1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Одамларни афв этиш ва уларни кечириб юбориш

05:00 / 06.03.2017 3929 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анасдан ривоят қилинади:

«Бир яҳудий аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга заҳарланган қўй гўштини олиб келди. Ул зот ўшандан едилар. Ҳалиги аёл тутиб келтирилди. 

«Уни ўлдирайликми?» – деб сўрашди. 

«Йўқ!» – дедилар».

Бас, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даҳанларидан билиб турар эдим». 

Шарҳ: Ўша заҳарланишнинг асорати кейинчалик ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак юзларида қолган. Ҳазрати Анас розияллоҳу анҳу ҳар сафар ўша асоратни кўрганларида мазкур воқеа эсларига тушишини айтганлар. 

Бу воқеа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қанчалар кечиримли зот эканларини кўрсатади. Жонларига қасд қилиб, заҳарланган гўшт берган аёлни, бу заҳарнинг асорати, таъсири бутун умрга юзларида қолган бўлса-да, афв қилганлар, кечирганлар. 

Бу ҳодиса Ҳайбар урушида бўлган. Яҳудийлар Ҳайбар деган жойга тўпланиб олиб, у ерни Исломга, мусулмонларга қарши катта бир марказга айлантириб олишган эди. 

Яҳудийлар бошлиқ кофирлар, мунофиқлар, мушриклар ўша ерга йиғилиб, мусулмонларни йўқ қилиш, уларга зарар етказишни маслаҳат қилишар, турли фитна, фасодларини ўша жойда режа қилишарди. 

Ана шу сабаблар туфайли, шунингдек, уларнинг ҳужумга тайёрланаётгани ҳақидаги хабарлар оқибатида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у жойга саҳобалар билан бориб, уларга қарши уруш қилишга мажбур бўлганлар. 

Ана шунда Салом ибн Микшам номли одамнинг хотини Зайнаб бинти Ҳорис деган яҳудий аёл жуда катта фитна қилган. Одамлардан Муҳаммад қўйнинг қайси жойини яхши кўради, деб сўраб, қўлини яхши кўришларини билиб олиб, ўша жойига заҳар солиб, олиб келган. 

Ўша жойда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан саҳобалардан бир киши ҳам бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир-икки чайнаб туриб, заҳар солинганини билиб қолганлар, Жаброил алайҳиссалом келиб айтганлар. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу гўштни ким келтирди? Жаброил алайҳиссалом менга уни заҳарланган деяптилар», деганлар. Унгача ёнларида ўтирган саҳобий оғзидаги гўштни ютиб юборган эканлар, дарҳол жон таслим қилганлар. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни эса, Аллоҳ таоло сақлаб қолган, қаттиқ зарарланган бўлсалар-да, тирик қолганлар. Ана шундай ҳолатда ҳам, бояги аёлни ўлдирайлик, дейишганда рад қилганлар. 

Бўлмаса, ёнларидаги саҳобийни ўлдиргани учун қасос ҳаққлари ҳам бор эди. Ўзлари зарарланганлари учун ҳам ҳаққлари бор эди. Бироқ афв қилганлар, бағрикенглик билан кечириб юборганлар. 


Ваҳб ибн Кайсондан ривоят қилинади:

«Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг минбарда туриб:

«Афвни ол, маъруфга буюр, жоҳиллардан юз ўгир!» 

Аллоҳга қасамки, буларга амр қилингани фақатгина одамларнинг ахлоқидан олиш ҳақидадир. 

Аллоҳга қасамки, агар мен одамлар билан бирга юрсам, улардан мана шуларни албатта оламан», деганини эшитдим».

Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу машҳур саҳобалардан бўлиб, ҳазрати Зубайр ибн Аввом розияллоҳ анҳу ҳамда ҳазрати Абу Бакр Сиддиқнинг қизлари Асмо розияллоҳу анҳонинг ўғиллари, Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг жиянлари бўладилар. 

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Мадийнага ҳижрат қилиб келган муҳожирларнинг биринчи туғилган фарзанди бўлганлар. 

Ҳижрат, янги жойларга ўрнашиш, муҳожир оилаларда эр-хотинларнинг бир-бирларидан узоқлиги каби бир қанча сабаблар бўлиб, муҳожирлар ўртасида бир муддат бола туғилмай қолган. Ўша пайтда яҳудийлар «Биз муҳожирларни сеҳрлаб қўйдик, энди улар туғмайди», деб гап тарқатишган. 

Ана шу пайтда биринчи бўлиб Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу туғилганлар. Оналари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайнсингиллари бўлгани учун доим хабар олиб турардилар, «Асмонинг уйига қаранглар, чироқ ўчмаяпти, бир гап бормикин, тўлғоқ тутмадимикин», деб доим тайинлаб турганлар. 

Чақалоқ туғилгач, уни бир латтага ўраб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кўтариб югуриб келишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шодлик билан уни бағирларига босиб, танглайини ширинлик билан кўтариб, унинг ҳаққига дуолар қилганлар. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак дуоларини олган улуғ киши эдилар. 

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Язид ибн Муовия даврида Маккаи Мукарраманинг ҳамма тарафига ўзлари халийфа бўлганлар. 

Шу киши минбардан туриб «Аъроф» сурасидаги ушбу ояти каримани ўқиган эканлар: 

«Афвни ол, маъруфга буюр ва жоҳиллардан юз ўгир». 

