Қачон уни кўтарса, ундан луълуъ каби доналар тўкилади. У зотнинг нафасини сезган кофир бўлсаки, албатта, ўлади. Унинг нафаси кўзи етган ерга бориб етади. Бас, у зот уни излаб Боби Лудда топиб ўлдиради. Кейин Ийсо ибн Марямнинг ҳузурига Аллоҳ ундан сақлаган қавм келади. Бас, у зот уларнинг юзларини силайди ва уларга жаннатдаги даражалари ҳақида гапирадилар. Шундоқ бўлиб турганда Аллоҳ Ийсо алайҳиссаломга ваҳий қилиб «Албатта, Мен уларга қарши уруш қилишга бирортанинг икки қўли етмайдиган бандаларимни чиқардим. Бас, бандаларимни Турга қўрғон қилиб, ўша ерга қўй» дейди. Кейин Аллоҳ Яъжуж ва Маъжужни юборади. Улар ҳар томондан оқиб кела бошлайдилар. Уларнинг аввалгилари Тобария кўли олдидан ўтаётиб ундаги ҳамма нарсани ичиб юборадилар. Охиргилари ўтаётиб «Бунда бир вақтлар сув бор эди» дейдилар. Аллоҳнинг набийси Ийсо ва унинг асҳоблари қамал қилинадилар. Ҳаттоки,, улардан бирига ҳўкизнинг боши бугунги кунда сизларнинг бирингизга юз дийнор яхши бўлгандан ҳам яхши бўлиб қолади. Бас, Аллоҳнинг набийси Ийсо ва унинг асҳоблари (ўлимга) рағбат қилиб қоладилар. Шунда Аллоҳ уларга бўйинлари томондан «нағаф»-қуртини юборади. Улар бир жон ўлгандек, ўликка айланадилар. Сўнгра Аллоҳнинг набийси Ийсо ва унинг асҳоблари ерга тушадилар. Улар ер юзида аларнинг ёғи ва сассиғи етмаган бирор қарич ҳам жой топа олмайдилар. Шунда Аллоҳнинг набийси Ийсо ва унинг асҳоблари Аллоҳга рағбат қилиб қоладилар. Бас, Аллоҳ туянинг бўйнига ўхшаган қушларни юборади. Улар аларни кўтариб олиб бориб, Аллоҳ истаган томонга ташлайдилар. Сўнгра Аллоҳ бир ёмғир юборади. Ундан бирор лойдан ёки жундан бўлган уй панада қолмайди. У ерни ювиб худди ойнакка ўхшатиб қўяди. Кейин ерга «Самарангни ўстир, баракангни қайтар» дейилади. Ўша кунда одамлар бир анорнинг ўзини еб пўстлоғини соябон қиладилар. Подаларга барака киритилади. Ҳаттоки, бир туянинг сути бир катта жамоа одамларга кифоя қилади. Бир сигирнинг сути бир қабила одамларга етади. Бир қўйнинг сути бир уруғ одамларга етади. Улар шундоқ ҳолда турганларида Аллоҳ бир ёқимли шамолни юборади. У уларнинг қўлтиқларидан олиб ҳар мўмин ва муслимнинг руҳини қабз қилади. Кейин одамларнинг ёмонлари қолади. Улар эшакларга ўхшаш жинсий яқинлик қиладилар. Ана ўшаларнинг бошида қиёмат қоим бўлади», дедилар».
Муслим, Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Дажжолнинг таги паст, ҳеч нарсага арзимаслигини ҳам айтдилар ва шу билан бирга унинг фитнаси энг катта фитналигини ҳам таъкидладилар.
«Сизлардан ким унга эришса, унга қарши «Каҳф» сурасининг бошланишини ўқисин».
Бу ҳақда бошқа ривоятлар ҳам кўп. Жумладан, Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким «Каҳф» сурасининг аввалидан ўн оятини ёдласа, Дажжолдан сақланади», дедилар».
Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Термизийнинг лафзида:
«Ким «Каҳф» сурасининг аввалидан уч оятини ўқиса, Дажжол фитнасидан сақланади», дейилган.
Бошқа бир ривоятда:
«Ким «Каҳф» сурасининг охиридан ўн оятини ёдласа, Дажжолдан сақланади», дейилган.
«Эй, Аллоҳнинг расули! Ўша бир йилга ўхшаш кунда бизга бир куннинг намози кифоя қиладими?» дедик».
«Йўқ. Унинг ўлчовини чамаланглар», дедилар.
Яъни, кун одатдагидан узоқ бўлиб кетгани учун ҳар йигирма тўрт соатлик вақтни чамалаб, ўшанда лозим бўлган беш вақт намоз ўқилади.
«Қачон бошини эгса, қатралар тушади. Қачон уни кўтарса, ундан луълуъ каби доналар тўкилади».
Яъни, Ийсо алайҳиссалом покиза ҳолда тушадилар. У кишидан ғусл ва таҳоратнинг сувлари тўкилиб туради.
«Бас, у зот уни излаб, Боби Лудда топиб ўлдиради».
Яъни, Ийсо алайҳиссалом Дажжолни излаб топиб, Байтул Мақдисдаги Лудд деган жойнинг эшиги олдида қатл қиладилар.
«Шундоқ бўлиб турганда Аллоҳ Ийсо алайҳиссаломга ваҳий қилиб «Албатта, Мен уларга қарши уруш қилишга бирортанинг икки қўли етмайдиган бандаларимни чиқардим. Бас, бандаларимни Турга қўрғон қилиб, ўша ерга қўй» дейди».
Ўша ҳеч ким уларга қарши тура олмайдиган бандалар Яъжуж ва Маъжужлардир.

Ийсо алайҳиссаломнинг тушишлари

Ийсо алайҳиссаломнинг ер юзига қайта тушишлари қиёмат қоим бўлишидан олдин содир бўладиган энг улкан аломатлардан биридир. Бу ҳақда Қуръони Карим оятларида ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам ёрқин далолатлар бор.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Жоним қўлида бўлган зот ила қасамки, албатта, келажакда ичингизга Ибн Марям алайҳиссалом одил ҳакам бўлган ҳолда нозил бўлур. Сўнг хочни синдирур. Чўчқани ўлдирур. Жизяни бекор қилур. Молни кўпайтирур. Ҳаттоки, бирор киши уни қабул қилмай қўюр. Ҳаттоки, битта сажда дунёдан ва ундаги нарсалардан яхши бўлиб қолур», дедилар».
Сўнгра Абу Ҳурайра:
«Агар истасангиз «Ҳеч бир аҳли китоб йўқки, унга ўлимидан олдин иймон келтирмаса. Қиёмат куни эса у уларнинг зиддига гувоҳ бўлур»ни қироат қилинг», деди».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Ийсо алайҳиссалом қиёматга яқин қолганида ерга тушиб Ислом шариати ила ҳукм юритиб ҳамма ёқда адолат ўрнатадилар. У кишининг хочни синдиришлари хоч аҳлига қарши бўлиб, уларни йўқ қилишларидир. Чўчқани ўлдиришлари ҳам унга тегишли нарсаларни йўқ қилишларига ишорадир. Жизяни бекор қилишлари эса Исломдан бошқа диндагилардан мусулмонликдан бошқа нарсани, жумладан, жизяни ҳам қабул қилмасликларидир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бу маъноларнинг тасдиғи Қуръони Каримда ҳам борлигига ишора қилиб:
«Агар истасангиз «Ҳеч бир аҳли китоб йўқки, унга ўлимидан олдин иймон келтирмаса. Қиёмат куни эса у уларнинг зиддига гувоҳ бўлур»ни қироат қилинг», деди».
Уламоларимиз бу ояти кариманинг маъносида икки хил фикр айтганлар. Бунга оятдаги «ўлимидан олдин» ибораси сабаб бўлган. Баъзилари, бу ерда Ийсонинг ўлими назарда тутилган, десалар, баъзилари, аҳли китобнинг ўлими назарда тутилган дейдилар.
Биринчи тоифанинг гапига биноан оятнинг маъноси бундай: Ийсо алайҳиссалом қиёмат яқинлашганда тушганларида, у кишининг ўлимларидан олдин, аҳли китоблардан ҳеч ким қолмай, у зотга иймон келтиради.
Иккинчи тоифа олимларнинг тафсирларига кўра эса ҳар бир аҳли китоб ўз ўлимидан олдин, албатта, Ийсо алайҳиссаломга иймон келтиради.
«Ҳеч бир аҳли китоб йўқки, унга ўлимидан олдин иймон келтирмаса».
Яъни, ҳар бир яҳудий ҳам ўз ўлимидан олдин, албатта, Ийсо алайҳиссаломга иймон келтиради. Аммо бу фойда бермайдиган иймон бўлади. Шунинг учун ҳам,
«Қиёмат куни эса у уларнинг зиддига гувоҳ бўлур».
Яъни, Ийсо алайҳиссалом қиёмат куни уларнинг зиддига гувоҳлик берадилар.
Ийсо алайҳиссаломнинг нозил бўлишлари қиёматнинг аломатларидан бири эканлигига «Зухруф» сурасидаги қуйидаги оятлар ҳам далилдир:
«Ибн Марям мисол келтирилган чоқда сенинг қавминг бирдан шодланиб қичқирурлар. Улар: «Бизнинг олиҳаларимиз яхшими ёки уми?» дедилар. Улар уни сенга фақат талашиб-тортишиш учунгина мисол келтирдилар. Зеро, улар хусуматчи қавмдирлар. У фақат бир бандадир. Биз унга неъмат бердик ва уни Бани Исроилга мисол қилдик. Агар хоҳласак, ўрнингизга ер юзида халифа бўладиган фаришталар қилиб қўяр эдик. Албатта, у (Ийсо) қиёмат соати илми-белгисидир. Бас, сиз у (соат) ҳақида ҳеч шубҳа қилманг ва менга эргашинг. Мана шу тўғри йўлдир».
Бу масалани теранроқ англашимиз учун ушбу ояти карималарнинг тафсирини ўрганиб чиқайлик.
«Ибн Марям мисол келтирилган чоқда сенинг қавминг бирдан шодланиб қичқирурлар».
Бу оятни тўлиқ тушуниш учун муфассирларимиз ҳаётда бўлиб ўтган ҳодисани келтирадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мушрикларга «Анбиё» сурасидаги «Албатта, сизлар ва Аллоҳдан ўзга ибодат қилган нарсаларингиз жаҳаннам ўтин-тошидирсиз. Сизлар унга киргувчидирсиз» оятини тиловат қилганларида, Абдуллоҳ ибн аз-Забъарий ат-Тамимий исмли мушрик:
«Бу биз ва бизнинг олиҳаларимиз учунми ёки ҳамма умматлар учунми?» деб сўраган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«У сиз учун, олиҳаларингиз учун ва ҳамма умматлар учун», деб жавоб берганлар.
«Шубҳасиз, энди сени енгдим, Каъбанинг Роббига қасам! Насоролар Масийҳга ибодат қилмайдиларми? Яҳудийлар Узайрга ибодат қилмайдиларми? Бани Фулон фаришталарга ибодат қилмайдиларми?! Агар ана ўшалар ҳам жаҳаннамга тушсалар, бизнинг ва олиҳаларимизнинг жаҳаннамда бўлишига розимиз», деди у.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий нозил бўлишини кутиб бироз жим қолдилар. Мушриклар эса Абдуллоҳ ибн аз-Забъарий ютиб чиқди, деб ўйлаб, шодланиб кулишди, бақир-чақир қилиб шовқин кўтаришди.
Шунда Аллоҳ таоло:
«Албатта, Биздан уларга олдин гўзал сўз ўтганлар у(жаҳаннам)дан узоқлаштирилгандирлар», оятини туширди.
Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб:
«Ибн Марям мисол келтирилган чоқда сенинг қавминг бирдан шодланиб қичқирурлар» ояти билан ўша ҳодисани ёдга солмоқда ва буни Ийсо алайҳиссалом ҳақларида баҳс юритиш учун муқаддима қилмоқда. Шунинг учун ҳам кейинги оятда мушрикларнинг Ийсо алайҳиссалом ҳақларида айтган гаплари келтирилади ва муноқаша қилинади:
«Улар: «Бизнинг олиҳаларимиз яхшими ёки уми?» дедилар. Улар уни сенга фақат талашиб-тортишиш учунгина мисол келтирдилар. Зеро, улар хусуматчи қавмдирлар».
Мушриклар Ийсо алайҳиссаломни насоролар худо санаб ибодат этишларини мисол сифатида келтириб, ўзларининг Аллоҳдан бошқа илоҳларга ибодат қилишлари тўғри эканини исботламоқчи бўладилар.
«Улар: «Бизнинг олиҳаларимиз яхшими ёки уми?» дедилар».
Яъни, бизнинг худоларимиз яхшими ёки Ийсо яхшими, дедилар. Уларнинг бу саволидан икки хил маъно чиқади. Биринчиси, Ийсодек зот жаҳаннамга кирадиган бўлса, бизнинг олиҳаларимиз ҳам тушса нима бўлибди?! Иккинчиси, насоролар Ийсога ибодат қилса, бизнинг баъзиларимиз фаришталарга сиғинамиз. Фаришталар яхшироқми, Ийсо яхшироқми, деган маъно чиқади.
Оятнинг давомида мушриклар бу тасарруфларининг асл моҳияти фош этилади:
«Улар уни сенга фақат талашиб-тортишиш учунгина мисол келтирдилар».
Аслида эса «Албатта, сизлар ва Аллоҳдан ўзга ибодат қилган нарсаларингиз жаҳаннам ўтин-тошидирсиз» оятидан кўзланган мақсадни яхши билишади. Шунингдек, Ийсо алайҳиссалом ўзларини худо демаганларини ҳам аниқ билиб туришади. Лекин мушрикларнинг табиатлари бузуқлиги учун бўлар-бўлмас баҳоналар топиб хусумат қўзғайверадилар.
«Зеро, улар хусуматчи қавмдирлар».
Хусуматчилик жуда ёмон одат бўлгани учун ҳам Исломда ундан четлашиш ҳар бир мусулмонга қаттиқ тайинланади.
Ибн Жарир Табарий Абу Усома розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ одамлар олдига чиққанларида, улар Қуръон ҳақида тортишиб ўтирган эдилар. У зот қаттиқ ғазабландилар. Худди юзларига сирка қуйиб юборилгандек бўлиб кетдилар. Сўнгра:
«Аллоҳ китобининг баъзиси билан баъзисини урманглар! Фақат талашиб-тортишишга мубтало бўлган қавмгина залолатга кетгандир, деб: «Улар уни сенга фақат талашиб-тортишиш учунгина мисол келтирдилар», оятини тиловат қилдилар».
Эндиги оятда Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссалом ҳақиқатларини баён қилади:
«У фақат бир бандадир. Биз унга неъмат бердик ва уни Бани Исроилга мисол қилдик».
Яъни, Ийсо фақат бир банда, холос. Худо ҳам эмас. Худонинг ўғли ҳам эмас. Бошқа бандаларга ўхшаш Худонинг оддий бандаси, холос.
«Биз унга неъмат бердик...»
Фарқ шуки, биз унга Пайғамбарликни неъмат қилиб бердик.
«...ва уни Бани Исроилга мисол қилдик».
Яъни, ўрнак ва ибрат бўлиши учун Ийсони Бани Исроилга мисол қилиб қўйдик.
Эй, мушриклар!
«Агар хоҳласак, ўрнингизга ер юзида халифа бўладиган фаришталар қилиб қўяр эдик».
Кўпгина тафсирчиларимиз ушбу оятдан қуйидагича маъно чиқарганлар. Яъни, бу дунёю у дунёда яратиш иши ёлғиз Аллоҳ таолонинг ихтиёрида. У зот нимани хоҳласа, шуни яратади. Бу ишга ҳеч ким аралаша олмайди. Шу жумладан, Аллоҳ Ўзи яратган фаришталар ҳам, мушриклар ҳам аралаша олмайди. Фаришталар ҳам Аллоҳ яратган махлуқлардир. Агар Аллоҳ таоло хоҳласа, ер юзида мушриклар ўрнига халифа қилиб фаришталарни ёки аксинча, одамлардан фаришталар яратиши ҳам мумкин.
Сўнгра Ийсо алайҳиссалом ҳақидаги ҳақиқий маълумотлар баёни давом этади:
«Албатта, у (Ийсо) қиёмат соати илми-белгисидир. Бас, сиз у (соат) ҳақида ҳеч шубҳа қилманг ва менга эргашинг. Мана шу тўғри йўлдир».
Ушбу ояти карима Ийсо алайҳиссаломнинг қиёмат куни яқинлашганда тушишларига далилдир.
«Албатта, у (Ийсо) қиёмат соати илми-белгисидир».
Яъни, вақти келиб Ийсо қиёмат кунининг белгиси бўлади. Унинг қайта тушишидан қиёмат жуда ҳам яқин қолгани билиб олинади. Бу ояти кариманинг маъносини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган кўплаб ҳадиси шарифлар тасдиқлаган.
Имом Муслим Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар:
«Менинг умматимдан бир тоифа то қиёмат кунигача ҳақ учун устун бўлиб жанг қиладилар. Бас, Ийсо ибн Марям тушади. Уларнинг амири унга:
«Кел, бизга намозга ўт», дейди.
«Йўқ. Сизлар баъзингиз баъзингизга амирсиз. Бу Аллоҳнинг ушбу умматга кўрсатган ҳурматидир», дейди у».
Ийсо алайҳиссаломнинг қайтиб тушишлари ғайбий эътиқод масалалари доирасига киради. Бунга ушбу оятда ишора бор, шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам унинг баёни келган. Шу икки масдардан бошқа ҳужжатга эътиқод қилиб бўлмайди.
«Бас, сиз у (соат) ҳақида ҳеч шубҳа қилманг...»
Албатта, у бўлади.
«...ва менга эргашинг».
Бу гап Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тилларидан айтилаётган гапдир.
«Мана шу тўғри йўлдир».
Яъни, қиёмат куни ҳақида ҳеч шубҳаланмасдан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш энг тўғри йўлдир. Бундан бошқа тўғри йўл йўқ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Аллоҳга қасамки, албатта, Ибн Марям одил ҳакам бўлиб нозил бўлгай. Сўнг албатта, хочни синдиргай, албатта, чўчқани ўлдиргай, албатта, жизяни бекор қилгай, албатта, ёш туялар тарк қилингай, уларни суғорилмагай, албатта, одамлар орасидаги кўраолмаслик, ҳасад қилиш ва бир-бирини ёмон кўриш кетгай ва албатта, у молга даъват қилгай, аммо уни биров қабул қилмас», дедилар».
Чунки молу дунё ҳамма ёқни босиб кетган бўлади. Шунинг учун ҳам одамлар орасидаги ўзаро душманлик қолмаган бўлади.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Дажжол умматим ичидан чиқиб қирқ, билмадим қирқ кунми, қирқ ойми, қирқ йилми турур. Кейин Аллоҳ Ийсо ибн Марямни юборур. У худди Урва ибн Масъудга ўхшар. Бас, у ҳалиги(Дажжол)ни излаб топиб ҳалок этур. Кейин одамлар етти йил икки киши орасида адоват бўлмай турурлар», дедилар».
Иккисини Муслим ривоят қилган.
Ровий Дажжолнинг чиққанидан кейин ер юзида туриши қирқ йилми, ойми ёки кунми эканида шакка тушиб қолган экан. Биз буни қирқ кун эканини ва у кунлар қандоқ кунлар эканини Тамийм ад-Дорий розияллоҳу анҳунинг ҳадисларида ўрганганмиз.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Мен билан Ийсо алайҳиссаломнинг орамизда набий йўқ. Албатта, у нозил бўлур. Қачон кўрсангиз, уни таниб олинглар. Ўрта бўйли қизғиш оқ киши. Икки сарғиш кийим кийган. Худди бошидан қатра томиб турганга ўхшайди. Агар унга ҳўл етмаган бўлса ҳам. Ислом учун одамларга қарши уруш қилади. Масийҳи Дажжолни қатл қилади. Сўнг ер юзида эминлик воқеъ бўлади. Ҳаттоки, шерлар туялар билан, йўлбарслар моллар билан ва бўрилар қўйлар билан бир яйловда бўлурлар. Болалар илонлар билан бирга ўйнарлар. Ийсо ер юзида қирқ йил туради. Сўнгра вафот этади ва жанозасини мусулмонлар ўқийди», дедилар».
Абу Довуд, ал-Ҳоким ва Аҳмад ривоят қилган.
Ақоид илми уламолари қиёматнинг улкан аломатлари сифатида юқоридагиларни зикр қиладилар. Баъзилари яна бир иккитасини ҳам қўшадилар. Аммо кишилар ўртасида имом Маҳдий ҳақларида кўп саволлар бўлади. Шунинг учун биз у киши ҳақида ҳам маълумот бериб ўтишни лозим топдик. Имом Маҳдийнинг чиқишлари ҳам қиёматнинг аломатларидан бири бўлади.

Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу ҳақида

Умму Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Бир халифа ўлганда ихтилоф бўлади. Аҳли Мадинадан бир киши Маккага қочиб чиқади. Бас, унинг олдига аҳли Маккадан одамлар келиб, ўзи истамаса ҳам уни чиқариб, Рукн ва Мақом орасида унга байъат қиладилар. Унга қарши Шомдан аскар юборилади. Уларни Макка ва Мадина орасидаги сайҳонликда ер ютади. Қачон одамлар ўшани кўрганларида унинг олдига Шомнинг Абдоллари-авлиёлари ва аҳли Ироқнинг яхшилари келадилар ва унга байъат қиладилар. Сўнгра қурайшдан тоғалари Бани калбдан бўлган бир киши чиқади. Бас, у(Маҳдий) аларга қарши аскар юборади ва уларга ғолиб келади. Ана ўша Калбнинг аскаридир. Калбнинг ўлжасига ҳозир бўлмаган ноумиддир. Кейин у (Маҳдий) молни тақсим қилади ва одамлар орасида Набийлари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига амал қилади. Ислом ер юзида қарор топади. У етти йил қолади. Сўнг вафот этади ва мусулмонлар унинг жанозасини ўқийдилар», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набийимиздан кейин бирор нарса бўлишидан қўрқиб Набиюллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадик. Бас, у зот:
«Албатта, менинг умматимда Маҳдий бордир. У чиқиб беш ёки етти ёки тўққиз яшайди», дедилар.
«У нима?» дедик.
«Йиллар. Унга бир одам келиб «Эй, Маҳдий! Менга бер! Менга бер!» дейди. У унинг кийимига кўтаришга кучи етганичани ҳовучлаб солиб беради», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу ҳақларида мусулмон уламолар орасида қадимдан у кишининг охири замонда чиқишлари борасида кўпгина баҳслар ўтган. Бу баҳслар натижаси турлича бўлиб чиққан.
Шийъа мазҳабидагилар имом Маҳдийни – Маҳдий мунтазар-интизор бўлиб турилган Маҳдий дейишади.
Аҳли Сунна вал жамоа мазҳабидаги уламолар бу масалада ўзаро алоҳида баҳс юритганлар. Баъзи уламолар, бу борада келган барча ҳадислар заифдир, деганлар. Булар озчилик бўлиб, уларнинг кўзга кўрингани Ибн Халдундир.
Кўпчилик уламолар, Маҳдий розияллоҳу анҳу ҳақидаги ҳадиси шарифлар катта саҳобалардан улуғ муҳаддислар томонидан ривоят қилинган, дейдилар. Бу ҳақдаги ҳадиси шарифларни Имом Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Табароний, Абу Яъло, Баззоз, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, ал-Ҳоким ва бошқалар ривоят қилган.
Ана ўша ҳадиси шарифлардан бир қисмини юқорида ўрганиб чиқдик. Уларнинг баъзиларида имом Маҳдий розияллоҳу анҳунинг номлари очиқ-ойдин тилга олинган бўлса, бошқаларида ишора қилинган. Уларни солиштириб чиқадиган бўлсак, бир неча умумий хулосалар чиқаришимиз мумкин:
Охири замон бўлганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оли байтларидан, Ҳазрати Али ва Биби Фотима розияллоҳу анҳумоларнинг ўғиллари имом Ҳасан розияллоҳу анҳунинг наслидан имом Маҳдий розияллоҳу анҳу чиқадилар.
Имом Маҳдий розияллоҳу анҳунинг чиқишлари қуйидагича бўлади: Бир халифа ўлганда мусулмонлар ўртасида ихтилоф бўлади. Аҳли Мадинадан бир киши Маккага қочиб чиқади. Бас, унинг олдига аҳли Маккадан одамлар келиб, ўзи истамаса ҳам уни чиқариб Рукн ва Мақом орасида унга байъат қиладилар. Ана ўша киши Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу бўладилар.
Имом Маҳдий розияллоҳу анҳуга қарши Шомдан аскар юборилади. Шомдан юборилган аскарларни Макка ва Мадина орасидаги сайҳонликда ер ютади.
Қачон одамлар ўшаларни ер ютганини кўрганларида Имом Маҳдий розияллоҳу анҳунинг олдига Шомнинг Абдоллари – авлиёлари ва аҳли Ироқнинг яхшилари келадилар ва унга байъат қиладилар.
Сўнгра қурайшдан тоғалари Бани калбдан бўлган бир киши чиқади. Бас, Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу уларга қарши аскар юборади ва уларга ғолиб келади. Кейин Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу молни тақсим қилади.
Сўнгра Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу одамлар орасида Набийлари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига амал қилади. Ислом ер юзида қарор топади. Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу зулм ва жаврга тўлган ер юзини адолат ва инсофга тўлдиради.
Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу молни сочади, уни санамайди. У кишининг даврларида молу мулк кўпайиб кетганидан ва ўзлари сахий бўлганларидан шундоқ бўлади.
Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу халифа бўлган ҳолда етти йил қоладилар. Сўнг у киши вафот этадилар ва мусулмонлар у зотнинг жанозасини ўқийдилар.

