1447 йил 19 жумадис сони | 2025 йил 10 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Катта аканинг ҳаққи отанинг боласига бўлган ҳаққи кабидир

09:03 / 17.04.2021 4574 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ سَعِيدِ بْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: حَقُّ كَبِيرِ الْإِخْوَةِ عَلَى صَغِيرِهِمْ حَقُّ الْوَالِدِ عَلَى وَلَدِهِ. رَوَاهُ حُسَيْنٌ الْمَرْوَزِيُّ.

Саъийд ибн Амр ибн Оссдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ака‑укаларнинг каттасининг кичигидаги ҳаққи отанинг боласидаги ҳаққичадир», – дедилар».

Ҳусайн Марвазий ривоят қилган.

Катта аканинг укаларидаги ҳаққи отанинг боласига бўлган ҳаққи кабидир. Шунинг учун оилада ота вафот этиб кетса, катта ўғил бошлиқ бўлиб қолади. Бошқа фарзандлар – унинг укалари, сингиллари, ким бўлса ҳам, отага қандай итоат қилган бўлсалар, катта акага шундай итоат қилишлари керак.

Чунки буни Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам айтиб турибдилар. Катта аканинг ҳаққи отанинг болага бўлган ҳаққи каби эканини яхши билишимиз зарур.

Бинобарин, отага оқ бўлишдан сақлангандек, катта аканинг ҳам дилини оғритиб қўйишдан эҳтиёт бўлиш, унинг иззат-ҳурматини ўрнига қўйиш укаларга, сингилларга лозимдир.

Мусулмонларда бу ҳадиси шарифга яхши амал қилиб келинган. Оилаларда отадан кейин катта ака бошлиқ бўлиб қолган. Уни укалари отанинг ўрнида ҳурматлаганлар ва унга итоатда бўлганлар.

عَنْ مُحَمَّدِ بْنِ الْمُنْكَدِرِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: جَاءَتْ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ظِئْرُهُ الَّتِي أَرْضَعَتْهُ، فَبَسَطَ لَهَا رِدَاءَهُ ثُمَّ قَالَ: مَرْحَبًا بِأُمِّي، ثُمَّ أَجْلَسَهَا عَلَى رِدَائِهِ. رَوَاهُ حُسَيْنٌ الْمَرْوَزِيُّ.

Муҳаммад ибн ал-Мункадир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига у зотни эмизган аёл келди. Шунда у зот ридоларини ерга ёзиб:

«Марҳабо, онажон!» деб, уни ридолари устига ўтирғиздилар».

Ҳусайн Марвазий ривоят қилган.

Демак, аёл фақат эмизган бўлса ҳам, ўша эмизган онасининг ҳаққи туққан онанинг ҳаққидек бўлар экан. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини эмизган аёлни «онам» деб атаганлари, келганларида ўринларидан туриб, ҳурмат-иззат қилганлари, ўзларининг кийимлари – ридоларини тўшаб, ўшанинг устига ўтқазиб, ҳурмат кўрсатганлари мана шунга далолат қилади.

عَنْ كُلَيْبِ بْنِ مَنْفَعَةَ قَالَ: قَالَ جَدِّي: يَا رَسُولَ اللهِ، مَنْ أَبَرُّ؟ قَالَ: أُمَّكَ، وَأَبَاكَ، وَأُخْتَكَ، وَأَخَاكَ، وَمَوْلَاكَ الَّذِي يَلِي، ذَاكَ حَقٌّ وَاجِبٌ وَرَحِمٌ مَوْصُولَةٌ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ.

Кулайб ибн Манфаъадан ривоят қилинади:

«Бобом: «Ё Расулаллоҳ, кимга яхшилик қилай?» – деди.

«Онангга, отангга, опа‑синглингга, ака‑укангга ва улардан кейин келадиган яқинларингга, вожиб ҳақдир ва силаи раҳмдир», – дедилар».

Бухорий «Адаб»да ривоят қилган.

