1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Мўминга бало келишининг сабаблари

05:00 / 06.03.2017 5805 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мўминга бало келишининг сабаблари

 Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Алҳамдулиллаҳ вассолату вассаламу ала Росулиллаҳ. Ва баъд.

Буюк ҳикматга кўра мўминга бало келиши Аллоҳнинг кавний суннатларидандир. Ҳатто ҳеч бир киши бу балодан, синовдан холи бўлмайди.

Аллоҳ таоло Қуръонда марҳамат қилиб шундай деган:

“Биз сизларни ёмонлик билан ҳам, яхшилик билан ҳам синаб, имтиҳон қилурмиз. (Кейин)  Бизнинг ҳузуримизгагина қайтарилурсиз” (Анбиё, 35).

Шунинг учун халқларнинг энг шарафлиси бўлган Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам имтиҳон қилинганлар. У зот алайҳиссаломга балолар кўп келган. Натижада у зот алайҳиссаломнинг иймонлари, сабрлари, Аллоҳнинг қадарига бўлган розиликлари зиёда бўлган. Аллоҳ таоло у зот алайҳиссаломнинг ажрларини кўпайтириб бериб, дунё ва охиратдаги мартабаларини юксалтирган.

Мўмин киши балонинг турли кўринишлари билан синалади. Гоҳида яхши кўрганини йўқотиш билан, гоҳида кўп молдан айрилиш билан, гоҳида камбағаллик билан, гоҳида фарзандларининг кўплиги, аммо ўзи фақирлиги билан, гоҳида бефарзандлик билан, гоҳида уй-жойи йўқлиги билан, гоҳида қарзга ботиб, уни тўлашга имкони бўлмаслиги билан синалади. Гоҳида мўминлар жамиятига золим кимса раҳбар бўлиши билан ўша жамиятдаги барча мўминлар имтиҳон қилинади.

Баъзан инсонлар мўминларга балолар нима сабабдан келишини сўрашади. Шаръий нассларга диққат билан назар солган одам инсонлар бало келишида икки тоифага бўлинишларини кўради.

Биринчи тоифа: Амали сўзига, ичи ташқарисига мувофиқ келган, сабри, шукри, яхшилиги зоҳир бўлган, ибодатларда нуқсони кўрилмаган иймонли кишилар бўлиб, буларга анбиёлар, сиддиқлар киради. Уларга келадиган бало юксалтириш ва каромат бобидандир. Уларнинг охиратдаги мақомларини кўтариш, жаннатдаги мартабаларини юксалтириш учун уларга синовлар юборилади. Пайғамбарлар алайҳимуссалом мартабалари кўтарилиши, мақомлари юксалиши учун имтиҳон қилинадилар. Бу тоифадаги мўминлар жуда оздир.

Мўмин киши ўзига келаётган балоларга беэътибор бўлиб, ўз ҳолини тафтиш қилмай юриши, ғурурга берилиши жоиз эмас. Чунки, у қалбига тегишли бўлган бирор яширин гуноҳлари сабабли балога йўлиқиётган бўлиши ва агар ўзини ислоҳ қилмаса, тузатмаса, ҳалокатга учраши мумкин.

Иккинчи тоифа: Сўзда, амалда камчилик ва тойилишга учраган, шубҳа ва шаҳватларга ботган, ибодатларни адо этишда дангасалик, сусткашликка йўл қўйган, тилини тиймаган ва бошқа гуноҳларни содир этган мўминлар бўлиб, уларга келадиган бало, мусибатлар гуноҳларга каффорат бўлиш, хатоларни ювиш, ёмонликларни мағфират қилиш ёки уқубатни дунёнинг ўзида тезлатиб, охиратга қолдирмаслик ёки тавбага ундаш, гуноҳларнинг оқибатидан огоҳлантириш бобидан бўлади.

Бу ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қилганлар: “Мусулмонга етадиган ғам, маҳзунлик, беморлик, кулфат, азият, ҳатто унга кирадиган тикан сабабли Аллоҳ унинг хатоларини кечиради”. Муслим ривояти.

Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деган:

(Эй, инсонлар!) Сизларга не мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган нарса (гуноҳ) сабаблидир. Яна У кўп (гуноҳлар)ни афв этиб турур. (Акс ҳолда мусибат бундан ҳам кўп бўлур эди.) (Шўро, 30).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай деганлар: “Мўминларга гуноҳлари сабабли уқубатлари тезлаштирилади ва охиратда ўша гуноҳлари сабабли азобланмайдилар”.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, киши қилган гуноҳи сабабли ризқдан маҳрум бўлади. Қадарни дуо қайтаради. Умрни яхшилик узайтиради” деганлар. Аҳмад ривояти.

Бу тоифадагилар мусулмонлар орасида кўпдир. Кўплаб балолар мўминларга асосан дунёда уқубат ва гуноҳларни кечириш учун келади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Албатта, бало гуноҳ сабабли тушади ва тавба сабабли кўтарилади” деганлар.

Бало тушишининг энг катта сабаблари қуйидагилар:

Гуноҳларнинг кўплиги.

Гуноҳларни ошкора қилиш ва фаҳш ишларни зоҳир қилиш.

Аллоҳнинг бандаларига зулм қилиш ва уларнинг ҳақларини поймол этиш.

Мусулмоннни айблаш, сўкиш, ҳақорат қилиш.

Ота-онага оққ бўлиш ва қариндошлар билан алоқани узиш.

Золимларга яқин бўлиш ва бузғунчиларга ёрдам бериш.

Ҳаром нарсаларни истеъмол қилиш ва ҳаром қилинган нарсаларга назар солиш.

Мўминга бало тушиши, балонинг кўп бўлиши ва турли-туман бўлиши Аллоҳнинг унга берган катта неъматларидандир. Чунки, унга уқубат шу дунёнинг ўзида бериляпти.

Имом Аҳмад ўзларининг “Муснад”ларида қуйидаги ҳадисни ривоят қилганлар: “Агар Аллоҳ бандасига яхшиликни ирода қилса, унга дунёда уқубатни тезлаштиради. Агар бандасига ёмонликни ирода қилса, гуноҳи сабабли ундан уқубатни тўхтатиб туради, ҳатто қиёмат куни унга азобни тўла қилади”.

Билгингки, дунёдаги уқубат охиратдаги уқубатдан енгилроқдир.

Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деган:

“Азоб – мана шундай! Агар билсалар, албатта, охират азоби янада каттароқдир” (Қалам, 33).

Мўмин киши шу оятни эсига олсин ва келган балога сабр қилсин. Сабри учун ажр умид қилсин. Бало дунёнинг ўзида келгани учун Аллоҳга ҳамд айтсин.

Агар бало келса, мўмин киши тавба ва истиғфорни кўпайтириши, амалини, ниятини ислоҳ қилиши, ўз ҳолини тафтиш қилиши, ҳиссий ва маънавий гуноҳлардан тийилиши, молини шубҳалардан поклаши, ибодатларда астойдил бўлиши, нафсини маломат қилиши, гуноҳ қилганини эътироф этиши, охиратга рағбатини кучайтириши лозим.

Шу билан бирга Аллоҳ таоло золим кимсага азобни кечиктириб туради. Бу билан ўша золимдан зулм кўраётган мўминларни синайди. Кейин ўша золимни қаттиқ азоб билан ушлайди.

Бу ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича хабар берганлар: “Албатта, Аллоҳ золимга муҳлат беради. Ҳатто уни азоб билан ушлаганда, у ўша азобдан қутула олмайди”. Кейин у зот алайҳиссалом “Аҳолиси золим юртларни (азобга) тутганда  Раббингизнинг тутиши шундайдир. Албатта, Унинг (азобга) тутиши аламли ва шиддатлидир” (Ҳуд, 102) оятини ўқидилар. Муттафақун алайҳ.

Шунинг учун мўминлар золимнинг туришига, истибдодини давом эттиришига, мўминларнинг устларидан ўз зулмини ўтказаётганига, унга азоб келмаётганига алданиб қолишмасин.

