1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

ҲУСНИ ХУЛҚ АЛЛОҲНИНГ УЛУҒ ХУЛҚИДИР

05:00 / 02.03.2017 4020 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло: «Ва, албатта, сен улкан хулқдасан», деган. Бу ояти карима Пайғамбар алайҳиссалом учун катта ва олий баҳодур. Аллоҳ у зотга хитоб қилиб, у кишининг хулқларини улуғлик билан сифатламоқда. Оиша онамиздан у кишининг хулқлари ҳақида сўрашганда, «Хулқлари Қуръон эди», деб жавоб берганлар.

Яъни, Муҳаммад алайҳиссалом Қуръондаги олий хулқлар билан хулқланганлар. У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам Қуръондаги барча яхши одоб-ахлоқни ўзларига сингдирганлар.
Пайғамбаримизнинг ўзлари: «Мен яхши хулқларни батамом қилиш учун юборилганман», деганлар.
Бошқа бир ҳадисларида эса: «Киши яхши хулқи билан кундузни рўза тутиб, кечасини намоз ўқиб ўтказадиганлар даражасига етади», деганлар.

Аллоҳ таоло яна: "Кечиримли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир", деган. (Аъроф, 199)
Яъни, ўзаро муомала-муносабатда кечиримли бўл, осон йўлни тут. Одамларга нисбатан ўта талабчан бўлма. Қилган хатоларини афв этувчи, кенг бағирли бўл.
Ҳақиқатда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сифатни муборак шахсларида мужассам қилган эдилар. Ул зот ҳақидаги ривоятларда кишини ҳайрон қолдирарли даражадаги ҳолатлар зикр этилган. Ул зотнинг саҳобаи киромлари, ҳақиқий мўмин-мусулмонлар ҳам доимо ояти каримада таъкидланганидек бўлишга, ана шу қоида асосида яшашга астойдил ҳаракат қилганлар.
«Яхшиликка буюр».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари яхшиликка буюрадиган даъватдир. Ислом динида яхшиликка буюриш ҳар бир мусулмон эр ва муслима аёлга фарз қилингандир.
«Жоҳиллардан юз ўгир».
Жоҳиллик нодонлик, илмсизликдир. Ислом мусулмонларни нодонлик ва нодонлардан, илмсизлик ва илмсизлардан юз ўгиришга, ҳар қачон донолик ва доноларга, илму уламоларга юз тутишга даъват қилади.

Аллоҳ таоло яна: «Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сен яхшилик бўлган нарса ила даф қил. Кўрибсанки, сен билан орасида адовати бор кимса, худди содиқ дўстдек бўлур. Унга фақат сабр қилганларгина эришур. Унга фақат улуғ насиба эгаси бўлганларгина эришур», деган.
Аллоҳнинг йўлига даъват этувчи сўзининг қадрини яхши билиши, сўзни ҳис этиши керак. Чунки,
«Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас».
Аллоҳ таолонинг йўлига даъват қилувчининг иши яхши иш, сўзи яхши сўз, унинг иши бошқаларнинг ишидан устун, унинг сўзи бошқаларнинг сўзидан устун. Шунинг учун ҳам,
«Сен яхшилик бўлган нарса ила даф қил».
Ҳар қанча ёмон гап эшитиб, ҳар қанча ёмон муомала кўрсанг ҳам, фақат яхши нарса ила қайтар, эй даъватчи. Ҳеч қачон ёмонлик қилма, эй даъватчи. Ана ўшанда:
«Кўрибсанки, сен билан орасида адовати бор кимса, худди содиқ дўстдек бўлур».
Бу Ислом даъватчилари учун жуда ҳам зарур бир сифатдир. Ҳар бир нарсани ёмонлик билан эмас, фақат яхшилик билан қарши олиш даражасига етган даъватчигина катта муваффақиятларга эришади. Аммо бу сифатга эришиш осон эмас.
«Унга фақат сабр қилганларгина эришур. Унга фақат улуғ насиба эгаси бўлганларгина эришур».
Ҳар қандай ёмон сўзни яхши сўз билан қайтариш, ҳар қандай ёмон ишни яхши иш билан қайтариш сифатига
«...фақат сабр қилганларгина эришур».
Сабр қилмаса, дарҳол ёмон сўзга ёмон сўз қайтаради. Ёмон ишга ёмон иш қайтаради. Бу эса, кишига ҳеч фойда бермайди. Аллоҳнинг йўлига, Аллоҳнинг динига кишиларни чақириш осон иш эмас. Аллоҳнинг динига даъват қилувчи шахс кишиларнинг ҳавои нафсларига, ўрганиб қолган одатларига, уларнинг шахсий манфаат деб ўйлаб юрган баъзи бир нарсаларига қарши гапириши керак. Шунингдек, даъватчи одам кишиларни ўзлари билмаган эътиқод, ибодат ва амалларни бажаришга даъват қилиши керак. Шунинг учун ҳам даъватчи одам атрофдан турли-туман маломат, иғво, бўҳтон, ёлғон гаплар, сўкишлар, озорлар эшитади. Турли ноҳақ тасарруфлар ва зулмлар кўради. Даъватчи шуларнинг ҳаммасига сабр қилиши керак. Ана шундагина юқорида айтилган даражага эришади.
«Унга фақат улуғ насиба эгаси бўлганларгина эришур».
Насибаси улуғ бўлмаганлар эриша олмайди. Демак, даъватчи бўла олмайди.
Демак, даъватчи машаққатли даъват йўлида турли ҳолатларга учраши мумкин. Бунда Аллоҳдан ёрдам сўраши керак.