Қиёматнинг кичик аломатлари

Қиёматдан олдин зоҳир бўладиган кичик аломатлар ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар келган. Улардан кўпини «Ҳадис ва Ҳаёт» китобининг «Фитналар ва қиёмат аломатлари китоби» деб аталган ўттиз саккизинчи жузида батафсил ўрганилган. Ҳозир эса қиёматнинг кичик аломатлари ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз. Шу билан бирга ушбу аломатлардан баъзиларини уламоларимиздан қисманлари қиёматнинг катта аломатларидан санаганлари ҳам борлигини айтиб қўймоқчимиз.
Ҳузайфа ал-Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдимизга чиқиб келдилар. Биз гаплашиб ўтирган эдик. Бас, у зот:
«Нимани гаплашмоқдасизлар?» дедилар.
«Қиёматни гаплашмоқдамиз», дейишди.
«Албатта, у ундан олдинги ўнта аломатни кўрмагунингизча қоим бўлмас», дедилар ва Тутунни, Дажжолни, Доббани, қуёшнинг мағрибидан чиқишини, Ийсо ибн Марям соллаллоҳу алайҳи ва салламни нозил бўлишларини, Яъжуж-Маъжужни, учта ер ютишни; машриқдаги ер ютишни, мағрибдаги ер ютишни ва араб жазирасидаги ер ютишни ва охири Ямандан чиқиб одамларни маҳшарга қувлайдиган ўтни зикр қилдилар».
Муслим, Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифда қиёматнинг катта аломатларидан бир нечтаси ҳақида сўз бормоқда;
Тутун.
Қиёматдан олдин бир тутун зоҳир бўлади. У кофирларнинг нафасини олади ва мўминлар учун тумовдек бўлади. Ўша тутун ер юзида қирқ кун туради.
Дажжол.
Добба.
Қуёшнинг мағрибидан чиқиши.
Ийсо ибн Марям соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нозил бўлишлари.
Яъжуж-Маъжуж.
Учта ер ютиши; машриқдаги ер ютиш, мағрибдаги ер ютиш ва араб жазирасидаги ер ютиш.
Ямандан чиқиб одамларни маҳшарга қувлайдиган ўт.
Бу ўт-олов Адан шаҳри қаъридан чиқиши ҳақида бошқа ривоятлардан айтилган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Албатта, қиёматнинг аломатларидан: Илмнинг кўтарилмоғи, жаҳлнинг зоҳир бўлмоғи, зинонинг тарқалмоғи, хамрнинг ичилмоғи. Аёллар кўпайиб, эркаклар озайиб элликта аёлга битта бошлиқ бўлмоғи», дедилар».
Бунга ўхшаш аломатлар анчагина бўлиб, улардан баъзилари воқеъликда пайдо бўлгандир. Қолганлари аста-секин пайдо бўлиб бораверади.

ҚИЁМАТ

Қиёмат сўзининг маъноси тик туришдир. Ўша кунда ҳамма гўридан тик туриб тирилиши учун қиёмат шу ном билан номланган. Қиёматнинг бундан бошқа, ҳисоб куни, охират куни, маҳшар куни каби бир қанча исмлари ҳам бор.
Бундан аввал қиёматнинг аломатлари билан танишган эдик. Қачонки, ўша аломатларнинг ҳаммаси юзага чиқиб бўлса Аллоҳнинг иродаси билан бу дунёнинг ажали етади ва қиёмат қоим бўлади. Ўшанда бутун борлиқда ҳаёт тугайди. Борлиқнинг ҳозирги низоми тамомила бузилади. Ҳамма нарса остин - устин бўлиб кетади. Ана ўша қиёмат қоим бўлганидир.
Ҳа, ичидаги барча нарсалари белгиланган ажалгача туриб кейин тамом бўладиган бу дунёнинг ҳам ажали етиб қиёмат қоим бўлади.
Ислом охират кунига иймон келтиришни ҳам иймоннинг рукн масалаларидан қилган. Иймон келтириши лозим нарсалар ичида бу масалага алоҳида эътибор берилади. Нима учун бундай қилинганини бугунги кунда яхши тушуниб турибмиз.
Охират кунига иймон бўлмаса ёки мазкур кунга иймон заиф бўлганида, инсоният таназзулга юз тутишини тажриба кўрсатди. Охират кунида ҳамма одамлар қайта тирилишига, бу дунёда қилган амалларининг зарра-заррасигача мукофот ёки жазо олишига иймони йўқ одамдан яхшилик чиқиши амри маҳол. Агар охират кунига иймон бўлмаса, ер юзида эзгулик ва адолатга эришиб бўлмайди.
Охират кунига иймон бўлмасдан, «Одам ўлгандан кейин чириб йўқ бўлади, қайта тирилмайди», деган фикр ҳоким бўлса, ер юзида кучли кучсизни еб битирадиган «ўрмон» қонунлари жорий бўлади. Золим беш кунлик дунёда ўз зулми юзасидан жавобгар бўлмай, маза қилиб қолиш пайидан бўлади. Ёлғончи-фирибгар бу дунёда ўз ёлғони, фириби билан давр суриб қолиш пайидан бўлади. Хулласи калом, ҳамма бу фоний дунё матоҳи учун ҳар қандай ёмонликдан, ифлосликдан қайтмайдиган бўлиб қолади. Бундай ъолатда кучсизлар, мазлумлар ва бечораларга бу дунё тор бўлади, улар учун ҳаёт кечириш чексиз азобга айланади. Жамиятда ноумидлик, лоқайдлик ва ўзини-ўзи ўлдиришлар кўпаяди.
Мазкур бало-офатлардан қутулиш учун, кишилар инсофли, адолатли, тўғрисўз бўлишлари, барча ёмонликдан қайтишлари, ноумид, лоқайд бўлмасликлари учун охират кунига иймон, албатта, бўлиши лозим.
Аллоҳ таоло сиз билан биз бандаларига хабар берган «ғайбиётлар» ичида энг хатарлиси ва аҳамиятлиси қиёматдир. Унинг энг хатарли ва аҳамиятли бўлиши одам билган нарсаларнинг барчасидан ўзгача ва улкан бўлганидандир. Қиёматдаги ҳодисалар ва азоблар, воқеъалар ва мукофотлар одам боласининг хаёлига ҳам, тасаввурига ҳам сиғмайдиган равишда хатарли ва улкандир.
Қиёмат ўта хатарли ва аҳамиятли бўлганидан ҳам Аллоҳ таоло Қуръони Каримда уни сиз билан бизга қайта-қайта, такрор-такрор эслатгандир.
Қиёмат кунига иймон келтириш иймоннинг асосий рукнларидан биридир.
Агар борлиқни, ҳаётни ва инсонни илмий равишда ўрганилса, улуғ яратувчи, чексиз қудрат ва илм соҳиби ҳамда мутлақ адолату ҳикмат соҳиби бўлган Аллоҳ таолога иймон келтиришдан бошқа илож йўқ.
Агар борлиқни, ундаги ҳодисаларни ва қонунларни яхшилаб ўрганилса, уларнинг барчаси беҳуда ёки ўйин учун эмаслиги ҳам ойдек равшан бўлади.
Агар борлиқни, инсонни ва унинг Холиқ таоло билан бўладиган муносабатларини яхшилаб ўргансак, бу дунё синов ва имтиҳон учун эканлигини, беҳикмат эмаслигини англаб етамиз.
Агар бу дунёда бўлаётган адолат ва мукофот ҳамда жазони ўргансак, улар ноқис эканлигини биламиз. Бу эса ўз навбатида бу дунёда яхши бўлиб ўтганлар мукофотларини, ёмон бўлганлар жазоларини тўлиқ олишлари учун, албатта, қиёмат куни бўлиши зарурлигини тақозо қилади.
Зотан Қуръони Карим ҳам ушбу маънони таъкидлаган.
Аллоҳ таоло «Мўминун» сурасида қуйидагиларни айтади:
«Наҳотки, Бизнинг сизни яратишимиз беҳуда бўлган ва сиз Бизга қайтарилмассиз, деб ҳисобласангиз?!» (115 - оят)
Эй, одамлар, наҳотки Биз сизни беҳудага яратган бўлсак? Наҳотки сиз охиратда Бизга қайтарилмасангиз?!
Ундоқ эмас! Биз сизни яратишимиз беҳуда бўлган эмас! Аллоҳ таолога бирор нарсани беҳуда қилиш мутлақо ярашмайди. Одамларнинг бу дунёда энг афзал қилиб яратилиши уларга Аллоҳ таолога иймон келтириб, ибодат қилиб яшашларини тақозо қилади. Шу билан бирга Аллоҳ таолонинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиб яшашларини тақозо қилади.
Аллоҳ таоло бу дунёда иймон келтириб, амали солиҳ қилганларга мукофот, куфр келтириб, ёмон амал қилганларга жазо беришини ваъда қилган. Агар қиёмат ва ундаги ҳисоб - китоб бўлмаса, мусулмонлар билан жиноятчиларнинг орасида фарқ қолмайди-ку!
Аллоҳ таоло бу ҳақиқатни «Қалам» сурасида баён қилади:
«Мусулмонларни жинояткорларга ўхшатиб қўярмидик?! Сизларга нима бўлди, қандай ҳукм чиқаряпсизлар?!» (35 -36 - оятлар).
Яъни, мусулмонлар ҳеч қачон жиноятчи-гуноҳкорларга қилинган муомалага дучор бўлмайдилар. Мусулмонлар Исломлари туфайли катта иззат-икромга, олий мартабага эришадилар. Агар баъзи жиноятчи-гуноҳкорлар биз ҳам яхши ҳолатга эришамиз, десалар ҳеч ишонмаслик керак. Биз мусулмон билан кофирни, тақводор билан осийни баробар қилармидик?!
Эй, кофирлар! Эй, осийлар!
«Сизларга нима бўлди, қандай ҳукм чиқаряпсизлар?!»
Қандоқ қилиб мўмин билан кофир, тақий билан осий, амал қилган билан амал қилмаган баробар бўлади, деб ҳукм чиқарасизлар? Бундоқ ҳукм ақли бор одамдан чиқмайди-ку? Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло қиёмат қоим бўлишини ва ҳисоб - китоб бўлиб ҳамма қилганига яраша мукофот ёки жазо олишини ирода қилган.
Ушбуга ўхшаш маъно «Жосия» сурасида ҳам айтилган:
«Наҳотки, ёмонликларни қилганлар уларни иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларга ўхшаш қилмоғимизни, ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам баробар бўлишини гумон қилсалар?! Уларнинг қилган ҳукми нақадар ҳам ёмон!» (21 - оят).
Ушбу оятда кофир ва осий кимсанинг хаёлидан ўтадиган гумон инкор қилинмоқда. Кофирлар, бизнинг мўминлардан қаеримиз кам, деб ўйлашлари, гумон қилишлари мумкин. Бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам мўминлар билан баробарликни даъво этишлари мумкин. Бу даъво мутлақо нотўғридир.
«Наҳотки, ёмонликларни қилганлар уларни иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларга ўхшаш қилмоғимизни, ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам баробар бўлишини гумон қилсалар?!»
Аллоҳ таоло ҳеч қачон ёмон ишлар қилган кимсаларни иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларга ўхшатиб қўймайди. Уларнинг икковларини бу ҳаётда ҳам, охиратда ҳам баробар қилиб қўймайди. Баробар бўлса, адолат қолармиди? Пайғамбар юбориш, китоб тушириш ва динни жорий қилишнинг кераги бўлармиди? Агар кофирлар бундай ҳукм қилаётган бўлсалар,
«Уларнинг қилган ҳукми нақадар ҳам ёмон!»
Ҳа, яхшилик қилган одам ўз амалининг мукофотини тўлиқ олиши, ёмонлик қилган одам ҳам ўз ёмонлигининг жазосини тўлиқ олиши лозим ва лобуддир. Бунинг учун инсонни манийдан халқ қилиб, унга жон ва керакли аъзоларни ато қилган Аллоҳ таоло уни ўлганидан кейин тирилтириб савол - жавоб, ҳисоб - китоб қилиб, мутлақ адолатни ўрнатади.
Аллоҳ таоло «Қиёмат» сурасида қуйидагиларни айтади:
«Инсон беҳуда тарк қилинишликнинг ҳисобини қилурми? У манийдан оққан нутфа бўлмаганмиди? Сўнг алақа бўлди. Бас, бекаму-кўст этиб яратди. Бас, ундан жуфтни, эркак ва аёлни яратди. Шундай зот ўликларни тирилтиришга қодир эмасми?!» (36 - 40 - оятлар).
Баъзи нобакорлар қиёмат бўлмаса керак, дегандек, ўлгандан кейин қолиб кетсак керак, қайта тирилмаймиз, ҳам дейди.
Лекин ўша инсон бир ўйлаб кўрсин.
«У манийдан оққан нутфа бўлмаганмиди?»
Яқиндагина дунёда унинг асари ҳам йўқ эди. Кейин она қорнига манийдан оққан нутфа (сперма) билан тушди.
Сўнг алақа бўлди. Бас, бекаму-кўст этиб яратди. Бас, ундан жуфтни – эркак ва аёлни яратди».
Битта ҳужайранинг эркак ёки аёл бўлишини Аллоҳ қилмаса ким қилади?! Фақат ақл ишлатиб кўрганларгина бу ҳақиқатни тушуниб етадилар.
«Шундай зот ўликларни тирилтиришга қодир эмасми?!»
Йўқдан бор қилган зотга, борни қайта тиклаш жуда ҳам осон-ку?!
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу оятни ўқиганларида: «Субҳанака ва балаа», дер эканлар.
Яъни, «Сени поклаб ёд этаман, эй, Парвардигор! Қодирсан!» дер эканлар. Биз ҳам шундоқ демоғимиз лозим.
Хуллас, қиёмат қоим бўлиши ақл тақозо қилган, Аллоҳ таоло ирода қилган инкор қилиб бўлмас улкан ҳақиқатдир.
Қиёмат қоим бўлишига иймон келтирмаган одам мўмин-мусулмон бўла олмайди.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида:
«Ким Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига ва охират кунига куфр келтирса, батаҳқиқ, қаттиқ адашган бўлади», деган (136 - оят).
Демак, фаришталарга ва охират кунига иймон келтирмасликнинг ҳам бошқа асосий унсурларга куфр келтириш каби, оқибати ёмон бўлади. Уламолар бу икки унсурнинг айнан шу жойда зикр қилиниши, булар кофирга таҳдид солувчи, уларни қўрқитувчи нарсалар бўлгани учундир, дейилади.
Иймоннинг мазкур асосий унсурларига ёки улардан бирортасига ишонмасликдан (куфр келтиришдан) кўра қаттиқроқ адашишлик йўқдир.