Демак, онага, отага, ака‑ука, опа‑сингилларга, бошқа қариндошларга силаи раҳм, яхшилик қилиш, муҳтож бўлса, ёрдам бериш, ҳожатини чиқариш, нафақа бериш ҳар бир мўмин‑мусмон учун вожиб амал ҳисобланади, буни қилмоғи лозим ва лобуддир.

Ушбу бобдаги силаи раҳмга оид саноқли ривоятларни оладиган бўлсак ҳам, оламга татийдиган таълимотларга эга бўламиз. Чунки оламнинг ҳеч қаерида қариндошлик алоқалари ҳақида динимиз таълимотичалик бирорта таълимот учратмадик ва учратган одамнинг хабарини ҳам эшитмадик.

Эҳтимол, керакли таълимотларнинг йўқлиги ёки етишмаслигидан бўлса керак, дунёда қариндошлик ҳақларининг шафқатсиз равишда поймол қилинишига гувоҳ бўлмоқдамиз. Баъзилар силаи раҳм ўрнига қариндошларига душманлик қилишни ўзларига раво кўрмоқдалар. Ака‑ука, опа‑сингил, амма-хола, амаки-тоғалар ўртасида бир-бирига меҳрибонлик ўрнини шафқатсизлик эгаллаб олмоқда.

Инсоният номига доғ, шаънига ор бўлаётган бу каби шармандаликларни тугатиш учун Аллоҳ таолонинг дини – Ислом таълимотларини пухта ўрганиб, уларга амал қилишга ўтиш зарурдир.

Фақат Ислом бу масалани ўз ўрнига қўйган ва мақомига етказган. Қариндошлик ҳаққини инсон ҳуқуқларининг юқори поғонасига кўтарган. Ҳақиқатдан ҳам, қариндошининг ҳаққини адо қилмаган кимса бошқаларнинг ҳаққини адо қилмаслиги турган гап.

Аллоҳнинг мукаммал ва боқий дини – Исломда қариндошлик алоқасини ўз ўрнига қўйиш орқали бошқа инсонларнинг ҳам ҳаққини адо этиш даражасига ўтилади.

Бошқа масалалар қатори, бу масалада ҳам дунё ва охират ёнма-ён қўйилган. Қариндошлик алоқасини жойига қўйган банда дунёю охират саодатига мушарраф бўлади. Аксинча, қариндошлик алоқаларида нуқсонга йўл қўйган одам дунёю охират бахтсизлигига йўлиқади.

Инсоният бахтини таъминловчи Ислом таълимотидан баҳраманд бўлишга ҳаракат қилайлик. Ислом маданиятининг дурдоналаридан бўлган қариндош-уруғчилик алоқаларини мустаҳкамлайлик, динимиз бизга берган имтиёздан унумли фойдаланайлик.

«Бахтиёр оила» китоби асосида тайёрланди

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Никоҳ, сўзи, аввал ҳам айтиб ўтганимиздек, луғатда .қўшилиш,, .жамланиш,, .яқинлашиш, маъноларини англатади. Шариатда эса .Никоҳ баҳраланиш эгалигини ҳосил қилувчи давоми...

31863 14:16 / 04 февраль
Талоқнинг энг яхшиси жинсий алоқа бўлмаган покликда фақат бир талоқ қўймоқдир. Аслида талоқнинг яхшиси бўлмайди. Бу ердаги .яхши, сўзи талоқнинг турлари давоми...

2114 14:00 / 07.11.2022
биринчи мақола Юқорида ўтган сатрларда никоҳга тарғиб қилувчи баъзи далилларни ўрганиб чиқдик. Албатта, булардан ўзга далиллар ҳам кўп, лекин уларнинг ҳаммасини давоми...

9047 10:00 / 16.11.2024
Ёш болани қарамоғига олиш уни зарарли нарсалардан муҳофаза қилиш, уни тозалаб, едирибичириб, кийинтириб, роҳати учун керакли нарсалар ила таъминлаб, тарбиялашдан давоми...

3057 19:04 / 31.01.2020
Аудиолар

212273 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

131502 14:35 / 11.08.2021