Абу Дарда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни мўминнинг мезонида ҳусни хулқдан кўра оғирроқ нарса бўлмас. Албатта, Аллоҳ фаҳш ва чиркин сўз айтувчни ёмон кўрур», дедилар». Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Қиёмат кунида банданинг амалларини тортадиган адолат тарозусида яхши амаллари оғир келиб жаннатга киришни истаган одам ҳусни хулқли бўлиши керак экан. Ҳусни хулқли бўлмай, фаҳш гап ва ишларни қиладиган, тилида чиркин сўзлар кўп айтиладиган киши бўлиш эса Аллоҳ таолонинг ёмон кўришига сабаб бўлар экан. Шунинг учун ҳусни хулқли бўлайлик ва фаҳшдан ҳамда чиркин гап-сўзлардан йироқда бўлайлик.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, мўмин ўзининг ҳусни хулқи ила рўза тутучи ва бедор бўлувчининг даражасини топадир», деганларини эшитдим». Абу Довуд, Термизий, Ибн Ҳиббон ва ал-Ҳоким ривоят қилган.
Шарҳ: Кундузларни рўза тутиб, кечаларни тик туриб намоз ўқиган ҳолида бедор ўтказадиган одам қанчалар олий даражаларга эришишини ҳаммамиз яхши биламиз. Фарзу вожиб амаллардан кейин қилинадиган энг яхши амаллар ана шундоқ бўлади. Худди шунингдек, ўзига фарзу вожиб бўлган амалларни бажариб туриб яна нафл амаллар билан ортиқча савоб ишлайман деган одам ҳусни хулқ билан ҳам юқори даражаларга эришмоғи мумкин экан. Умуман ҳусни хулқ бунга ўхшаш улкан савоблар билан бирга кўпгина яхшиликларга ҳам эриштириши турган гап. Ҳусни хулқли одамни ҳамма яхши кўради ва ҳурмат қилади. Ундан ҳамма мамнун бўлади. Ҳусни хулқли киши ўзи яшаб турган жамиятнинг кўрки бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: одамларни кўпроқ жаннатга киритадиган нарса ҳақида сўралди. Бас, у зот: «Аллоҳга тақво қилиш ва ҳусни хулқ», дедилар.
У зотдан яна одамларни кўпроқ дўзахга киритадиган нарса ҳақида сўралди. Бас, у зот: «Оғиз ва фарж», дедилар
».
Шарҳ: Аллоҳга тақво қилиш нима эканлигини ва у билан банда қандоқ олий даражаларга етишишини ҳаммамиз яхши биламиз. Банда ўзининг ҳусни хулқи билан ҳам худди Аллоҳга тақво қилиш билан эришган каби олий даражаларга эришиши мумкин экан. Аллоҳга тақво қилишга ҳусни хулқ ҳам қўшилса қанчалар улуғ иш бўлар эди. Зотан бу икки нарса бир-бири билан чамбарчас боғлангандир.
Банда ўзининг оғзидан чиққан бир оғиз сўз оррқали улкан саодатга эришгани каби катта бадбахтликка йўлиқиши ҳам мумкин. Шунинг учун оғизга эҳтиёт бўлиш керак. Шунингдек, банда фаржини ҳаромга ишлатиш ила дўзахи бўлиши турган гап. Бу борада ҳам ўта ҳушёр бўлмоқ зарур.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: менга: «Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил. Ёмонликка яхшиликни эргаштир. Бу уни ўчиради. Одамларга ҳусни хулқ ила муомала қил», дедилар».
Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: ўзларининг бу ҳадиси шарифларида учта улкан ишни лозим тутишни насиҳат қилмоқдалар;
1- Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил.
Банда қай маконда бўса ҳам, қандоқ ҳолда бўлса ҳам доимо Аллоҳга тақво қилишни тарк этмаслиги лозим.
2- Ёмонликка яхшиликни эргаштир. Бу уни ўчиради.