Қиёмат қоим бўлишига далиллар

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда қиёмат қоим бўлиши ҳақидаги хабарни турли услублар ила баён қилган. Бу улкан ҳақиқатни сиз билан биз бандаларига англатиш учун ажойиб ибора ва жумлаларни ишга солган. Уларда ўша кундан огоҳлантириш ҳам, унга ишора қилиш ҳам, ундан қўрқитиш ҳам, унинг улкан даҳшатлари васфи ҳам ва бошқа ҳолатлар ҳам бор. Келинг, ўша ояти карималардан баъзилари билан танишайлик.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида қуйидагиларни айтади:
«Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. У сизларни қоим бўлишида ҳеч шубҳа йўқ қиёмат куни, албатта, жамлайдир. Ким Аллоҳдан кўра ростгўйроқ?!» (87 - оят)
Яъни, ягона Аллоҳнинг Ўзигина бандаларининг ибодатига лойиқ зотдир. Ким Аллоҳни ибодатга сазовор ягона зот, деб эътиқод қилса ва ҳаёти давомида фақат Аллоҳнинг айтганини қилиб яшаса, унинг кўрсатмасидан чиқмаса, тавҳидга амал қилган бўлади. Ҳамда қиёмат куни мукофотини олади. Ким бунга амал қилмаса, жазосини олади. Бунга шубҳа йўқ. Чунки
«У сизларни қоим бўлишида ҳеч шубҳа йўқ қиёмат куни, албатта, жамлайдир».
Бу гап чин ҳақиқат. Чунки бу гап Аллоҳдан келмоқда.
«Ким Аллоҳдан кўра ростгўйроқ?!»
Ҳеч ким!
Аллоҳ таоло «Назиат» сурасида қуйидагиларни айтади:
«Сендан, қиёмат қачон бўлур, деб сўрашадир. У(қиёмат)нинг зикрини сен қандоқ билардинг. Унинг интиҳоси Роббинггагина хос. Албатта сен у(қиёмат)дан қўрқувчиларга огоҳлантирувчисан, холос. У(қиёмат)ни кўрган кунлари худди бу дунёда бир кеча ёки кундуздан бошқа турмаганга ўхшарлар», (42- 46 - оятлар).
Яъни, Эй, Пайғамбарим, одамлар сендан қиёмат қачон бўлади? деб сўрарлар.
Уларнинг бу саволи истеҳзо учундир. Улар, сен айтаётган қиёматинг бўладиган бўлса, бўла қолмайдими? қабилида савол бермоқдалар.
«У(қиёмат)нинг зикрини сен қандоқ билардинг».
Яъни, қиёмат қачон бўлишини сен билмайсан. Аллоҳнинг Ўзигагина хос бўлган нарсани сен қаёқдан ҳам билар эдинг.
«Унинг интиҳоси Роббинггагина хос».
Яъни, қиёматнинг қачон бўлишини фақат Аллоҳнинг Ўзи билади, холос. Бошқа ҳеч ким билмайди.
«Албатта, сен у(қиёмат)дан қўрқувчиларга огоҳлантирувчисан, холос».
Қачон бўлиш вақтини белгилаб берувчи эмассан. Сенга бу хусусда топширилган вазифа одамларни қиёмат бўлишидан огоҳлантириш, уларни ўша кунга тайёрланишга ундаш, холос.
«У(қиёмат)ни кўрган кунлари худди бу дунёда бир кеча ёки кундуздан бошқа турмаганга ўхшарлар».
Яъни, улар бу дунёда ғурурга кетиб юрган бўлишларига қарамай, қиёматнинг даҳшатидан бу дунёда кечирган ҳаётлари бир кун ҳам яшамаганга ўхшаб туюлади.
Қиёмат қандай қоим бўлади.
Қиёмат қоим бўлиши ва ундаги одамларнинг ҳолати ҳақида турли сураларда турли васфлар келган. Биз йиғинчоқ тасаввур «Зумар» сурасидаги васфни тўлиқ олишга қарор қилдик:
«Ва сурга пуфланди. Осмонлару ерда ким бўлса, қулаб ўлди. Магар Аллоҳ хоҳлаганларгина қолди. Сўнгра унга яна бир бор пуфланди. Бас, тўсатдан улар туриб интизор бўлурлар» (68 - оят).
Қиёматни қоим қилиш Аллоҳ таоло учун қийин иш эмас. У зотнинг Ўзи бунга бевосита аралашиб юрмайди ҳам. Фақат иродаси кетса бўлди.
«Ва сурга пуфланди».
Сур ичига пуфланса овоз чиқарадиган асбоблиги маълум. Унга фаришта Исрофил алайҳиссалом Аллоҳнинг амри ила пуфлайди. Қиёмат қоим бўлиши учун аввало сурга бир марта пуфланади. Мана, Аллоҳнинг иродаси кетди.
«Ва сурга пуфланди. Осмонлару ерда ким бўлса, қулаб ўлди».
Буниси биринчи пуфлаш бўлиб, «саъқ пуфлаши» дейилади. «Саъқ» чақмоқ уриб, йиқилиб ўлганга нисбатан айтилади. Демак, сурга биринчи бор пуфланганда осмонлару ердаги барча жонзотлар чақмоқ ургандай бирдан йиқилиб ўладилар.
Шунинг учун ҳам бу пуфлаш «саъқ»-«йиқилиб ўлиш» пуфлаши, дейилади.
«Магар Аллоҳ хоҳлаганларгина қолди».
Аллоҳнинг хоҳиши ҳамма нарсадан устун, шунинг учун У зот хоҳласа, баъзи жонзотлар саъқ-пуфлашидан кейин ҳам тирик қолади.
«Сўнгра унга яна бир бор пуфланди».
Яъни, Исрофил алайҳиссалом томонидан сурга иккинчи бор пуфланди.
«Бас, тўсатдан улар туриб, интизор бўлурлар».
Яъни, барча халойиқ тирилиб, ўринларидан туриб, бундан кейин нима бўлишини интизор бўлиб кутадилар. Шунинг учун ҳам иккинчи пуфлаш «туриш пуфлаши» деб номланади.
«Ва ер Робби нури ила ёришди. Китоб қўйилди. Пайғамбарлар ва гувоҳлар келтирилди. Улар орасида ҳақ ила ҳукм чиқарилди. Уларга зулм қилинмади» (Зумар: 69).
Бу ояти каримада қиёмат куни ҳодисаларининг васфи давом этмоқда. Иккинчи пуфлашдан кейин барча халойиқ қабридан дарҳол туриб, нима бўлишини кутаёгган эди.
Энди сурга учинчи марта пуфланади. Бу пуфлашга «ҳашр (жамлаш) пуфлаши» дейилади. Чунки бу пуфлашдан кейин ҳамма ҳашр майдонига йиғилади. Ана ўшанда бандалар орасида ажрим чиқариш учун Аллоҳ таоло тажаллий қилади.
«Ва ер Робби нури ила ёришди».
Яъни, маҳшар майдони Аллоҳнинг нури ила ёп-ёруғ бўлди. У кунда фақат Аллоҳнинг нури бўлади. Энди ҳамма нарса ҳисоб-китобга тайёр ҳам бўлди.
«Китоб қўйилди».
Бандаларнинг номаи аъмоллари - бу дунёда қилган амаллари фаришталар томонидан ёзиб юрилган китоб ўртага қўйилди.
«Пайғамбарлар ва гувоҳлар келтирилди».
Ҳар бир банданинг ҳар бир иши ўз лаҳзасида ёзилганига қарамай, яна ҳам таъкидлаш учун ва умматларга Аллоҳнинг амрини етказганликларини айтиш учун Пайғамбарлар келтирилдилар. Ҳар бир жоннинг ишларига гувоҳ бўлганлар, хусусан, бу дунёда унга бириктирилган фаришталар ҳам келтирилади. Демак, ўта аниқлик билан ҳукм чиқарилишида ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ.
«Улар орасида ҳақ ила ҳукм чиқарилди».
Бандалар орасида ҳақ-адолат ила ҳукм чиқарилди.
«Уларга зулм қилинмади».
Ҳеч кимга амалидан ортиқча ёки кам жазо берилмади.
«Ва ҳар бир жонга қилган амали (жазо ёки мукофоти) тўлиқ берилди. У зот улар қилаётган ишларни ўта яхши билгувчидир».
Қиёматдаги ҳисоб-китоб ўта аниқлик билан амалга оширилди. Аввало, бу дунёда қилган ишлари ўта аниқлик билан ёзиб юрилган номаи аъмол китоблари олиб келинди. Аниқ ҳукм чиқариш учун шунинг ўзи етар эди. Аммо Пайғамбарлар ҳам гувоҳликка келтирилдилар. Улар кишиларга Аллоҳнинг амрини, таълимотини, ваҳийни, китоби ва аҳкомларини қандай етказганлари ҳақида гувоҳлик бердилар. Ҳеч ким, мен билмай қолибман, дин ҳақида, шариат ҳақида тириклик чоғимда хабар эшитмаган эдим, дея олмайдиган бўлди.
Шунингдек, гувоҳлар ҳам келтирилди. Улар банда қачон, қаерда, қай тарзда нима қилган бўлса, очиқ-ойдин гувоҳлик бердилар. Ана ўшалар асосида:
«Ва ҳар бир жонга қилган амали (жазо ёки мукофоти) тўлиқ берилди».
Зарра миқдорича ҳам камайтирилмади.
«У зот улар қилаётган ишларни ўта яхши билгувчидир».
Юқорида айтилган ҳужжат-далил ва гувоҳлар устига энг катта ҳужжат шуки, Аллоҳ таолонинг Ўзи бандаларининг қилаётган ишларини жуда ҳам яхши билгувчи зотдир.
Ана энди маҳшарда ҳисоб-китоб тугади. Ҳар кимга амалига яраша жазо ёки мукофот тайинланди.
«Ва куфр келтирганлар жаҳаннамга гуруҳ-гуруҳ қилиб ҳайдалди. Токи унга етиб келган чоғларида унинг эшиклари очилди ва унинг қўриқчилари уларга: «Сизларга ўзингиздан бўлган Пайғамбарлар келиб, Роббингиз оятларини тиловат қилиб бермадиларми? Сизларни ушбу кунингизга дучор бўлишингиздан огоҳлантирмадиларми?!» дедилар. Улар: «Ҳа! Лекин азоб сўзи кофирлар устига ҳақ бўлгандир», дедилар» (Зумар: 71).
Ажойиб бир манзара. Ҳукм чиққанидан кейин кофирлар жамланиб жаҳаннам томон ҳайдаб кетилдилар. Ҳаммаёқ жим-жит. Кофирлар жаҳаннамга етиб келган пайтида ҳеч қандай шовқин-суронсиз унинг эшиклари очилди.
Ҳамма даҳшатда. Жаҳаннам нелигини ва у ерда нималарга дучор бўлишларини ҳам билдилар. Шунинг учун ҳам бошларини эгиб, паришон ҳолда кетмоқдалар. Шунда бирдан уларга жаҳаннамнинг қўриқчилиги вазифасини адо этувчи фаришталар қуйидаги саволни берадилар:
«Сизларга ўзингиздан бўлган Пайғамбарлар келиб, Роббингиз оятларини тиловат қилиб бермадиларми?» Эй, шўри қуриганлар, нимага бу томон келяпсизлар?! Нима бўлди сизларга?! Нима, у дунёда сизларга ўзингиздан бўлган, оддий инсон Пайғамбарлар келмадими?! Улар сизларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб бермадими?! Ахир Пайғамбарлар сизни бундан огоҳлантирган бўлишлари керак-ку!!! Улар сизга бу ҳақдаги оятларни тиловат қилиб берган бўлишлари керак-ку!!! Ёки улар:
«Сизларни ушбу кунингизга дучор бўлишингиздан огоҳлантирмадиларми?!» дедилар».
Кофирлар нима ҳам жавоб қила олардилар. Кўп гапира ҳам олмайдилар.
«Улар: «Ҳа! Лекин азоб сўзи кофирлар устига ҳақ бўлгандир», дедилар».
«Ҳа», ўзимиздан бўлган Пайғамбарлар бизга келган, улар бизга Роббимизнинг оятларини тиловат қилиб берган ва у куннинг даҳшатидан огоҳлантирган эдилар, демоқчилар. Лекин тўлиқ айта олмайдилар. «Ҳа», деб қўйишга зўрға ярайдилар. Ортидан эса тан олиб;
«Лекин азоб сўзи кофирлар устига ҳақ бўлгандир», деб ўзларининг кофирликларини эътироф этадилар.
Шунда уларга:
«Жаҳаннам эшикларидан унда абадий қолгувчи бўлган ҳолингизда киринг», дейилди. Бас, мутакаббирларнинг жойи қандай ҳам ёмон бўлди» (Зумар: 72).
Ҳалиги жаҳаннам қўриқчилари билан бўлган савол-жавобдан кейин кофирларга:
«Жаҳаннам эшикларидан унда абадий қолгувчи бўлган ҳолингизда киринг», дейилди».
Бир йўла уларга жаҳаннамда абадий қолишлари ҳам айтиб қўйилди. Жаҳаннам бу дунёда иймонга киришдан бош тортиб, кофир бўлиб ўтган мутакаббирларга жой бўлди.
«Бас, мутакаббирларнинг жойи қандай ҳам ёмон бўлди».
Жаҳаннамга ҳукм қилинганларнинг ҳоли шундай бўлди. Энди эса жаннатга ҳукм этилганларнинг ҳоли васф қилинади:
«Ва Роббиларига тақво қилганлар жаннатга гуруҳ-гуруҳ қилиб олиб борилдилар. Токи унга етиб келган чоғларида унинг эшиклари очилди ва унинг қўриқчилари уларга: «Сизга саломлар бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга абадий қолгувчи бўлган ҳолингизда киринг», дедилар.
Улар: «Бизларга берган ваъдасини рост қилган ва бизга бу ерни мерос қилиб берган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Энди ундан хоҳлаган жойимизни оламиз», дедилар. Бас, амал қилувчиларнинг ажри қандай ҳам яхши бўлди!» (Зумар: 73-74).
Бу ҳолат жаҳаннам аҳлининг ҳолатидан тамоман бошқача. Ҳамма томонда хурсандлик, ҳамма томонда шоду хуррамлик барқ уриб туради. Қўриқчиларнинг гапи ҳам салом, табрик ва башоратдан иборат. Жаннат аҳлининг гапида ҳам Аллоҳ таолога ҳамду сано, хурсандлик бор. Нақадар яхши ҳолат! Нақадар гўзал жой! Нақадар яхши мукофот!
«Ва Роббиларига тақво қилганлар жаннатга гуруҳ-гуруҳ қилиб олиб борилдилар».
Мазкур саодатманд бандаларнинг жаннати бўлишларининг асосий боиси Роббиларига тақво қилганлари экан. Ана ўша тақво сифатига эга бўлганлари учун ҳам, қиёмат куни уларни гуруҳ-гуруҳ қилиб жаннатга олиб борилар экан. Шунинг ўзидан тақводорлик қанчалар зарур нарса эканини тушуниб олишимиз керак бўлади.
Ана, жаннатга киришларига ҳукм чиққан хушбахт бандалар жаннатга олиб келинди. Уларнинг бутун вужудларидан қувонч ёғилиб турибди. Мана, орзиқиб кутилган жаннат эшиги ҳам кўринди. Жаннатиларнинг шавқу завқлари яна ҳам зиёда бўлиб, унинг эшиклари томон йўлландилар.
«Токи унга етиб келган чоғларида унинг эшиклари очилди ва унинг қўриқчилари уларга: «Сизга саломлар бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга абадий қолгувчи бўлган ҳолингизда киринг», дедилар».
Жаннатнинг эшик оғаси бўлган фаришталар Роббиларига тақво қилган бандаларни табрик сўзлари билан:
«Сизга саломлар бўлсин! Хуш келдингиз!» деб кутиб олдилар. Сўнгра жаннатиларнинг кўнгилларини яна ҳам тўқ қилиш учун:
«Бас, унга абадий қолгувчи бўлган ҳолингизда киринг», дедилар».
Ҳа, жаннатга доимий қолиш учун, унинг нозу неъматларидан доимий лаззатланиш учун киринглар, дедилар.
Жаннатилар жаннат эшик оғаларининг бундоқ илтифотларига ўзларига хос муомала ила жавоб илтифоти кўрсатдилар.
«Улар: «Бизларга берган ваъдасини рост қилган ва бизга бу ерни мерос қилиб берган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин».
Оҳ! Бу нақадар юксак одоб. Ўзини билиш, Роббисини таниш қандоқ ҳам яхши. Жаннати бандалар, ўзларига берилган олий мақом ва доимий саодат хабарини эшитишлари билан дарҳол Ўз Роббиларига, уларга берган ваъдасига амал қилиб уларни жаннатга киритган Аллоҳга ҳамд айтмоқдалар!
Улар Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини яхши биладилар. Шунинг учун жаннатга кирмасларидан аввал Аллоҳнинг ваъдасига биноан ундан қандоқ жой олишларини билиб,
«Энди ундан хоҳлаган жойимизни оламиз», дедилар».
Ана, кўрдингизми, бу қандоқ ҳам яхши! Қандоқ ҳам гўзал!
«Бас, амал қилувчиларнинг ажри қандай ҳам яхши бўлди!»