Сўнг уни ўзлари шарҳ қилиб: 

Аллоҳга қасамки, афвни олиш одамларнинг ахлоқидандир. Афвни олиш, яъни кечиримли бўлиш инсонларнинг ахлоқида бўлиши зарур, дегани. 

Аллоҳга қасамки, агар одамлар билан бирга юрсам, мана шуни қиламан, яъни афвли, кечиримли бўламан, деган маънода гапирганлар. 

Ушбу ҳадисдан афв қилиш, кечиримли бўлиш ҳар бир мусулмон одамга зарурлиги, кези келганда кечиримли бўлиш лозимлигини билиб олдик. 

Шуни ҳам айтиш керакки, қасос, ўч олишга, жазолашга қудрати етиб турган ҳолатда, ҳаққи бор бўла туриб, кечириб юбориш ҳақийқий кечиримлилик бўлади. 

Аксинча, қасос олишга, жазолашга уриниб, ҳаракат қилиб, бироқ эплай олмагандан кейин, ноиложликдан «кечирдим» дейиш ояти каримадаги афвни олишга кирмайди. Қудрати етиб, қўлидан келиб турганда кечиришгина ҳақийқий кечиримлилик бўлади. 


Ибн Аббосдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Таълим беринглар, осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар. Бирортангиз ғазабланса, жим бўлсин», – дедилар». 

Шарҳ: Бу сўзлар бошқа ҳадисларда ҳам кўп марталаб келган. Булар жуда эътиборли нарсалар. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: бир-бирингизга илм ўргатинглар, билган билмаганга ўргатсин, деганлар. Бир илмни устоздан чуқур, пухта ўрганиб олган одам энди уни билмаган одамга ўргатиши керак. Илм ана шундай қилиб тарқалади. Бошқа йўл билан тарқалмайди. 

Ҳозирги кунда ном чиқараман деганлар қийинлаштириш билан ном чиқаради. Нимани сўрасангиз, «бу бўлмайди», «бу куфр», «бу ширк», бу ҳаром, де-йишга тушади. Ваҳоланки, ҳар бир масалада шариат рухсат берган енгиллик, осонлик томонларини олиш керак. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло икки ишдан бирини танлаш ихтиёрини берганда доим енгилини олганлар. 

Баъзиларга: бу нарсага шариат рухсат берган, десангиз ҳам «йўқ» дейишади. Масалан, рўзани олайлик. Ҳамма ҳадисларда ифтор вақти бўлган заҳоти дарров оғиз очилади, дейилган. Аммо баъзи кишилар 8-10 минут ёки ундан ҳам кўпроқ вақт оғизларини очмай, кутиб ўтиришади. Сабабини сўрасангиз, яна бироз ўтсин, дейишади. Ўзини кўрсатмоқчи бўлишади. Бироқ бу–жоҳиллик. Осон тарафи борми–бор. Шариат рухсат берганми – берган. Ана шу томонини олиш керак. 

Аслида, ғазаб кўпинча гап талашишдан бошланади. Секин-секин тортишув устида одам ғазабланиб кетади. Ана шунда жим бўлиш, гапдан қолиш керак экан. Шунда ғазаби тушади. 

Бошқа ҳадисларда ҳам: ғазаби чиқиб турган одам тик турган бўлса, ўтирсин, ўтирган бўлса, ёнбошласин, жуда бўлмаса, таҳорат қилиб келиб, икки ракъат намоз ўқисин, дейилган. 

Демак, ҳадиси шарифларда ғазабни босишнинг чоралари ҳам кўрсатиб берилган. Инсон ўзининг табиатини ўзи яхши билади, шунинг учун, ғазаби чиққанда қандай босишни ҳам билиши керак экан. Бунинг оқибатида бирор кор-ҳол бўлмаслиги учун ғазабини босиб олиши керак экан. 

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Таълим бериш ишларига алоҳида эътиборли бўлиш кераклиги.

2. Дийний таълимотларни ва амалларни осонлаштириш яхшилиги. 

3. Дийний таълимот ва амалларни қийинлаштириш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига зид экани. 

4. Ғазабланганда жим бўлиш ғазабни босиш бўйича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларидан бири экани.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Одатдагидек, ўқишдан қайтаётган эдим. Мен чиққан машинада бир онабола ҳам бор эди. Болакайнинг серсаволлигини кўриб тўғриси ҳайрон қолдим. .Машина қандай юради,, давоми...

2755 20:00 / 30.06.2021
Мусулмонларнинг ҳозирги аҳволи етарлича тушкунлик ва умидсизликни чақириши мумкин. Минглаб кишиларнинг урушлардан, очликдан, оммавий қатллардан, зулмлардан давоми...

5008 20:49 / 10.06.2018
Уйқуга тўймаган кўзларини базўр очдию, одатдагидек қўли бош тарафида турган телефони томони узанди. .Оббо, яна ухлаб қолибманку, деди. Алламаҳалгача телефонда давоми...

3958 09:00 / 02.07.2022
Исломий одобларнинг бош хусусиятини уларнинг илоҳий манбадан экани ҳақидаги маълумотлар орқали юқорида кўриб ўтдик. Ана шу ҳолатдан келиб чиқиб, бу одобларнинг давоми...

4047 05:00 / 04.03.2017