Банда билмасдан бирор ёмомнликни қилиб қўйса, дарҳол ўша ёмонликнинг кетидан яхшилик қилиш мазкур ёмонликни ўчириб юбориши зарур.
3- Одамларга ҳусни хулқ ила муомала қил.
Мўмин-мусулмон банда ўз муомаласини барча одамлар ила ҳусни хулқ асосида олиб бормоғи керак.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биродаринг юзига табассум қилмоғинг садақадир. Амри маъруф, наҳйи мункар қилмоғинг садақадир. Адашган еридаги одамни йўллаб қўймоғинг садақадир. Кўзи яхши кўрмайдиган кишига бир нарсани кўрсатиб қўймоғинг садақадир. Йўлдан тошни, тиконни ва суякни олиб ташлашинг садақадир. Ўзингнинг пақирингдан биродарингнинг пақирига қуйиб бермоғинг садақадир», дедилар». Ушбу учтани Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Садақа қилиш қанчалар улуғ иш эканини ҳаммамиз яхши биламиз. Кишилар Аллоҳ таолонинг ҳузуридан бўладиган савоб умидида мол-дунё сарфлаб садақа қиладилар. Садақа тасдиқ маъносини билдиради. Садақа қилган одамнинг ҳақиқий иймон соҳиби экани тасдиқланади. Ушбу ҳадиси шарифдан молу дунё сарфламай ҳам садақа қилганнинг савобини олиш ва у эришган даражаларга эришиш мумкинлиги чиқмоқда. Киши ўзининг ҳусни хулқи ила худди садақа қилганнинг савобини олиши ва даражасига етиши мумкин экан. Балки ҳусни хулқнинг шўъбаларидан ҳар бири ўз соҳибини садақа қилган кишининг савобига ва даражасига эриштирар экан.
1-Биродаринг юзига табассум қилмоғинг садақадир. 
Очиқ юзлик бўлиш ҳусни хулқнинг бир шўъбасидир. Фақат бир бор бировнинг юзига табассум ила боқмоқ ҳам садақа экан. Исломда кишилар орсидаги ўзаро муомалаларга қанчалик эътибор берилганини қаранг! Садақа қилишдек улуғ ишнинг савобини олмоқчи бўлган одам бошқа бировга табассум ила боқиб қўйса етарли. Бу ҳадиси шарифга амал қилиб яшаган жамиятнинг қандоқ гўзал жамият бўлишини тасаввур қилиб кўринг-а!
2-Амри маъруф, наҳйи мункар қилмоғинг садақадир. 
Ўз биродарларини яхшиликка ундаб, ёмонликдан қайтариш нақадар улуғ иш бўлган садақа каби савобга эриштирар экан. Бир одамга бирор яхши ишни қилишни тарғиб қилиш катта савобга ноил қилар экан. Бир одамни бирор ёмон ишдан қайтариб қолиш ҳам катта савобга ноил қилар экан. Бу ҳадиси шарифга амал қилиб яшаган жамиятнинг қандоқ гўзал жамият бўлишини тасаввур қилиб кўринг-а!
3-Адашган еридаги одамни йўллаб қўймоғинг садақадир. 
Бир одам борадиган ерини топа олмай адашиб қолди. Қаёққа боришини билмай сарсон бўлиб юрибди. Ўзини билмаган одамлар унга эътибор бермай ўтиб кетмоқдалар. Баъзиларидан адашган одам ёрдам сўраса ҳам елкаларини қисиб қўйиб ўз йўлларида шошиб кетмоқдалар. Бир ҳусни хулқли одам пайдо бўлди. Адашган кишига йўл кўрсатиб қўйди. Ўша адашган одамнинг қанчалар хурсанд бўлишини ўйлаб кўринг. Бу ҳадиси шарифга амал қилиб яшаган жамиятнинг қандоқ гўзал жамият бўлишини тасаввур қилиб кўринг-а!
4-Кўзи яхши кўрмайдиган кишига бир нарсани кўрсатиб қўймоғинг садақадир. 
Бир кўзи ожиз одам борадиган ерини топа олмай қийланиб қолди. Қаёққа боришини билмай сарсон бўлиб турибди. Ўзини билмаган одамлар унга эътибор бермай ўтиб кетмоқдалар. Баъзилар кўзи ожиз одам улардан ёрдам сўраса ҳам елкаларини қисиб қўйиб ўз йўлларида шошиб кетмоқдалар. Бир ҳусни хулқли одам пайдо бўлди ва кўзи ожиз кишига йўл кўрсатиб қўйди. Ўша кўзи ожиз одамнинг қанчалар хурсанд бўлишини ўйлаб кўринг. Бу ҳадиси шарифга амал қилиб яшаган жамиятнинг қандоқ гўзал жамият бўлишини тасаввур қилиб кўринг-а!