Қайта тирилиш ва ҳашр

Мусулмон одам қиёмат куни дунёдан ўтган ҳамма одамлар ўз жасадларига қайта эга бўлиб, қайта тирилишига жазм билан эътиқод қилмоғи керак. Зинҳор ва зинҳор одам ўлиб жасади туроққа қоришиб, ўтда куйиб ёки ҳайвонларга ем бўлиб кетгандан кейин қандоқ қилиб тирилар экан, деган хаёлга бормаслиги лозим.
Аллоҳ таоло «Ҳаж» сурасида қуйидагиларни айтади:
«Эй, одамлар! Агар қайта тирилиш ҳақида шубҳа қиладиган бўлсангиз, бас, Биз сизга баён қилишимиз учун сизларни тупроқдан, сўнгра нутфадан, сўнгра алақадан, сўнгра битган-битмаган бир чайнам гўштдан яратдик. Ва бачадонларда хоҳлаган нарсамизни маълум муддатгача қарор топтирармиз. Кейин сизларни бувак ҳолингизда чиқарармиз. Сўнгра вояга етишингиз учун (тарбия қилармиз). Сиздан вафот қилиб кетадиганлар ҳам, билганидан кейин ҳеч нарсани билмай қоладиган даражада тубан умрга етадиганлар ҳам бор. Ва ерни қақраган ҳолда кўрарсан. Қачонки, Биз унга сув туширсак, у сесканадир ва кўпчийдир. Ҳамда ҳар хил гўзал жуфтларни ўстирадир» (5 - оят).
Одамнинг табиати қизиқ, қайта тирилиш, савол-жавоб, ҳисоб-китоб, жазо-мукофот ҳақида гап кетса, ўйламай-нетмай дарҳол шубҳа қилишга тушади. Бу ҳақиқатни атрофлича тафаккур этмасдан туриб, инкор этади.
Аммо холисона ўйлаб кўрса, бундай қилмаган бўлар эди. Ўзининг аслига бир қараб кўрса, қайта тирилиш ҳеч гап эмаслигини тушуниб етарди.
Бу оятда мазкур масала батафсил муолажа қилинмоқда. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бандаларига хитоб қилиб:
«Эй, одамлар! Агар қайта тирилиш ҳақида шубҳа қиладиган бўлсангиз», билиб қўйингки,
«Биз… сизларни тупроқдан...» яратдик, демоқда.
Сизнинг отангиз Одамни тупроқдан яратганмиз. Инсонни қуруқ тупроқдан яратган зот ўлган одамни қайта тирилтира олмасми?! Инсонни йўқдан бор қилган ва унга жон берган зот бор инсонни қайта тирилтириб, ўзи олган жонни қайта кирита олмасми?!
«...сўнгра нутфадан...» яратдик.
Инсон йўқ эди. У отасининг нутфа-спермасидан дунёга келди. Бу манийда минглаб ҳайвон уруғлар бўлади. Улардан фақат биттасигина онанинг тухумига урчийди. Бошқалари беҳуда йўқ бўлиб кетади. Оддий кўзга кўринмас ушбу маний ҳайвончалар билан баркамол инсон орасида қанча фарқ бор?! Ана шу заррадан одам яратган Холиқ Аллоҳ ўлган одамни қайта тирилтира олмасми?!
«...сўнгра алақадан...»
Араб тилида «алақа» деб аслида зулукка айтилади. Яқингача алақани қотган лахта қон деб айтиб келинган. Аммо илм ривожланиб, бачадондаги ҳомиланинг турли жараёнларини сувратга олиш имкони туғилди. Шунда Қуръони Каримда «алақа» деб номланган босқичдаги ҳомила зулукдек бачадонга ёпишиб туриши маълум бўлди. Алақанинг суврати ҳақиқий зулук билан солиштирилса, уларни фарқлаб бўлмайди.
Хўш, ўша зулукка ўхшаш қотган лахта қон билан инсон орасида қанча фарқ бор? Мазкур қонни бирор кишига кўрсатиб, келажакда мана шу сенга ўхшаган одам бўлади деса, ким ишонади? Лекин Аллоҳ таоло шуни қилади. Ана ўша ишни қилиб, бир парча алақа қондан одам яратган Аллоҳ ўлган одамни қайта тирилтира олмасми?!
«..сўнгра битган-битмаган бир чайнам гўштдан...»
Ҳомила ривожланиб, алақа-зулук шаклидан бир парча чайналган гўшт ҳолига ўтади. Ана ўшанда унга шакл киради. Шакл кирса, битган бўлади. Шакл кирмаса, битмаган бўлади, бачадондан тушиб кетади. Ҳеч ким уни эсламайди ҳам. Энди, ўша бир парча чайналган гўштга ўхшаш нарса билан инсон орасида қанча фарқ борлигини бир ўйлаб кўрайлик? Ўша гўштдан инсон яратган Аллоҳ ўлган одамни қайта тирилтира олмасми?!
«Сизга баён қилишимиз учун яратдик».
Яъни, сизга қудратимиз қанчалик эканини баён қилиш учун сизни яратдик.
«Ва бачадонларда хоҳлаган нарсамизни маълум муддатгача қарор топтирармиз».
Юқорида васф қилинган босқичлар ўтганидан кейин Аллоҳ таоло хоҳлаганини онанинг бачадонида маълум муддатгача, туғилиш вақти келгунича қолдиради. Хоҳлаганини тушириб юборади. Демак, ҳомила нутфа, алақа ва музға босқичларидан ўтганидан кейин ҳам ҳали одам бўлиши-бўлмаслиги аниқ эмас. Ана ўша босқичлардан ўтказган Аллоҳ унинг бола бўлишини хоҳласа, она бачадонида қолдиради. Хоҳламаса, тушириб юборади. Ана шуларга қодир зот ўлган одамни қайта тирилтира олмайдими?!
«Кейин сизларни бувак ҳолингизда чиқарармиз».
Яъни, онангизнинг қорнидан чақалоқ ҳолингизда чиқарамиз.
Туғиш нима эканини уни бошидан ўтказиб кўрганлар билади. Аллоҳнинг инояти бўлмаса, чақалоқнинг она қорнидан ажралиши ўзича рўй беравермайди. Шундай қийин, мураккаб жараённи жорий этган Аллоҳ ўлган одамни қайта тирилтира олмасми?!
«Сўнгра вояга етишингиз учун (тарбия қилармиз)».
Янги туғилган гўдак қанчалар ожиз эканини ҳамма билади. Фақат Аллоҳнинг иноятигина уни бу дунёда ушлаб қолади. Ҳеч бир жонзотнинг боласи одам боласидек ожиз бўлмайди. Бошқа жонзотлар онасидан туғилганидан кейин бироз ўтиб, ҳаракатга тушиб, кунини кўриб кетаверади. Аммо одам боласи узоқ муддатли тарбия ва иноятга муҳтож. Янги туғилган гўдак билан вояга етган инсон орасида катта фарқ бор. Бу ишни ҳам Аллоҳ таоло қилади. Ана шундай ишга қодир Аллоҳ ўлган одамни қайта тирилтира олмасми?!
«Сиздан вафот қилиб кетадиганлар ҳам, билганидан кейин ҳеч нарсани билмай қоладиган даражада тубан умрга етадиганлар ҳам бор».
Яъни, чақалоқлик даврида, ундан кейинги даврларда вояга етмай ўлиб кетадиганлар ҳам бор. Қариб мункиллаб, ҳамма нарсани унутиб қўядиган ёшга етадиганлар ҳам бор. Агар одам боласининг ўзига қолса, ҳеч ўлмас эди. Аммо бу иш унинг қўлида эмас. Бошқа бирор зотнинг қўлида ҳам эмас. Фақат ҳар бир нарсага қодир Аллоҳ таолонинг қўлида. У зот кимга умр берса, яшайди, бермаса, ўлади. Ана шу нарсага қодир зот ўлган одамни қайта тирилтира олмасми?!
Оятнинг охирида Аллоҳ таоло ўлганларни тирилтира олишининг исботига бошқа бир мисол ҳам келтиради.
«Ва ерни қақраган ҳолда кўрарсан».
Қуриб, қақраб ётган ер. Худди ўликка ўхшайди. Унда ҳаётдан асар йўқ.
«Қачонки, Биз унга сув туширсак, у сесканадир ва кўпчийдир».
Ерга сув тушганида, унда жонланиш сезилади. Ҳаёт аломатлари пайдо бўлади.
«Ҳамда ҳар хил гўзал жуфтларни ўстирадир».
Сув тушмасидан олдин, бирорта ўсимликнинг ҳиди ҳам йўқ эди. Аммо сув тушгач, турли-туман гўзал ўсимликлар униб чиқди.
Ўлиб, чириб, тупроққа қўшилиб кетганлар ҳам ҳозирча асарсиз йўқ бўлиб кетганга ўхшайди. Аммо вақт-соати келиб, Аллоҳ таоло қақраб ётган ердан ҳаёт ундирганидек, бир амр билан ҳаммаларини қабрларидан чиқариб олади.
«Бу(ҳолат)лар кўрсатадики, албатта, Аллоҳ ҳақ зотдир ва албатта, У ўликларни тирилтиради ҳамда У ҳар бир нарсага қодирдир» (Ҳаж: 6).
Яъни, ўтган оятда зикр қилинган ҳодисалардан очиқ-ойдин кўринадики, шубҳасиз, Аллоҳ таоло ҳақдир, бордир, бирдир. Шуларга қодир бўлган зотнинг ўликларни тирилтиришига ҳам шубҳа йўқдир. Қисқа қилиб айтганда:
«...У ҳар бир нарсага қодирдир».
Унинг қудрати етмайдиган ҳеч нарса йўқдир.
«Ва, албатта, соат (қиёмат) келгувчидир, бунга шубҳа йўқ. Ва, албатта, Аллоҳ қабрлардаги кимсаларни тирилтирур» (Ҳаж: 7).
Олдинги оятда зикр қилинган ҳолатлар очиқ-ойдин кўрсатадики:
«...албатта, соат (қиёмат) келгувчидир, бунга шубҳа йўқ».
Қиёмат қоим бўлиши турган гап. Бу борада иккиланишга ўрин йўқ. Тайёргарликни кўриб қўйиш керак.
«Ва, албатта, Аллоҳ қабрлардаги кимсаларни тирилтирур».
Бунга баъзи одамлар ишонмаса ҳам, барибир бўладиган иш. Ҳозирча ишонмаслар, лекин қабрларидан тирилиб чиққанларида ишонмасдан иложлари қолмайди. Аммо унда кеч бўлади.
Аллоҳ таоло қиёмат куни одамларни қайта тирил-тирганда уларнинг бармоқ учларигача худди бу дунёда қандоқ бўлса ўшандоқ ҳолда тирилтиради.
Аллоҳ таоло «Қиёмат» сурасида бу ҳақда қуйидагиларни айтади:
«Инсон Бизни унинг суякларини жамлаб олмас, деб ўйларми? Балки, Биз унинг бармоқ учларини ҳам асл ҳолига келтиришга қодирмиз», (3 - 4 - оятлар).
Кунлардан бирида араб мушрикларидан Адий исмли киши Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан гаплашиб ўтириб, қиёмат ҳақида сўзлаб беришни сўради. Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга бироз қиёмат ҳақида сўзладилар. Шунда Адий, «Аллоҳга қасамки, ўша кунни ўз кўзим билан кўрсам ҳам сенга ишонмайман, эй, Муҳаммад, сенга ҳам, ўша кунга ҳам, иймон келтирмадим, Аллоҳ ўлган одамнинг суякларини тўплаши мумкин эканми?» деди.
Аллоҳ таоло унга раддия қилиб ушбу оятларни туширди.
«Балки, Биз унинг бармоқ учларини ҳам асл ҳолига келтиришга қодирмиз».
Ушбу оят Қуръони Каримнинг илмий мўъжизаларидан биридир. Тупроққа кўмилган ўлик бир муддатдан сўнг чириб битади. Қиёмат куни ўша чириб, тупроққа аралашиб кетган инсон қайта тирилишга кўпчиликнинг ишонгиси келмайди.
Аллоҳ таоло бўлса, бунга ҳайрон бўлишининг ҳожати йўқ, Мен нафақат танани, балки ўша танадаги нозик, дақиқ жойларни, чизиқларни ҳам, жумладан, бармоқ учларини ҳам, аввал қандоқ бўлса, худди шундоқ ҳолига келтираман, дейди.
Нима учун Аллоҳ бу оятда инсон аъзолари ичидан айнан бармоқ учини танлаб олди?
Инсоннинг бошқа аъзолари, бировники иккинчисиникига ўхшаши мумкин. Лекин бармоқ учлари ҳеч қачон бировники бошқа шахсникига ўхшамас экан. Бу ҳақиқатни одамлар ўтган асрга келибгина англаб етдилар. 1884 йилдан бошлаб Англияда бармоқ изидан одамларни аниқлаш бошланди. Бармоқ излари турлича бўлиб, дунёда ҳеч қачон бир кишининг бармоқ чизиқлари иккинчи шахсникига ўхшамас экан.
Бу далил Қуръоннинг ҳақиқий илоҳий китоб эканлигини яна бир бор исботлайди. Кўпчилик мазкур оят таъсиридан Ислом динини қабул қилганлар.
Одамнинг қиёмат куни қайта тирилтирилиши ҳадиси шарифда ҳам баён қилинган ва бу баённи ҳозирги замон илми тасдиқлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Икки пуфлашнинг орасида қирқ», дедилар.
«Эй, Абу Ҳурайра! Қирқ кунми?» дейишди.
«Билмайман», деди.
«Қирқ ойми?» дейишди.
«Билмайман», деди.
«Қирқ йилми?» дейишди.
«Билмайман. Сўнгра Аллоҳ осмондан сув туширади ва улар худди ўсимликлар унгандек унадилар. Инсоннинг не нарсаси бўлса, албатта, чириб кетади. Илло битта суяк чиримайди. У Ажабуз занабдир. Ана ўшандан қиёмат куни халқ таркиб қилинади», деди».
Икки шайх ривоят қилган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Одам боласининг ҳаммаёғини тупроқ ейди. Илло Ажабуз занабни емайди. У ўшандан халқ қилинган ва ўшандан қайта таркиб қилинади», дедилар».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган.
Ажабуз занаб умуртқа поғанасининг охирида жойлашган ўта кичик ҳажмдаги суяк бўлиб ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзгармай тураверишини ҳозирги замон илми ҳам тасдиқлади. Одам ўлиб ерга кўмилгандан кейин унинг вужуди чириб тупроққа қўшилиб кетади, куйиб кулга айланиши ёки бирор ҳайвонга ем бўлиши мумкин. Аммо мазкур Ажабуз занаб қолади. Қиёмат қоим бўлиб ёмғир ёққанда унга худди ўсимликнинг уруғига ёмғир таъсир қилиб униб чиққандек одамнинг жасади ҳам униб чиқади.

