1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Амаллар ниятларга боғлиқдир

05:00 / 06.03.2017 3976 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Амаллар ниятларга боғлиқдир

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ ﷺ :   طَلَبُ الْعِلْمِ فَرِيضَةٌ عَلَى كُلِّ مُسْلِمٍ.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир», дедилар».

«Халқимнинг, эл-юртимнинг мен ўрганадиган илмга эҳтиёжи бор, фарзи кифояни адо этишим керак», деган ният билан илм ўрганувчи киши ибодатда бўлади. Фаришталар унинг оёқлари остига қанотларини ёйиб турадилар. Шу одам улуғ ажр ва буюк мартабаларга сазовор бўлади. «Илм олсам, молу дунё топаман, мансабга эришаман», дея ният қилган одам молу дунё ва мансабга эришиши мумкин, аммо ажру савобга эга бўлолмаслиги аниқ.

Ислом шариати наздида «Динимиз менга аҳли аёлимнинг нафақасини вожиб қилган, ҳалол йўл билан ҳалол луқма топиб, аҳли аёлимга тутай», деган ният билан далада ишлаётган деҳқон, дастгоҳ олдида турган ишчи, ўз касбидан қолмаётган ҳунарманд, ўз вазифасини адо этаётган идора ходими ёки зиёли ибодат қилаётган бўлади. Бундан бошқа ниятни қилган одам эса мўлжалдаги нарсасига эришиши мумкин, аммо ажру савобга етиша олмайди. Ислом инсон ҳаётини диний ва дунёвий ҳаётга ажратмайди, деган гапнинг маъноси шу.

Бу қоидани инсон ҳаётига батамом қўллаш мумкин. Шунда киши ҳаётининг ҳар бир дақиқаси, ҳатто уйқуси ҳам ибодатга айланади. «Ким хуфтон намозини ўқигач, таҳорат билан ётиб, эрталаб туриб, бомдод намозини ўқиса, кечаси билан ибодат қилиб чиққан ўрнига ўтади», деган маънодаги ҳадислар бор.

Инсон ҳалол-пок юриб, Аллоҳнинг кўрсатмаси бўйича яшаш ниятида еб-ичса, бу ҳам ибодат ҳисобланади.

Аллоҳ таоло:

 

«Жин ва инсни фақатгина Менга ибодат қилишлари учун яратдим» (Зориёт сураси, 56-оят), деганининг маъноси шу.

«Ислом дини – осонлик дини», деган ибора ҳам аслида худди шу маъноларни ўз ичига олган.

Бошқа дин ва тузумларда одат ва зарурат ҳисобланган нарсалар Исломда осонлик билан, биргина ниятни тузатиш билан ибодатга айланади. Киши Исломдаги ниятини яхши қилиши билан, шариат кўрсатмасига биноан ҳалол-пок йўл тутиши билан ҳатто ўз шаҳватини қондиришини, кийинишини, еб-ичишини ва бошқа эҳтиёжларини қондиришини ҳам осонгина ибодатга айлантира олади.

Ҳа, Ислом яхши ниятлар, яхши амаллар динидир, мусулмон киши яхши ниятли, яхши амалли инсондир. У ўз ҳаётининг ҳар бир лаҳзасини, ҳар бир амалини ибодатга айлантириши мумкин. Чунки инсон ҳаётининг ҳар бир соҳасида Исломнинг кўрсатмаси бор.

Мусулмон шунчалар бахтли инсонки, унинг ибодатга айланмайдиган амали йўқ: шахсий, оилавий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий ва бошқа амалларининг барчаси ибодат бўлиши мумкин. Бунинг учун эса ундан кўп нарса талаб қилинмайди, ўз динининг кўрсатмаларини ўрганиб, ниятини уларга мослаштириб яшаса, кифоя. Шу тариқа унинг бутун ҳаёти ибодатга айланади.

Баъзиларимиз намоз, рўза, никоҳ ўқитиш, жанозага ўхшаш нарсаларни диндан деб, қолган ҳамма нарсани дунёвий деб санаймиз. Мусулмон одамга намозни фарз қилган Аллоҳ таоло ҳалол касб қилишни ҳам фарз қилганини унутамиз. Намознинг фарзини адо этишни ибодат ҳисоблаймиз-у, ҳалол касб қилиш ҳам фарз ибодат экани хаёлимизнинг бир чеккасига кириб-чиқмайди.

Ахир бутун борлиқ Аллоҳнинг мулки эмасми? Барча инсонлар Аллоҳнинг бандаси эмасми? Ислом Аллоҳнинг дини эмасми?

Аллоҳ Ўзи яратган борлиқда нимани хоҳласа, ўшани қиладиган Зот эмасми? Ахир У Ўзи яратган бандасига хоҳлаган амрини берувчи Зот эмасми? Аллоҳ Исломни Ўзининг охирги, баркамол дини қилган, инсон ҳаётининг ҳамма соҳаларини қамраб оладиган дин қилган Зот эмасми?

Мусулмон одам ҳеч қачон динни ва унинг аҳкомларини, буйруқ ва қайтариқларини муҳокама қилмайди. Балки динда нима келса, ўшанга сўзсиз таслим бўлгани учун ҳам у мусулмон номини олган. Мусулмон одам ўз динини пухта ўрганиб, унга тўлиқ амал қилишга ўтсагина, комил мусулмон саналади.

Бунинг учун эса киши ҳамма нарсада Аллоҳнинг ҳукми қандай эканлигини билиши керак бўлади. Шунинг учун ҳам Исломни тинмай ўрганмоғимиз, ҳар бир амалимизни шариатимизга мувофиқ қилишга ҳаракат этмоғимиз лозим.

Ана шундагина ҳар бир нарсада яхши ният қила оладиган бўламиз.

Ана шундагина ҳар бир ишимизни ибодатга айлантириш имконига эга бўламиз.

Ана шундагина бутун ҳаётимизни Аллоҳга ибодат қилган ҳолда ўтказа оламиз.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (Амаллар ниятларга боғлиқдир китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .У сизларни ер юзида халифалар қилган ва Ўзи берган нарсаларда сизни синаш учун баъзингизнинг даражасини баъзингиздан устун қилган Зотдир. Албатта, давоми...

3123 05:00 / 03.03.2017
Холид ибн АрРобийъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Ҳузайфа оғирлашиб қолганда қавми ва ансорийлар эшитиб тунда ёки тонг ёришай деганда келишди. .Ҳозир қайси давоми...

4321 19:00 / 29.05.2020
Ҳар бир банда эҳтиёт бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларидан яна бири мунофиқликдир.Араб тилида мунофиқликни англатувчи сўзларнинг ўзаги бўлмиш .нифоқ, сўзи ичи давоми...

11842 23:55 / 13.05.2017
Инсоннинг бу дунёдаги умри жуда қисқа. Абадият билан таққослаганда ҳеч нарса эмас. Умр шунчалик тез ўтадики, ўлим бўсағасига келиб қолган одам гўё бир эшикдан давоми...

6825 16:52 / 28.09.2017