5-Йўлдан тошни, тиконни ва суякни олиб ташлашинг садақадир. 
Кишиларнинг йўлида турли сабабларга кўра тошми, тиконми, суякми ёки шуларга ўхшаш нарсаларми сочилиб ётибди. Ўша нарсалар йўловчиларга халақит бермоқда, уларнинг кўнглини ғаш қилмоқда. Аммо негадир улардан бирортаси ўша озор берадиган нарсаларни йўлдан олиб ташлашни хаёлига ҳам келтирмаяпти. Чунки улар бу ишнинг катта савоблигини билишмайди. Улар бунга ўхшаш ишларни қилиб садақа қилганнинг савобини олиш руҳида тарбия топмаганлар. Шул аснода ҳусни хулқли бир одам пайдо бўлди ва йўлни тозалаб қўйди. Ўша йўлдан ўтувчи ҳар бир одамнинг қанчалар хурсанд бўлишини ўйлаб кўринг. Бу ҳадиси шарифга амал қилиб яшаган жамиятнинг қандоқ гўзал жамият бўлишини тасаввур қилиб кўринг-а!
6-Ўзингнинг пақирингдан биродарингнинг пақирига қуйиб бермоғинг садақадир.
Бир киши ўз пақирини ёки бошқа бир идишини кўтариб олиб ўзига керак сувми ёки бошқа бир нарсаними излаб юрибди. Ўша онда у мазкур нарсага жуда ҳам муҳтож. Ўша орзу қилинган нарсадан озгина бўлса унинг ҳожати равон бўлади. Аммо одамлар худди уни кўрмагандек, зорланишини сезмагандек бепаво ўтиб кетмоқдалар. Баъзилари ўша арзимаган миқдордаги нарса учун пул сўрамоқдалар бизнинг қаҳрамонимиз аксига олгандек шошилиб пул олишни ҳам унутган экан. Бунақа бўлиши хаёлига ҳам келмабди. Нима қилиш керак? Шул аснода ҳусни хулқли бир одам пайдо бўлди ва ўзингнинг пақиридан биродарингнинг пақирига мазкур нарсадан қуйиб берди. Ўша муҳтож одамнинг қанчалар хурсанд бўлишини ўйлаб кўринг. Бу ҳадиси шарифга амал қилиб яшаган жамиятнинг қандоқ гўзал жамият бўлишини тасаввур қилиб кўринг-а!
Ҳусни хулқли бўлишнинг нима учун садақа қилиш билан тенглаштирилишини энди тушунган бўлсак керак.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг яхшингиз ҳусни хулқлигингиздир», дедилар». Термизий, Муслим ва Бухорий ривоят қилган.
Бухорийнинг лафзида: «Албатта, сизнинг энг яхшингиз ҳусни хулқлигингиздир», дейилган.
Шарҳ: Мўмин-мусулмон одам энг яхши одам эканлиги ҳаммага маълум. Ана ўша энг яхшилар ичида энг яхшиси эса, шубҳасиз, ҳусни хулқлиларидир. Шунинг учун энг яхши мусулмон бўлайин деган киши тақво билан бирга ҳусни хулқли бўлишга ҳаракат қилиши лозим бўлади.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир маъруф садақадир. Биродарингни очиқ юз билан қарши олишинг ҳам, ўз пақирингдан биродарингнинг идишига бўшатмоғинг ҳам маъруфдандир», дедилар». Тўртовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Демак, фақат ҳадиси шарифлар матнида зикр қилинган нарсаларгина эмас, балки ҳар бир яхши иш катта савобларга ноил қилиши турган гап экан.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қоқилмагунча ҳалим бўлмас. Тажриба кўрмагунча ҳаким бўлмас», дедилар». Термизий, Аҳмад ва ал-Ҳоким ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан ҳусни хулқнинг шакилланишида кишининг ўз ҳаётида бўлиб ўтадиган ҳодисалардан ибрат олиб ўзини ўнглаб боришида ҳам гап катта эканлиги таъкидланмоқда.