Ҳолатнинг оғирлиги

Қиёмат қоим бўлганда рўй берадиган қаттиқ ҳолат қалбларни ларзага солади, ақлларни бошдан учиради, инсоннинг хаёлини паришон қилади, ҳатто, эмизикли аёллар болаларини ҳам унутиб юборади, ҳомиладорлар ҳомиласини ташлаб қўяди ва бошқа даҳшатли ҳолатларни юзага чиқаради.
Ана ўша ҳолатлардан бир кўринишни Аллоҳ таоло «Ҳаж» сурасида қуйидагича тасвирлайди:
«Эй, одамлар! Роббингиздан қўрқинг! Албатта, соат (қиёмат) зилзиласи улкан нарсадир» (1- оят).
Ушбу ояти каримадаги хитоб барча одамларга қаратилгандир. Оятда ҳамма одамларни Аллоҳ таолодан қўрқишга, тақво қилишга чақириқ аксини топгандир. Агар Аллоҳдан қўрқмайдиганлар бўлсалар, билиб қўйсинлар:
«Албатта, соат (қиёмат) зилзиласи улкан нарсадир».
Яъни, қиёмат бошланганидан дарак берувчи зилзила жуда даҳшатли, хавфли ҳодисадир. Ана ўшанда иймонсизлар, Аллоҳга тақво қилмаганлар нима бўлишларини кўрадилар.
«Уни кўрадиган кунингизда, ҳар бир эмизувчи ўзи эмизаётган нарсасини унутар. Ҳар бир ҳомиладор ҳомиласини ташлар. Одамларни маст ҳолда кўрарсан. Ҳолбуки, улар маст эмас. Лекин Аллоҳнинг азоби шиддатлидир» (Ҳаж сураси: 2-оят).
Яъни, Қиёмат соати зилзиласи рўй берган кунда:
«Ҳар бир эмизувчи ўзи эмизаётган нарсасини унутар».
Маълумки, она ўзи эмизаётган боласига жуда боғлиқ бўлади. Ухлаб қолган онани момоқалдироқ уйғота олмаслиги мумкин, лекин боласининг инграши дарҳол уйғотади. Эмизувчи она ҳамма нарсани унутса, унутади, аммо боласини унутмайди. Лекин қиёмат соати зилзиласи шу қадар даҳшатлики, ҳатто, эмизувчи аёл боласини унутади. Битта-иккитаси эмас, ҳаммаси, ҳар бир эмизикли аёл эмизадиган боласини унутиб қўяди.
«Ҳар бир ҳомиладор ҳомиласини ташлар».
Бу ҳам ўша зилзиланинг даҳшатидан рўй беради. Ҳомиладор ҳомиласини ташлаб қўйиши учун ниҳоятда қаттиқ қўрқиши керак. Ўшандоқ қўрқув қиёмат соати зилзиласидан бўлади. Ўша вақтда:
«Одамларни маст ҳолда кўрарсан. Ҳолбуки, улар маст эмас».
Бу ҳолат ҳам ўша зилзиланинг ғоятда даҳшатли эканига далолат қилади. Қаттиқ қўрққан одамлар ҳеч нарса ичмасдан туриб ҳам, эс-ҳушларини йўқотиб, худди маст одамларга ўхшаб қолишади. Чунки:
«Аллоҳнинг азоби шиддатлидир».
Аллоҳ таоло «Абаса» сурасида қуйидагиларни айтади:
«Вақтики кар қилувчи овоз келса. У кунда киши ўз ака-укасидан. Ва онаси ва отасидан. Ва хотини ва бола-чақасидан қочади. У кунда улардан ҳар бир шахсни овора қилувчи ўз иши бор», (33-37-оятлар).
Биз кар қилувчи овоз, деб таржима қилган маъно, Қуръони Карим таъбири ила бир оғиз лафз ила «Ас-Соохха» дейилади. «Ас–Соохха» – қиёматнинг номларидан бири бўлиб, қулоқларни кар қилувчи овоз маъносини билдиради. Қиёмат қаттиқ қичқириқ овоздан кейин қоим бўлишидан шу ном билан ҳам аталган. Ушбу ояти каримада қиёмат кунинг даҳшатини васф қилиш учун унинг айнан ушбу сифати келтирилмоқда.
Кейинги оятларда қулоқларни кар қилувчи қаттиқ қичқириқ ила қиёмат қоим бўлганидан сўнг нималар бўлиши зикр қилинади.
«У кунда киши ўз ака-укасидан. Ва онаси ва отасидан. Ва хотини ва бола-чақасидан қочади».
Яъни, қиёматнинг даҳшатидан ҳамма ўзи билан овора бўлиб қолади. Ҳатто, ҳеч кимнинг ака - укаси, ота–онаси ва хотинию бола-чақаси билан ҳам иши бўлмай қолади.
Бу дунёда инсон бошига оғирлик тушган хотини, бола-чақаси, она-отаси ва ака-укасига ёрдамга шошилади. Мазкур кишиларга каттадир-кичикдир, мусибат етганда ёрдам беришлик бурч, ёрдам бермаслик эса ор-номус ҳисобланади. Аммо қиёмат қийинчилигида эса инсон мазкур кишиларни ташлаб қочади.
Чунки:
«У кунда улардан ҳар бир шахсни овора қилувчи ўз иши бор».
Ҳа, қиёмат куни даҳшати шунчалик кучлики, ҳар бир одам ким бўлишидан қатъий назар, фақат ўзинигина ўйлаб қолади. Ака-ука ҳам, ота-она ҳам, бола-чақаю, эру-хотин ҳам ёдга келмай қолади. Ҳамма ўзини ўйлаб, бир-биридан қочади.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Одамлар қиёмат куни яланг оёқ, яланғоч ва хатна қилинмаган ҳолда ҳашр қилинадилар», дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг расули! Аёллар ва эркаклар ҳаммалари бир-бирларига назар солурларми?» дедим.
«Эй, Оиша! Иш улар бир-бирларига назар солиш-ларидан кўра шиддатли!» дедилар».
Иккисини икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Қиёматнинг кучли шиддатидан ҳар ким ўзи билан овора бўлиб биров билан иши бўлмай қолади. Ёнидаги одам эркакми, аёлми, яланғочми, кийинганми - хаёлига ҳам келмайди.