Агар мўмин киши сабрли бўлишига, Аллоҳнинг тоатида бардавом бўлишига, Аллоҳнинг ваъдасига иймони комил бўлишига қарамасдан унга бало кўп келса, бу ҳол Аллоҳ уни яхши кўрганига очиқ аломатдир.

Бу ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Албатта, мукофотнинг катталиги балонинг катталигига кўрадир. Албатта, Аллоҳ агар бир қавмни яхши кўрса, уларни балолантириб қўяди. Ким рози бўлса, унга Аллоҳнинг ризоси бўлади. Ким ғазаб қилса, унга Аллоҳнинг ғазаби бўлади”. Термизий ривоят қилган ва “Ҳасан” деган.

Аммо ким “Мўминга келадиган бало қадарий иш бўлиб, унинг бандаларнинг қилган ишларига, гуноҳларига, зулмларига алоқаси йўқ” деса, у хатокор, Китоб ва Суннатда келган шаръий ҳақиқатларга мухолиф ва салафи солиҳларнинг фикрларига хилоф қилган киши бўлади.

Аммо бир киши кўп гуноҳ қилишига, тоатдан узоқлигига, ғафлат ботқоғига ботганига қарамасдан, унга ҳеч қандай бало келмаётган бўлса, бу ҳол унинг Аллоҳдан узоқлигига, хатода, адашишда давом этиши, гуноҳларни кўпайтириши оқибатида қаттиқ азобга дучор қилиш учун истидрожга очиқ-ойдин далилдир. У кимса ҳар гал бир гуноҳни қилганида, ёмонликни зиёда қилиши учун унга бир неъмат ато қилинади.

Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деб марҳамат қилган:

“Яқинда Биз уларни ўзлари билмайдиган (сезмайдиган) томондан даражама-даража тутгаймиз (ҳалокатга дучор қилажакмиз)! Мен уларга муҳлат бериб тураман. Зеро, Менинг “макрим” жуда қаттиқдир” (Қалам, 44-45).

Эй мўмин! Кўп гуноҳларни қилиб юрадиган, ғафлат ботқоғига ботган ва шаҳватлар денгизида сузиб юрган кимсаларнинг ишлари юришаётганига, пулари кўпайиб бораётганига алданма! Агар улар ўзларини тузатмасалар, тавбага шошилмасалар, уларнинг охиратдаги аҳволлари жуда ҳам ёмон бўлади.

Хулоса қилиб шуни айтамизки, ҳар бир мўмин тавбага, солиҳ амалларга, гуноҳларнинг барча туридан узоқ бўлишга шошилсин! Имкони етганича яхшилик қилишга, солиҳлар билан ҳамсуҳбат бўлишга, илм олишга ҳаракат қилсин! Шундай қилса, хотимаси гўзал бўлади ва охиратда нажот топади.

  

Муаллиф: Холид Саъуд Билҳид

Таржимон: Нозимжон Ҳошимжон

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий алайҳиссалом.Ким мени тушда кўрса, ҳақиқатда мени кўрган бўлади. Чунки шайтон менинг мисолимга кира олмайди,, давоми...

9035 05:00 / 03.03.2017
Зикр нафсни поклайдиган ва ахлоқни сайқаллайдиган энг кучли омиллардан бири ҳисобланади.Банданинг тили учун Қуръон тиловатидан кейинги энг афзал ибодат Аллоҳ давоми...

8816 18:01 / 24.03.2017
Қуръонга назар солишАллоҳнинг Китобига доимий назар солишданда фойдали бўлган ақл ва руҳга озуқа бўладиган, жисмни муҳофаза қиладиган ва саодатга кафил бўлувчи давоми...

4247 14:41 / 12.04.2018
У Кўрфаз давлатларидан бирида йигирма йилдан кўпроқ масжидда имомлик қилиб, ватанига, Мисрдаги кичик қишлоғига қайтишга қарор қилди.Қишлоққа келиб Аллоҳ насиб давоми...

2205 11:00 / 25.01.2022