Қадимдан ахлоқ илми уламолари одамдаги ахлоқлар унинг яратилишида қўшиб яратилган бўладими ёки киши ахлоқни кейин ўрганадими деган саволга жавоб беришда ихтилоф қилишган. Улардан баъзилари, яхши бўлсин, ёмон бўлсин ахлоқ инсон яратилган чоғида қўшиб яратилади. Ахлоқни кейин касб қилиб бўлмайди, деганлар. Бошқа бир гуруҳ ахлоқ илми уламолари эса, инсон туғилганда ҳеч қандай фазилат ёки разилатсиз туғилади. Унда қандоқ хислат бўлса туғилганидан кейин пайдо бўлади, деганлар.
Мусулмон ахлоқ илми уламолари эса, инсонга ота-онасида бор баъзи ахлоқларни хамиртуриши онасининг қорнида ҳомила бўлганида ўтади. Аллоҳ бандани халқ қилиш чоғида ундан ахлоқ қобилиятини қўшиб яратади. Инсон туғилиб ўсиши жараёнида тарбия, муҳит ва одатланиш оқибатида у ёки бу ахлоқни ўзида ривождантиради ёки йўқотиб юборади, дейдилар.
Ушбу ҳадиси шарифда ана ўша ҳақиқатни таъкидловчи мисоллар келмоқда.
«Қоқилмагунча ҳалим бўлмас».
Баъзи жой ёки ҳолатларда хатога йўл қўйиб, уятга қолиб сўнгра ўша нарсаларни такрорламасликка ҳаркат қилиб ўзини ўнглаган инсон бориб-бориб ҳалимлик сифатига эришади.
«Тажриба кўрмагунча ҳаким бўлмас».
Кўп нарсаларни билмаслиги оқибатида турли камчиликларга йўл қўйадиган ғўр инсон ўзининг хатоларидан дарс олиб уларни дарҳол тузатиб борса, охир оқибат ҳамма нарсанинг ҳикматини биладиган ҳаким бўлиши бор гап.
Демак, мусулмон одам бу нарсаларга алоҳида эътибор бериши лозим.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Силардан менга энг маҳбубингиз ва қиёмат куни мажлиси энг яқинингиз ҳусни хулқлигингиздир. Сизлардан менга энг ёқмайдиганингиз ва қиёмат куни мажлиси энг узоғингиз сергап, тили узун ва мутафайқиҳингиздир», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг расули, сергап ва тили узунни биламиз, мутафайқиҳлар кимлар?» дейишди.
«Мутакаббирлар», дедилар». Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга энг маҳбуб умматлардан бўлай деган одам, қиёмат куни у зотга энг яқин жойда ўтирай деган одам ҳусни хулқли бўлишга ҳаракат қилсин.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:га ёмон кўринган умматлардан бўлмайин, қиёмат куни у зотдан энг узоқда ўтирганлардан бўлмайин деган одам бекорчи сергап, бировларга тили билан озор берадиган ва мутакаббир бўлмасин.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатда ичларидан ташлари ва ташларидан ичлари кўринадиган болахоналар бор», дедилар.
Шунда бир аъробий ўрнидан туриб:
«Эй Аллоҳнинг расули, уларга кимларга?» деди.
«Каломни ширин қилган, таомни едирган, рўзани давом этдирган ва кечаси одамлар ухлаганда Аллоҳ учун намоз ўқиганларга», дедилар
». Термизий, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривоят қилган.
Шарҳ: Жаннатдаги ичларидан ташлари ва ташларидан ичлари кўринадиган болахоналардан жой олмоқчи бўлганлар ҳусни хулқли бўлиб, каломни ширин қилсинлар, таомни едирсинлар, рўзани давом этдирсинлар ва кечаси одамлар ухлаганда Аллоҳ учун намоз ўқисинлар.