Ҳисоб

Мусулмон инсон қиёматда бу дунёдаги қилинган амалларининг зарра миқдоричаси ҳам қолмай ҳисоб қилинишига ва ўша ҳисоб асосида мукофот ёки жазо берилишига жазм ила эътиқод қилмоғи керак.
Аллоҳ таоло «Залзала» сурасида бу ҳақиқатни қуйидагича баён қилади:
«Ўша кунда одамлар амалларини кўриш учун жойларидан гуруҳ-гуруҳ бўлиб қўзғалурлар. Бас, ким зарра оғирлигида яхшилик қилса ҳам кўрадир. Ва ким зарра оғирлигида ёмонлик қилса ҳам кўрадир», (6 - 8 - оятлар).
Яъни, қиёмат куни одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, мўминлар алоҳида, кофирлар алоҳида жойларидан қўзғаладилар. Кейин бу дунёда қилган ишларига яраша мукофот ёки жазо оладилар.
Яхшиликнинг ҳам, ёмонликнинг ҳам катта-кичиги бўлмайди. Ҳаммасининг ҳисоб-китоби бўлади, қиёматда жавоб бериш керак.
Ҳар доим агар кўзга кўринмас зарра миқдорида бўлса ҳам яхшиликни қилиб, шунингдек, агар кўзга кўринмас зарра миқдорида бўлса ҳам ёмонликдан қочиш керак.
Аллоҳ таоло:
«Аллоҳ барчаларини қайта тирилтирадиган кунда, қилган ишларининг хабарини берур. Аллоҳ ҳисоблаб турган, улар эса унутганлар. Ҳолбуки, Аллоҳ ҳар бир нарсага шоҳиддир», деган.
Баъзи кофир ва мунофиқлар «Аллоҳга ишонмаган, Унинг шариатига амал қилмаганлар ёшини яшаб, ошини ошаб, бирор жазо тортмай ўтиб кетмоқдалар-ку! Азоб қани?!» дейишлари мумкин. Ушбу оятда ана шундоқ муҳтамал-эҳтимолда бор саволнинг жавоби ўз аксини топган.
«Аллоҳ барчаларини қайта тирилтирадиган кунда, қилган ишларининг хабарини берур».
Тўғри, баъзи кофир ва осийлар бу дунёдан ўз қилмишларига яраша жазо тортмай ўтиб кетишлари мумкин. Аллоҳ таоло шунинг учун ҳам қиёматни, ўлгандан кейин қайта тирилишни жорий қилган. У зот ҳамма бандаларга уларни қайта тирилтирадиган кунда, қилган ишларининг хабарини беради.
«Аллоҳ ҳисоблаб турган, улар эса унутганлар».
Ҳа, Аллоҳ бандаларнинг бу дунёда қилган каттаю кичик барча ишларининг ҳисоблаб турган. Бандалар эса ўша ўз амалларини эсдан чиқарганлар.
«Ҳолбуки, Аллоҳ ҳар бир нарсага шоҳиддир».
Ҳа, Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага Ўзи гувоҳдир. Банданинг заррача қилган яхшилиги ҳам, ёмонлиги ҳам Унинг назаридан четда қолмайди ва банданинг амал дафтарига ёзилиб туради. Ғофил банда эса гуноҳларини тезда унутиб юборади. Лекин Аллоҳ қиёмат кунида ер юзидаги барча халойиқни, бирор кишини ҳам унутмасдан, тирилтиради. Сўнгра бу дунёда қилган ишларини ҳар бир банданинг амал дафтарига асосланиб, унга кўрсатади.
Аллоҳ таоло «Иншиқоқ» сурасида қуйидагиларни айтади:
«Аммо кимнинг китоби ўнг тарафдан берилса.
Тезда, осонгина ҳисоб қилинур.
Ва аҳли ҳузурига хурсанд ҳолда қайтиб борур.
Ва аммо кимнинг китоби орқа тарафдан берилса...
У тезда ўзига ҳалокатни чақирур.
Ва у қизиб турган дўзахга кирур», (7-12 - оятлар).
Бу ишлар қиёмат куни бўлади. Маҳшарда ҳамма тўпланганда одамларга номаи аъмоллари берилади. Кимки, бу дунёда мўмин - мусулмон бўлиб тоат-ибодат, тақводорлик билан ўтган бўлса, уларнинг номаи аъмоли ўнг тарафдан берилади. Шунинг ўзи яхшилик аломати. Уларнинг ҳисоб-китоби осонгина кўрсатиб ўтиш йўли билан бўлиб, улар жаннатдаги аҳллари ҳузурига хурсанд бўлиб қайтадилар.
Ушбу оятларда васф қилинган китоби ўнг тарафидан берилган банданинг осонгина ҳисоб-китоб қилиниши унинг номаи аъмолини ўзига шундоқ кўрсатиб қўйиш билангина бўлади. Чунки ҳисоб-китоб олдиндан маълум бўлади. Қиёмат куни қайта ҳисоб-китоб қилишнинг ўзи ҳам азоб бўлади.
Бу ҳақда Имом Бухорий ва Имом Муслимлар қуйидаги ҳадиси шарифни ривоят қиладилар:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким ҳисоб қилинса, азоб қилинади», дедилар.
Шунда Оиша розияллоҳу анҳо:
«Аллоҳ азза ва жалла, «Бас, тезда, «осонгина ҳисоб қилинур», деган эмасми?» дедилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ана ўша, кўрсатишдир. Лекин кимнинг ҳисоби тортишилса, азобланади», дедилар.
Осонгина ҳисоб қилиш эса қуйидаги ҳадиси шарифда айтилгандай бўлади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ қиёмат куни бандани Ўзига яқинлаштиради. Ҳаттоки, елкасини унинг устига қўяди ва унга, бундоқ, бундоқ қилганмисан, деб гуноҳларини санайди. Сўнгра унга ана ўшаларни у дунёда сатр қилдим, бугун эса сени мағфират қиламан, дейди».
Келаси оятларда эса қарши тараф, китоби ўнг қўлдан берилмаганлар ҳоли баён қилинади.
«Ва аммо кимнинг китоби орқа тарафдан берилса...»
Бошқа оятда «чап тарафдан берилади», дейилган, демак умумлашганда, ёмонларнинг номаи аъмоллари қиёмат куни орқаларидан ва чап тарафларидан берилар экан. Бу эса бадбахтлик, дўзахийлик аломати эканини қуйидаги оятлар баён этади.
«У тезда ўзига ҳалокатни чақирур».
Яъни, номаи аъмолини чап ва орқа тарафдан олгандан сўнг, тезроқ ҳалок бўлсам, ўлсаму бўлажак азоб-уқубатлардан қутулсам, деб орзу қилади.
«У, Эй, ҳалокат, тезроқ кел, менга! Эй, ўлим, тезроқ кел, менга!», деб дод солади. Аммо унинг бу орзуси амалга ошмайди.
«Ва у қизиб турган дўзахга кирур».
Кирганда ҳам ўлиб эмас, тириклайин киради. У ўша қизиб турган дўзахда роса жизғанак бўлиб куяди. Куяверади, куяверади. Абадий равишда куяверади. Ҳеч ўлмайди. Тинмай дўзах азобини тортаверади.

Тарозу ва амалларни тортиш

Мўмин-мусулмон киши қиёмат куни тарозу бўлишига ва унда ҳар бир одамнинг бу дунёда қилган амаллари ўта аниқлик билан тортилишига жазм ила эътиқод қилмоғи лозим. Чунки бу ҳақда Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда ҳеч қандай таъвилни кўтармайдиган равишда очиқ-ойдин иборалар билан хабарлар келган.
Аллоҳ таоло «Анбиё» сурасида:
«Биз қиёмат куни учун адолат тарозуларини қўюрмиз. Бирор жонга ҳеч қандай зулм қилинмас. Агар (амал) ачитқи донаси оғирлигича бўлса ҳам, келтирамиз. Ҳисобчиликда Ўзимиз кифоя қилурмиз», деган (47-оят).
Қиёмат қойим бўлгандан кейин дод-войларга, эътирофларга, тавба-тазарруъларга ва ёлборишларга қаралмайди.
«Биз қиёмат куни учун адолат тарозуларини қўюрмиз».
У мутлақ адолат тарозуси бўлади. Ҳаммага бир хил муносабатда бўлинади.
«Бирор жонга ҳеч қандай зулм қилинмас».
Фойдасидан камайтирилмайди, зарарига қўшилмайди.
«Агар (амал) ачитқи донаси оғирлигича бўлса ҳам, келтирамиз».
Ачитқи донаси жуда кичик бўлади. Агар инсоннинг бу дунёда қилган яхшию ёмон амали ўша кичик доначалик оғирликка эга бўлса ҳам, ҳисобга олинади. Яъни, ҳеч бир амал эсдан чиқарилмайди.
«Ҳисобчиликда Ўзимиз кифоя қилурмиз».
Бизга бошқа ҳисобчининг кераги йўқ.
Демак, қиёмат куни келмасидан олдин ҳаракат қилиб қолиш керак. Унга тайёргарлик кўриш лозим.
Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида:
«Ўша куни (амалларни) тортиш ҳақдир. Бас, кимнинг тортилган(амал)лари оғир келса, ана ўшалар нажот топгувчилардир», деган (8 - оят).
Қиёмат куни фақат савол-жавоб билан кифояланиб қолинмайди. Балки ундан ҳам дақиқроқ ишлар бўлади. Ҳар бир инсоннинг қилган амаллари тарозига солиб тортилади. Бу тарози аниқ ишлайдиган тарозу бўлиб, зарранинг оғирлигини ҳам сезади. Ҳамма ишлар ҳис қиладиган тарзда ҳам ўлчанади. Ана ўша тортишда кимнинг амаллари оғир келса, у нажот топади, жаннатга киради.
Аллоҳ таоло «Шуро» сурасида:
«Аллоҳ ҳақ ила китобни ва (адолат) тарозуни нозил қилган зотдир. Қаердан билурсан, эҳтимол (қиё-мат) соати яқиндир!» деган (17-оят).
Одамлар ўзларича, мен ҳақман, деб талашиб-тортишиб юрибдилар. Ъар ким ўзини ҳақ, ўзгани ноҳақ билади. Ъар ким ҳақни ёки ноҳақни ўз қаричи билан ўлчайди.
Ъолбуки:
«Аллоҳ ҳақ ила китобни ва (адолат) тарозуни нозил қилган зотдир».
Ким ҳақ эканини бандалар эмас, балки бандаларнинг Робби Аллоҳ таоло аниқлайди. Бунинг учун у зот ҳақ ила китобни нозил қилиб қўйди. Ким Аллоҳ туширган китобга мувофиқ иш тутса, ҳақ бўлади. Ким Аллоҳ туширган китобга хилоф иш тутса, ноҳақ бўлади.
Шунингдек, бандаларнинг амалларини, ахлоқлари, тасарруфотлари ўша тарозу ўлчовида қийматли бўлса, нажот топади. Кимники вазнга эга бўлмаса, ҳалокатга учрайди. Буларнинг ҳаммаси қиёматда маълум бўлади.
«Қаердан билурсан, эҳтимол (қиёмат) соати яқиндир!»
Кўз очиб юмгунча қоим бўлиб қолар. Шунинг учун ўша соатга, ўша ўлчовга доим тайёр тургин.
Аллоҳ таоло «Мўминун» сурасида қуйидагиларни айтади:
«Кимнинг мезонлари оғир келса, бас, ана ўшалар ўзлари нажот топгувчилардир. Кимнинг мезони енгил келса, бас, ана ўшалар ўзларига зиён қилибдилар. Жаҳаннамда абадий қолгувчи бўлибдилар», (102 -103 - оятлар).
Қиёматдаги тарозу ва амалларни тортиш ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар келган. Баъзилари билан танишиб чиқайлик.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«У киши Дўзахни эслаб йиғладилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Сени нима йиғлатди?» дедилар.
«Дўзахни эслаб, йиғладим. Қиёмат куни аҳли аёлларингизни эслайсизларми? Эй, Аллоҳнинг расули!» деди.
«Уч жойда биров бировни эсламайди. Тарозу олдида, то тарозуси енгил келадими, оғир келадими билгунича. Китоб (берилиши) вақтида, то китоби ўнгдан тушадими ёки чапданми ёхуд олдданми билгунича. Сирот жаҳаннамнинг икки қирғоғига қўйилганда», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифдан бандаларнинг амалларини тарозуда тортиш палласи қиёмат кунининг энг оғир уч палласидан бири эканини билиб оламиз. Ўша паллада ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлиб бошқани эслашга имкони бўлмас экан. Чунки ҳамма учун тарозуси оғир келиши лозим бўлиб қолади. Ҳамма тарозум енгил келиб қолмаса эди деган ташвишда бўлади. Аллоҳ таоло ўша пайтда тарозумизнинг оғир келишини насиб қилсин!
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қиёмат куни мени шафоат қилишларини сўрадим. Шунда у зот:
«Мен буни қилурман», дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг расули! Сизни қаердан излай?» дедим.
«Излашни бошлашинг билан мени сиротдан изла», дедилар.
«Сизни сирот устида топмасам-чи?» дедим.
«Мени тарозу олдидан изла», дедилар.
«Сизни тарозу олдида ҳам топмасамчи?» дедим.
«Унда мени ҳовузнинг олдидан изла. Мен ушбу уч жойдан бирида бўламан», дедилар».
Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиёмат куни сирот, тарозу ва ҳовуз орасида бориб-келиб турадилар. Ўзларининг шафоатларига сазовор умматларига мазкур уч жойдан бирида йўлиқадилар. Аллоҳ таоло ўша кунда у зотга йўлиқиб шафоатларига сазовор бўлишни насиб этсин.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ таоло қиёмат куни менинг умматимдан бир кишини халойиқнинг олдида турғизиб қўяди-да, унинг устидан тўқсон тўққизта дафтарни очади. Ҳар бир дафтарнинг узунлиги кўз етгунча бўлади. Сўнгра Аллоҳ:
«Мана шундан бирор нарсани инкор қиласанми? Ёзувчи фаришталарим сенга зулм қилдиларми?» дейди.
«Йўқ! Эй, Роббим!» дейди.
«Сенинг узринг борми?!» дейди.
«Йўқ! Эй, Роббим!» дейди.
«Худди шундоқ. Албатта, Бизнинг ҳузуримизда сенинг бир дона яхшилигинг бор. Бугун сенга зулм қилиш йўқ», дейди.
Кейин бир варақа чиқарилади. Унда «Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳу», деб ёзилган бўлади. Бас, У зот:
«Тортишингга ҳозир бўл!» дейди.
«Эй, Роббим! Манаву варақа ва манаву дафтарлар нима?» дейди.
«Албатта, сенга зулм қилинмас», дейди.
«Бас, дафтарлар бир паллага ва варақа бир паллага қўйилади. Дафтарлар енгил келади. Варақа оғир келади. Аллоҳнинг исмидан ҳеч нарса оғир келмас», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Аллоҳ таолога ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтириш қиёмат куни тарозу босадиган асосий нарсалигини шундан билиб оламиз.
Биз мазкур тарозунинг нави, жавҳари, сони, шакли ва кайфияти ҳақида баҳс ҳам, фикр ҳам юритмаслигимиз лозим. Бу каби тафсилотлар илмини Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола қилиб, оят ва ҳадисда келган маънога иймон келтирамиз.
Сирот ва ундан ўтиш
Мўмин-мусулмон киши қиёмат куни жаҳаннам устига сирот деб аталган кўприк қурилган бўлишига, ундан барча одамларни ўтишга амр қилинишига, кимдир ундан ўтиб нажот топишига, кимдир ўта олмай жаҳаннамга қулашига жазм ила иймон келтириши керак. Бу ҳақда ҳам етарли далиллар келган.
Аллоҳ таоло «Йасин» сурасида:
«Агар хоҳласак, кўзларини теп-текис қилиб қўюрмиз. Бас, улар сиротга шошилурлар. Аммо қандай ҳам кўрсинлар», деган (66 - оят).
Сирот ва ундан ўтиш ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар келган. Улардан баъзи бир намуналар билан танишамиз.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Сўнгра жаҳаннам устига кўприк қурилур. Расуллардан ўз уммати ила унинг устидан биринчи ўтган мен бўламан. Ўша кунда расуллардан ўзга ҳеч ким гапирмас. У кунда расулларнинг каломи «Эй, Аллоҳим! Саломат қил! Саломат қил!» бўлур», дедилар».
Икки шайх ривоят қилган.
Сирот дўзах устига қурилган кўприк бўлиб маҳшарда туриш тамом бўлганидан кейин одамларга ўша кўприкдан ўтишга амр қилинади. Бу ҳам қиёмат кунининг энг оғир паллаларидан бири бўлади. У пайтда пайғамбарлар эса «Эй, Аллоҳим! Саломат қил! Саломат қил!»дан бошқани айта олмайди.
Бошқа бир ҳадиси шарифда қуйидагилар айтилган:
«Бас, мўминлар худди кўз очиб юмгунча, чақмоқдек, шамолдек, қушдек, чопқир отлардек ва туялардек ўтиб кетурлар. Бас, нажот топувчи мусулмон тирналган ва жаҳаннам оловига қулаган бўлур», деган иборалар келади.
Демак, сирот одамларни жаннати ва дўзахига ажратиш учун хизмат қилади. Ундан ўтиб кетганлар жаннатга тушади. Ўта олмай йиқилганлар жаҳаннамга қулайди.
Бундан одамлар бу дунёдаги иймонлар ва ибодатлари ҳамда солиҳ амаллари кучига қараб сиротдан турли тезликда ўтишлари билиб олинади. Шу билан бирга жаҳаннамга йиқиладиганлар ҳам бор.
Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Мўминнинг сирот устидаги шиори «Роббим! Саломат қил! Саломат қил!»дир» дедилар».
Аллоҳ таоло қиёматда ушбу шиорни айтиб, сиротда энг катта тезликда ўтиб кетишимизни муяссар қилсин.