Зореъ ал-Қайсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Музир ал-Ашжаъга: «Сенда Аллоҳ хуш кўрадиган икки хислат; ҳилм ва шошмаслик бор», дедилар. «Эй Аллоҳнинг расули, уларни мен ўзим хулқ қилиб олганманми ёки Аллоҳ мени шундоқ қилганми?» деди. «Аллоҳ сени шундоқ қилган», дедилар.
«Мени Аллоҳ ва Унинг расули хуш кўрадиган икки хислатли қилиб қўйган Аллоҳга ҳамд бўлсин», деди
». Аҳмад ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ҳалимлик ва шошмаслик ҳусни хулқнинг улкан намуналаридан экан. Бу икки хулқни Аллоҳ таоло ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: ҳам хуш кўрар экан. Аллоҳ таоло бандага барча нарсаларни бергани каби ҳусни хулқни ҳам берар экан. Бас, Аллоҳ таолодан ҳусни хулқли бўлишимизни сўрайлик ва ўзимиз бунга муносиб ҳаракат қилайлик.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мактаб даврларини эслаганимизда беихтиёр хаёлимизнинг бир четидан синф доскаси ҳам ўрин олади. У шунчалар кўп ишлатилганидан оқ рангга киргандек эди гўё. Ёки давоми...

6499 17:33 / 04.09.2017
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.Ўзининг Китобини мўминларга мавъиза ва зикр қилиб нозил қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга давоми...

4594 17:42 / 20.04.2018
Имом Авзоий роҳимаҳуллоҳ айтади.Ато ибн Аби Рабоҳ ўз вақтида энг буюк инсон эди. Унинг мажлисида еттита ёки саккизта инсон бўлар эди,.Эътибор беринг. Умавийлар давоми...

2105 13:30 / 28.07.2021
У Кўрфаз давлатларидан бирида йигирма йилдан кўпроқ масжидда имомлик қилиб, ватанига, Мисрдаги кичик қишлоғига қайтишга қарор қилди.Қишлоққа келиб Аллоҳ насиб давоми...

2205 11:00 / 25.01.2022