Шафоат

Шафоат Аллоҳ таолога илтижо қилиб баъзи осий мўминларни афв қилишини сўрашдир. Ёки баъзи мўминларни икром қилиб, жаннатга ҳисоб-китобсиз киритишини сўрашдир. Шафоат Аллоҳ таоло томонидан шафоатчига берилган фазлдир. Бу шараф баъзи бандаларга уларнинг тақвоси, ибодати ва аҳли салоҳлиги туфайли Аллоҳ таоло томонидан берилади.
Шафоат луғатда бошқа бировга қўшилиб, унга ёрдам бериш ва ёнини олиб, бирор нарсани унинг учун сўрашни англатади. Кўпинча, шафоат мартабаси ва ҳурмати юқори шахснинг ўзидан паст одамнинг тарафини олиб унга қўшилиши ила содир бўлади.
Қиёматдаги шафоат ҳам шундандир. Аллоҳнинг ҳузурида шафоат берувчилар ҳам гуноҳкорларга кўмак берадилар.
Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда қиёмат куни шафоат берилиши ҳақида бир қанча хабарлар келган.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида қуйидагиларни айтади:
«Унинг ҳузурида Ўзининг изнисиз ҳеч ким шафоат қила олмас» (255 - оят).
Бу ҳам улкан сифатлардан бўлиб, Аллоҳнинг ва банданинг мақомини баён қилиб беради. Бандаларнинг барчаси ким бўлишидан қатъи назар, Аллоҳнинг ҳузурида бандалигини тан олиб туриб қоладилар. Бу бандаликни чуқур ҳис этиш шу даражага етганки, ҳатто, ҳеч ким орага тушиб, бировга шафоатчилик қилишга ҳам журъат қила олмайди. Фақат Аллоҳ Ўзининг изни билангина, У берган изн чегарасидагина шафоат қила олади. Бу сифат ўтган оятдаги «... ва шафоатчилик йўқ» жумласидан истисно эканлигини билиб оламиз. Демак, умумий қоидага биноан шафоатчилик йўқ, аммо истисно тариқасида, Аллоҳнинг изни билан баъзи кишилар шафоат қилишлари мумкин.
Аллоҳ таоло бошқа бир оятда қуйидагиларни айтади:
«У зот ишнинг тадбирини қилур. Унинг изнисиз ҳеч бир шафоатчи бўлмас» (Юнус сураси, 3 - оят).
Бу оятда ҳам шафоат фақатгина Аллоҳ таолонинг изни билан бўлиши таъкидланмоқда.
«У зот ишнинг тадбирини қиладир».
Бу дунёда нима иш бўлса, ҳаммасининг тадбирини Аллоҳ қилади. Ҳар бир ишнинг аввали ҳам, охири ҳам, фойдаси ҳам, зарари ҳам, бўлиши ҳам, бўлмаслиги ҳам – ҳамма-ҳаммаси Аллоҳ таолога боғлиқдир. Ана шу сифатларга эга бўлган зот бандаларига шафоатни ҳам жорий қилади.
«Унинг изнисиз ҳеч бир шафоатчи бўлмас».
Демак, Аллоҳнинг изнисиз ҳеч ким шафоатчи бўла олмайди.
Аллоҳ таоло «Марям» сурасида шафоат ҳақида қуйидагиларни айтади:
«Улар шафоатга молик бўлмаслар. Магар ким Раҳмон ҳузурида аҳду паймон олган бўлса (молик бўлар) (87 - оят).
Қиёмат куни ҳеч ким бировни шафоат қила олмайди ва бировнинг шафоатидан баҳраманд ҳам бўла олмайди. Бундан мустасно бўладиганлар, шафоатга молик бўлганлар фақат Аллоҳнинг Ўзидан бу ҳақда аҳду паймон олганлардир, холос.
Аллоҳ таоло «Тоҳа» сурасида:
«У кунда Раҳмон унга изн берган ва сўзидан рози бўлганлардан бошқага шафоат фойда бермас», деган (109 - оят).
Қиёмат кунида ҳеч кимга шафоат фойда бермайди. Биров ўртага тушиб, бировни оқлай олмайди. Фақат Аллоҳ бу дунёдаги сўзидан – «Ла илаҳа иллаллоҳу»ни айтганидан рози бўлиб, Ўзи шафоат қилинишига изн берган киши учунгина фойда бериши мумкин.
Қиёматдаги шафоат ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар келган. Улардан баъзиларини ўрганиб чиқайлик.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Менинг шафоатим умматимдан аҳли кабоирларгадир», дедилар.
Муҳаммад ибн Али айтадики:
«Менга Жобир «Эй, Муҳаммад! Ким аҳли кабоирлардан бўлмаса, унинг шафоат билан нима иши бор!» деди».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Авф ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Менинг ҳузуримга Роббим ҳузуридан бир келувчи келди ва менга умматимнинг ярми жаннатга кириши ёки шафоат берилишидан бирини ихтиёр қилишимни сўради. Мен шафоатни ихтиёр қилдим. У Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмай ўлган одамгадир», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатлари мўмин ҳолида ўлган осий ва гуноҳкор мусулмонларгадир.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Мен жаннатга шафоат берувчи биринчи одамман. Мен набийлар ичида эргашувчиси энг кўпиман», дедилар».
Муслим ривоят қилган.
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Албатта, менинг умматимдан бир катта жамоага шафоат қиладиган кимса бор. Улардан бир қабилага шафоат қиладиган кимса бор. Улардан бир уруғга шафоат қиладиган кимса бор. Улардан бир кишига шафоат қиладиган кимса бор. Улар жаннатга киргунларича шафоат қиладилар», дедилар».
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Шаҳид ўз аҳли байтидан етмиш кишини шафоат қилади», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Қиёмат куни уч тоифа шафоат қилади: анбиёлар, уламолар ва шуҳадолар», дедилар».
Ибн Можа ривоят қилган.

ХУЛОСА

Шафоат ҳақида келган ояти карима ва ҳадиси шарифларни қисман ўрганганимиздан кейин баъзи хулосалар қилсак ҳам бўлади.
Шафоат Қуръони Карим ва ҳадиси шариф ила собит бўлган ёрқин ҳақиқатдир. У ақлан жоиз ва шаръан вожиб нарсадир. Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби шунга иттифоқ қилгандир. Фақат Хаворижлар ва Мўътазилийлар бунга хилоф қилишган. Улар ўзларининг гуноҳкорлар дўзахда абадий қолурлар деган фикрларига таассуб қилиб шу фикрга кетганлар. Ҳозирги кунда ҳам бу масалада нодир бўлса ҳам баъзи бир хавориж ҳамда мўътазилий фикрида бўлиб шафоатни инкор қиладиганлар учраб туради. Улар ўз фикрларига далил ҳам келтирадилар.
Биринчи далиллари «Муддассир» сурасидаги:

«Бас, уларга шафоатчиларнинг шафоати манфаат бермайдир» оятидир (48-оят).
Иккинчи далиллари «Ғофир» сурасидаги:
«Золимлар учун ҳеч бир дўст ҳам, итоат қилинадиган шафоатчи ҳам йўқ» оятидир.
Улар бу оятларни далил қилишлари хатодир. Чунки бу икки оят кофирлар ҳақида келган. Шафоат эса мўмин-мусулмонлар ҳақида бўлади.
Шафоат беш қисмга бўлинади.
Биринчи қисм: Улкан шафоат.
Унда барча халойиқ учун бўлиб одамлар маҳшар даҳшатидан бироз роҳатлантирилади ва ҳисоблари тезлаштирилади.
Иккинчи қисм: Баъзи қавмларни жаннатга ҳисоб-китобсиз киритиш учун бўлади.
Бу икки шафоат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёлғиз ўзларига хосдир.
Учинчи қисм: Баъзи аҳли жаннатларнинг жаннатдаги даражаларини зиёда қилиш учун бўлади.
Тўртинчи қисм: Баъзи дўзахга тушиши вожиб бўл-ган қавмларни ундан қутқариб қолиш учун бўлади.
Бешинчи қисм: Баъзи гуноҳкорларни дўзахдан чиқариб олиш учун бўлади.

Ҳавз

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб:
«Албатта, Биз сенга Кавсарни бердик», деган («Кавсар» сураси, 1-оят).
«Кавсар» сўзи луғатда кўп яхшилик, жуда ҳам кўп яхшилик маъносини англатади. Арабларда сон жиҳатидан, қадр-қиймат жиҳатидан ва аҳамияти жиҳатидан кўп бўлган нарсага кавсар, дерлар.
Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар зикр қилинади:
«Кавсар жаннатдаги дарё бўлиб, унинг икки қирғоғи олтиндан, ўзани дуру ёқутдан, тупроғи мискдан хушбўй, суви асалдан ширин, қордан оқдир. Ким ундан бир ичса, кейин абадий чанқамайди».
Имом Муслим ва Имом Термизийлар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса қуйидагилар айтилади:
«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимизда турган эдилар, бир оз жим туриб қолдиларда, сўнг табассумла бошларини кўтардилар.
«Сизни нима кулдирди, эй, Аллоҳнинг Расули?» дедик.
«Менга ҳозиргина бир сура туширилди», деб, «Бисмиллаҳир Раҳмонир Роҳийм. Иннаа аътойнака ал-Кавсар» сурасини қироат қилдилар. Сўнгра:
«Кавсар нималигини биласизларми?» дедилар.
«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидирлар», дедик.
«У Роббим азза ва жалла менга ваъда қилган наҳрдир. Унда кўп яхшилик бордир. У қиёмат куни умматим келиб ҳузуримда сув ичадиган ҳовуздир. Унинг идишлари юлдузлар ададича. Улар ичидан бир банда суғириб олинади. Мен, у менинг умматимдан! дейман. Шунда, бу сендан кейин нима қилганини билмайсан, дейилади».
Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда айтилишича:
«Албатта, ҳар бир пайғамбарнинг ҳовузи бордир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳовузлари энг катта, энг ширин ва энг кўп одам келадиганидир».
Ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Менинг ҳовузимнинг миқдори Ийлаадан Яманнинг Санъоси қадардир. Унда осмондаги юлдузлар сонича идишлар бордир», деган ҳадислари.
Имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Мен жаннатда юриб кетаётсам, бирдан олдимдан ҳавз чиқиб қолди. Унинг икки томони ичи бўш дур қуббалардан.
«Эй, Жаброил! Бу нима?» дедим.
«Бу сенга Роббинг берган Кавсардир», деди.
Қарасам, унинг лойи холис мискдан экан», дедилар».
Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Ҳовуз тўғрисидаги ҳадислар жуда кўпдир. Саҳобалардан ўттиздан ортиғи ривоят қилганлар. Шайх Имодуддин ибн Касир ўзининг «ал-Бидоя ван-Ниҳоя» номли катта тарих китобида ҳаммасини санаб чиққан. Уламоларимиз ҳовуз ҳақида келган ҳадислар мутавотир даражасига етган, дейдилар.
Ҳовузнинг сифатида келган ҳадислардан қуйидагилар фаҳмланади:
«Албатта, у улкан бир ҳовуздир. Муҳтарам сувхонадир. У сутдан оқ, қордан совуқ, асалдан ширин ва миски анбардан хушбўй бўлган Кавсар анҳоридан жаннат шаробини олади. У жуда ҳам кенгдир. Эни билан бўйи тенгдир. Тарафларидан ҳар бири бир ойлик йўлдир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Убайдуллоҳ ибн алҚибтийя розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.алҲорис ибн Абу Робийъа ва Абдуллоҳ ибн Софван розияллоҳу анҳумолар Умму Салама розияллоҳу анҳонинг давоми...

7131 00:05 / 02.12.2016
. Ва уларнинг ажалларини белгилади. Шарҳ Яъни, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло халойиқнинг ажалларини белгилаб қўйгандир. Қачонки уларга ажаллари келса, бирор соат давоми...

1103 19:00 / 12 август
Азиз ўқувчилар Аллоҳ таолонинг фазли ила ақийда дарслари туркумида .Сунний ақийдалар, китоби асосида тайёрланган мақолалар ўз ниҳоясига етди. Мазкур рукннинг давоми...

1619 19:00 / 09 январь
islom.uz middot 007 Aқоид илмининг тарихи Аллоҳ таоло ер юзини Ислом нури ила мунаввар қилишидан олдин одамлар турлитуман ақийдаларда эдилар. Ҳар ким ўз ақийдасини давоми...

4635 13:30 / 31.08.2020
Аудиолар

135080 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55357 14:35 / 11.08.2021